Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Бир қавмнинг раиси, у қавмнинг хизматчиси бўлур”

“Бир қавмнинг раиси, у қавмнинг хизматчиси бўлур”
11 Mayıs 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1410 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 163
(давоми)

БАНИ САЪД ЭЛЧИЛАРИ

Бани Саъд қабиласидан Нуъмон номли бир киши шундоғ ривоят қилурким:

— Қабиламиздан бир неча кишилар билан Расулуллоҳга элчи бўлиб келдик. У чоғда араб халқи икки синф бўлмиш эдилар. Бир қисми эрса ўз ихтиёрича Исломга кириб, мол-жонларига омон топмиш эди. Исломни қабул қилмаган иккинчи қисми қўрқинч остида қолмиш эдилар. Ўз еримиздан чиққанимизча тўғри келиб, Мадина шаҳри ичига кирдик. Масжид эшиги олдига келганимизда қарасак, бир жаноза ҳозир турмишдир. Расулуллоҳ келиб жаноза намозини масжидда ўқидилар. Биз эрсак бир жойда бу намозга қатнашмай қараб турдик. Сўнгра намоздан бўшагач, бизга қарадилар. Бизни чақириб:

— Қайси қабиладан бўлурсиз? — деб сўрадилар.

— Бани Саъд Ҳузаймдан бўлурмиз, мусулмон эрурмиз, — дедик.

— Андоқ эрса, бу ўлган биродарингиз жанозасига нечук қўшилмадингиз? — дедилар.

Анда биз айтдик:

— Ё Расулаллоҳ, сизга байъат бермасдан илгари мундоғ ишлар жоиз бўлмагай, деб ўйладик.

Расулуллоҳ айтдилар:

— Қайси жойда иймон келтирур эрсангиз, тўлиқ мусулмон бўлурсиз. Бутун Ислом ҳукми сизга лозим бўлғай.

Сўнгра барчамиз қўлларини тутиб, байъат топширдик ва қайтиб ўз ўрнимизга келдик. Ичимизда энг кичик ёш бир кишимизни қўшхонамизга қўйиб кетган эдик, хиёл ўтмай ортимиздан одам юбориб, Расулуллоҳ бизни қайтариб келтирдилар. Бу ёш кишимиз илгарилаб келиб, Расулуллоҳга байъат берди. Биз ани тақдим қилиб:

— Ё Расулаллоҳ, бу киши ичимиздаги энг кичигимиз ва хизматчимиздур, — дедик.

Анда Расулуллоҳ:

— Саййидилқавми ходимуҳум, яъни бир қавмнинг раиси, у қавмнинг хизматчиси бўлур. Аллоҳ унга баракот берсин, — деб дуо қилдилар.

Шу онда дуолари қабул бўлиб, баримиздан Қуръонни яхши ўқиди. Унга кун сайин қилган ишлари баракотлик бўлди. Муни кўриб, Расулуллоҳ уни намозда бизга имом қилдилар. Ёш бўлса ҳам ақли ва ахлоқи ортиқ бўлганликдан қабиламиз устига уни амир қўйдилар. Сўнгра ҳар қайсиларимиз бир неча уқия кумушдан ҳадялар олиб, ўз юртимизга қайтдик.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар