Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Толибон ‘Мансурий’ амалиётини бошлади

Толибон ‘Мансурий’ амалиётини бошлади
28 Nisan 2017 - 20:48 'de eklendi ve 1368 kez görüntülendi.

Ўзбекистон билан бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятида уюштирган қонли ҳужумидан бир ҳафта ўтиб, Афғонистон Толибон ҳаракати расман ўзининг бу йилги баҳорги амалиётини эълон қилди.

Ҳаракат “Мансурий”, деб номланувчи амалиёти чоғида Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари ва уларнинг маҳаллий иттифоқчиларини нишонга олишга ваъда берди.

Толибон раҳбариятининг огоҳлантиришича, ўзининг мақсадига эришиш учун бу йил янги тактикалардан фойдаланмоқчи.

Уларнинг жума кунги баёнотида айтилишича, “ҳукумат кучларини тинч қўйишмайди”: “Ҳужумга тутиб, ўлдиришади ёки қўлга олишади”.

Бунинг учун “одатийсидан ташқари, партизанлик уруши, мураккаб худкушлик амалиётлари ва рақибларининг ўз қўллари билан амалга оширилувчи ҳужумларга зўр беришади, буларнинг барчасига қўшимча, узоқдан туриб бошқарилувчи портловчи ускуналардан ҳам фойдаланишади”.

Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, бу йилги баҳорги амалиётини “Мансурий”, деб номлаш учун Афғонистон Толибон ҳаракати марҳум лидери Мулла Ахтар Мансурга нисбат берган бўлиши мумкин.

Мулла Ахтар Мансур ҳарбий доираларда толибларнинг энг жанггари ва шафқатсиз қўмондонларидан бири сифатида кўриб келинган.

Агар, энг сўнгги халқаро ҳисоб-китобларга таянилса, бугун афғон тупроғида жанг қилаётган жангариларининг умумий сони камида 45 мингга етади.

Улардан аксариятини эса, айнан Толибон ҳаракати аъзолари ташкил этишади.

Анъанага мувофиқ, Афғонистон Толибон ҳаракатига байъат келтириб келувчи Покистон Толибон ҳаракати эса, ўзининг бу йилги ҳарбий амалиётлари борасида ҳозирча жим.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг сўнгги баёнотига ўз муносабатини билдираркан, расмий Кобул “уларнинг дуруст-қуруқ бир нарсага эриша олмасликлари”ни айтган.

Толибларни ҳам сиёсий ва ҳам ҳарбий жабҳада мағлуб этишга қодир эканликларини баён қилган.

Баёнот ва ҳужум

Толибоннинг бу йилги ҳарбий амалиёти арафасида Балхда уюштирган қонли ва ўта ҳалокатли ҳужуми эса, ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг бирдек хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

Ҳаракат бор-йўғи 10 га яқин жангариси билан Афғонистон Қуролли Кучларининг мамлакат шимолидаги энг йирик ҳарбий базаси ичкарисига сизиб киришга муваффақ бўлган, биргина расмий рақамларнинг ўзида камида 135 афғон ҳарбийсини ўлдирган, катта сондагисини яралаган.

Қурбонларга оид ҳақиқий рақамлар эса, айтилганидан кўра икки баробар кўп бўлиши мумкинлиги ишонилади.

Толибон, бундан ташқари, нақ бу йилги баҳорги амалиётлари арафасида биргина шу ҳужумининг ўзи билан Афғонистон Мудофаа вазири ва Қуролли Кучлари Бош қўмондонининг истеъфо беришига эришган.

Ҳозир Афғонистон ҳудудининг 10 фоизи тўлиқ уларнинг назорати остида ва яна 20 фоиздан ортиқроғида эса, ҳозирликлари бор.

Ҳаракатнинг янги баёнотида айтилишича, бу йил ҳам сиёсий ва ҳам ҳарбий жабҳада иш олиб боришади.

Ўз назоратлари остидаги ҳудудларни тараққий топтириш баробарида, бу ерларда ўз сиёсатларини ҳам тарғиб этишади.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳаракат бу каби ютуққа катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан 2014 йилги оммавий сафарбарликлари ортидан, бор-йўғи икки йилнинг ичида эришган.

Толибон ва талофатлар

Агар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботига таянилса, ўтган бир неча ойнинг ўзиёқ Афғонистон учун энг қонлиларидан бири бўлиб улгурган.

“Афғонистон катта сонда инсоний талофатлар беришда давом этган, ҳали жорий йилнинг биринчи чорагида мингга яқин киши қурбон бўлган, бир ярим мингга яқини яраланган”.

Йилларки, афғон урушида берилаётган энг катта сондаги талофатларга Афғонистон Толибон ҳаракати масъул, деб кўриб келинади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бу хусусдаги сўнгги ҳисоботи Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётига оид баёноти арафасида эълон қилинган.

Халқаро ташкилот пайшанба кунги ҳисоботида Афғонистондаги урушаётган томонларни оддий аҳоли ҳимояси йўлида жадаллик билан ва аниқ чоралар кўришга ҳам даъват қилган.

Толибон ҳаракати ўзининг янги баёнотида бунга ваъда қилган эса-да, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, Афғонистонда жорий йил ҳисобидан берилган талофатларнинг ярмидан кўпроғига яна улар масъул бўлишган.

Аммо

Республикачи президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти эса, ҳалича ўзининг Афғонистонга оид тўлиқ стратегиясини эълон қилмаган.

2014 йилги оммавий сафарбарлик ортидан афғон тупроғида қолаётган 10 мингдан ортиқ НАТО бошчилиги остидаги иттифоқ кучларининг аксарияти америкалик ҳарбийлардан ташкил топган.

Уларнинг Афғонистонда қолиш муддатлари ҳали Барак Обама АҚШ президенти экан, жорий йилнинг якунига қадар узайтирилган.

Аммо янги Америка маъмурияти ҳалича уларнинг якуний тақдири борасида бир сўз демаган.

Дональд Трампнинг расман қудратга келиши ортидан кечган ўтган уч ой ичида қатор юқори мартабали АҚШ генераллари ва айрим обрўли сенаторлари томонидан афғон урушида туб бурилиш ясаш учун Афғонистондаги ҳарбийлари сонини кескин оширишга оид даъватлар бир эмас, бир неча бор янграган.

Пентагон раҳбари эса, яқинда қилган чиқишида ҳам бу хусусда ўзининг якуний қарорини беришга шошмаётганини баён қилганди.

Устма-уст ташрифлар

Лекин худди шу манзарада қатор юқори мартабали АҚШ ҳарбий мулозимларининг Афғонистон ва унга қўшни минтақа давлатларига серқатнов бўлиб қолганликлари кузатилади.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётига оид баёноти ҳам АҚШ янги президентининг Миллий масалалар бўйича маслаҳатчиси ва янги Мудофаа вазирининг пойтахт Кобулга кетма-кет сафари ортидан кузатилган.

Куни-кеча АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Леонард Вотел ҳам Ўзбекистон ва ҳам Тожикистонга сафар қилган.

Таҳлилчилар эса, буларнинг барчаси Ғарбнинг Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожидан анчагина саросимага тушганига далолат қилишини айтишганди.

Ўзининг бу йилги баҳорги амалиётига оид баёноти арафасида ва шимолий Балх вилоятидаги қонли ҳужумидан бор-йўғи саноқли кун ўтиб, Афғонистон Толибон ҳаракати илк бор янги раҳбари Шайх Ҳибатуллоҳ Охунзоданинг овози забт этилган видеолавҳасини эълон қилган.

“Шафқат ва шафқатсизлик”

Ярим соатлик видеолавҳадан жой эгаллаган қарийб бир дақиқалик нутқида Толибон ҳаракати етакчиси жангариларига Афғонистон ҳукумат кучларига ишора қилиб, “кофирларнинг дўстларига шафқат қилмаслик”, “мусулмонларга нисбатан эса, ўта шафқатли бўлиш”ни маслаҳат берган.

Шайх Ҳибатуллоҳ Охунзоданинг ҳозир аниқ қаерда экани маълум эмас.

У бундан 11 ой олдин, Мулла Ахтар Мансурнинг АҚШ дрон ҳужумида ўлдирилиши ортидан, Афғонистон Толибон ҳаракатининг лидери этиб тайинланган.

Толибон ҳаракатининг билдиришича, янги раҳбарларининг овози илк бор ўрин олган видеолавҳани ғарбий Ғўр вилоятида тасвирга туширишган.

Қудратли Ғарб эса, ўзининг Афғонистондаги 15 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан ҳам, Толибон муаммосига ҳеч бир йўлда барҳам бера олмаган.

Толибон ҳаракати АҚШ президенти этиб расман қасамёд келтиришидан бор-йўғи 5 кун ўтиб, шу йилнинг 25 январь куни Дональд Трампга очиқ мактуб билан чиққан, ундан яна бир бор Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва ўз тарихидаги энг узоқ бу урушга чек қўйишини сўраган.

Ҳаракат ўзининг очиқ мактуби якунида Америка Қўшма Штатлари янги президентини огоҳлантиришни ҳам унутмаган.

“Агар, Америка кучлари Афғонистонни тарк этмай, “тинчгина” яшашларига йўл қўймайдиган бўлишса, ўзларига урушишдан бошқа чора қолмаслиги ва бу уларнинг “қонуний ҳақлари” бўлиши”ни баён қилганди.

Президент Дональд Трамп ва маъмуриятининг бу очиқ мактубга муносабатлари имконли эмас.

Толибон муаммоси

Аммо ўзининг куни-кеча Афғонистон пойтахтида берган илк расмий матбуот анжумани чоғида АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис Толибон мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этмоқчи бўлса, зўравонликлардан тийилиб, террорчиликка “йўқ”, дейиши шартлигини баён қилган.

Худди шунинг баробарида олдинда ўзларини “оғир” йил кутаётганини ҳам ошкора эътироф этганди.

Афғонистон Толибон ҳаракати эса, аввалбошдан афғон тупроғида битта хорижий аскар қолса ҳам, ўзининг бирор бир томон билан тинчлик музокараларига бормаслигини айтиб келади.

Бошқа томондан, охирги пайтларда АҚШнинг давомий ҳозирлиги зиддига Россиянинг Афғонистон масаласида фаоллашуви кузатилган.

Бу йилги баҳорги амалиётига оид баёноти Россиянинг Афғонистон Толибон ҳаракати билан “яқинлашаётгани”, қатор юқори мартабали АҚШ ҳарбийлари наздларида, уларни “қурол-яроғ билан таъминлаётгани”га оид хабарлар манзарасида эълон қилинган.

Америка томонининг айни мазмундаги даъволарини такрорий равишда рад этиб келаётган расмий Кремль эса, ўтган уч ойнинг ўзида афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган минтақавий миқёсдаги бир неча босқич сулҳ музокараларига мезбонлик қилиб улгурган, аммо, ҳозирча, уларнинг бирортасида Толибон томони ҳозир бўлмаган.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, агар, ўтган икки йилгиси билан қиёсланса, Афғонистон Толибон ҳаракатининг баҳорги амалиётига оид бу галги расмий баёноти ўн кунча кечикиб эълон қилинган.

Ҳаракат ҳар икки гал ҳам биринчи бўлиб Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош ва стратегик жиҳатдан муҳим шимолий-шарқий Қундуз вилоятини нишонга олган, кенг кўламли, мувофиқлаштирилган ҳужумлар уюштириш, вилоят марказини маълум муддатга босиб олиш, афғон ва хорижий иттифоқ қўшинларини жиддий саросимага солиб қўйишнинг уддасидан чиққанди.

Устига устак, толибларнинг бу йилги баҳорги амалиётларига оид эълонлари Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Манба: Би-би-си Ўзбек

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

Сўнгги хабарлар
İLGİLİ HABERLER