Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

29 июн куни Америка Қўшма Штатлари конгресси Хельсинки комиссияси мажлисида ўқилган нутқи

29 июн куни Америка Қўшма Штатлари конгресси Хельсинки комиссияси мажлисида ўқилган нутқи
17 Nisan 2017 - 6:00 'да юкланди ва 891 марта ўқилди.

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар,

Муҳтарам Сенатор Броунбак,

бу машваратни ташкил қилганингиз ва бу ерга ташриф буюрганингиз учун ташаккурларимни қабул этинг.

Ўзбекистонда юз берган қатлиомнинг миқёси кун ўтган сари янада яққолроқ кўринмоқда. 13 май куни Андижонда, Бобур майдонига Ўзбекистон президенти Каримов айтганидек экстремистлар эмас, халқ чиқди, Ўзбек халқи чиқди.

Албатта, халқнинг тузумга қарши бу ғазабидан ўзининг тор мақсадлари учун фойдаланиб қолишга интилган кланлар доим топилади. Андижонни ҳам бундан истисно қилиб бўлмасди. Лекин иддао қилинаётган «акромийлар» Ўзбек маҳфий хизматининг уйдирмасидан бошқа нарса эмас, чунки Ўзбекистонда бундай бир диний тариқат йўқ.

Тўғри, битта факт бор: адолатсиз судланиб қамалган фуқароларни турмадан қутқариш учун қилинган бир ноқонуний акт бор, буни амалга оширганлар, албатта, қонун доирасида жазоланиши керак. Аммо бу Президент Каримовга бу қуролли гуруҳга ҳеч бир алоқаси бўлмаган, қуролсиз ва тинч йўл билан ўз муаммоларини тилга келтирган халққа қарши ўт очишга асло ҳуқуқ бермасди.

Бошқа томондан, ўша қуролли гуруҳ ҳам ҳукумат билан муросага чақирганди, Русия президенти Путиннинг воситачи бўлишини исташганди. Аммо Каримов уларнинг бу истагини рад этди ва қуролли гуруҳга эмас, майдонда тўпланган қуролсиз оломонга ўт очишга амр берди. Чунки Каримов «калашников»лар билан қуролланган «экстремист»лардан эмас, ўз муаммоларини муҳокама қилаётган халқдан қўрқарди. Каримов айнан шу қуролсиз ва маъсум инсонларга ўт очди, ки, бу инсонлар Қирғизистон, Украина ва Гуржистондаги каби бир инқилоб ҳақида орзу этишга жасорат кўрсатмасинлар.

Турмага ҳужум қилиб, ўз қариндошларини қутқарган қуролли гуруҳ Каримов учун халқни ўққа тутишга яхши баҳона бўлди (Бу гуруҳ ичида маҳфий хизмат вакиллари бўлганлиги ҳақида тахминлар ҳам бор).

Андижон қатлиоми миқёс жиҳатидан 1989 йил Пекинда юз берган Тянь-Ань-Мэнь фожеаси билан тенгдир. Аммо дунё бу қатлиомга Тянь-Ань-Мэнга кўрсaтилгани қадар эътибор кўрсатолмади.

Ғарб давлатларининг бу қатлиомни бетараф тафтиш қилиш чақириғига Хитой ва Русия қарши чиқди. Улар бу чақириқни мустақил давлат – Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашув, дея баҳолади. Қизиғи шундаки, улар Каримов режими амалга оширган Ўзбек халқига қарши жиноятни дастаклар экан, буни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашув, дея ҳисобламайдилар. Улар мустақил давлат деркан, Каримовнинг мустақиллигини назарда тутганга ўхшайди. Шундай экан, Каримовнинг бу кўзёши ва қон ичида ҳали ҳам чўкмай, юзаётганига ҳайратланмаса ҳам бўлади.

Каримов Ғарб давлатларининг танқиди ва талабларига чидамай, дарҳол Пекин йўлларига тушди ва Ғарбга қарши Хитойнинг кўмагини истади. Ва бу кўмак учун Хитойга берилган пора сифатида 650 миллион долларлик энергетика бўйича бир шартнома имзолади.

Аммо халқ мақолида айтилганидек, қўрқувнинг ажалга таъсири йўқ. Каримов режими йиқилишга маҳкумдир. Гап унинг қандай йиқилишида. Йиқилар экан, атрофдаги фауна ва флорага зарар бермасдан йиқилса, не гўзал. Бу хунук иншоот йиқилар экан, инсонлар тагида қолмасин, қон тўкилмасин. Бундай зарарсиз йиқилишни таъминлашда бутун тараққийпарвар дунё иштирок этмоғи лозим. Бунинг йўли эса, ҳар нарсадан аввал, Каримов режимига берилган фундаментал таърифлардан воз кечилиши лозим. Масалан, Каримов режими йиқилса, унинг ўрнини фақат ва фақат ислом радикаллари тўлдиради, деган асоссиз иддаодан воз кечилиши керак. Ўзбекистонда ўз орқасидан халқни эргаштиришга қодир бирорта ҳам диний гуруҳ йўқдир.

Уларнинг аксарияти тарқоқ ва маргинал гуруҳлардир, битта мулланинг атрофида тўпланган, мафкуравий базаси заиф, муайян дастури булмаган кишилар йиғиндисидир. Буларнинг ичида бир истисно – Ҳизбут-таҳрир партияси. Аммо у ҳам бизнинг минтақада чуқур илдиз ота олмайди, чунки бу ҳизб уммат номидан гапирса-да, амалда ботиний панараб ғоясини сингдиришга уринмоқда ва миллат тушунчасини тубдан рад этмоқда.

Бу гуруҳнинг Ўзбекистонда фаоллиги сабаби ўлароқ халқимизнинг қашшоқлигини кўрсатиш тўғри бўлади. Ўзбекистонда арзимаган пулга ўсмирларни тўплаб, уларга ҳизб варақаларини тарқаттириш ҳеч гап эмас ва бу халқ орасида тез акс-садо бериши ҳам нормалдир. Бу ҳизб тарафдорларининг яна бир хусусияти узига ўхшамаганларни «кофир» деб аташидир. Бу радикализм халқни ундан узоқлаштирган кучли омилдир.

Шу боис, бу каби гуруҳлар ҳатто Каримовга ашаддий мухолиф гуруҳлар ичида ҳам бегона унсур бўлиб қолишга маҳкумдирлар. Диний радикалларни Каримов режимига ягона альтернатив сифатида кўрсатишга уринишлар, аслида, Каримовнинг гапини такрорлашдир. Каримов ҳам йилларча «мен кетсам, ўрнимга ислом фундаментализми келади», дея иддао қилиб дунёни қўрқитиб келмоқда.

Бу иддао унинг ҳокимиятини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда. Ҳолбуки, на статистик маълумот, на жамоатчилик фикри бу иддаони тасдиқлай олмайди. Ғарб Ўрта Осиёда демократик ҳаракатларни қўллаб-қувватламоғи лозим. Истанг-истаманг, йиллар давомида дунё эътиборидан четда қолган бу ҳаракатлар минтақамиз муаммоларини ечишга қодир ягона альтернативдир. Сиз бу феноменнинг намуналарини Гуржистон, Украина ва Қирғизистонда кўрдингиз.

Биз шуни англамоғимиз лозим: Андижон қатлиомини амалга оширишда президент Каримовдаги жазосиз қолиш туйғуси катта роль ўйнади.

У ўз жиноятлари учун жазо олмаслигидан амин бўлгани учун қўлини қонга ботиришга журъат қилди. Золимнинг юрагидан бу журъатни суғуриб олиш пайти келди.

Ўтган йил Америка Қўшма Штатлари Сенати Лукашенко режимига қарши «Демократия акти» қабул қилди ва бутун дунёга гўзал бир ўрнак кўрсатди. Муҳтарам Сенат бу йил Каримов режимига айни «Акт» ни эълон қилиб, дунёни яна бир кез тасанно айттириши мумкин эмасми?

Бизнинг Ғарб давлатлари ва Америкадан истакларимиз мухтасар шакли шулардир:

1. Демократик мухолифатнинг Ўзбекистонда машруълашувига кўмак.

2. Мухолифат лидерларининг Ўзбекистонга БМТ кафолати остида қайтишини таъминлаш.

3. Муддатидан олдин эркин сайловлар ўтказиш ва унда мухолифатнинг иштирокини таъминлаш

4. Мамлакатда эркин матбуотни йўлга қўйиш.

Илк босқичда биз учун шу минимум етарлидир. Бизнинг қаноатимизга кўра шу минимум демократик йўл билан антидемократик режимдан тинч йўл билан қутулиш имконини беради. Ҳар қандай бошқа андозалар, масалан, ёвуз Каримовнинг ўрнига кўнгилчан Каримовни олиб келиш сценарийлари бизнинг халқимизга қилинган энг катта хиёнат бўлади. Ҳозир шундай сценарийлар ёзилмоқда, Тошкентда Каримовнинг қизи орқасида турган қандайдир «Серқуёш коалиция» ҳар ерда жавлон урмоқда.

Аммо Ўзбек халқи ортиқ алданмайди. Фигуралар эмас, зеҳниятлар алмашуви зарур. Янги ва замонавий қадриятларни ўзига сингдирган зеҳният соҳиблари сиёсатчиларни кутаяпти Ўзбек халқи. Бу хил сиёсатчилар бизнинг демократик ҳаракатларимизда мавжуддир.

СССР қулагач, биз «Қизил майдон»лармизни «Озодлик майдонлари», деб атадик. Аммо бу майдонларда Озодлик эмас,
диктаторларнинг кўланкалари сайр этди ва сайр этмоқда. Фақат Гуржистон, Украина ва Қирғизистондаги оламшумул воқеалар Озодлик тушунчасининг майдон исмидан буюкроқ нарсаларни ифодалаши мумкинлигига бизни ишонтирди. Биз буюк бир шавқ ила бу майдонларда инсонларнинг давлат қуллигидан давлат соҳибларига айланганини кўрдик.

Шундай экан, биз Ўзбеклар ўз келажагимизга некбин боқмоқдамиз ва Оллоҳнинг изни ила асрлар давомида интилганимиз Озодликка эришажакмиз. Диққатларингиз учун раҳмат.

29.06.2005, Вашингтон

(113)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (336-340-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар