Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳукумат ва ҳукмронлар

Ҳукумат ва ҳукмронлар
26 Nisan 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1165 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(68)

ҲУКУМАТ ВА ҲУКМРОНЛАР

Ер юзидаги бадавий ва маданий халқларни ҳукмдор ва сардорлари бўладурки, бек, амир, шоҳ ва бошқа исм ва луғатлар ила атайдурлар. Ҳар бир тилға ҳукмдорларни луғати бошқадур. Оврупо халқи императўр, қирол, дўқа, принс, президент, кеназ, тсар ва бошқа луғатлар ила атайдурлар.

Бу луғатлар ила аталган ҳар бир ҳукмдорни мартаба ва ҳукумати бошқа навъдур. Ҳозирға фаранглар ўртасиға мўътабар уч қисм ҳукумат ё ҳукмронлик бордур.

Биринчи — идораи мустақилла (идораи мутлақа)ки, они устидан қарагувчи подшоҳ соҳиб ихтиёр ва ҳар бир ройи ва амри закўн ва низом бўладур. Амри, ҳукми, ройи* нофиздур. Қўл остидаги барча мажлислар, маслаҳатхоналарни иттифоқи, хоҳиши, ҳукми ўшал императўрни мустаҳкам қилиши имзосиға мавқуф*дур. Шундай императўрларни янгидан мансуб бўлуши ҳар бир давлат ва ҳукуматға муқаррарий қонун ва одатлар бўюнча мерос ёинки валиаҳдлик қоидалари ва ўшал ҳукуматни қўйган тартиб ва тадбириға мувофиқ бўладур.

Иккинчи қисм — идораи машрута ҳукмронлигидурки, бу ҳукуматға тобеъ одамлар аксари аҳли илм ва хабардурлар. Эл ва уруғлари илм, ҳунар ва дунё ишлариға тараққий қилгандурки, шул тариқа фуқаролар ўз ароларидан инсофлик, илм ва дунёдан хабарлик одамларни ўзлариға катта ва бошқарғувчи вакил сайлайдурлар. Шул тариқа сайланган вакилларни подшоҳ жамлаб, муқаррарий маҳкамаларға, мамлакатдорлик ишлариға аралашиб, машварат ила тузатилмоқ ва муҳофазат қилмоқға кўз бўлмоқлари учун қарор берадурки, аларни мажлис ва маҳкамаларини «миллат мажлиси», «маслаҳатхона», «парламенту», «гўсударски дум», «мажлиси синодий», «эл мажлиси» деган исмлар ила ёд қилунадур.

Яна баъзи маслаҳатхоналар борки, маслаҳатбошиларни, ҳукмдорларни ўзи тайин қиладур. Ушбу «миллат мажлиси»ни чилонлари машварат ила мамлакатдорлик ишлариға аралашиб, низом ва қонун тузатиб, ҳукмдор ва подшоҳларни қилатургон ишлариға аралашадур. Подшоҳ бу мажлис амриға тобеъдур. «Мажлиси мабъусон»* ни ройи бўлмагунча катта ишларни бошланмоқиға амр ва ҳукм қилолмайдур. Хулоса, императўр соҳиб ихтиёр бўлмай, дурустроқ ишларға қонун ва низомларни чиқарилмоқиға бутунила мажлисға тобеъ бўлуб турадур. «Идораи машрута»ни тариқаси шудур.

Учунчи қисм «Идораи жумҳурият»дурки, аксар фуқароси аҳли илм бўлуб, бу аҳли дониш аҳолини сайлаган вакиллари баъзи ҳукуматға етти йилғача ўз мамлакат ва ҳукуматларини бошқармоғи учун ўз ароларидан бир нафар донишманд одамни бошлиқ сайлайдурларки, «раиси жумҳурият», «садринишини миллат», «периздент» аталадур. Бу раис гўё бир оризи* омонат подшоҳдур. Ҳар бир ҳукм ва амр ва тартибни мамлакат ва кўбға тааллуқ ишни «Миллат мажлиси»ни қилиб бергон дастуруламал, яъни қонун ва низомномалариға мувофиқ қилиб, бутун элға тобеъ бир кишидур.

Ҳар бир ишға «миллат мажлиси» ҳукмиға тобеъ, аларни ҳукму талабларини ўрниға келтургувчидур. Бу икки тоифани подшоҳи баъзи мамлакатга «Элға тобеъ бўлуб турарман» деб қасам ичиб, баъд мансабға чиқадур. Катта вазирлар мамлакатдорлик мутасаддиларини тафтиш қилмоқға — терговга бермоқға, ҳатто, ўшал соатға бирдан бекор қилдурмақға баъзи миллат мажлисларини ихтиёри бордур.

Ҳозирги Оврупо ҳукуматларини рафтори*, одати шу уч усулни бириға дохил, тобеъ ва мувофиқдур. Мустақил ҳукмдорларни қўл остиға ҳам мажлислар ва машварат маҳкамалари бордур. Илмсиз ҳукуматлардек неча милйўн халқни маишати, рафтори, ихтиёри бир нафар одам — подшоҳни ихтиёр ё ройи ва ҳукмиға йўқдур.

Бир нафарни ақли, фикри ила ўн нафар аросиға на қадар фарқ бордур? Ушбу сабаблардандурки, озгина Оврупо халқи бутун курраи арзға ҳоким ва мутасарриф*дурлар. Сабаб ҳукумат, илм ва давлат, қонуни мусовот*, машварат ва тадбирдур.

(Давоми бор)

*
Рой – фикр
Мавқуф – боғлиқ
Мажлиси мабъусон – депутатлар палатаси, парламент
Ориз – тасоддифий
Рафтори – юриш-туриш
Мутасарриф – эгалик қилиш
Мусовот – тенглик, баробарлик

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар