Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ақли ёруғ, фикри очиқ кишиларга шу сўзларнинг ўзиёқ етарлидур…

Ақли ёруғ, фикри очиқ кишиларга шу сўзларнинг ўзиёқ етарлидур…
25 Nisan 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1460 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 159
(давоми)

БАНИ ҲОРИС ҚАБИЛАСИНИНГ ЭЛЧИЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валидни Ҳарс қабиласига юбордилар ва аларга аввал уларни динга даъват этиб, қабул қилмасалар жиҳод қилмоқликларини буюрдилар.

Булар эрса Нажрондаги насоро арабларига яқин ерда туришар эди. Ҳазрати Холид бу жойга келди эрса, қабила ичига жарчилар тарқатди. Улар туриб:

— Эй одамлар, Ислом динига кирингларким, мол-жонларинг саломат қолиб, охиратинглар обод бўлгай,— деб қичқирдилар.

Алар ҳам қабул қилишиб, тўп-тўпи билан Ислом динига киргали туришди. Ҳазрати Холид бошлиқ бутун аскарлар қабила ичига таралиб, аларга Қуръон ўқитиб, Ислом динининг асосларини ўргатдилар.

Бу воқеани баён қилиб Ҳазрати Холид Расулуллоҳга хат ёзди эрса, шундоқ жавоб келди: «Исломга кирган қабилалардан вакиллар олиб, ўзи ҳам тезликда қайтгай».

Буйруқ келиши билан қабила элчиларини олиб, ҳаммалари Мадинага келдилар. Булар ичида қабила катталаридан Қайс ибн Ҳусайн, Язид ибн Абдулмудон, Язид ибн Мужмул ва бошқа бир неча машҳур раисларидан бор эди. Булар билан кўришгандан сўнгра ўз ихтиёрларича динга кирганлари учун уларга розилик билдирдилар. Улар ҳам Аллоҳга кўп ҳамду сано айтишди.

Бу қабила эрса Исломдан илгари жоҳилият замонида қайси қабила билан уруш қилсалар, у қабилани енгар эдилар. Бу иш араблар ичида машҳур эди. Расулуллоҳ улардан шуни сўраб:

— Қабила урушларида доим сизлар енгар эдинглар, бунинг сабаби нимадур? — дедилар.

Анда улар:

— Ё Расулуллоҳ, бирлик иттифоқимизни ҳеч вақт бузмадик, бировга зулм қилиб, ўзимиз уруш бошламадик. Мазлумлик ҳолда мажбурлик билан урушга киришдик, хорлик билан яшамоқдан ўлимни ортиқ кўриб, ундан қочмадик, шунинг учун Аллоҳ бизга ёрдам берди, — деганларида, Расулуллоҳ бу сўзни тасдиқ қилдилар.

Сўнгра Қайс ибн Ҳусайнни бутун қабила устига амир қўйиб, қайтмоққа рухсат бердилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўлтириб эдилар, уларга қараб:

— Энг сўнгги умматларим бошларига бир замон келурким, оч қолган бир тўп кишилар ўртасига қўйилган бир товоқ ошни қандай талашиб есалар, меним умматларимни ҳам бошқалар шундай қилиб ейди, — дедилар.

Буни эшитган саҳобалардан бирови туриб:

— Ё Расулаллоҳ, у кундаги умматларингиз озликдан бошқалардан енгилиб, шундоқ кунларга қолғайларму? — деб сўрадилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Йўқ, ўша кунда ҳам умматларимнинг сонлари кўп, лекин сифатлари йўқдур. Шундоқким, аларда Исломиятга тўғри келмайдиган икки ёмон иш пайдо бўлур. Бириси, хирси дунё, бўлиб, бахил бўлгайлар. Иккинчиси, ўлимдан қўрққайлар. Қачонким ўлимдан қўрқиб, жиҳоддан қочар эканлар, умматларим хорликка қолгай. Бу умматнинг аввали нима билан ривож топган бўлса, энг охири ҳам шу билан ривож олғай, — дедилар.

Ақли ёруғ, фикри очиқ кишиларга шу сўзларнинг ўзиёқ етарлидур. Соллаллоҳу алайҳи васаллам.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар