Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Наркобаронларнинг қўриқчи-ҳомийси ким?

Наркобаронларнинг қўриқчи-ҳомийси ким?
21 Nisan 2017 - 8:00 'да юкланди ва 2585 марта ўқилди.

Ҳар йили Ўзбекистонда “…фалон тонна наркотик моддалар қўлга олинганлиги, уларнинг бир неча турлардан иборат эканлиги ва оғуларнинг барчаси бир ерга тўпланиб домна печларида ёқиб юборилиши натижасида йўқ қилинаётганлиги” ҳақида хабарлар матбуот, ОАВлари, телевидение орқали тарқатилади. Ушбу тадбирларнинг барчаси махсус комиссиянинг қарори асосида халқаро ташкилотлар, дипломатик корпуслар вакиллари иштирокида амалга оширилаётганлиги кўз-кўз қилинади.

Айниқса, бу ишларнинг амалга оширилишида миллий хавфсизлик хизматининг роли ва ўрнига алоҳида урғу бериб ўтилади. МХХ матбуот ходимларидан  бириси ОАВга чиқиб  махсус интервью ҳам беради. Буни кўрган, эшитган аҳоли, оддий халқ, бутун жамоатчилик “Ҳақиқатдан ҳам куч ишлатар тизими ходимлари, хусусан, бу МХХчилар кеча-ю кундуз мижжа қоқмасдан тер тўкиб меҳнат қилаётган экан-да”, деган хаёлга бориши мумкин.

Аслида ҳам шундайми? Наркотика контрабандаси ҳамда уни мусодара қилиш билан боғлиқ  хабарларнинг ростлигига ишонса бўладими?

МХХ соҳасига жуда яқин манбанинг айтишича, бундай ахборотларнинг тўқсон тўққиз фоизи ёлғондан иборат. Хусусан, қўлга олинган гиёҳвандлик воситаларининг қандайдир печларда ёқилаётганлигига доир маълумотлар ҳам ҳақиқатдан мутлақо йироқдир. Негаки, оловга ташлаб ёқилаётган нарсаларнинг устки қисмида номига кўзни шамғалат қилиш учун жуда  оз миқдорда қўйилган бўлиши мумкин “анавин”дан, асосий қисми эса наркотикага алоқаси бўлмаган, оддий қуритилган ўт-ўланлар ва қандайдир кераксиз моддалар-ашёлар бўлиши мумкин. Бу – “маскировка”нинг ўзгинаси. Уюм-уюм ашёларнинг асло наркотикага алоқаси йўқлигини сўнгги вақтларда ўшандай тадбирларда қатнашаётганларнинг кўпчилиги яхши билиб қолишган.

Хўжакўрсингагина ўтказиладиган  бу “пиар” орқали МХХ ходимларининг ишини республика бўйлаб катта бир хизматни амалга ошираётган қаҳрамонликдек қилиб кўрсатилади. Ҳар йили ўтказилиши зарур бўлган ва анъанага айланиб қолган тарғибот-ташвиқот усулларидан бири бу. Шундай йўлллар билан жамоатчиликнинг эътибори ва диққати чалғитилади, холос. Аслида эса қўлга олинган наркотик моддалар қанча ҳажмда бўлишидан қатъий назар, Иноятовнинг ўзидан ортмайди. Агар  бу оғу хомашё тарзида бўлса, баъзи “авторитет”лар билан шерикчилик асосида Тошкентдан бир неча километрлик масофада узоқликдаги ҳудудда ташкил қилинган махфий цехларда нархини бир неча баробар оширадиган  қилиб қайта ишланади ва унинг асосий қисми тегишли “манзил”ига жўнатилади.  Маълум қисми МХХчиларнинг “назар”ига тушиб қолган бечоралардан “жиноятчи” ясаш зарурати туғилиб қолганида (яъни подставка қилиш мақсадида) фойдаланиш учун ажратилади. Бошқа бир бўлаги эса ўзига тўқ, бой-бадавлат ёки юқори лавозимдагиларнинг ўзларини, яқинларини, асосан фарзандларини йўлдан оздириш учун қўлланилади.

Бундайин тадбирлар йил бошиданоқ қандайдир ном билан аталиши одат тусига кирган. Масалан, у баъзи ҳолларда “қорадори операцияси” деб аталиши мумкин. Бу эса йил бўйи худди шу йўналишдаги тезкор амалиётларга қаттиқ эътибор қилинаётгандек қилиб кўрсатишдек кўзбўямачиликнинг  ўзгинаси.  Ана шундай нотўғри ва ёлғонга асосланган маълумотларни ёйишдан мамлакатда якка-ю ягона зулм куч ишлатари бўлган МХХ  тизими ва унинг раиси Рустам Иноятов ҳамда унинг бу ишдаги шерикларигина манфаатдор.

МХХ таркибидаги чегара қўшинлари бу борадаги фаолиятни қаттиқ назоратига олган. Четдан ташиб келиниши мумкин бўлган наркотик моддаларнинг ичкарига олиб кирилиши деярли иложсиз ва имконсизлигини маҳаллий аҳоли беш қўлдай билади. Бундан ташқари, яна қанча куч ишлатар тизимлари мавжуд. Хусусан, ички ишлар, божхона, мудофаа вазирлиги ҳам бу борада ўз ваколатлари доирасида фаолият олиб боради. Лекин шу соҳалар фаолияти устидан МХХ аллақачон  ўз назоратини ўрнатиб бўлган. Наркотикага оид бирор ахборот МХХ ва унинг рухсатисиз ҳеч бир жойга чиқарилмайди.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари Ботир Парпиевнинг  ҳе йўқ, бе йўқ бирданига Ўзбекистон Республикаси божхона қўмитасига раис этиб тайинланишида айнан Рустам Иноятовнинг ҳиссаси беқиёс бўлганлигига шубҳа йўқ. Бу икки “босс” шунчаки қуда бўлмаганлигини кўпчилик кейинроқ англаб етди. Чунки, чегарадаги фуқаролар ўтиб қайтадиган ҳар бир постда чегарачилар билан божхоначилар ёнма-ён хизматда бўлишади. Чегарачилар шахсан МХХ раҳбарининг топшириғи асосида ҳафтанинг маълум кунлари тунги соатларда амалга оширилаётган ноқонуний фаолиятдан божхоначилар ҳам хабардор бўлиши табиий. Кийим-кечак, озиқ-овқат сингари ашёлар ноқонуний йўллар билан олиб ўтилаётган бўлса, улар учун алоҳида,  наркотик савдолар билан боғлиқ “ташима”лар учун эса алоҳида, яъни бошқа-бошқа вақтлар танланган. Айнан шу хусусдаги ўта сирли информациянинг бутун тафсилотлари билан ташқарига чиқиб кетмаслиги учун ҳам бу каби қариндошчилик, қуда-андачиликка катта эҳтиёж бор эди…

Албатта, бундайин яқинлик-қалинликнинг икки томон учун ҳам манфаатли, зарур ва муҳим томонлари бор. Хавфсизлик “босс”и Парпиевни божхонага раҳбар қилиб олиб келиш асносида бир ўқ билан икки қуённи уришни мўлжаллаган. Бу бир тарафдан ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг мавқеини заифлаштириб, ундан қутулиш (чунки, ўша пайтларда Алматовнинг “бой”лар билан алоқаси анча кучли бўлган), иккинчи тарафдан ўз “одам”лари билан амалга ошираётган ноқонуний ишлари, хусусан, наркобизнесга оид сирларнинг махфийлигини таъминлаш асосий мақсад қилиб олинган. Бу борада қудаси билан қандай режалар тузганлиги  алоҳида масала…

Миллий хавфсизлик хизматининг раҳбари Рустам Иноятов  бир пайтлар наркотик моддалар кириб келиш эҳтимоли энг юқори ҳисобланган, қўшни давлатлар билан чегарадош бўлган  Сурхондарёга ўзининг МХХсидан чиққан ходими Тошмирза Қодировни вилоят ҳокими вазифасига тайинланишига эришганди. Аслида ушбу вилоятга ҳоким бўлиб келиши мумкин бўлган бутунлай бошқа бир кадр олдиндан маълум эди. Агар ўша шахс Сурхондарёга раҳбар бўлиб қолганида борми, Иноятовнинг наркотик моддалар контрабандаси билан боғлиқ бизнесига оид кўпгина сирлар фош бўлиб қолиши ҳеч гап эмас эди.

“Сариосиё воқеалари” ҳам ўз-ўзидан шунчаки содир бўлган табиий-тасодифий ҳодиса эмаслигини вилоятдагилар, қолаверса, республика аҳли ўша онлардаёқ англаб етганди. Ўша пайтда мамлакатдаги ва хориждаги матбуот, ОАВлари, интернетда бу воқеа бошқача талқин қилинганди, яъни “Сариосий воқеалари” террорчиликка боғлиқ, дея бонг урилганди.  Аслида эса, ушбу воқеанинг экстремистик ёки террорчилик ҳаракатларига мутлақо алоқаси бўлмаган.

Қизиғи ва муҳим жиҳати шундаки, тоғ аҳолисининг зийрак қисми ушбу “спектакль-томоша” сценарийсининг асосий  муаллифи-Иноятовнинг ўз “одам”лари билан биргаликда бир ҳафта илгари мазкур ҳудудга ташриф буюрганлигидан яхшигина хабардор бўлган. “Сариосиё воқелари” эса аслида бир йил аввал “сценарийлаштирилган”.  Айнан шунга ҳар жиҳатдан дахлдор бўлган сирни деярли бир йил олдин, аниқроғи, 1999 йил 16 февралда Тошкентдаги портлашларидан уч кун ўтиб-ўтмасдан 19 феврал куни Сариосиё тумани миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи Гулбой Болиев туман маданият саройида ўтказилган йиғинда қилган маърузасида фош этиб қўйган. Бу унинг ўз маърузасида маҳаллий ҳокимият вакилларига нисбатан ҳужумга ўтиш билан боғлиқ ҳатти-ҳаракатида яққол сезилиб қолган ва тортишув-жанжалларга сабаб бўлган. Мажлис ҳақиқий можаро майдонига айланиб, кўчаларгача чиқилиб, тоғдаги аҳвол ҳақидаги масала анча вақтгача улар ўртасида ўзаро оёқда тик турган ҳолда муҳокама қилинган. Туман миллий хавфсизлик хизматининг бошлиғи Г.Болиев  ўзи ҳам билиб-билмасдан  тоғли ҳудудда бир йилдан сўнг содир бўлиши мумкин бўлган воқеани олдиндан эҳтиётсизлик қилиб бир учини чиқариб, оғзидан “гуллаб” қўйган. Бу маърузаси баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, можароларга айланиб кетганидан кейингина у ўз хатосини сезиб қолган бўлса ажабмас. Худди шу талашув-тортишув, ёқа йиртишгача бориб етган ва шу аснода баъзи сирлар фош бўлиб қолган.

Рустам Иноятовнинг хабарисиз ва рухсатисиз бир грамм ҳам “ажал оғу”си ташқаридан ичкарига олиб киритилмайди ва ичкаридан ташқарига олиб чиқилмайди. Темир йўл, ҳаво ва қуруқликдаги транспорт воситалари орқали бу борада амалга ошириладиган барча операциялар шахсан унинг назорати остида олиб борилади. Ҳаттоки махсус давлат рақамидаги автомашиналарда “киракашлик” ниқоби остида ҳам  гиёҳванд моддалар шаҳарлараро ташилади ва унинг ҳар бир мисқоли-миқдоригача ҳисобда туради. Айниқса, “Тузель” ҳарбий аэродромидан ҳар ҳафта кам деганда бир маротаба учоқларда маълум манзилларга “юк” юборилади. Бошқа бир маҳсулотлар орасига жойланган йирик миқдордаги наркотикларни шахсан МХХ раҳбари ўз кўзи билан кўриб, “кўрикдан ўтказиб” кузатиб юборади.

Шу боисдан наркокурьер-наркобаронларнинг Ўзбекистондаги фаолияти, бизнесига Миллий хавфсизлик хизмати раиси генерал-полковник  Рустам Иноятовнинг ҳам  шерикчилик ва қўриқчиликда  улкан ҳиссаси борлигини инкор этиб бўлмайди. 

Гапимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун британиялик ҳакам Сэр Роберт Оуэннинг 2006 йилда собиқ жосус Александр Литвиненконинг ўлдирилиши юзасидан тергов ҳужжатлари ва натижалари расмий тарзда тўлиқ босилган ва бу ҳужжатларга илова сифатида эхлон этилган “Ўзбек файли”дан олинган баъзи жумлаларни келтирамиз. Шундай қилиб, А. Литвиненконинг сўзидан иқтибослар:

…“Ўша даврларни эсга олган пайтда бошқа бир ғалати ҳодиса ёдимга тушади. Бизнинг бўлимимизга Ўзбекистондаги жиноий гуруҳ бошлиқларидан бири, жиноят оламидаги лақаби “Салим” деганини қўлга олиш буюрилди. Кунлардан бир кун унинг Тошкентдан учиб келаётгани ҳақида оператив маълумот олдик. Бўлимимиз қўлга олиш учун аэропортга отланаркан, мен Вагановнинг олдига кирдим. “Қаёққа бораяпсизлар?”- сўради у.

«Салимни қўлга олиш учун”, – дедим мен.

“Кимни, кимни?” – деди-да, Ваганов бурилиб хонасига чопди.

Самолёт қўнди, бироқ ичида Салим йўқ эди. Кейин маълум бўлишича, самолётни ҳавода ортга қайтаришибди. Салим тушиб қолипти. Аниқки, Москвадан кимдир огоҳлантиришга улгурган. Мен Вагановдан шубҳаландим, аммо қўлимда исботим йўқ эди. Ўшанда ўйладим: демак ФСБдаги Ўзбек халқасининг жиноят олами билан алоқалари менинг дўстим Георгийдан олиб турадиган жўн нефт улушларидан кўра чуқурроқ экан.

Орадан кўп ўтмай мен Хохолковнинг ўтмишини чуқурроқ «кавлаштириш»ни бошладим. Ички Ишлар вазирлиги (МВД)даги манба менга Москва шаҳар РУОПи қўлида Хохолковга қарши “бомба материал” борлигини айтиб қолди. РУОП МВДнинг Жиноий ташкилотларга қарши кураш минтақавий бўлимининг қисқартирилган номи эди. Ўша пайтда Москва милиционерлари билан ФСБ оперативниклари виртуал уруш ҳолатида эди: мисол учун бизнинг бўлимимиз РУОПдагилар рэкетчиларни муҳофаза қилиб юргани далилини қўлга киритган эди. Ўша кунлардаги муҳитни инобатга оладиган бўлсак, милициядагилар ФСБдаги одамларга қарши компромат (фош қиладиган) материал тўплаб юрганлари ҳайратланарли эмас эди. Лекин бу ҳолатда материал оддий эмас эди: манбанинг хабар қилишича, Хохолков Марказий осиёлик жиноий авторитетлар билан Россия наркотик бозорини бўлиб олиш муҳокама қилинган тўпланишда ўтиргани видеотасвирга олинган эди.

Афғон наркотикларининг Россияга, ундан кейин эса Шимолий ва Ғарбий Европа бозорларига оқимини Марказий Осиёдаги собиқ Совет республикаларидаги бир неча бир-бирига рақиб жиноий гуруҳлар назорат қилади. 90-йиллар ўрталарида Ғафур исмли жиноий авторитет бошчилигидаги Ўзбек гуруҳи етакчи мавқеъни қўлга киритди.

Ғафур Шимолий Афғонистондаги бангивор ҳосилининг 80 фоизини назорат қиладиган миллати Ўзбек Афғон дала қўмондони билан алоқалари туфайли баланд мавқеъга эришган эди. (…)

(Ушбу жумлалар дохил тўлиқ матнни мана бу манба-линкдан ўқиб, билиб олишингиз мумкин:http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan/2016/02/160213_litvinenko_inquiry_uzbek_file)

Хулосани эса зийрак ўқувчига ҳавола этамиз…

АБДУВОРИС САЛОМ

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар