Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мухолифатчилар

Мухолифатчилар
16 Nisan 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1372 марта ўқилди.

(«Озодлик» радиосининг 2005 йил 5 май куни программасидаги «Қурултой» рукнидан олинди)

Ўзбекистондаги Мухолифатчиларни шартли равишда тўртта синфга бўлиш мумкин.

Биринчи синфга аламзадалар киради. Буларнинг деярли ҳаммаси собиқ коммунистлардир. Булар катта ва ё кичик лавозимларда ишлаган социалистик давлатнинг маъмурлари. Улар у ёки бу сабабга кўра ишдан олинганлар, бунга аччиқ қилиб, мухолифат сафига ўтган кимсалардир. Булар иқтидорга келса, худди аввалгилар каби бойлик тўплаш ва уларни ишдан ҳайдаганлардан ўч олиш билан машғул бўладилар. Яъни давлат ўз моҳиятини ўзгартирмайди.

Иккинчи синфга давлатнинг пинжида яшаб, бойлик орттирган янги бойваччалар киради. Бу типлар маҳфий хизмат ходимлари ва миршабларни маблағ билан таъминлаб турадилар. Булар Президент саройининг доимий гумаштаси, бизнесни сарой билан амалга оширадилар ва даромадни ҳам тенг бўлишадилар. Бу типлар мухолифатга «қўшилганда» на сарой, на миршаб, на-да Миллий Хавфсизлик қаршилик қилади, аксинча, уларнинг мухолифат сафларига тезроқ кириб, адаптация бўлиши учун ёрдам берадилар. Булар давлатнинг мухолифат ичидаги Троя отларидир.

Бошқа таъбир билан айтганда, Бешинчи колоннасидир. Бу типлар ўз мухолифатини Президентга эмас, президент атрофидаги одамларга қарши йўналтириб, Президентни оригинал бир услуб билан ҳимоя киладилар. Бу типлар ҳокимиятга келса, давлат ҳеч нарсасини йўқотмайди, статускво ўзгармайди, ҳокимиятда худди аввалги зеҳният ҳоким бўлади. Бу ерда ўзгарадиган нарса давлат тепасидаги шахс исми, холос. Айни ўғирлик, айни зўравонлик, айни зулм давом этаверади. Буларнинг яна бир хусусияти, мухолифатга қанчалик тез кирган бўлсалар, ундан шунчалик тез чиқиб кетиш қобилиятидир. Моддий манфаат қайси тарафда бўлса, ўша тарафга йўналадилар. Уларда ҳеч қандай аҳлоқий принцип йўқ, аксинча, улар принципли инсонлар устидан кулишади.

Учинчи синфга динчи мухолифат киради. Бу синф, асосан, мустабид режимнинг диндорларга қарши юритган адолатсиз ва золим сиёсати оқибатида пайдо булган мухолифатдир. Уларнинг аксари қисми динига юракдан боқлиқ, ихлосли мусумонлардир. Фақат бу мухолиф оқимини ўзининг маҳдуд сиёсий мақсадларида қўлланаётган кучлар уларни асл мақсадларидан чалғитиб, қандайдир умумжаҳон исломий салтанатини қуриш каби хомхаёллар билан машғул қилмоқда.

Бу диний мухолифатни умумдемократик елпоза (спектр) ичига тортиш ва динимиз учун хайрли бўлган кураш шаклини уларга англатиш – ватан ва миллатини ўйлаган ҳар кимнинг бурчидир.

Мухолифатчиларнинг тўртинчи синфи ҳам бор, бу синфга идеалистлар, ўз ҳаётини муайян бир ғояга бағишлаган шахслар киради. Бу тип мухолифатчилар президентни ўзгартиш билан муаммо ҳал қилинмаслигини чуқур англаган типлардир. Улар сиёсий системани ўзгартириш тарафдоридирлар. Советлардан қолган диктаторлик системасини ҳуқуқий давлат билан алмаштирмагунча – ҳокимиятга ким келса келсин – халқнинг аҳволи ўзгармаслигига инонган инсонлардир. Ва бу инонч йўлида муросага бормайдиган, бир нави қайсар шахслардир.

Уларнинг кураш услуби ҳар кимга ёқавермайди. Чунки уларнинг услубида курашиш – узун нафасли марафон демакдир. Турмалар, сургунлар, қувғинлар демакдир. Уларнинг бу курашдан соғ-салим чиқиш эҳтимоли юксак эмас, чунки ҳаётлари доим таҳлика остидадир. Аммо агар бу типларнинг омади чопиб, ўлмай қолсалар ва ҳокимиятга келсалар, улар кечирган бу оғир ҳаётнинг мукофоти уларга эмас, халққа берилажактир. Халқ уларнинг иқтидори воситасида чинакам ҳурриятга ва иқтисодий рафоҳга эришиши мумкин. Бу феноменни Нелсон Манделла ва Вацлав Хавел каби лидерлар мисолида кўрдик.

Ўзбек халқи ақлли халқ. Каримовдан кейин яна бир Каримовни ҳокимиятга келтирадиган даражада авом эмас, бир ўғридан қутулиб, иккинчисини уйига киритадиган даражада содда эмас, бир золимни тахтдан тушириб, иккинчисини тахтга чиқарадиган даражада аҳмоқ эмас ўзбек халқи.

Етарки, унга демократик сайлаш имконини беринг. Етарки, унинг берган овозини сохталаштирмасинлар. Яъни, биринчи навбатда, биз демократик ва ҳур сайловлар учун кафолат олишимиз керак. Бу сайловларни бутун дунё шаффоф бир шаклда кузатиши лозим. Бунга эришиш диктатурадан қутулишнинг энг тўғри йўлидир.

Афсуски, бундай Сайловга эришиш учун биз инқилобга муҳтожмиз, диктатура бизга инқилобдан бошқа альтернатив қолдираётгани йўқ. Агар бизга – Конституцияда ёзилгани каби – эркин сайлов имконияти берилганда эди, биз на Украина ва на Гуржистон инқилобига муҳтож бўлган бўлардик. Бўлажак инқилобнинг асос талабларидан биттаси – эркин сайловлардир. Шундай бир сайловки, унга истаган ҳар ким кирсин ва бу сайловдан ҳар ким ўзининг бўй ўлчовини олиб чиқсин.

2005

(112)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (334-336-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар