Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳамдон қабиласи элчилари

Ҳамдон қабиласи элчилари
28 Nisan 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1014 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 160
(давоми)

ҲАМДОН ҚАБИЛАСИ ЭЛЧИЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна Холид ибн Валидни Яман вилоятига юбордилар. У ерда яшаётган катта қабилаларнинг бирови шу Ҳамдон қабиласи эрди.

Ҳазрати Холид у жойга боргач, олти ойгача халқ ичида юриб, уларни динга даъват қилди, лекин ҳеч ким ўз ихтиёрича динга киргувчи бўлмади. Бу хабар Расулуллоҳга етди эрса, бир нома ёзиб, Ҳазрати Алини юбордилар. Холид ибн Валидни ўз олдиларига чақириб олдилар.

Ҳазрати Алини келаётганларини англашиб бутун қабила халқи тўсишиб чиқишди. Шу чоғда қайси бир намоз вақти кирган эди. Ҳазрати Али азон айтиб, такбир тушириб, ўз аскарлари билан саф боғлашиб намоз ўқидилар. Бошқа қабила халқи эрса қарашиб турди.

Намоз ўқигандан сўнгра Ҳазрати Али Расулуллоҳнинг буларга ёзган хатларини саф олдига чиқиб туриб, бутун халққа ўқидилар. Бу муборак номадаги сўзларни англашлари билан барчаларининг кўнгиллари Исломга мойил бўлиб, иймон келтирдилар.

Сўнгра бу воқеани Ҳазрати Али ёзиб, Расулуллоҳга чопар билан юбордилар. Хатни ўқиб, бу улуғ неъмат шукронаси учун дарҳол саждага бош қўйдилар. Яхшилик кўрилган чоғда шукр саждасини қилиш шунинг учун умматларига суннат бўлди. Расулуллоҳ саждадан бош кўтариб:

— Ассалому ала Ҳамдан, ассалому ала Ҳамдан, — деб икки марта айтдилар.

Бу қабила Ҳазрати Али қўлида иймон келтиришгандан сўнгра қабила катталаридан бир нечакишиларни бошчи қилиб, Мадинага элчи жўнатмиш эди. Шу орада улар ҳам келишиб қолди.

Буларнинг раислари Ибн Молик деган киши эрди.

Пайғамбаримиз билан кўришгандан кейин, олдиларида туриб араблар одатларича Расулуллоҳни, Ислом динини мақтаб фасоҳат билан келиштириб бир қанча шеърлар ўқиди.

Чунки у замон араблари ўқиш-ёзишдан ҳар қанча йироқ бўлсалар, яна уларнинг тил ўсуклари энг юқори кўтарилганликдан қабила раислари шоир ёки нотиқ хатиб бўлишлари энг улуғ шараф саналур эди.

Шунинг учун Расулуллоҳ араб одатларини ҳурматлаб, ўз олдида ўқилган шеърларни завқ билан эшитиб, уни тақдирлар эдилар.

Шу каби мунинг ўқиган шеърини ҳам тинглаб ўлтириб, ўқиб бўлгач, унияхшилаб руҳини кўтардилар ва уни бутун Ҳамдон қабиласига амир қилиб юбордилар.

Разияллоҳу анҳум.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар