Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

777-77-77 рақамидан таҳдидли қўнғироқ

777-77-77 рақамидан таҳдидли қўнғироқ
28 Nisan 2017 - 11:00 'да юкланди ва 3360 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(эллик иккинчи мақола) 

777-77-77 РАҚАМИДАН ТАҲДИДЛИ ҚЎНҒИРОҚ ЁХУД “МЕН КЕЛДИМ, ЭШИКНИ ОЧ! АЖАЛИНГ…”

Ишдан уйга келиб эндигина бир пиёла чойимни ичар-ичмасимдан мобиль телефоним жиринглаб қолди. Яшил тугмачани босиб “эшитаман, лаббай” деганимни биламан, нариги томондан қўнғироқ қилган одам шу қадар шанғиллаб бақирдики, унинг нима деб гапираётганлигини тушуниб бўлмасди. Қўнғироқ қилинаётган телефон рақами Ўзбекистон шароитида унча-мунча кишида бўлиши мумкин бўлмаган +99897-777-77-77 дан эди. Аввалига ҳайрон бўлдим, бунақанги “блатной” рақамдан ким қўнғироқ қилаяптикан деб. “Кимсиз ўзи, сал тушунтириброқ гапиринг” десам, менга сенсираб: “Ў, манга қарагин-ў, сан мани танимавоссанми, ҳали. Нима қивотганингни биласанми, ўзи? Сани ундоқ қивораман, сани бундоқ қивораман”, – дея оғзига келган шармандали сўзлар билан ҳақоратлай бошлади. Энди унинг тилига олаётган сўкинишларини тинглаган ҳар қандай одам бу нусханинг руҳан соғлом эканлигига ишониши қийин.

Фикру-ўйимча, у ўзи нима деб гапираётганлигини билмаяпти ёки ҳақиқатдан ҳам англамаётгандек эди. Бу қадар руҳан ожиз ҳолга тушиб қолганлигидан унга аввал росманасига ачиндим. Уни тўхтатиб бўлмасди, худди автоматдан чиққан кетма-кет ўқ каби сўзлашида бирон бир пауза ҳам бўлмаяпти. Қани, бу охиригача бир ўтириб тинглай-чи, унинг асл мурод-мақсади нима экан? Нега у уйга кириб келиб ҳали оёқни чўзишимга фурсат ҳам бўлмасдан қўнғироқ қилиб бирданига асабга тегишга уринаяпти-чиранаяпти. Инсоннинг нафсониятига, шахсига тегадиган даражада гапни у ёқдан бу ёққа айлантириб, сўзларни айқаш-уйқаш қилиб пойинтар-сойинтарчасига куракда турмайдиган сўконғичлигини роса намойиш этишга тушаяпти.

Хуллас, яхшилаб тинглаб туриб, қўнғироқ қилган кимсанинг ҳовлиқмалиги ва тутуруқсизлигидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда хориж радиосида ҳам ишлаб, ўзининг худди шу характери-хулқи билан яхшигина танилиб қолган-Шарофиддин Тўлаганов эканлигини билдим. У ҳамон ўта қўпол сўзларни ишлатишда давом этарди. Гапининг бир жойида у менга “Сен радионинг фалон миқдордаги гонорарини еб ётибсан. Нега сен бунчалик катта суммадаги маош-гонорар оласан. Ҳаммадан кўп пул ишлаётган экансан”, – дея хуноби чиқиб жиғибийрон бўлиб бўғила бошлади. Шу ерга келганда шартта унинг сўзини бўлиб: ”Эй инсон, мен шунча маблағни ишламасдан ўйнаб топаётган эканманми? Агар баъзи бировларга ўхшаб меҳнат қилмасдан, эркатойлик қилиб “гонорар” олаётган бўлсам, уни айтинг ва бунга асос келтиринг!”- дедим. Йўқ, ҳарчанд уринмайин, уни тўхтатиб, унга бир гап уқтириб бўлмаслигини тушундим.

Сиёсий шарҳловчиликни ўзига “титул” қилиб олган, аслини суриштирсангиз, русчадан таржимани ҳам дуруст эплай олмайдиган бир қўрқоқсифат, нотўғри гапириб қўймадиммикин деб атрофидаги ҳар нарсадан ҳадиксирайвериб аланг-жаланг бўлаверадиган бир нусхалигини жамоага намойиш этиб бўлганлардан бири эди у. Шунингдек, ҳақиқий “қулоқ”лардан бири эканлиги ҳам барчага аён эди. Қолаверса, у ҳеч вақт бировга нисбатан бехосдан, фавқулодда шунчаки ташланиб қолишга журъат этмасди. Қачонки, “заказчик”лари орқасида турганлигини аниқ-тиниқ ҳис қилмагунча… Қолаверса, дабдурустдан еттита етти рақамли телефондан қўнғироқ қилишининг ўзиёқ унинг орқасида “махсус” бириси турганлигига жиддий ишора ва далил эди. Худди шу ҳолатнинг ўзи у қайсидир кучлар томонидан яхшигина бошқарилиб, йўналтирилиб турилганлиги ва ундан қурол сифатида фойдаланилаётлигининг далолати дейишга асос бўларди. Бундайин ҳатти-ҳаракатлар бекордан-бекорга амалга оширилмаётганлиги аниқ эди.

Шарофиддин Тўлагановни бундай ҳолатга туширишлари учун энг аввало у едирилиб, тўйдириб ичирилгани аниқ. Алжираши ва “шер” бўлиб қолганлигига қараганда, анчагина кайфи ошиб қолганди. Сабаби, шахсан ўзим унинг қуёнюраклигига қарамай, бирор кишига “махсус” ҳужум қилиш керак бўлиб қолганда, баъзи “куратор”ларини орқа қилиб, ана шундай ичиб, “шер” бўлиб олиб ҳамла қилиб қолишига бир неча маротба гувоҳ бўлганман.

У томоғи йиртилгудек бўлиб куйиб-пишиб, бунчалик важоҳатга тушиб ўкириши билан ўзининг маънавий даражаси-ю, ичи қоралиги ошиб-тошиб кетганлигини билиб-билмай фош этаётган эди. Йўқса, қанча миқдорда маош-гонорар олишимнинг унга нима қизиғи, қандай оғир-енгиллиги бор?

Қизиқ, бу тоифадагилар ўз умринг, ҳаётингни ўзинг билганингча, тинч-сокингина – ҳар куни ишинга бориб-келиб, пешона теринг билан топган ризқинги бола-чақанг билан баҳам кўриб яшашинга ҳам қўйишмаскан. Фарзандларингни бағринга босиб, оддийгина ҳаётингни ҳузур билиб яшасанг-да, шу ширин ҳаётинга заҳар-заққумини сочмаса туролмайдиганларнинг ҳолини кўриб ҳам ажабланасан, ҳам ачинасан. Ғалати, сен бировларга зараринг тегмасдан, имкони бўлса кимларгадир ёрдам қўлингни чўзиб, дардига малҳам бўлиш истагида тўғри яшашни ўзингга шиор қилиб оласан-у, буёқда баъзи бировларнинг пайтавасига қурт тушиб, ўз ҳаёти қолиб, сенинг ҳаётингни, ҳатто қанча маош олишингни ҳам тийинигача ҳисоблаб, тафтиш қилиб юради. Кеча-кундуз сени кузатишда, таъқиб этишда давом этади. Ажабланарлиси ва ачинарлиси шундаки, бундай югурдак “шер”лар давлатнинг миллионлаб, миллиардлаб маблағини талон-тарож қилиб еб ётган, халқнинг ризқини “туя” қилиб ётган корчалонларнинг мушугини “пишт” дейишга юраги дов бермайди-ю, аммо танқидий қарашлари учун шу корчалонларга ёқмай қолган ҳамкасбининг кўз нурини тўкиб топган бир луқма ҳалол ошини оғуга айлантиришни, қоронғи-хуфтонда уйига бегона телефонлардан қўнғироқ қилиб, ўкиришни, муттаҳам корчалонларнинг керак бўлса ити бўлиб аккиллаб беришни қойиллатади. Мана, бизнинг “жамият ривожига ҳисса қўшаётган” қандай “зиёли”, қора парда орқасида туриб қаҳрамонлик кўрсатадиган “шер” ҳамкасбларимиз бор?…

Қолаверса, камина тиккагаплигим, танқидий кўз қарашим учун ўзим қолиб, оиламнинг ҳам ортидан сон мингта айғоқчилар қўйилганлигини, меҳнатимиз эвазига давлатдан оладиган ҳар бир тийинимиз тугул, босаётган ҳар бир қадамимиз, оғзимиздан чиқаётган ҳар бир сўзимизни “керакли жой”ларга етказиб туришларини, буни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимлигини бир бош муҳаррир хоним “махсус” мажлис ўтказиб, таҳдидли оҳанглар билан эълон қилиб қўйган ва: “Мен шунақанги шантаж хотинманки, совунимга кир ювмабсизлар ҳали. Шунинг учун мен билан зинҳор ўчакиша кўрманглар, мендан “катта”роқлар билан эса мутлақо! Акс ҳолда ҳолингизга маймунлар йиғлайди”, – дея ўз-ўзига ва “куратор”ларига ҳам таъриф-тавсиф беришни эсдан чиқармаган…

Демоқчи бўлганим: Минг “эконом” қилсак-да, ойликдан-ойликка зўрға етадиган маош ва гонораримизни ҳисоблаб, босган қадамимизни кузатиб юрадиганлар керагидан ортиқ эди. Кўплаб ҳамкасбларимиз қатори эрталаб йўллар тирбандлиги боис ўн дақиқа ишга кеч келсак, маошимиздан кесиш чораси кўрилишидан дарров огоҳлантирилардик, аммо иш соатидан икки-уч соат кеч қолиб ишлашимизга тўғри келиб қолса, бу меҳнат ҳеч бир ҳисобга олинмасди, қўшимча ҳақ тўлаш ҳақида оғиз очилмасди. Шундай бир вазиятда қандай қилиб камина радионинг “гонорар”ини “еб” қўйишим мумкин? Мен ва рафиқам учун, ҳар биримизнинг ортимиздан икки-уч мингтадан “кузатувчи” қўйишганини мажлисда очиқчасига таҳдид билан қичқириб айтишгача борган ЎзМТРКнинг “хўжа” ва “хўжача”лари қўйиб қўйишарди-я?…

Радиода ўз дастур лойиҳам – муаллифлигим асосида тайёрланадиган эшиттиришлар сони кўп бўлганлиги учун ҳам гонорар ўшанга яраша эди. Тўғри, бунга кўпчилик ҳавас билан қарашларини билардим. Бироқ, оладиган маошим Шарофиддинга ўхшаганларнинг ҳасади-ю ғазабини бу қадар тошириб юборишини хаёлимга ҳам келтирмаган эканман. Чунки, бундайин чиркинликлар ҳақида ўйлашга менда асло фурсат йўқ эди. Вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида монтаж, студия, матн ёзиш-эшиттиришларимга улгуриш учун тушлик маҳали ҳам кўпинча оилам-умр йўлдошим билан иш кабинетимда биргаликда овқатланардик.

Хуллас, Шарофидиннинг телефонда ўта маст ҳолатда алжираётганини билгач, шу билан ади-бади айтишиб ўтираманми, дея суҳбатни қисқа қилиб алоқани узиб қўя қолдим. Эртаси куни у билан ишда гаплашиш қарорига келдим. Лекин у билан гаплашиш қаерда дейсиз, шу кетишда радиода бир-икки ҳафта қорасини кўрсатмади. Келган бўлса-да, ҳойна-ҳой яшириниб юрди. Сабаби бир неча маротаба уни ўша ”Ахборот” муҳарририятига бориб сўраб суриштирдим, ҳар доим “келмаган” деган жавобни олганман. Икки ҳафтадан сўнг бу воқеани бутунлай унутиб, одатдагидай ишга шўнғиб кетдим.

Тўғриси, ўз ҳамкасбимнинг бу қадар ҳасадга тўла таҳдидона қўнғироғи менга яна бошқа бир масала билан боғлиқ воқеани эслатди ва диққатимни ўзига тортди. Негаки, шундан бир-икки ой олдин мобил телефонимга “Мен келдим, эшикни оч! Ажалинг…” деб ёзилган СМС келганди. Манзили номаълум эди, фақат СМС охирида интернет деб ёзилганди, холос. Буни ҳам ичимга ютдим. Хавотирланмасин дея, бу ҳақда оиламдагиларга бир оғиз ҳам гапирмаганман.

Шарофиддиннинг буюртма асосида бировларга шантаж қилиш “қобилият”и борлиги ва “қулоқ”лигини юқорида айтгандим. Бир куни у ишхонанинг ёнида ўзидан-ўзи мени қўярда-қўймай “Илтимос, бир дақиқага буёққа юринг, “Баҳор”ресторанининг ёнида бир киши мени кутиб турибди. У жуда яхши инсон, иккалангизни бир-бирингизга таништириб қўйишим керак. Кўп вақтингизни олмайман”, деб қолди. Қани, муддаоси нима экан бунинг дедим-да биргаликда бордим. Ҳақиқатдан ҳам ресторандан сал юқорида ўша вақтдаги “Буратино” ошхонаси томонга яқинроқ жойда сочлари оппоқ, кўринишидан кавказликларга ўхшаб кетадиган бириси кутиб турган эди. Ҳали унинг ёнига унчалик ҳам яқинлашмасимиздан Шарофиддин менга: “Шу ерда бироз кутиб туринг” деди-да, кутиб турган одамнинг ёнига шоша-пиша кетди. Мен бу ҳолдан ҳайрон бўлдим ва бирдан хаёлимдан: “У олдин мен ҳақимда бир нималарнидир айтиб бўлиб, кейин таништиради, шекилли”, деган гап ўтди. Агар шундай бўлмаганда эди, у мени тўхтатиб қўйиб, унинг ёнига ўзи бу қадар югургилаб кетмасди. Шунинг учун ҳам бу ўртада барибир бирор гап бордай туюлди. Худди шу ҳолатдан менинг аллақачон ҳафсалам пир бўлиб, танишиш иштиёқим ҳам сўниб бўлганди.

Ўша оқсоч одам билан иккаласи анча вақт гаплашиб бўлгач, Шарофиддин мени имлаб унинг ёнига чақирди. Бордим. Уни “Бу киши Михаил Ардзинов бўладилар. Жуда бир шинаванда, дилкаш, дардкаш ажойиб инсон. Яхшилаб танишиб олинг” деди-ю, Шарофиддиннинг ўзи думини тугиб қочиб қолди. Мен бориб ҳали кўришиб, саломлашиб улгурмасимданоқ бу оқсоч киши менинг у билан у қадар ҳам танишиш иштиёқида эмаслигимни, ҳафсалам пир бўлганлигини юз ифодамдан жуда яхши англаб тургандек эди. Шу боисдан иккимиз ҳам бир-биримизга фақат қўл беришиб, совуққина сўрашгандек бўлдик, холос ва бирдан бир-биридан ихлоси қайтган одамдек у ўша хиёбон томонга, мен эса тескари томон – радио уйи томонга юра бошладим. Ҳаттоки, унинг исмини ҳам сўрамадим, ўз исмимни ҳам айтмадим. Чунки, биз кўришдиг-у, хайрлашмасдан зудлик билан тескари томонларга қараб юриб кетдик.

Шарофиддин уюштирган ўша учрашув шундай ғаройиб кутилмаган ва ажабтовур бўлиб ўтганди. Шунда ўзимча: “Юрак “жиз” этмаса, истамаса барибир унга зўрлаб бирор бир нарсани тиқиштириб бўлмаскан. Нимадир борки, нималарнидир чуқур ҳис этди, чуқур сездики қалб шунинг учун ҳам уни қабул этишни истамади. “Қалб амри” деган тушунча шунчаки айтилмаган”, дея хаёлдан ўтказдим. Кейинчалик эса у ер-бу ердан, худди ўша Михаил Ардзиновнинг “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” ниқоби остида МХХга жосуслик қилиши ҳақидаги гапларни эшитдим.

Нега бу нотаниш одам билан мени таништиришга ҳаракат қилинганлиги, бунга қандай зарурат бўлганлиги ҳамда бундан қандай мақсад кўзланганлиги ҳануз сирлигича қолди.

Бундан олдин ҳам радиодаги “Гестапочи”лар гуруҳига мансуб Шарофиддин Тўлаганов каминани не бир балоларга йўлиқтиришнинг жуда кўп усулларини қўллаб кўрганди. Агар уларнинг ҳар бирига тўхталаман десам, том-том китоб бўлиб кетади. Аввалги қатор “тактик” уринишлардан бирор бир натижа чиқмагани учун ҳам қўл телефонимга номаълум манзилли-интернетдан каминани қўрқитишга мўлжалланган СМС юбориб кўришди. Қарашдики, унга унчалик ҳам парво қилмадим. Шундан сўнг Михаил Ардзинов деган “ҳуқуқбон” билан боғлаб қўймоқчи бўлишди, бундан ҳам бир иш чиқмади.

Ушбу гуруҳнинг бу каби “тактика”лар орқали мендан бирор “муттаҳам” ясаб, хоҳлаган томонига бура оладиган одамга айлантиришни мақсад қилганлигини маълум вақт ўтгандан сўнг англадим. Тўғрироғи, мамлакат ташқарисига чиқиб кетишга мажбур бўлганимдан кейингина воқеалар ривожини яна бошқатдан бошдан охиригача таҳлил қилиб кўрдим ва амин бўлдимки, барча уринишларнинг тадрижий оқибати “бошқариладиган”лар сафидан ўрин олишим билан якунланиши лозим экан. Беҳисоб шукурлар бўлсинки, мени ўшандай тоифадагиларнинг қўлига тушиб қолишдан Оллоҳнинг ўзи асради! Бу қадар хилма-хил фитналар тўфони ичра осон яшадим дея олмайман. Сўнггида ҳижратга юз тутишга мажбур бўлдим. Аммо Ҳақ ва халқ олдида, оилам, фарзандларим олдида виждонимни тоза асраб қолиш бахтига мушарраф бўлдим. Айнан шунинг учун ҳам Тангрига такрор-такрор шукурлар бўлсин!

29.11.2015 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар