Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Фитнакору сохтакору “пахтакор”

Фитнакору сохтакору “пахтакор”
20 Nisan 2017 - 10:44 'de eklendi ve 2393 kez görüntülendi.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(эллик биринчи мақола) 

ФИТНАКОРУ СОХТАКОРУ “ПАХТАКОР”

Бунча кўпқиррали “фазилат” соҳиби ким экан деб қизиқаяпсизми? Танишинг: ЎзМТРК ходими Анвар Абдувалиев. Унинг бу “қобилият”ларини билганимча, имкон қадар қисқа ва лўнда баён этишга ҳаракат қиламан.

1. ФИТНАКОРЛИК

…2000-йилларнинг бошларида мамлакатда, жумладан Тошкент шаҳрида ҳам яширин цехларда стандарт талабларига мутлақо жавоб бермайдиган сифатсиз ёғлар ишлаб чиқарилиб, савдо шохобчаларида яширин сотилаётганлиги хусусидаги хабарлар кенг тарқала бошлади. Шу боисдан шаҳар бўйлаб журналистик суриштирув уюштириш зарурати пайдо бўлди. Шунда “Ахборот” бош муҳарририятига янги келиб иш бошлаган Насриддин Бозоров билан биргаликда маълум бир кунни белгилаб, албатта, муҳарририят режаси асосида савдо шохобчаларидаги аҳвол ва мазкур масала юзасидан аввало истеъмолчиларнинг фикрини ўрганишга киришдик. Натижа жуда қизиқарли ва қониқарли бўлди. Чунки, айнан яширин цехларда катта миқдорда ишлаб чиқарилган ёғ сотаётган дўкон ҳам аниқланиб, олинган суҳбат-мулоқотларимиз далиллар билан янада бойиди. Фақат овозли ёзувларни монтаж қилиб, маълумотларни чиройли тарзда эфирга узатиш қолди, холос.

Иш вақтим тугаганлиги учун мен уйга қайтдим. Насриддин учун эса ҳали иш вақтига тугашига анча бор эди. Чунки “Ахборот”дагилар сўнги келган расмий хабар узатилмагунича ярим тунгача бўлса-да ишлашади. Монтаж-студиялардан тунда ҳам фойдаланиш имкониятлари бор. Шу боисдан ҳам у танқидий, долзарб материални қайноғида тайёрлаб бериш учун ишхонада қолди. Уйга етиб келганимдан сўнг кўп вақт ўтмасдан телефон жиринглади. Трубкани олишим билан: “Нарзулло ака, тезда етиб келмасангиз бўлмайди! Мени булар еб қўйишади, ҳар тарафдан шантажни бошлаб юборишди, илтимос тезда келинг!” дея саросимали овозни туйдим. Бу – ўша “Ахборот”даги Насриддин Бозоров эди. Ҳатто нима гаплигини суриштириб улгармасимдан у трубкани шартта қўйиб қўйди. Бу йигит яқинда Бухородан келиб иш бошлаганди. Бошига бирор мушкул иш тушдимикин, дея дарҳол радио уйи томон отландим. Келсам, ҳаммаёқ тинч. “Ахборот”да икки-уч навбатчи ходим ўз ишини давом эттираяпти. Насриддин эса бурчакдаги бир стулда руҳан чўккан, кайфиятсиз ҳолда ўтирибди.

-Нима бўлди, тинчликми?-деб сўрадим.

-Ўзимизнинг “Ахборот” муҳарририятининг бош муҳаррир ўринбосари Анвар Абдувалиев бошчилигидаги бир гуруҳ менга нисбатан шантажни бошлаб юборишди. Ораларида бир аёл киши ҳам бор, -деди у тушкун ҳолатда.

-Нима исташаяпти сиздан? Нега ундай қилишди?

-Э, ака, ушбу тайёрлаётган танқидий эшиттиришни деб ҳаммаси… Агар танқид эфирга берадиган бўлсанг кўргулигингни кўрасан, ё у ёқлик ё бу ёқлик бўласан, дейишаяпти. Нима қилаётганингни биласанми ўзи, дея ёқамга ёпишиб кетишгача боришди. Сиз билан бирга аниқлаганимиз – яширин цехда ноқонуний, ҳеч бир ҳужжатсиз, сифатсиз ишлаб чиқарилган ёғни сотаётган дўкон мудири бош муҳаррир ўринбосари А.Абдувалиевнинг ва бояги шантаж гуруҳидаги аёл – Манзура Аҳмадалиеванинг қанақадир қариндоши эмиш. Уларнинг орасида қайсидир спорт газетасининг мухбири ҳам бор эди. Исми-шарифини Муҳаммаджон Аҳмедов дейишди. Хуллас, улар ушбу материални эфирга бермайсан, йўқса кўрадиганингни кўрасан, дейишди. Мен эса шу бугуноқ беришим керак, дедим. Шунда улар менинг ёқамга ёпишиб кетишди ва ҳар томондан турлича таҳдид қила бошладилар. Айниқса, ҳалиги аёл шарлатанлик қилиб устимгача ёпирилиб келиб, “Шармандангни чиқараман ва бу ердан сени бутунлай қуритаман!”- дея дўқ-пўписага ўтиб олди. Ёлғиз ўзим нима қилишимни билмасдан саросимага тушиб қолдим ва сизга қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим. Булар мени қўймайди, энди ишдан ҳам кетсам керак. – Тарвузи қўлтиғидан тушгун кўйи сўзлади Насриддин.

Суриштирсам, бу ўртада Анвар бошчилигидаги шантажчи гуруҳ аллақачон уй-уйига тарқалиб бўлишган экан.

Бухоролик бу ёш йигит ҳар томонлама ҳимояга муҳтож эди. Чунки унинг тажриба ва малакаси кам. Кўпни кўрмаган, ҳали катта қозонда қайнамаган. Бироз ғўрлиги, соддалиги ҳам бор. Тошкентга яқинда келиб радиода янги иш бошлаган. Бунинг устига тоғдек суянчи -отасини бериб қўйганлигига ҳам кўп вақт бўлган эмасди. Ўша кунлар азадор эди, ўзини анча олдириб қўйганди бояқиш йигит. Шу боисдан унга бунақанги шарлатанлар хуружи ва ҳужуми эмас, балки кўпроқ далда, таскин, руҳий ва маънавий қўллаб-қувватлов зарур эди. Лекин буни қаллоблар тушунармиди. Афсуски йўқ. Ундайлар ҳаттоки, бу нарсани тушунишни ҳам исташмайди.

Камина унга далда беришга уриндим. Темир тишни талаб қиладиган журналистика аталмиш бу машаққатли соҳа йўлида ҳеч қачон ҳеч кимдан қўрқмаслиги, ортга чекинмаслиги ва бунақанги таҳдидлар қаршисида ўзини ҳеч вақт йўқотиб қўйиши керак эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. У анча ўзига келгандай бўлди-ю, барибир бироз қўрқув ҳисси бордек туюлди. Яна унга қўлимдан келганча таскин ва маслаҳат бердим. Шундан сўнг у ҳам ўз уйига қайтди, мен ҳам.

Эртаси куни ҳеч гап бўлмагандек, барча ўз ишида давом этди. Аммо бу ҳақда ўша шантажчилар гуруҳи бошлиғи бўлмиш Анварга бир оғиз гапириб қўймасам бўлмас эди. Йўқса улар Насриддинни эзиш-таҳқирлашда давом этишлари мумкин эди. Иш кабинетимда эдим. “Ахборот” муҳарририятига қўнғироқ қилдим. Шунда (раҳматли) Дилором Умарова телефон гўшагини олди. Саломлашгач, Абдувалиевнинг бор-йўқлигини сўрадим. Опа унинг ҳозирча йўқлигини айтди. Менинг иш кабинетим биринчи қаватда ва эшик доимо очиқ эди. Ўтган-кетганлар кўриниб турарди. “Бўпти, келиб қолса айтарсиз”, дея трубкани қўйишим ҳамоно хонага Насриддин кириб келди. Бироз ўтар-ўтмас биз излаган Анвар ҳам ўтиб кетаётганлигига кўзим тушиб қолди. Уни ҳам чақирдим. Сўрашиб бўлгач, асосий мавзуга ўтдик. Ишонасизми-йўқми, бу Абдувалиев деганлари ўзини шу қадар сипо кўрсатдики, худдиким кеча ҳеч нарса рўй бўлмагандек. Қарасам, у ўзини бу шарлатанлар гуруҳига ҳеч ҳам алоқаси йўқдек кўрсатаяпти. Унинг бу гап-сўзлари, ҳаракатлари олдида тулки ҳам ип эшолмай қолади-ёв. Насриддинга секингина хонадан чиқиб туришини ва бизни ҳоли қолдиришини айтдим. Шундан сўнг бу фитна билан шуғулланувчи Анвар билан очиқчасига гаплашиб олдик. Унга бу ёш йигитга тазйиқ ўтказишни бас қилишини айтдим, ҳатто илтимос қилдим. У аравани қуруқ олиб қочишга роса уриниб кўрди, аммо ҳеч ҳам “ўхшамади”.

Аммо шундан сўнг ҳам ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганлиридек, Абдувалиев бошқа бирларига нисбатан ҳам ўзининг севимли машғулотига айланиб қолган фитнасини тўхтатгани йўқ. Буни гапираман, ёзаман десангиз 1-2 мақолаларга сиғдиролмайсиз. Шу ўринда ўзим ҳам бу фитнакорнинг фитнасига нишон бўлганлигим хусусида тўхталмасам бўлмас.

Бир кун иш вақти тугаб, уйимга қайтаётиб метрога етай деганимда мобил телефоним жиринглаб қолди. Ким экан, десам раис ўринбосари қабулхонасидан навбатчи ёрдамчи йигит “Нарзулла ака, тезда қабулхонага етиб келар экансиз”, деб қолди. Ҳа бу иш вақти тугагандан кейин ҳам қўймас экан-да булар, дедим-да орқага қайтдим. Қабулхонага кирган эдим, у ердаги бояқиш ёрдамчи: “Бош муҳаррирингизга учрар экансиз”,-деди. Бўпти дедим-да, тепага – тўртинчи қаватга чиқдим.

Кабинетда бош муҳарриримиз Мухтор Муродов ва унинг рўпарасида икки аёл ўтирибди. Тўрда ўтириб олган, тўладан келган аёл каминага ишора қилиб: “Ўҳ-ҳў, ана келдилар, юришини қаранг буни, қўлида сотка-телефонлар, жа олифта экан-у бу” дея кесатиқлар билан шанғиллашни бошлади. Ҳали ўтиришга улгурмай, “Нима гап ўзи, тинчликми?” деганимни биламан, яна ўша аёл ўрнидан туриб,қўлини бигиз қилиб баттар бақира бошлади. Қичқира туриб, бир маҳал кутилмаганда ўзини “тап” этиб полга ташлаб юборса бўладими. Шу оннинг ўзида сув олиб келиб, юзига сепиб ўзига келтиришди. “Ҳушдан кетиш” ҳам бир “номер” экан шекилли, чунки у ўрнидан дарров тура солиб яна шанғиллаб кетди, жағи ҳеч тинмади.

Бироздан кейин гап нимадалигини билгач, у аёлнинг кимлиги ҳам аён бўлди. У бекорга шайтонламаган экан… Бир-икки кун олдин қишлоқдан келган бир йигитни дўконида кеча-ю кундуз ишлатса-да, бир йилдан ошиқ вақт мобайнида бир тийин ҳам ҳақини бермаган “ишбилармон” аёл билан боғлиқ шикоят хати асосида журналистик суриштирув олиб боргандим. Бу ўша дўконнинг асосий соҳибаси бўлган хоним экан. Шунга чидай олмаганидан “Сеними, шошмайтур, мухбир!” дебди-да, бизнинг радиога бостириб келишга қарор қилибди. Радио уйига киришнинг ҳам ўзи бўлмайди. Анвар Абдувалиевга ўхшаганлар орқалигина худди шундай фитна-амалиётларни муваффақиятли олиб бориш мумкин. Шундай ҳам бўлди.

Бош муҳаррир хонасида бу опахон “Мен халқ маорифи аълочисиман!” деб жар солишда давом этди. Унга бирор бир сўз айтишдан фойда йўқ эди. Қизиғи, бу “аълочи” опанинг ёнидаги воситачи-қозича “Санам” журналининг бош муҳаррири Муборак Туробова экан. Бу “Санам”ларнинг редактори ҳам анча абжир чиқиб қолди денг. Бир пайт у менга қараб: ”Сиз ўзи бу масалани қонуний рухсат олиб ўрганишга чиқдингизми ёки тўғридан-тўғри бориб ўзингизча иш бошлаб юбордингизми?” дея ўз ваъзини даға-дағадан бошлади. Мен ҳам унга “Мана, ёнингизда бош муҳарририм ўтирибди, бу масалани ўрганганлигимнинг нечоғли қонуний-ноқонуний эканлигини у кишидан сўрамайсизми? Қолаверса, менинг иш соатим тугаганлигига икки соатдан ошди. Иш соатимдан ташқари ҳолатда сизларнинг саволларингиз жавоб беришим лозимлиги ҳам қонуниймикин? Олдин сизлар қонунга итоат қилган ҳолда менинг иш соатимда келинглар, ўшанда нима қонуний-у, нима ноқонуний эканлиги ҳақида батафсил гаплашиб оламиз”- дедим. Бу гапимдан кейин ўзини “тап” этиб полга ташлаб юборган “аълочи” опа баттар тутақиб, ўзини ҳар ёққа отиб дод-вой қила бошлади. “Санам”чи опа бўлса унинг парвонаси-ю, овораси.

Мухтор ака секингина “Сиздан илтимос, нима қилиб бўлса ҳам амаллаб шуларни кабинетдан ташқарига олиб чиқиб кетинг”, деди. Шундан сўнг бу икки опага юзландим-да: “Нима қилиш керак, мендан нима истайсизлар?” – дедим. Шу он бирдан дўкон ва “Санам”ларнинг соҳибаси бўлган опалар ўзларига келишиб, “тузалиб”, ҳеч нарса кўрмагандек бўлишиб, дарҳол ўз талабларини қўйишди. Уларнинг талабига кўра, мен бу “қилмишим”-журналистик суриштирувим учун “аълочи” ва “Санам”чидан Мирзо Улуғбек туман ҳокимининг ўринбосари Зафар Убайдуллаевичнинг кабинетида кечирим сўрашим ҳамда текшир-текширларни тўхтаттиришим керак эмиш?! Қарасам, бош муҳарриримиз “Ҳа, сизларники маъқул” деб ташқарига олиб чиқиб кетишимни илтимос қилаяпти. Бу икковини зўрға кўндириб олиб чиқиб кетаётиб, шундоқ лифтнинг ёнига келганимизда “Дўкон”чи ва “Санам”чи опаларимиз биздан икки-уч қадам нарида турган “Ахборот” бош муҳарририятининг бош муҳаррири Анвар Абдувалиевга хуш тавозеълар қилиб: “Анваржон, сизга каттакакон раҳмат, бу яхшиликларингизни асло унутмаймиз” дея қуюқ миннатдорчилигини билдириб қолишди. Бу бежиз эмас эди, албатта…

Шунақанги фитна-шантажларга бош-қош бўлиш қурғур бу Анварнинг-ку ҳаёти-турмуш тарзига улгуриб бўлган, лекин бу Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари бўлган Фахриддин (тахаллуси Фахриёр) Низомовга нима жин урди, экан, деб ҳайрон бўлдим. Чунки, мен ишдан ташқари вақтда раис ўринбосари, худди шу Ф.Низомовнинг қабулхонаси орқали чақиртириб олингандим-да. Бу икки опа Абдувалиевнинг саъй-ҳаракати билан раис ўринбосаригача чиқишиб, “ишни битиришган”. Яъни Низомов билан уларни учраштиришда, чақма-чақарлик “ўйин”ида Анварнинг қўли бўлган. Охири бориб-бориб ўшанда унга ишонган содда Низомовнинг ўзини ҳам чув туширмай қўймади, албатта. Юмалоқ хат (анонимка) ёзавериб, яна алламбало фитналарни ташкиллаштириб, Фахриддиннинг ўта ҳижолатли аҳволга тушишига ва ишдан мосуво бўлишига сабабчи бўлган ҳам айнан шу Анварнинг ўзгинаси бўлиб чиқди. “Чаён иши чақмоқдир”, дейдилар-ку…

Хуллас, бояқиш икки аёл билан ташқарига чиқсак, дўкончи опанинг дўкончи қизи “Дамас”да кутиб ўтирган экан. “Дамас”га ўтириб, туман ҳокимлигига бордик. Ҳоким ўринбосарига учрашдик. Бу ўринбосар-Зафарбой ҳам бу “опа”дан кечирим сўрашим кераклигини айтиб, бошимни қотира бошлади. Мен эса қатъиян рад этдим ва кечирим сўрашим учун асос бўладиган бирор бир ишга қўл урмаганлигимни айтдим. Шунда уччаласи ҳам ўзларича ташланмоқчи бўлишди. “Раисингизга ҳозироқ қўнғироқ қиламан!” – дея кичик ҳокимча қўрқитиш усулини ҳам қўллаб кўрди. Бундан ҳеч бир натижа-иш чиқмаслигига иқрор бўлди, шекилли, “Боринглар, нима қилсанглар ҳам ўзларинг биласизлар, мени тинч қўйинглар” деди охир “опа”ларига қараб. Ҳокимлик биносидан чиқдик. Бу иккала опанинг қўлтиғидан тарвузи тушгандек, бир-бирига қараб қаққайиб қотиб қолишди. Сабаби, сценарий-ўйин улар ўйлагандек чиқмади. Бундан ғазабланган Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси, дўкон соҳибаси бўлган опахон “Санам”ларнинг бош “санам”и Муборак Туробовадан юз ўгириб, ўзининг “Дамас” машинасига ўтирди-ю, қўллаб-қувватлаб, меҳрибонлик кўрсатиб юрган шеригини катта кўчанинг қоқ ўртасига ташлади-кетди. Соат миллари бу маҳалда тунги 22.15 ни кўрасатаётганди. Шунда Туробова нима қилишини билмасдан кўзи мўлтиллаб каминага юзланди-да, “Мени кузатиб қўярсиз”, деди. Такси тутдим-да, уни ўтқизиб юбордим…

2.СОХТАКОРЛИК

“Ўзбекистон” радиосида бирор бир янги ном-сарлавҳа остида эшиттириш бошланса, албатта телевидениянинг қайсидир бир каналида худди ўша ном остида кўрсатув ҳам тайёрлаш иши Ходжаев деган бир ношуд даврида аллақачон анаънага айланиб улгурганди. Масалан, “Нуқтаи назар”, “Эътироф” ва яна бир қанча эшиттиришлар такрори шулар жумласидандир. Қизиғи шундаки, бундайин такрорланишлар фош бўлиб қолишидек шармандаликдан чўчиб қолган ЎзМТРК раҳбарияти “Садо” газетасида ҳафталик теледастурни эълон қилдириб, радиодастурларни эълон эттирмайдиган бўлди. Сабаби, радиода ҳам телевиденияда ҳам бир хил номдаги эшиттириш-кўрсатув кетаётганлигидан ҳар қандай мухлис ҳайрон бўлиши мумкин-да.

Радиода “Ахборот” бош муҳарририятидан деярли ҳар куни эфирга узатиладиган “Оқшом тўлқинлари” эшиттириши ҳам аслида Фарғона вилояти радиоси ижодкорларининг маҳсули эканлигини барча ҳам билмаса керак. Ушбу дастур ҳам тўлиқ номи ўзгартирилмасдан шундайлигича “Ўзбекистон” радиосидан берила бошлаган. Бунинг ҳам бош ташаббускори Анвар Абдувалиев бўлган. Бу каби номаъқулчилик-ҳурматсизлик, менсимасликдан Фарғона вилояти радиоси ходимлари қаттиқ норози бўлишган. Афсуски, бу норозиликларга қулоқ тутилмасдан аксинча, вилоят радиосидаги “Оқшом тўлқинлари” эшиттиришининг фаолиятига чек қўйилган, яъни вилоят радиосининг дастуридан олиб ташланган. Мана сизга “муаллифлик ҳуқуқи”! Бунинг номини “тепа”дан туриб босим ўтказиш ва ёхуд “зўравон тегирмон юритар” дейдилар…

Бугун кунда тўртта расмий “Ўзбекистон”, “Маҳалла”, “Ёшлар” ва “Тошкент” ФМ радиоканаллари мавжуд. Бизга маълум бўлишича, шунча қилган “меҳнат”лари эвазига Анвар Абдувалиев айни пайтда “Ўзбекистон” радиосининг раҳбари этиб тайинланган. Ўзи илгари бош муҳаррирлик қилган “Ахборот”да эса Абдувалиев ва унинг ходими, қулоқлардан бири Аҳмад Бузруков “Хизмат кўрсатган журналист”лардир. Бу А.Бузруков деганлари ҳам қайсидир сиёсий партиянинг газетасидан туриб бошқа бир сиёсий партияга нисбатан холис фикр билдираман деб, “Холис фикр” рукни остида ўз номидан савиясиз бир мақола эълон қилиши ортидан шармандаси чиққан эди. Тағин ўша мақоланинг тагига “Хизмат кўрсатган журналист – Аҳмад Бузруков” деб ёзиб қўйилган экан. Нохолисона мақоласи боис “Ўзбекистон овози” газетаси “Холислик ниқоби остида” деб номланган фелъетони билан Ахмаднинг роса “пўстагини қоқиб” ташлади. Ваҳоланки, ҳали А.Бузруков “Хизмат кўрсатган журналист” эканлигини тасдиқловчи ҳужжатини олишига тўрт ойдан зиёдроқ вақт бор эди. Айни паллада унвон ҳақидаги фармонгина бор эди, холос. Ушбу фелъетон орқали сиёсий жиҳатдан ғўрлиги ва саводсизлиги фош этилган Аҳмаджон Бузруковнинг нақадар сохтакор-журналист эканлиги янада кенгроқ ёйилганди. Қаранг-а, Анвар Абдувалиев ўз ходимини “Хизмат кўрсатган”ликка лаёқатли қилиб кўрсатишга қанчалик уринмасин, барибир унинг миси-маккорлиги бошқа бир жойдан “лип” этиб чиқиб қолди. “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деб бежиз айтилмаган. Буларнинг қинғирлиги, сохтакорлиги қирқ йил эмас, қирқ кун ҳам эмас, фармон чиққандан сўнг ҳаттоки тўрт кунгага етмасдан “қийиғи” чиқиб қолди. Қолган радиоканалларнинг бошқа биронтасидан бирон бир ходим “Хизмат кўрсатган журналист” унвонини олган эмас. Айни пайтда бунақанги унвону мукофотлар кўпинча сохтакору фитнакору, “пахтакор”лик “хизматлар”ини кўрсатаётганларга берилиши сир бўлмай қолганлигидан самимий, ҳалол ижодкорлар учун у қадар қизиғи ҳам қолган эмас аслида..

Анварнинг олғирлиги ва ўта абжирлигини кўпчилик жуда яхши билишади. Қолаверса, бизда мукофот олиш учун ҳеч ҳам жон куйдириб, ўлиб-пишиб ишлаши шарт эмас. Фақат раҳбарият ва малайлари томонидан қўйиладиган шартга кўнсанг бас. Шунинг ўзи етарли. Керак бўлса, бошқа бир муаллифнинг эшиттириши ёки кўрсатуви учун ҳам сенга хоҳлаган мукофотингни худди шу Анвар воситасида олиш кафолати мавжуд.

Бунга ўхшаш воқеани аввал ҳам баён этгандик. Мастура Фармонованинг “Олтин қалам” мукофоти учун берилиши лозим бўлган олти миллион сўмнинг қандай қилиб ким томонидан олиб қочиб кетилганлиги билан боғлиқ воқеа мисолида аниқ-тиниқ қилиб келтиргандик.

Яна бир ёрқин мисол: Узоқ йиллар радиода ишлаган, ўта малакали ва тажрибали устозларимиздан бири Мухтор Муродовнинг йиллар мобайнида тайёрлаб, уни элга манзур қилиб келган “Шахсий фикр” эшитириши учун “Одамзод” нима дегани?” – дея талмовсираб юрадиган бир гумашта – Шуҳрат Юнусовга “Олтин қалам” мукофоти берилганида ҳамма ҳангу-манг бўлиб қолганди. Мухтор ака ҳақиқатдан ҳам самимий, оқкўнгил, сабр-тоқатли бир инсон. Шу боисдан ҳам бу ҳақда бирон бир жойда “чурқ” этганларини эшитмадим. Лекин ич-ичидан эзилгани, қорнига эмас, қадрига йиғлаганини сезмаслик, бир инсон сифатида тушунмаслик мумкин эмасди. Ваҳоланки, у киши соҳадаги хизматлари учун ҳар қандай мукофотга лойиқ профессионал журналист эди…

3.“ПАХТАКОР”ЛИК.

Бизнинг бир Ўлжабой Қаршиев деган ажойиб дарвешсифат укахонимиз, самимий-дилкаш дўстимиз бор. Француз тилини жуда севади. Баъзан шу тилда саломлашиб қўйишни ҳам хуш кўради. Шоирликда ҳам бинойи. Ҳикоялар ҳам ёзиб туради. Гапирганда чуқур эҳтиросларга берилиб кетадиган одати ҳам йўқ эмас. Лекин жуда очиқ кўнгил, ким билан бўлса-да борини бўлиб, баҳам кўргиси келади.

Куз вақти: бешинчими ё олтинчи октябрь эди. Ўлжабой укамиз “Нарзулло ака, бугун радио бўйича раис ўринбосари Фахриддин ака Низомовнинг туғилган куни” деб қолди. “Яхши, хўш?…” – дедим. У бўлса: “Топган гул, топмаган бир боғ пиёз келтирирар”, дегандай… унинг уйига борсак, нима дейсиз?” деди. “Қўйсангиз-чи, Ўлжабой, чақирилмаган жойга индамасдан кириб бориш… қандай бўларкин? Қолверса, у бизни қанақа қабул қиларкин? Ҳарқалай раҳбар одам. Кўнглига ҳар қандай гап келиб юрмасин тағин”, дедим. Ўлжабой: “Э ака, нималар деяпсиз, у ҳам сизу-бизга ўхшаган оддий одам аслида. Биласиз-ку унинг ҳам шоирлигини. Ижодкорлар ҳаммаси бирдек, дарвешга ўхшайди. У ишхонада раҳбар, уйида оддийгина инсон. Шунинг учун келинг, ўша ерга бугун кечқурун бирга борайлик, менга ҳамроҳ бўлинг, сўзимни ерда қолдирманг. Бу ҳам бир “ҳинг”да, қани қандай бўларкин?” – дея қатъий оёқ тираб туриб олди.

Шундай қилиб, кечга томон иккимиз бир “букет”ни олдик-да, шоир Фахриёрнинг туғилган кунини нишонлаш учун унинг уйига бордик. Борсак, Низомовнинг ўзи бизни илиққина кутиб олди. Ёшлар учун алоҳида, ёши сал улуғроқлар учун бошқа бир хонада дастурхон тузатилган экан. Мени шу “катта”лар ўтирган хонага бошлади.

Туғилган кунда таваллуд топган кишининг шарафига табрик айтиш ҳам, бошқа бир ҳангомалар ҳам қизигандан қизиб борарди. Энг тўрда Анвар Абдувалиев ва Аҳрор Аҳмедов ўтиришибди. Аҳрор дегани ҳам “хизмат кўрсатган”лардан… Биз қуйироқда, мендан юқорида-ёнимда ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст қўр тўкиб ўтирибди. Афтидан, даврани Анвар олиб бораётганди. Чунки у навбатдаги кишига сўз бериш учун ўрнидан туриб, бехосдан биз томонга қараб гапира бошлади.

Унинг дастлабки сўзи, жумладан, шундай бўлди: “Мана бугунги даврамизда Фахриддинжоннинг энг яқин кишиларидан бири Мурод ака ўтирибдилар. У киши Фахриёрнинг ҳақиқий устози бўладилар. Сабаби бу инсонни мен жуда яхши биламан…” Шу жумлага келганида Мурод ака томоқ қириб ўрнидан бир қўзғалиб қўйди. Ўтирганлар “бошқа гап ортиқча, энди сўз берилса керак”, дея диққатини Мурод акага қаратишганди. Сўз бериш қаерда дейсиз? Анвар Абдувалиевнинг гапи янгича тонда янграй бошлади: “Мурод акажоним, агар сиз бўлмасангиз Фахриддин “Фахриддин Низомов” деган улуғ ном даражасигача чиқа олмас эди. Биласизми, акажон, агар сиз бўлмасангиз, у ҳеч қачон поғонама-поғона кўтарилиб, бунчалик катта лавозимларга ўтира олмаган бўларди. У фақат ва фақат сиз туфайлигина “Фахриёр” деган шоир сифатида танилиб, телерадиокомпаниядай жойга раис ўринбосаридек юксак мартабага эга бўлди, акажоним. Яна сўзимни давом эттирадиган бўлсам…” деган ерига келганида Мурод Муҳаммад Дўстнинг ҳаддан зиёд ҳижолат бўлиб қаттиқ безовталанаётганлигини сезиш қийин эмасди. У кишининг ёнида ўтирган камина ҳам адибнинг анча ноқулай аҳволга тушиб қолаётганлигини яхшигина ҳис қилиб, ўзимча “бу ҳамдусанонинг охири бахайр бўлсин-да”, дея хаёлимдан ўтказиб турардим. Анвар ўз сўзида давом этар экан, яна гапини “Мурод акажоним, унинг шунчалик бўлишида сизнинг қилган саъй-ҳаракатларингизнинг жуда катта аҳамияти бор. Буларнинг барчаси сиз қилган меҳнатнинг самарали натижаси деб айтадиган бўлсак, асло муболаға бўлмайди. Энди акажон, сиздек обрўли инсоннинг бунчалик эътибори, унга бўлган меҳрингиз бўлмаганида эди…” деган жойида Мурод Муҳаммад Дўст гапни кесиб: “Ҳаммасига биз сабабчи бўлмагандирмиз. Ахир уни дунёга келтирган ота-онаси бор…” деб ҳали сўзини тугатмасдан яна гапни илиб кетган Анвар такрор “Акажоним, Мурод акажоним, сизни жуда яхши биламиз, ҳурмат қиламиз. Акажон, менга қаранг, агар сиздай инсон, сиздай олийжаноб киши бўлмаганида барибир Фахриддинни шундай юксакликларда кўрмасдик, акажоним…” дея сўзи охирига етар-етмасдан Мурод Муҳаммад Дўст росманасига “портлади”, тоқатлари тоқ бўлиб кетди! Жаҳл билан шарт ўрнидан турди-да, стулда осиғлиқ костюмини елкасига оларкан, соқивой-Анвар Абдувалиевга ғазаб ва нафрат билан қараб: “Бас, етар! Қанақа одамсан ўзи? Э, сандайин….“ПАХТАКОР”ни…, садқаи одам кет-эйй!” деди-да, шаҳд билан эшик томон йўналди. Бу ёқда Анвар-соқивой анқайиб, қизариб-бўзариб, кўзлари мўлтираб нима дейишини билмай, тили калимага келмасдан довдираганча қолди. Бу ўртада Фахриддин “Мурод ака, нима бўлди, ўтиринг…” дейишига ҳам қарамасдан адиб ташқарига отилиб чиқди-кетди. Бу “пахтакор”-хушомадгўйни деб ўтирганлар ҳам ғалати аҳволда қолишди. Хонага жимлик чўкди. Камина ҳам бу ерда ортиқ ўтира олмаслигимни сездим-да, дилга яқин шеригим – Ўлжабой Қаршибой ёнига, ёшлар ўтирган хонага бориб ўтирдим ва туғилган куннинг қолган қисмини улар билан бирга ўтказдим.

Хуллас, ўшанда бу Анвар Абдувалиев деганларининг нафақат ФИТНАКОР, СОХТАКОР, балки юқори лавозимдагиларга ПАХТАКОРлик “қобилият”ини ҳам кўрган, қош қўяман дея кўз чиқариб, қовун тушириб қўйиш одати ҳам йўқ эмаслигининг гувоҳи бўлгандим. Шундан сўнг уни ишхонадагилар “Ана, пахтакор келаяпти”, дея ҳажв қилишадиган бўлишганди.

24.10.2015 й.

(давоми бор)

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

Сўнгги хабарлар
İLGİLİ HABERLER