Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кооррупциянинг қудрати!

Кооррупциянинг қудрати!
15 Nisan 2017 - 6:00 'да юкланди ва 2533 марта ўқилди.

Бу йигит Хайрулла Боқижонович Нуриддинов – Ёшлар телерадиоканали директори эди.
Хайрулла ўтган куни бир қизнинг ишқида томирини кесиб, ЎзМТРКни “қутлуқ қони”га ғарқ қилиб юрганди. Самарқанддаги илк мутсақил ТВлардан бири бўлган “STV” телекомпаниясининг асосчиси, “Даракчи” газетасининг соҳиби, нодавлат ТВлар раҳбари, ишбилармон Фирдавс Абдуҳолиқов (Адашмасам, 1999 йилда) ЎзМТРК раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишга келган куларида Хайруллани “кашф” этганди. Бир сўз билан айтганда, Хайрулла Нуриддинов медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовнинг “ижод маҳсули”.

Тошкентдаги 16 февраль портлашлари, айтиш мумкни бўлса, Хайруллага шуҳрат келтирди. У портлаш майдонига тасвирга олиш ишларига сафрабар этилди ва шунинг ортидан “Жасорат” медалини бўйнига бўйинтуруқ қилиб қайтди.Маълумки, Фирдавс Абдуҳолиқов ҳозирги президент, илгариги Самарқанд вилоятининг ҳокими бўлган Шавкат Мирзиёевнинг ғазабига учраб, медиа империяси барбод бўлишига бир баҳи яқолганди. Янаям аниқроғи, адашмасам, 2000 йилда, яъни “Болалар мажбурий меҳнати”га қарши Халқаро ташкилотлар бонг уриб келаётган бир пайтда Россия каналида Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманига пахта йиғим-теримига ҳайдалган Самарқанд туман Халқ таълимига қарашли мактабларнинг 6-7-8-,9-, 10 синф ўқувчиларининг ташландиқ, зах ҳужраларда истиқомат қилишга мажбурлиги хусусида 3 -4 дақиқали танқидий лавҳа эфир юзини кўрди. Айнан бу пайтда Шавкат Миромонович Самарқанд вилоят ҳокимлиги курсисида ўтирарди. Суриштирув ишларидан маълум бўладики, Россиянинг «Рен-ТВ» каналидан пахта йиғим-терими мавсумидаги болалар мажбурий меҳнатига оид мазкур танқидий лавҳага Самарқандлик Солижон Яхёев муаллифлик қилган. Қолаверса, мазкур танқидий сюжетда СТВ телекомпаниясига оид бир кадр ҳам “ғиз” этиб ўтиб кетади. Кейинчалик, аниқлашларича, Солижон Яхёев СТВ телекомпаниясидан учирма бўлган мустақил журналистлардан бири бўлиб чиқади.

Айтишларича, ўша пайтларда Халқаро ташкилотлар болалар мажбурий меҳнатига барҳам беришни Ўзбекистон ҳукуматидан қатъий талаб қилиб келган. Ислом Абдуғаниевич эса мазкур талабларга асосан Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида “Бу йил кимда-ким ўқувчини эгатга соладиган бўлса, прокурорлар, икки қулоқларингиз билан эшитиб қўйинг, ўша ҳокимни, ўша амалдорни пахта даласидан тўппа-тўғри қамоққа элитасиз” деган мазмунда лутф қилганлар. Фирдавс Абдуҳолиқов эса ўша пайтдаги Олий Мажлис депутати сифатида бунингдек “пахта сиёсати” талабидан бехабар бўлиши мумкин эмасди. Шу сабаб ҳам Самарқанд вилоят ҳокими Шавкат Миромонович яна қаердан, Россия каналидан ўз музофотидаги болалар мажбурий меҳнатига оид танқидий лавҳа намойиш этилишини ва бу СТВдан учирма бўлган журналист “ташаббуси” эканлигини билгач, мазкур воқеликни, менининг шахсий фикримча, ўзига, яъни Самарқнад вилоят ҳокими Шавкат Миромоновичга қарши қаратилган бир ФИТНА сифатида қабул қилади. Натижада, СТВ телекомпаниясини прокуратура “босади”, кўрсатувлар тақа-тақ тўхтатиб қўйилади. “Даракчи” газетаси фаолиятини давом эттириш масаласи сўроқ остида қолиб кетади. Бу орада Фирдавс Абдуҳолиқов АҚШ каби ҳорижий мамлакатларни “зиёрат” қилиб келишга ҳам муваффақ бўлади. Бироқ Ўзбекистонимзида иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. “Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади” деган гаплар айнан Ўзбекистон учун айтилган.

Инчунун ишбилармон Фирдавс Фаруддинович қаловини топиб, қорни “ёндиришга” муваффақ бўладики, яна газета бизниси гуркирай бошлайди. Узун қулоқ гапларга қараганда, Фирдавс Абдуҳолиқов бу борада ўша пайтдаги мамлакат президенти Ислом Абдуғаниевичнинг катта қизи Гулнора Каримованинг қанотидан паноҳ топади ва Шавкат Миромоновичнинг ғазабидан омон қолади.Табиийки, медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқовнинг Гулнора Каримова билан яқинлиги 16 февраль воқеаларини “жасорат” билан ёритган “Жасорат” медали соҳиби Хайрулла Нуриддинов келажагига ҳам ижобий таъсир қилмасдан қолмади.

Гулнора Каримованингт “Асрлар садоси”, “Никоҳ тўйлари”… каби саноқсиз тадбирларини оғиз кўпиртириб мақташ, кўрсатувлар орқали элга намойиш этиш, реклама қилиш ортидан бизнинг Хайрулла Боқижонович Нуриддинов яна анчагина ОЧКО тўплаб олишга муваффақ бўлди. Бунинг ортидан ЎзМТРКда ҳеч ким куни кеча бир кўхликкина қиз ишқида ТВ ҳожатхонасида томирларини кесиб, қонга бўялиб юрган Хайрулла Нуриддиновнинг мушугини “пишт” дея олмайдиган бўлиб қолди. “Ҳа?” дейдиган бўлсангиз, “Гулноранинг одами” деган “нишон”ни кўкрагига қалқон қиладиган бўлди.Худонинг ишларига ҳам ҳайрон қоламан гоҳи.

Бир нокасга омад берса, уст-устига бераверадими дейман-да! Мана, бугун кўрмайсизми, кечагина Гулнора Каримованинг содиқ хос ходими бўлган Хайрулла Нуриддинов Гулноранинг империяси касод бўлгач, аллақачонлар Шавкат Миромоновичнинг ҳам қўйнига, ҳам ишончига кириб улгурган чамаси, ҳаш-паш дегунча, ЎзМТРК раисининг биринчи ўринбосари лавозимига кўтарилганига нима дейсиз? Йўқ, мен бироз хато кетдим чамаси.

Бу Худонинг қудрати эмас, менинг назаримда. Хайрулла Боқижонович Нуриддиновнинг “Yoshlar”, “Наво”, “Болажон” каби телеканалларни кўркаламушдек кемирганлиги ортидан тўплаган дунёсининг, соққасининг қудрати бу омад – раис ўринбосарлиги лавозими! Гулноранинг тадбирини ёритиб чарчамаган Хайрулла кечагина Гулнора Каримованинг “эркатойи”, “содиқ кишиси” эди, бугун бир юмалаб Шавкат Мирзиёевнинг лаганбардорига айланди-қўйди…. Ҳа-да, мақтов Худога ҳам хуш келади дейишади-ку ахир!

…. Бу ёқда эса ҳамкасбимиз, шоир Муҳаммад Исмоил эса «Бош вазир Абдулла Негматович ЎзМТРКда мажлис ўтказмоқда, айрим ЎзМТРКни каламушдек кемирувчиларнинг думини тугиб қўяди” деб қувониб ўтирибди…. Мабодо, бош вазир Абдулла Негматович Арипов деганлари шунақанги мард, танти ва ақилли бўлганида эди унинг истеъфоси учун норозилик намойишига чиққан икки аёлга – бизга нисбатан кўнглида кек сақлаб ўтирмаган, ишга тикланишимизга монеълик қилмаган бўларди. Зотан, Абдулла Негматович Арипов жанобларининг ўзлари ҳам куни кечагина амал пиллапояларидан қулаб, юзтубан йиқилиб, мағлублик аламини юрагидан ўтказган одамлардан бири эди. Ишдан ҳайдалиш куйининг нақадар ғамгин эканлигини у биздан кўра яхшироқ хис этиши табиий…. Токи амладорларда томоқ бор экан, токи мансабдорларда баднафс бор экан, токи мамлакатимизда Президент эмас, қонун эмас, кооррупция ҳукмронлик қилар экан, дўстим Муҳаммад, беҳудага умидвор ҳам бўлманг, хурсанд ҳам бўлиб ўтирманг….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
ЎзМТРКдаги қаллобликлар ҳақида президент Шавкат Мирзиёевдан 6 йил олдин айтгани учун ишдан ҳайдалган журналист

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар