Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жуғрофия илми

Жуғрофия илми
18 Nisan 2017 - 9:00 'да юкланди ва 785 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(67)

Атроф*. Жиҳоти* аслия. Харита. План.

Қутб шимолий юлдузи, яъни Темур Қозиқ тарафи «шимол» жиҳати ҳисобланадур. Ани ўнг тарафамизға олиб, кун ботишға қараганда, юзимиз «ғарб», орқамиз «шарқ», чап қўлимиз «жануб» тарафлариға бўладур.

Қибланамо (компас) деган асбоб шимол тарафини бизға кўрсатадурки, андан иқлим ва мавзеига қараб қибла тарафини тахмин қилинадур. Аммо ер юзини ҳар иқлим ва қитъасиға қибла тарафи бошқа ва бир-биридан фарқликдур. Чунки баъзи мамлакат Байтуллони шарқ, баъзи ғарб, баъзи шимол ва жануб тарафлариғадур.

Ани учун ер юзидаги мамлакатларни қибласи бошқа-бошқа тарафларға мойилдур. Ушбу шарқ, ғарб, шимол, жануб тарафлари «жиҳоти аслия» аталадурки, бир харита ё планға қараган одамни кўзини юқориси шимол, қуйи тарафи жануб, ўнги шарқ, сўли ғарбдур.

Бу тўрт жиҳати аслия аролариға яна тўрт жиҳоти фаръийя* борки, тўрт жиҳатни кунжи ҳукмиғадур. Шарқий-шимолий, ғарби-шимолий, шарқи-жанубий, ғарби- жанубий аталадур…

Мунча бизни фикру ақлимизға сиғмайдургон дунёни ер юзи шаклини бир тахта қоғаз устиға нақш қилибдурлар, деган ҳолға ушбу катта дунёни қандай бир тарроҳ*, аккос*, планчи юруб, неча муддатға нақша*сини олди? деган савол келадур.

Бир аккос, бир планчи эмас. Минг-минг устодлар, сайёҳлар, муҳандислар дунё юзиға аввалдан, хусусан, беш юз йилдан бери пайдар-пай, доим юруб, ўлчаб, ёзиб оҳиста-оҳиста ҳозирги мартабасиға жуғрофия илмини ва дунё нақшасини келтурдилар.

Аммо катта бир қитъа ёинки бир ботмон ерни бир тахта коғаз устиға планини кўрсатмоҳ тариқаси шудурки, масалан: бир ерни узунлиги 60 сажин, эни 40 сажин экан, ушбу тул ва арз масофатларини бир варақ коғаз устиға 60 сажин ўрниға 60 нуқта масофатини кўрсатган ила фаҳмланмаги, «тарсим»* қилинмоқи мумкиндур.

Ҳар бир план, харита устиға охириға бир узун хат тортилган ва устига бир неча сифр ва рақамлар борки, «миқёс»[1] аталадурки, ўшал харитадаги мамлакатни асл вусъатидан ушбу харита қанча мартаба кичиклигини билдурадур.

Чунончи, бир жойни тули юз чақирим экан, коғаз устиға бир вершўк хат узунлиги бор ва харита охириға, «бир вершўк юз чақиримдур», деган ишора ва миқёс бордур. Мазкур харитадаги мамлакатға тоғ, рўд, шаҳарлар ҳақиҳат ҳолға бўлуб, яна ушбу хафита устиға ишорат — аломат қўюлганки, ушбу миқёс қоидаси ила мазкур тоғ ва наҳр ва шаҳар мамлакатни ҳаю тарафиға, узунлиги қанча, эни қанча, наҳр ҳаю тарафға оқадур?… ҳама ушбу миқёс ва мезон ила фақат харита юзасидан билинадур.

Муфассал харита, планлар бордурки, тоғларини баландлиги, тошларини хосияти, ҳайъати, наҳрларини чуқурлиги, балиғларини камаригача кўрсатадур. Яъни ниҳоят муфассал хариталар борки, мамлакатларни, тоғ ва наҳрларини тул ва арзи саҳини, ҳавоси чуқурлиги, дараларини масоҳати, масофати, экилатургон зироат ва гиёҳлари, иссиғ ва совуқлигини ишорат қилингон ва тортилгон хатлари ила даражаи тул ва арзи ва они сабаби ила ўшал мамлакатни кеча ва кундузини узун ва қисқалиги, ёз ва қишларини бўлуши, алҳосил аҳволи жуғрофияси авзои табиат, иқлим об-ҳавоси, денгиз юзидан паст ва баландлиги бутун-бутун фақат харитаға қаралган ила билинадур.

Ҳатто, ул мамлакат халқларини жинс, мазҳаб, миллатларини бошқа-бошқа ажратиб билдиратургон хариталар бордур. Аммо ўшал хариталарға боқиб, аҳволи арз ва мамлакатдан воқиф бўлмоқға баъзи илмдан хабардорлик керакдур. Харитаи хусусия, умумия, тўпўгрофия, заўлўжия, табиийя, баҳрия, зироия, этнўграфия, казо- казо аталадурки, ер юзидаги нимарсани ҳар бирини аҳволидан баён қилгувчи хариталарни оти бошқа бўлуб, ушбу тарийқа хариталарни анвоъ ва аъдоди кўпаядур. Одамни шаклу ҳайъатини нақадар катта ё ниҳоят кичик қилиб кўрсатмоқ сураткашларға мумкинлигидек, илм аҳлиға ерни шаклини истаганларича кичик қилиб кўрсатмоқ мумкиндур.

Аларни миқёслари дюйм ё вершўклари минг чақирим, ўн минг, юз минг чақирим, бир узун масофатға ҳам эваз бўладур. Аммо харитани кичигидан каттасини яхши ва муфассаллигиға ва фаҳмға яқинлигиға сўз йўқдур. Бир неча хариталарни бир жамлаб, китоб шаклиға тайёрланган бўлса, атлас аталадўр.

(Давоми бор)

*
Атроф – томонлар
Жиҳот – жиҳатлар, томонлар
Фаръийя – иккинчи даражали
Тарроҳ – тарҳини чизувчи
Аккос – акс эттирувчи, фотограф
Нақша – харита
Тарсим – расм

[1] Масштаб дейилмоқчи.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар