Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

«Каримов режими билан жиддий иш олиб борилмоқда…»

«Каримов режими билан жиддий иш олиб борилмоқда…»
25 Nisan 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1578 марта ўқилди.

Суҳбатдош Инера Сафаргалиева
«Арена» , 27.04.2006

Муҳаммад Солиҳ – таниқли ўзбек мухолифат лидери, «Бирлик» халқ ҳаракати ва «Эрк» партияси асосчиси, 1991 йилги муқобил сайловда Ислом Каримовга ютқазган. 1993 йилдан эътиборан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

«Арена»: Кейинги тажрибалар шуни кўрсатаяптики, бир кишининг қўлида жамланган ҳокимият очиқ-ойдин таҳқирлаш ва деспотлик тузумига олиб келаркан. Шу муносабат билан Президентлик бошқарувини бекор қилиб, Парламент республикасига ўтиш борасидаги Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдик.

М. Солиҳ: Бу борада бизнинг биринчи вазифамиз Ислом Каримовнинг ўз халқига қарши олиб бораётган «ғайриинсоний» тузумни йўқ қилишдан иборат. Сўнгра эркин сайловлар ўтказиб, мавжуд Конституция асосида Президент сайлаб, ундан кейингина бу масалани умумхалқ референдиумига қўйиб, қандай давлат бошқаруви маъқуллигини муҳокама қилиш мумкин бўлади. Ҳозирги вазиятда Парламент республикасига ўтиш масаласини кун тартибига қўйиш эрта ва нореал.

«Арена»: Миллий масала бугун Ўзбекистонда кун тартибида бўлмаса-да, лекин у барибир долзарб ва қалтислигича қолаётир. Шундай бир вазиятда рус тилига расмий мақом бериш масаласига қандай қарайсиз? Қолаверса, республика аҳолисининг каттагина қатламини ташкил этувчи, ўз миллий ва маданий ҳуқуқларидан батамом айрилган тожиклар тилига ҳам давлат тили мақоми бериш борасидаги фикрларингизни билишни истардик. Сизнингча, мана шу халқ ва элатлар тилига бараварига расмий мақом бериш ва кейин қўшни давлатлардан ҳам ўзбек тилига нисбатан худди шундай муносабат талаб қилиш сиёсати ўзини оқлаши мумкинми?

М. Солиҳ: Бугун Ўзбекистон аҳолисининг қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар, оддий инсоний ҳуқуқлари таъминланмаётган бир пайтда бошқа этник гуруҳларининг маданий ва миллий ҳуқуқлари топталиши ҳақидаги сўзларингизга мен умуман тушунолмадим. Расмий тиллар масаласида эса менинг қатъий фикрим мавжуд. Бугун Ўзбекистон аҳолисининг 7 фоизини руслар ва 4,5 фоизини тожиклар ташкил этади. Уларнинг рус тилида мулоқот қила оладилар, ўз фикрларини бошқаларга тушунтира оладилар. Рус ва тожик тилларига расмий мақом беришдан олдин ўзбек тилининг давлат тили масаласи муаммосини ҳал қилиб олиш лозим. Бугун ўзбек тили Конституцияда белгилаб берилган ўз вазифаларини бажара олаяптими? Менимча, йўқ.

Адашмасам бизда тил ҳақидаги Қонун 1989 йилнинг октябрида қабул қилинди, унга асосан давлат тилини ўрганиш муддати 8 йил қилиб белгиланган эди. Шу муддат давомида ҳукумат тизимларида давлат тилини билмайдиган бирорта ҳам мулозим қолмаслиги керак эди. Бугун орадан саккиз эмас, 17 йил ўтди, барча ҳукумат аъзолари олдин рус тилида қандай гаплашган бўлсалар, бугун ҳам шу тилда гаплашиб келяптилар. Президентнинг давлат тилидаги нутқларини тингласангиз, унинг ғализ тили ва саводсизлигидан уялиб, қулоқларингизни беркитасиз. Тошкентда ҳужжатлар рус тилида юритилади, корчалон ва маьмурлар маърузаларини русча ўқишади, кўча-куйда ва ўзаро гурунглар ҳам аксар ҳолларда рус тилида олиб борилади. Демоқчиманки, рус тили шундоғам Ўзбекистонда давлат тили даражасида. Ҳар қалай, юқори доираларда, пойтахтда бу ҳолни кузатиш мумкин. Ва мен ҳозирча бу ерда этник гуруҳларга қарши тил билан боғлиқ таҳқир кўрмаяпман.

«Арена»: Сизни очиқ-ойдин миллатчиликда айблашган баъзи ҳолатларга эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Агар ёдингизда бўлса, 80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошларида бирликчиларнинг митинг ва намойишларида ашаддий миллатчилик руҳидаги шиор ва чақириқлар янграгани боис, ваҳимага тушган ГорОНО мутасаддилари мактабларга хабар бериб, оврупо миллатига мансуб ўқитувчи ва ота-оналарни ўз болаларига нисбатан хушёр бўлишга, уларни назоратсиз уйдан чиқармаслик ва ёлғиз мактабга юбормасликка чақирган эди. Ўзбекистоннинг баъзи доираларида бу Муҳаммад Солиҳ ва бошқаларнинг «хизмати» деган қараш мавжуд. Бу айбловларга Сиз нима деб жавоб берган бўлардингиз?

М. Солиҳ: Одамларнинг шууридаги шу ва шунга ўхшаш нотўғри фикр ва хулосаларни жамиятда бошланаётган қайта қуриш ва ошкораликка қарши салбий муносабат уйғотиш учун миллий хавфсизлик хизмати яратган. На мен на да бошқалар бу ишни қилмади.Ўша вақтда ҳам, мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳам. Баъзи нохуш ҳоллар содир этилган бўлса, булар махсус хизмат ходимлари томонидан уюштирилган бўлиши мумкин. Мен бу хусусда ҳамиша ўз тарафдорларимни қаттиқ огоҳлантириб келганман. Фақатгина мухолифатга қарши носоғлом муносабат уйғотиш истагидаги маълум шахслар ва ташкилотларгина ўзбек мухолифатини ашаддий миллатчиликда айблаши мумкин. Биз ўз она тилимизга қарши шовинистик кўринишдаги ҳар қандай қарашларга қарши бўлганмиз, миллий қадриятларни ҳимоя қилганмиз ва бу бизнинг ҳаққимиз эди. Агар руслар рус бўлганликлари билан фахрланиб, ҳар қадамда руслигини эслатиб турмаганларида эди, мен ўзбеклигимни унутардим. Бизнинг «миллатчилигимиз» рус шовинизмига жавоб,яьни миллий кимлигимизни муҳофаза этиш йўли эди. Миллатчиликни ирқчилик билан алмаштирмаслик керак. Ирқчилик – ўзга миллат вакилларини камситиш ва ҳақоратлашга асосланади, миллатчилик эса ирқчиликка қарши ҳимоя рефлексидир. Миллатчилик – ўз-ўзини сақлаб қолиш сифати билангина ижобий роль ўйнаши мумкин, холос. Ундан бошқа масалада эмас. Масалан, бугун ўзбеклар ўзларидан кўпроқ бўлган бошқа миллатлар томонидан на маданий ва на демографик жиҳатдан камситилмаётганликлари боис миллатчиликка эҳтиёж сезмайдилар. Шунинг учун ҳам биз – Горбачёв даврининг идеалист сиёсатчилари ўз халқини хўрлашдан завқ олиб, “юксакликка” интилаётган Каримов тузумидан ҳазар қиламиз.

2003 йилда бўлиб ўтган «Эрк» партиясининг 5-съездига йўллаган мурожаатномамдан сатрларни келтирмоқчиман: «Мамлакатнинг шаҳарларидаги ватандошларимизнинг бир қисми ўзларини “миллий озчилик” сирасига киритадилар. «Миллий озчилик» калимасини кўпам хушламайман. Улар бизнинг партиямиз сиёсатидан ташқарида қолиб кетмасликлари даркор. Улар бизнинг ватандошларимиздир. Ҳа, биз қайта қуриш йилларида ўзимизнинг миллий кимлик (идентичность) сиёсатига урғу бердик. Бу бизга ўзимизни коммунистик шовинизмига қарши туриш учун зарур эди. Бугун эса, биз «халқ» ва ё «миллат» деганда, шу диёрда яшаб – миллатидан қатъий назар – Ўзбекистонни ўз Ватани деб билувчи ҳар бир фуқарони назарда тутамиз. Биз ирқчилик ва шовинизмнинг ҳар қандай кўринишини, у кимдан чиқишидан қатъий назар, инкор этамиз».

«Арена»: Сизнингча, Ўзбекистон сиёсий ва иқтисодий борада ким билан ҳамкорликни йўлга қўйгани маъқул? Либерал қарашдаги Ғарб биланми, Ислом давлатлари биланми ва ё эски синашта қадрдони Россия биланми?

М. Солиҳ: Албатта, биринчи галда ён қўшнимиз мамлакатлар, Марказий Осиёдаги давлатлар, сўнгра – Россия, Хитой ва Афғонистон билан. Ундан кейин, бизни иқтисодий ривожланган ва демократик давлат сифатида кўришни орзу қилган барча мамлакатлар, жумладан, Оврупа Иттифоқи, Америка Қўшма Штатлари билан. Албатта, Ислом давлатлари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиши керак.

«Арена»: Ўзбекистон раҳбариятининг Россия билан яқинлашуви борасидаги фикрингизни билишни истардик. Айни пайтда АҚШ билан деярли барча алоқаларининг узилишини қандай баҳолаган бўлардингиз?

М. Солиҳ: Агар бу яқинлик Андижон қатлиомининг қонли фожеалари асносида, демократик ислоҳотлар ва тамойиллардан тамомила узоқлашиш ва Каримовнинг мустабид тузумни янада мустаҳкамлаш эвазига бўлмаганида эди, мен Ўзбекистоннинг Россия билан бу яқинлашишини чин дилдан қўллаб-қувватлаган бўлардим. Баьзилар Путинни Марказий Осиё халоскори қилиб кўрсатишга интилмоқдалар, лекин Путин ўз халқининг жаллоди бўлган бир лидернинг халоскоридир.

АҚШ билан муносабатларнинг узилиши табиий ҳолдир, Андижон фожеаларидан сўнг ҳам бу муносабатларнинг давоми Американинг ўз принципларидан чекиниши бўларди. Американинг иштироки, гарчи у ҳарбий соҳада бўлса-да, жамиятимиз учун манфаатига эди, бироқ Андижон воқеалари вазиятни тубдан ўзгартириб юборди. Демократиянинг ор-номуси ва ё Америка иштироки, деган савол кўндаланг қўйилди. Биз демократия йўлини танладик, америкаликлар ҳам.

Биз бугун ютқаздик – таъқиб ва тазйиқлар кучайди. Лекин узоқ келажакда ютдик – эътиқодимиздан чекинмадик ва бу билан муқаддас курашимизга халқнинг ишончини янгиладик.

«Арена»: 2007 йилнинг январидаги Президентлик сайловлари натижаларини башорат қила оласизми? Ислом Каримов ҳокимиятда қолиши мумкинми? Агар қолмаса, Сизнингча, унинг ўрнига ким даъвогарлик қилиши мумкин?

М. Солиҳ: Башорат қилишни ёқтирмайман. Лекин партиямиз 2007 йилги сайловларда иштирок этиш учун тайёр. Авваламбор, 1999 йил Ўзбекистон томонидан менинг масаламда чиқарилган суд ҳукмига ҳуқуқий баҳо бериш масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси суриштирув ишлари олиб бормоқда.

БМТнинг бу қарорини Каримов режими тан оладими-йўқми, бундан қатъий назар, у менга Ўзбекистонга қайтишим учун халқаро нормалардан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқий кафолат беради. Қолаверса, Ғарбнинг кўзга кўринган сиёсий арбоблари (ҳозирча давлатлари демайлик), ниҳоят, янги Марказий Осиё сиёсатини барпо қилиш илинжида бизнинг минтақага қизиқа бошладилар.

Ниҳоят, халқимиз ҳам шу пайтга қадар Каримов режими умрини узайтириб келган ўз қўрқувини енгиб, кўзларини очди, уйғонди. Энди фақат кенг халқ оммасининг қаршилик ҳаракатларини тўғри бошқариб, тинч йўл билан ҳокимият алмашинувини амалга ошириш қолди, холос.

«Арена»: «Серқуёш Ўзбекистон» мухолифат партияси лидери Санжар Умаровнинг узоқ йиллик қамоқ жазосига тортилиши билан унинг келаси йилги Президентлик сайловларидаги эҳтимолий иштироки орасида ўзаро боғлиқлик кўриш мумкинми?

М. Солиҳ: Истаган тийрак ва бироз фаросатли одам Каримовга рақиб бўлиши ва бирозгина ҳалолликка йўл қўйилган демократик сайловларда енгиб чиқиши мумкин. Бугун Каримов халқнинг шу қадар жонига теккан. Ана шу ҳақиқатни билгани учун ҳам Каримов токи тирик экан, ҳеч қачон эркин ва демократик сайловлар ўтказишга йўл қўймайди.

Эркин сайловлар бугунги ўзбек Президенти учун давлат тўнтариши ёҳуд халқ исёни билан баробар. Негаки, у икки маротаба бу озодликнинг соясини кўришга улгурди. Биринчи маротаба тўқсонинчи йилларда сиёсий саҳнада урф бўлган одатга амал қилиб, мухолифатчини Президентлик сайловларида иштирок этишига рухсат берганида, ўшанда ҳам, озодликнинг ўзини эмас, балки соясини кўриб жазавага тушган эди.

1991 йилги сайловлар Каримов учун эс-ҳушидан ажралишдек «шок» ҳолатни юзага келтирди. У ҳали ҳам бундан ўзини ўнглаб ололмади, ҳануз эс-ҳушини йиғиб ололгани йўқ. У ўшанда биринчи маротаба ўзининг аксини халқ хоҳиш-иродаси ва эрки ойнасида кўриб, даҳшатга тушган эди. Ўша пайтдаги Президент сайловининг бир тирик гувоҳининг билдиришича, сайлов кечаси тонгга қадар улар Каримовнинг рақиби(каминага) берилган овоз бюллетенларини ёқиб, Каримов учун янги бюллетенларни тўлдириб чиқишган. Шу билан бирга мухолифат танқидчиларининг: «Муҳаммад Солиҳ 13 йилдан буён мамлакатда бўлмагани боис, одамлар уни унутди ва ҳаказо…» деган гап-сўзлари келсак. Агар менга Тошкентда 13 дақиқалик жонли эфир(минбар) беришса, 13 йил муқаддам Ўзбекистонда қандай машҳур бўлган бўлсам, худди ўшандай машҳур бўлардим. Каримов ўз ҳокимиятини йўқотиш васвасаси сабаб, бугун ўлкани буткул иҳоталаб ташлади. У ўзи билан рақобатлашиши мумкин бўлган ҳар бир кишидан чўчийди.

«Арена»: Сиз 2007 йилги Президентлик сайловларида қатнашиш ниятида эканингизни айтдингиз. Ўзбек қонунчилигининг сўнгги ўн йил мамлакат ҳудудида яшамаган кишиларни олий давлат ўринларига даъвогар сифатида рўйхатга олмаслиги ҳақидаги бандидан хабардормисиз?

М. Солиҳ: Юқоридаги диктаторлик бошқарувига мос қонунлардан ҳам Каримов биздан нақадар қўрқишини кўриш мумкин. Лекин халқимизда бир ибора бор: «Қўрқув ажални кечиктира олмайди». Менинг назаримда, Каримов режимининг ажали яқин ва қонунлар бу режим ҳалокатини тўхтатиб қололмайди. Қонунларнинг Каримов учун ҳеч бир қадр-қиммати йўк экан, нега биз учун уларнинг қадр-қиммати ва таъсири бўлиши керак? Қолаверса, бу таъқиқловчи Қонунлар бўлмаган тақдирда Каримов бизни сайловларга қўйиши мумкинмиди? Шўрлик Санжар Умаров! У ахир бор-йўғи Каримов атрофидагиларни жуда одоб билан, жуда мулойим танқид қилди, холос. Ўшанда ҳам ҳукмдорга тил теккизмай, эҳтиёткорлик билан танқид қилди. Лекин бу хушёрлик ҳам унга расмий мухолиф бўлиш имконини бермади-ку!

Биз Ўзбекистонга бормоқчимиз, Каримов марҳамат қилиб бизни кутиб олишга ҳозирлик кўрсин. Яратган Эгам кимни ёнини олса, ўша ғолиб бўлади.

«Арена»: Олдингизда турган вазифаларни амалга оширишда чет эл демократик (институтлари) тузилмалари ёрдамидан ҳам умидвормисиз?

М. Солиҳ: Ҳа, Ғарб ўзбек демократиясини конкрет ва аниқ ҳаракатлари билан қўллаб-қувватлаши мумкин. Масалан, улар Каримов режимига БМТ, ОБСЕ, Европа Парламенти, НПО ва оммавий ахборот воситалари орқали сиёсий босим кўрсатиши, Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи эса Ўзбекистондан демократик мухолиф партияларни рўйхатдан ўтказишни талаб қилиши ва бу режимга нисбатан сиёсий чекловлар жорий этиши (халқаро йиғин ва мажлисларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, қолаверса, ҳукумат расмийларининг бундай анжуманларда иштирок этишини чеклаш, Каримовнинг яқинлари, қизлари ва ўзининг банкдаги маблағларини музлатиб қўйиш ва хоказо…) мумкин.

Қолаверса, Ўзбекистонга қўшни давлатлар ҳукумати ва Россия билан жиддий ишлаши, Ўзбекистон ва Марказий Осиё дуч келаётган бозор иқтисодиёти ислоҳотлари ва демократия муаммоларини муҳокама ва таҳлил киладиган халқаро форум ва анжуманлар ташкил этиши, Ўзбекистон давлат лойиҳалари молиялашувини чеклаши ва бунинг эвазига хусусий сектор ишини қўллаб-қувватлаши шулар жумласидандир.

«Арена»: Сизда ички ва ташқи сиёсат, хусусан, мамлакатнинг иқтисодини ривожлантириш борасида аниқ дастур ва ҳаракат асослари мавжудми? Сизни сайловга қўйишса, Ўзбекистон халқи хузурига қандай дастур билан чиқмоқчисиз?

М. Солиҳ: Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз, мамлакат аҳолиси яшаш шароитини қисқа даврда, ҳеч бўлмаганда, Россия савиясига келтиришдан иборат. Бунинг учун бир-бири билан боғлиқ бўлган биринчи галдаги вазифалар шулар: Том маьнода Бозор иқтисодиёти асосларини жорий этиш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, ерни хусусийлаштириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватловчи инвестиция марказини барпо этиш, нефть ва газ соҳасининг энг муҳим тармоқларини ривожлантириш билан бирга шаффоф энергетика сиёсатига уйғулаш. FDI ни амалга ошириш, технологик ётиримларга кенг йўл очиш, жойларда эркин савдо муносабатини қарор топдириш ва очиқ чегара савдосини йўлга қўйиш, гайримашру («теневой») иқтисод боис содир бўлган бўшлиқни тўлдириш мақсадида ўзбек миллий сўмининг конвертациясини тезлаштириш, хусусий сектор ва савдодан давлат назоратини бекор қилиш каби ишлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, кучли ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш ва бутун жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, ривожланиш ва барқарорлаштириш Фондини ҳамда Солиқ тизимини ислоҳ қилиш, хусусий савдо ва чет эл инвестициясини рағбатлантириш, кўзбўямачилик ва коррупцияга олиб келувчи «яширин» («теневой») иқтисодга кўз юмиш каби бемаъни сиёсатдан воз кечиш ва бюжетнинг талон-тарож бўлишини тўхтатиш ҳам жуда муҳимдир. Шу билан бирга, коррупцияга қарши кенг миқёсда кураш олиб бориш ва бу муаммо натижаларини ҳукуматнинг барча тизимларида тадқиқ ва таҳлил этиш ва бу борада янги қонунчилик тизимини яратиш керак. Бозор иқтисодиётига асосланган янги ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳам жуда зарур. Аҳолининг аҳволи «танг» қисмини адресли ижтимоий ҳимоялаш учун малакали пенсия ислоҳотини амалга ошириш лозим.

Мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этишини таъминлаш учун барча замонавий, демократик ва сиёсий гуруҳларни оқлаш, реабилитация қилиш, эркинликнинг барча турлари: сўз, виждон, митинг ва йиғинлар эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларида цензурани батамом бекор қилиш ва суд (маҳкама) тизимини тубдан ўзгартириш зарур. Марказий Осиёдаги давлатлар билан терроризм, диний экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш учун яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, улар билан биргаликда регионда содир бўладиган барча воқеа ва ҳодисаларда бир тану, бир жон бўлиб иштирок этиш, АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва Хитой билан алоқаларни муста xкамлаган ҳолда, савдо, транспорт алоқаси, энергия маршрутларини кенгайтириш, электроэнергия ва коммуникация жиҳозлари етказиб беришни йўлга қўйиш лозим.

Агар мана шу вазифаларни тезлик билан амалга ошириб, зарур чора-тадбирлар кўрилмаса, ҳукуматга нисбатан омма ишончи тамом сўнади. Бу ишонч буткул «эррозия»га учраган. Ўзбекистон ҳукумати бугун ана шундай жар ёқасида турибди…

«Арена»: Сиз – сиёсий эмигрант, муҳожирсиз. Халқнинг қайси қатламлари кўмагидан умидворсиз? «ЭРК» бугун Ўзбекистонда не қадар қудратли, нима қила олиши мумкин?

М. Солиҳ: Биз Ўзбекистоннинг халқининг барча қатлам ва гуруҳлари ҳамкорлигидан умидвормиз. Зотан, бизнинг дастуримиз аввал бошданоқ уларнинг барча манфаатларини – сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳимоя қилиб чиққан эди. Сўнгги сиёсий лойиҳамиз баёни Ўзбекистон Миллий Нажот Қўмитасининг веб-сайтимизда эълон қилинган қисқа дастурида ифодаланган. Лекин гап дастурда эмас. Ҳар ойда янги бир дастур ёзиб, эълон қилиш мумкин. Каримовда ҳеч қачон дастур бўлмаган ва ҳозир ҳам йўқ. Гап бошқа нарсада. Ўзбек сиёсатчилари учун доим бир муаммо мавжуд – сиёсий эркининг йўқлиги, эски тузим ислоҳоти олдидаги қўрқув, ўз сўзида турмаслик, очкўзлик, алдов ва тутуриқсизлик. «ЭРК» партияси сиёсати ҳамиша бу коммунистик руҳ қолдиқларига қарама-қарши бўлиб келган ва шунинг учун ҳам бизнинг ўзимизга ишончимиз кучли.

ИншоОллоҳ, халқ бизни қўллагай, чунки биз ўз сўзимизда туришимизга, мамлакат ривожланиши учун зарур бўлган қарорлар қабул қилиш учун бизда сиёсий эрк ва шижоат борлигига халқимиз ишонади!. 1999 йил Наманганда мусулмонлар (уларни «ваҳҳобийлар» деб аташарди) агар Ўзбекистоннинг ҳалифалик давлати бўлишига қаршилик қилмасам, Президентлик сайловларида мен учун овоз беришларини айтган эдилар. Мен уларнинг бу таклифларини рад этдим. Шундан кейин улар Каримов учун овоз беришди, чунки Каримов уларга шундай деган эди: «Агар халқ ҳалифаликни истаса, мен қандай бунга қарши бўлишим мумкин?» Ёлғон сиёсати бугунги режимнинг доимий ҳамроҳидир. Бизда ҳозир битта муаммо бор – кўнглимиздаги гапни одамларга етказиш муаммоси, омма – электорат билан боғланувчи алоқа ва коммуникация воситаларининг етишмаслиги муаммоси бор. Лекин бу муаммо ҳам айни пайтда ечилиш арафасида. Каримов режими билан жиддий иш олиб борилаяпти. Воқеалар ривожини кузатиб боринг.

«Арена»: Сиз демократия ғалабаси учун барча воситалар маъқул, жумладан, қуролли қўзғолон ҳам, деган фикрдамисиз ёки қачон мамлакатга таклиф қилиб, уни «бошқар» дейишларини кутасизми?

М. Солиҳ: Йўқ, мен коммунистларнинг йўлидан бормоқчи эмасман, ҳатто демократия учун ҳам одамларни ўлдириш ниятим йўқ. Айни пайтда, қўл қовуштириб ўтирмоқчи ҳам эмасман, бор имкониятим билан бу ғайримиллий режимига қарши курашаман. Асосий орзуим Президентлик эмас, балки халқимни барча бало-қазолардан озод ва халос кўрмоқдир. Мен ўзимнинг илк сиёсий манефестимни 1985 йил Метрополиянинг маданий таҳқир сиёсатига исён сифатида, Москва зулмига қарши ёздим. Буни Президент бўлиш эмас, халқимнинг таҳқирланишига чидаёлмаганим учун ёздим. Бугун эса, «ўзимизнинг мустақил» диктаторга қарши, мустақиллик ниқоби остида халқимни хўрлашда давом эттираётганларга қарши ёзмоқдаман. Яъни, вазифам 20 йилдир ўзгармабди. Каримов режими ағдарилишига аминман. Оллоҳ бу режимдан зулм чеккан бандаларини ҳам, уларнинг ёнини олганларни ҳам, мағфиратига олар, иншоOллоҳ.

(Рус тилидан Исмат Хушев таржимаси)

(123)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (356-365-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар