Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бегоналашаётган Фарғона водийси

Бегоналашаётган Фарғона водийси
04 Mayıs 2017 - 13:07 'да юкланди ва 2290 марта ўқилди.

Жорий йилнинг 29 апрель куни турмуш ўртоғимнинг туғишган холаси оламдан ўтгани ҳақида Фарғонадан шум хабар келди. Биз жаназанинг соат 14-00 га белгиланганидан воқиф бўлганимиздан кейин олдимизда 7 соат вақт борлигини инобатга олиб оилавий йўлга отландик. Қўйлиқдаги “Водий” автобекатидан енгил автомашинага миндик. Ёллаган уловимиз икки соатда Оҳангарон, Ангрен шаҳарларидан ўтиб, “Қамчиқ” довонидаги “Чинор” ЙПХ бекатига кириб борди.

Постда ҳар доимгидек машиналар турнақатор саф тортиб тургани боис машинамиз маскандан сал кам 1 км. узоқликда тўхтади. Олдимиздаги машиналарнинг олдинга томон интилишлари ниҳоятда суст. Бундай аҳволда биз постда 1 соат қолиб кетишимиз табиий. Шуни инобатга олиб, мен ҳайдовчининг қаршилигига қарамай автомобилдан тушиб, масъул ходимларга вазиятни айтиб тушунтириш мақсадида ЙПХ масканига бордим.

Масканда 10 дан кўп ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ҳамда чегара қўшинлари ходимлари бор экан. Шундай бўлса-да, турнақатор бўлиб навбат кутиб турган машиналарни ва улар ичидаги йўловчиларнинг паспорт, ҳужжатларини ҳар икки томон – кириш ва чиқиш томонда атиги 1 нафар ходим боқибеғам, шошилмасдан текширмоқда. Қолганлари эса ён-атрофда бир-бирига гап сотиб, ҳазил-ҳузил қилиб турибди.

Мен ойнали кабинетда ўтирган уч нафар милиция ходимига юзландим. Уларга вазиятни айтиб тушунтирдим. Улардан бири машинамиз орқада бўлса қандай қилиб тез ўтказиб қўйишини, навбати билан ўтаверишини айтишди. Мен милиция катта лейтенантига (аслида, ҳар бир ходим кўкрагига исми-шарифи ёзилган шахсини тасдиқловчи бейжик тақиб олиши керак) машинамиз иккинчи линияда турганини, қўшимча линия орқали масканга кириб келиш мумкинлигини билдирдим.

Аммо бунга “ҳамманинг жаназага шошаётганини, уларнинг ҳар бири талабини бажаролмаслигини” билдирган билимдон миршаб рўйхушлик бермади. Қандайдир йўллар орқали ёғли жойга ишга жойлашган милицияга: машина ва йўловчилар ҳужжатларини кўпчилик бўлиб тезроқ текшириш мумкинлигига, бир киши ишлаб беш кишининг гап сотиб ўтирганига оид фикрим ҳам ёқмади. Шу тариқа “Чинор” постида нақ 52 минут қолиб кетдик. Бунинг ҳисобига жаназа йиғинига ҳам етиб бора олмадик.

Фарғонадан Тошкентга қайтишимизда ҳам худди шундай ҳолат, фақат бу сафар “Чинор” ЙПХда эмас, “Наманган” ЙПХда содир бўлди…

Европадан Осиёга, Осиёдан Африкага, Америкадан Австралияга, хуллас, бир қитъадан иккинчи қитъага етиб бориш мумкин бўлган бугунги тараққий топган замонда Ўзбекистоннинг бир шаҳридан иккинчи шаҳрига етиб бора олмаслик, бунга сунъий тўсиқларнинг йўл бермаслиги, дунёвий маданиятдан орқада қолаётганимиз ҳар қандай кишини нафратлантирса керак.

Гарчи, бир давлатга қарашли вилоятдан-вилоятга, шаҳардан шаҳарга бориб-қайтишда ватандошлар ҳаракатини чеклаш, улар устидан жиддий назорат ўрнатиш (фавқулодда вазиятлар бундан мустасно) халқаро талабларга жавоб бермаса-да, “Қамчиқ” довонининг нейтрал зона эканини инобатга олган ҳолда бу каби саъй-ҳаракатларга қарши чиқмаслик мумкин эканини ҳам эътироф этмай иложимиз йўқ.

Аммо, бундай ҳаракатлар инсон ҳақ-ҳуқуқларини топташ, одамийлик презумпциясига зид ҳаракат қилиш эвазига эмас, ўзаро англам, касбга содиқлик ва бошқа манфаатли ҳаракатлар руҳида амалга оширилса, у ҳолда халқни тушунган, ҳурмат қилган, қадрлаган, эъзозлаган ҳукуматга ва унинг сиёсатига ким қарши чиқади?

Ҳа, Ўзбекистоннинг тараққиёти учун тинчлик ва барқарорлик энг асосий шарт саналади. Бироқ, фикри ожизимча, бундай тинчлик ва барқарорликни ватандошларнинг қалб тинчлиги, халовати, хотиржамлигини бузиш эвазига амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас.

Рузибай Азимий

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар