Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мирзиёевнинг кўзи қаерда?!

Мирзиёевнинг кўзи қаерда?!
07 Mayıs 2017 - 21:47 'да юкланди ва 2974 марта ўқилди.

ЎЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТИ АМАЛДОРЛАРИНИНГ ИФЛОСЛИКЛАРИ ТАСВИРГА ОЛИНГАН УШБУ ВИДЕОДА: Кўрмайсизми, бир журналистнинг унини ўчириш учун ҳукуматнинг бутун бир бошли “армия”си сафарбар этилган!

Журналист Дилдора Боймруодованинг президент Мирзиёевга қилган видео мурожаати сиз учун қизиқ бўлмаса, илтимос, ушбу видеонинг 7.17 дақиқасидан бошлаб маҳаллий амалдорларнинг бир бева аёлни, оддий фуқарони қай тарзда таҳқирлашларини томоша қилинг:

Мен Дилдорани яхши танийман.

Бева ҳолига, ногирон аҳволига бир ўғил, бир қизини гўзал хулқли қилиб вояга етказган.

У журналист.

Жуда чиройли, юракка яқин шеърлар ёзади.

Ҳамиша Дилдоранинг шеърларига ҳавас қилганман.

Мабодо унинг тани сиҳат, молиявий “салоҳият” бўлганида эди, шоиралар қироличаси Ҳалима Худойбердиева билан бемалол беллаша оладиган етук шоира бўлиб етишарди….

Бева аёлнинг, ногирон бир аёлнинг уйига бирлари шифокор, бирлари милиса формасида бостириб кирган бу босқничиларни кўринг!!!!

Видеони кўздан кечирарканман, бошимдан кечирган таҳқирли кечмишларим кўз олдимда қайта тикланиб, титраб кетдим:  Бунингдек хўрлик бу мамлакатда ҳақиқатни айтган, еб тўймас мансабдорларнинг ҳақиқий башарасини фош этишга журъат этган ҳар бир жасоратли халқ вакилининг қисмати. Худди мана шу тоифадаги босқинчилар гуруҳи мен истиқомат қилаётган уйга 10 кишилашиб, худди мана шу тақлид нақд тўрт бор  жинояткорона бостириб киришган. Худди мана шунингдек  мол-мулкларни талаш вақтида мени ҳам, (айнан мени, камера “кўзи” фақат менга қаратилганди) биргина ўзимни тасвирга олиб туришган: 3-4 нафар фуқаро кийимидаги суд ижрочилари отлиқ каззоблар, 3-4 нафар миршаб, маҳалла поспони, маҳалла оқсоқоли, маҳалла маслаҳатчиси, камига “уйини шилиб кетаётганимизда юраги “приступ” бериб, ўлиб-нетиб қолмасин, нақд балога қолиб кетмайлик” деган ташвишда (ўзларининг жинояткорона ҳаракталари оқибатини билишади-да!), ўз жонларини ўйлаб ўзлари билан “Тез ёрдам” машинаси, оқ халатли шифокорларни ҳам етаклаб келишган…. Нақд тўрт маротаба мен истиқомат қилаётган уй гарчи қонунан ўзга шахснинг хусусий мулки ҳисобланса-да, буни била туриб, хонадондаги қўлига илинган нарсани олиб, тепа қаватдан  патсга югуришган…. Худди ўғрилар каби…. Дахшатнинг ўзиганси!

Яхши, бу тасвирда лоақал Дилдорага тасврига туширишга изин беришибди. Телефонда гаплашишига кўнишибди. Гарчи тасвир ортида камерага отилсалар-да, яхшиямки, уларнинг бу жинояткорона ҳаракталарини тасврига олиб, улгуришибди….

Улар мен истиқомат қилган хонадонга келишлари биланоқ қўлимга чанг солишган ва қўл телефонимни тортиб олишган, уй телефонининг симларини кўча безорилар каби бир тортиб, ўзиб ташлашган, миршаби мени бурчакка олиб турган!: Гуё бу хонадон уларнинг измида. Улар босқинчи. Гуё ўзга мамлактани ишғол қилишгану, бегона музофот уларнинг измида. Истаганларини қилишган. Суратга олишни истаганимда, фотоаппаратни икки бўлак қилишган…. Ўзларини чинакамига босқинчилардек, ашаддий жиноятчилардек тутишган…. Эсласам, ҳалигача ўзимни бир тўда ашаддий жиноятчилар чангалига тушиб қолгандек сезаман ўзимни…. Мен якка эдим, ёлғиз эдим, улар, қоринбойлар  ўнлаб эди….

Мана бу  тасвирдаги қоринбойни кўринг!  Шу савлатига кучи бир аёлни кичик камерани кўтариволиб тасврига туширишга етганини қаранг!  Савлатниям увол қилди бу қоринбой! Бу қорин кимларнинг ҳаққини ейиш эвазига қаппайганини Худо билади!  Бир аёлни қақшатгандан кўра,  билакдаги кучингни далага чиқиб кетмон чопишга сарфлаганинг яхши эмасми дейдиган мард йўқ!

Кўрмайсизми, бир журналистнинг унини ўчириш учун ҳукуматнинг бутун бир бошли “армия”си сафарбар этилган!

Нима учун?

Бир адолатталаб аёлнинг наинки унини ўчириш, овозини буғиш мақсадида суд томонидан солинган ноқонуний жаримани ундириш учун, балки Дилдоранинг сафдошлари кўпайиб кетмаслиги учун! Боймуродова мисолида унинг издошлари кўзларини қўрқитиб қўйиш учун!

Ўзбекистон ҳукуматининг адолатталабларга “молиявий босим” ўтказиш тактикаси мавжудки, кимда-ким ҳақ-ҳуқуқини талаб қилса, амалдорларни танқид этса, ҳукуматнинг “молиявий хуружи”га учрайди.

Навоий вилоятининг Кармана туманида истиқомат қилувчи Дилдора Боймродова ҳам ҳукуматнинг “молиявий “атака”сига” учраган журналистлардан бири….

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукуматининг қудрати билан “Ватан хоини”, “Халқ душмани” деган сўзларнинг туб, асл маъно-мазмуни куч билан ўзгартирилган: айни дамда Ўзбекистон ҳукуматининг тасаввури ва наздида “Ҳақталаб” киши “Халқ душмани”, “Адолатталаб” одам “Ватан хоини” саналади.  Ҳақ-ҳуқуқ сўрадингизми, амалдорларнинг қилмишларига танқидий назар ташладингизми, тамом: Сизга “Халқ душмани”, “Ватан хоини” тамғаси босилади.

Ана ундан кейин номингиз қора рўйхатларда! Умр бўйи рангингиз чиқмасдан таъқибу тайзиқда юраберасиз, босимлар остида қолаберасиз… Додингизни “додангиз” ҳам эшитмайди ана ундан кейин. Негаки, сиз амалдорнинг “думини босган” “Халқ душмани” Сиз. Негаки, сиз президент Мирзиёевнинг “портали”га шикоят қилган “Ватан хоини” Сиз! Билингки, сиз амалдорнинг устидан арз қилиш учун Шавкат Миромоновичнинг қабулини сўраган “Халқ душмани” Сиз! (Аслида, босар-тусарини билмай қолган амалдорнинг душманисиз. Аммо  сиртларига сув юқтиришни истамаган мансабдорлар юқорига бўрттириброқ айтишади, омон қолишлари керак-ку ахир!)

Мен нима учун юқорида “фуқаро кийимидаги суд ижрочилари отлиқ каззоблар” дедим. Бу беҳуда айтилган гап эмас.

Бу юзсиз суд ижрочиларини кўрмайсизми?: суд томонидан ноқонуний тарзда жаримага тортилган бева, ногирон аёлни “суд қарорини ижро этиш” ниқоби остида “талаш” мақсадида уялмасдан келиб ўтирибди!

Биласизми, Навоий вилоятида, нафақат Навоийда, Респубилкамизда оқибатсиз отасидан ўн йиллаб алимент ололмай ётган болалар қанча? Биласизми, “алиментчик” оталарнинг бўйнида қанча қарздорликлари бор? То фарзанди 18 ёшга етгунга қадар тўламасдан қочиб юрганлари бир талай! Бу ёқда “мамлакатнинг эртаси” деб аталгувчи гўдаклар оч, юпун! Бироқ бу безбет суд ижрочиларининг кўзи алимент тўламай, қочиб юрган оталарни кўрмайди. Қарздорликлари миллионларни ташкил этса-да! Негаки, ОТАлардан оларини олиб қўйган! Гўдаклар оч қолса, қолсин, бироқ ижрочи “юпун” қолмасин!

Қанчадан фанча фуқаролар “Суд қарорига асосан уйга киритиб қўйишларини”  кутиб суд ижрочиларини интиқ кутиб ўтиришибди. Бироқ йиллаб ижро йўқ! Нега? Чунки, иккинчи томон ижрочига “тортиғи”ни “тўлаб” қўйибди.

Яна бир бечора ўз уйини ноқонуний “ишғол” қилган кимсаларни суд қарорига кўра чиқариши керак. Бироқ, суд ижрочиларини кута-кута кўзлари толган, умри ҳам охирлаб қолган!

Товламачидан қўли билан берган пулларини ололмай, қозилашиб, қарор олганлар қанча! Бироқ, қарор қўлларида-ю, пулларини ундириш учун ижрочи йўқ, ижро йўқ! Негаки, товламачи ижрочини “тоблаб” қўйганига кў-ўўп бўлган!

Давлат бюжетидан миллиард-миллиард маблағларни ямламай ютиб қўйиб, суд ҳукмига кўра қайтаришга мажбур бўлганлар кўп. Бироқ, суд ижрочисиман деганларини давлат маблағларини туя қилганлар қизиқтирмайди. Ижроси ҳам.  Негаки, улар “Халқ душмани” эмас,  чунки улар “Ҳақиқатчи” эмас…. Ҳукумат раҳбарларининг (каттасидан тортиб майдасига қадар) думини босиб олган эмас улар. Улар бор йўғи молиявий талон-тарожликка йўл қўйган шунчаки майда ўғрилар…. Шу саба уларга тегишли суд қарорлари ўз ижросини ва ўз ижрочисини  йиллаб кутади. Ҳатто ижро бўлмасдан қолиб кетиши ҳам мумкин. Суд ижрочиси шундай шахски, қонунни резинка каби чўзади. Резинка эса, кимнинг кучи кўп бўлса, кимда қутрат бўлса, ўша томонга чўзилади!

Ўзбекистон ҳукуматидаги суд ижрочиларининг фақат биргина юмушлари бор: адолатталаб журналистларни, ҳуқуқбонларни талаш! Ҳақ-ҳуқуқни сўрайдиган қаламкашлар, ҳуқуқбонларга оид суд қарорлари ижросини тезлаштириш, шилиш! Бунинг учун бутун бир бошли ҳокимият “аскар”ларини –  милиса, поспон, маҳаллаком, маслаҳатчи…, “домком”, “партком, “подъездком” кабилардан иборат  “армия”сини объект устига ташлаш, Дилдора кабиларни силласини қуритиш учун сафарбар этиш!

Эй, Худо!

Қандайин кунларга қолдик?!

Қандайин кўргилик бу?!

250 минг сўмлик ногиронлик нафақаси билан болаларини қандай боқсин бу бева бечора?

Боалари қаердан иш топсин ҳақпарвар журналистнинг?

Бу давлат ўз фуқароларидан нима истайди ўзи?

Ҳақ-ҳуқуқини танийдиган ҳар қандай аҳоли қатламини таъқибу таҳдидлар остида хўрлашними, ҳолдан тойдиришними,  Ватанидан қувиб солишними, Ватангадо қилишними?

Нима истайди ҳукумат ҳақни таниган халқдан?

Қувғин қилишними?

Нега?

Ўзгаларнинг ҳам “кўзини очиб қўймаслиги” учунми?

Ҳақ-ҳуқуқни билмаган оммани бошқариш сонлиги учунми?

Нега?

Бир ногирон, бева аёлга зўғум қилишдан уялмайдими бу ҳукумат!

Ўзбекистон ҳукуматига шармандали ҳолат эмасми бу?!

Янги президент қаерга қараяпти?

Нега оддий фуқаросини хўрлатиб қўйаяпти?!

Нега бева, ногирон бир журналист аёлга бу қадар кескин ҳужум бўлаяпти?

Каримов вафотидан кейин Мирзиёев тахтга келиши мумкинлиги эҳтимоли ўрмалаб қолган кезларида “Озодлик” радиосигаа “Халқ ёмғирдан қутилиб, довулга тутиладими?” деб Навоий вилоят аҳолиси саросимада” дея интервью берганлиги сабабли ҳам сазойи қилинаётгандир балки, ким билсин?….

Эҳтимол, бир ногирон журналитсга бўлаётган ҳадсиз босимларнинг боши бу ёқдадир?:

https://www.youtube.com/watch?v=NsXc_UN38sM

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист, ҳуқуқбон

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар