Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тушовланган «очиқлик» индекси

Тушовланган «очиқлик» индекси
02 Mayıs 2017 - 10:24 'да юкланди ва 2210 марта ўқилди.

Бугун «очиқлик», «халқ дардини тинглаш», «аҳолининг ҳуқуқий в қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш» каби баландпарвоз сўзлар ўзбек матбуотидаги ўзига хос трендга айланган.

Мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта давлат идораларининг «очиқлик индекси» аниқланиб, эълон қилиниб борилаётгани ҳам ана шу тренд «самаралари»дан биридир.

«Адолат» газетаси (28.04) «Очиқлик индекси» амалга оширилаётган ислоҳотлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга хизмат қилаётгани»ни билдирди.

Газетада ёзилишича, Вазирлар Маҳкамаси 2016 йил 6 ноябрда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви тўғрисида»ги қонуннинг қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорини қабул қилган.

Ана шу қарор асосида давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилган.

Мана шу кенгаш 2017 йил 1 январь ҳолатига давлат органларининг «Очиқлик индекси»ни эълон қилибди.

Аввало, жамоатчилик кенгашига бу индексни эълон қилиш учун нега қарийб 4 ой вақт керак бўлганини тушунмадик. Балки кимга биринчи ўринни бериш масаласини ҳал қилиш қийин бўлгандир?! Яна билмадик…

Хуллас, 47 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини қамраб олган рейтинг натижаларига кўра, Давлат солиқ қўмитаси 97,5 балл тўплаган ҳолда биринчи, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Марказий банк бир хил кўрсаткич билан (96,33) иккинчи, Адлия вазирлиги (93,67) учинчи ўринни эгаллабди.

Юқорида кимга биринчи ўринни бериш масаласини ҳал қилиш қийин бўлгандир, деган истиҳолани айтиб ўтган эдик.

Фаолияти очиқлигида етакчиларни ўқигандан кейин бу фикримиз ҳақиқатдан йироқ эмаслигига асос топгандек бўлдик.

Масалан, «Очиқлик индекси»да иккинчи ўринни олган Марказий банк фаолиятини олайлик. Мақталган бош банкимиз сўралган маълумотни бермагани ёки беришни чўзгани учун йил бошидан буён «Кун.ўз» сайтидан, агар адашмасак, икки марта танқид эшитганди-ку.

Қолаверса, ҳозир ҳам ўша етакчи учталикка кирувчи давлат органларидан уларнинг манфаатларига хизмат қилмайдиган бирорта маълумотни сўраб кўрингчи, қанча вақтда ололасиз? Агар ололсангиз…

Бизнингча, бу рейтингни тузаётган жамоатчилик кенгаши давлат идораларининг номи матбуотда неча марта тилга олинаётганига қараб ўрин тарқатаётган кўринади.

Илгари давлат идоралари журналистлардан қочиб юрарди. Яхшиси кўзга кўринмай, тилга тушмай юрганим яхши, деган ақида ҳукмрон эди.

Эшитишимизча, марҳум президент ўзини кўрсатадиганларни ёқтирмагани сабабли улар шундай йўл тутган.

Ҳозирги президент эса халқнинг олдига чиқ, деб ҳаммани олдига солиб қувиб юрибди. Унинг кетма-кет турткиларидан кейин барча идоралар журналистлар билан ҳисобот шаклида турли учрашувлар ўтказишга тушиб кетгани сир эмас.

Ҳатто давлат идораларининг журналистлар билан учрашувлари жадваллари ҳам тасдиқлангани шундан.

Ким ўзи ҳақида, қилаётган ишлари ҳақида кўп маълумот тарқатса, «Очиқлик индекси»да муносиб жойга эга бўлишига шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади.

Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Очиқлик, ошкоралик деганда бу идоралар фақат ўзига ёқадиган маълумотларни беришини тушунмаслигимиз керак.

Кўтариладиган муаммоларнинг илдизлари давлат идораларига бориб тақалганда журналист бу органлардан ўзини, демакки, газетхонни қизиқтирадиган саволларига жавоб ололгандагина фаолият очиқлиги ҳақида гапириш мумкинлигини унутманг.

Масалан, солиқ қўмитасидан ходимларининг таъмагирлигига оид эркин матбуотда кўтарилган масалаларга нега эътибор қаратмаётганини сўранг. Кимдир мулкига кўз тиккан ҳалол тадбиркорни синдиришга нега кўпроқ солиқ органларидан фойдаланилаётгани сабабларини сўранг.

Агар бу қўмита шу каби саволларга жамиятни қониқтирадиган, асосли жавоб берса, ўшанда унинг фаолияти очиқлиги ёки ошкоралиги ҳақида фикр юритиш мумкин бўлади назаримизда.

Бошқа бир мулоҳаза. Сўнгги вақтларда сўмнинг долларга нисбатан расмий курси ҳар ҳафтада илгари мисли кўрилмаган даражада ўсиб боряпти. «Очиқлик индекси» етакчиларидан бўлмиш Марказий банк эса бунга бирорта расмий изоҳ бермаётгани унинг очиқлигиданми?

Валютанинг чайқов бозори ҳувурини босиш учун қандай ишлар қилмоқда бу банк. Бу ҳам сирлигича қолмоқда. Мазкур масалаларда негадир Марказий банк ошкоралик кўрсатмаяпти-ку.

Бошқа идоралар фаолиятининг «очиқлиги» тўғрисида ҳам шундай фикрларни бемалол билдириш мумкин.

Демак, юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, илк бор эълон қилинган «Очиқлик индекси» ўзини оқламади. У ҳукуматнинг қарори ижроси гўёки таъминланяпти, деб ўзини овутишга хизмат қилган, холос.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси

Манба: Eltuz.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар