Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ëзувчи Нодир Норматов Тошкентда дафн этилди

Ëзувчи Нодир Норматов Тошкентда дафн этилди
15 Nisan 2017 - 14:57 'да юкланди ва 1255 марта ўқилди.

15 апрел куни ёзувчи Нодир Норматовни таниқли рассомлар, ижодкорлар сўнгги йўлга кузатишди. Марҳум Тошкентдаги «Яланғоч ота» қабристонида дафн қилинди.

Рассомлар ҳақидаги ўнлаб китоблар муаллифи, санъатшунос, фоторассом Нодир Норматов 14 апрел кечаси 68 ëшида Тошкентда оламдан ўтди.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Пошхурд қишлоғида туғилган ëзувчининг 1972 йилда нашр қилган «Кўҳитанг ҳикоялари» деган илк асари китобхонларда қизиқиш уйғотган эди.

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий Академияси Бадиий Ижордкорлар уюшмаси аъзоси бўлган Норматов ўзбек рассомлари ижодини санъатдан узоқ бўлган аҳоли орасида тарғибот қилиш билан самарали шуғуллланиб келди.

Совет Ўзбекистони санъати журналида ишлаш асносида ўнлаб ўзбек рассомлари ҳақида мақолалар ëзди.

Норматов тарафидан 2009 йили чоп қилинган «Рўзи Чориевнинг сўнгги васияти» китоби рассомлар дунëси билан авом ўртасида кўприк бўлган публицистика ўлароқ баҳоланган эди.

Қўлида фотоаппарати билан Ўзбекистонни кезган Норматов фотокўргазмалар ташкил қилиб мамлакат манзараларига ўз нигоҳи билан одамларни қарата олгани эсланади.

2010-2012 йилларда унинг «Қишлоқ томон йўл», «Сурхон оҳанглари», «Ватан сенсан, Ватан мен», «Эзгулик тимсоллари» каби қатор шахсий кўргазмалари намойиш этилган.

Нодир Норматов 2010 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

Манба: Eltuz.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар