Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ҳеч қачон бунақа очиқчасига, тажовузкорона ҳужум бўлмаган!”

“Ҳеч қачон бунақа очиқчасига, тажовузкорона ҳужум бўлмаган!”
20 Nisan 2017 - 17:52 'да юкланди ва 992 марта ўқилди.

Таниқли журналистлар Шуҳрат, Қудрат ва Хурмат Бобожоновларнинг Урганч туманида яшовчи онаси Шукуржон Мадраҳимованинг айтишича, у 18 апрел куни ўз ховлисида бир гуруҳ номаълум аёллар ҳужумига нишон бўлди.

75 ёшли Шукуржон Мадраҳимова хонадонга бостириб кирган аёллар унинг ўғилларини куракда турмайдиган сўзлар билан хақорат қилишган ва уларни “Ватан хоинлари” деб аташган.

Жазавага тушган аёллар кекса оёлнинг қўлидан телефонини хам тортиб олиб, ерга улоқтирганлар.

Воқеа содир бўлган заҳоти участка милицияси ходими билан Бакиварган исмли маҳалла оқсоқоли кириб келган.

«Шу ерда дарахтларни оқлаб, ободончилик ишларини қилиб юрган пайтимиз жанжални эшитиб қолдик,» деб айтганлар.

«Озодлик»ка қўнғироқ ва таҳдидлар

Ўша куниёқ, бўлиб ўтган воқеадан бироз ўтгач, Прагадаги “Озодлик” радиосига ўзини Маҳмуд Машарипов деб таништирган одам телефон қилиб, журналист Шуҳрат Бобожонов билан гаплашиш истагини бидирган. Гўшакни кўтарган Шуҳрат Бобожоновни Маҳмуд Машарипов ҳақорат қилишга тушган. Таниқли журналист суҳбат ёзиб олинаётганини совуққонлик билан эслатгач, Машарипов зудлик билан алоқани узиб қўйган.

«Элтуз» таҳририятининг, 19-20-апрел кунлари айни телефон рақамига бир неча бор қилган қўнғироқлари ҳам жавобсиз қолди.

Маҳалла оқсоқоли: «Ундан кўра онангиз кечирим сўрасин!»

19 апрел куни Бобожоновларнинг Хоразмдаги яқинлари аёллар ҳужуми ҳақида Ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилишган, лекин айни маҳалла оқсоқолининг давомли босими остида милиционерлар масалани оғзаки йўл билан бости-бости қилишларини айтиб, ҳозиргача уларнинг аризаларини қабул қилмаган.

«Ундан кўра, онангиз кечирим сўрасин ўғилларининг қилмиши учун!» деган гап орасида Урганч туман арбоблар маҳалласи оқсоқоли, халқ орасида «Бакварган қассоб» дея танилган шахс.

Милиция Мадраҳимова аризасини қабул қилмагач, уни республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига йўллашган.

«Эҳтимол, маҳалла оқсоқоли ўз саводсизлигидан, бу аёллар ёнини олиб шундай қилаётгандир. Унинг бу масалани ҳуқуқий ҳал этилишидан мутлақо манфаатдор эмаслиги кўриниб турибди,» дейди воқеани яқиндан кузатган қўшнилар.

Журналистик фаолият учун олинган ўч

Ҳорижий оммавий ахборот воситаларида ишловчи Шуҳрат, Қудрат ва Ҳурмат Бобожоновлар Ўзбекистонда юз бераётган жараёнларга танқидий назарлари билан танилган.

Уч ака ука журналистларнинг фаолияти ҳар доим Ўзбекистондаги амалдорларни асабийлаштириб келади.

Шундай бўлишига қарамай, Қудрат Бобожоновнинг айтишича, шу пайтгача уларнинг Ўзбекистондаги яқинлари бу қадар таҳдидларга дуч келмаганди.

“Ҳеч қачон бунақа очиқчасига, тажовузкорона ҳужум бўлмаган, на бизнинг яқинларимизга на ўзимизга. Бўлиб туради, масалан ижтимоий тармоқлар орқали “Сени ундай қиламиз, бундай қиламиз, жим юр,” каби изоҳлар ва мактубларни олиб тураман. Лекин мен, улар бугунги каби ошкора хужумга ўтади деб ўйламаган эдим,» дейди ҳозир Швецияда яшаётган журналист Қудрат Бобожонов.

Журналистларни қўрқитиш сигналими?

Ўзбекистондан ташқарида ишлайдиган бошқа журналистлар ҳам, бўлиб ўтган воқеадан ҳавотирга тушганларини айтади. “Анча йиллардан буён чет элда яшайман ва ахборот агентлигида ишлайман. Бобожоновларнинг Ўзбекистондаги оиласига қилинган таҳдиддан сўнг, дарҳол уйимдагилар билан боғландим. Ҳозирча бизда тинчлик. Лекин бундай хунук воқеанинг эртага бошқа бир журналист уйида такрорланмаслигига кафолат йўқ” дейди исмини айтмаган хориждаги ўзбек журналистларидан бири.

Марҳум президент Ислом Каримов ҳукмронлиги пайтида Ўзбекистон ичидаги мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари, халқ орасида «ОБОН» номи билан танилган тажовузкор ва шаллақи аёллар хужумларига учраб туришарди.

Бундай гуруҳлар, норозилик пикетларига чиққан фаолларни дўппослашар, уларни беобрў қилишга харакат қилишарди.

Гуруҳдаги аёллар, одатда ўзларини маҳаллий ҳокимият ёллаганини яширмасди.

Ислом Каримов ўлганидан кейин эса, ўзгача фикрли инсонларни қўрқитиш учун қўлланиладиган бу аёллар гуруҳи ҳаракатлари ҳам бир муддат тўхтаган эди.

Хорижий матбуотда ишлаётган журналистларнинг онасига қарши бу галги ҳужум дипломатик корпус вакиллари, жумладан АҚШ элчихонаси ходимларининг ҳам диққатини ўзига жалб этди. 20 апрел куни АҚШ элчихонаси вакиллари номаълум жанжалкаш аёллар ҳужуми остида қолган хоразмлик журналистнинг кекса онаси тақдиридан ташвиш билдириб, унга қўнғироқ қилишди.

Ҳужум, аёлларнинг ўз ташаббуси билан бўлганми, йўқми маълум эмас. Бу, эҳтимол, ҳуқуқ тартибот идораларининг муносабатидан кейин маълум бўлар.

Улуғбек Ашур,
Канадада яшовчи ўзбек журналисти

Манба: eltuz.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар