Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ғарибликдаги илтижо

Ғарибликдаги илтижо
12 Mayıs 2017 - 10:00 'да юкланди ва 1574 марта ўқилди.

Ўғлим Абдурауф яқинда олти ёшга тўлади. Мен Россияда қамалиб қолганимда онасининг қорнида эди. Кутилмаганда мен қамалиб қолдим бегона шаҳарда онаси ёлғиз қолиб кетди…

Яқинларимга айтиб зудлик билан уйга жўнатиб юбордим. Ўзим Аллоҳнинг инояти билан беш ой деганда озодликка чиқдим. Олдин ҳам ёзган эдим бу ҳақида, иккинчи август куни кечки пайт озодликка чиқдим, уйдагилар билан эртасига учинчи август куни гаплашдим. Тўсатдан айтсак қувончни кўтаролмай қолмасин деб укам бир кун уйдагиларни бу ҳушхабарга куниктириб турди. Тўртинчи август куни ўғил кўрдим.

Мана шунгаям олти йил бўлиб қолибди.

Онаси ўша пайтларда қаттиқ изтироб чеккани сабаблими ўғлим сал нимжонроқ катта бўлди. Шу кунгача деярли умри касалхоналарда ўтди. Қаттиқроқ истиманиям кўтара олмайди, ҳушини йўқотиб қўяди. Уйдагилар дарров касалхонага олиб боришади. Менга унча билдиришмайди-ю, уйдагиларга қўшилиб қариндошлар, қўшниларгача касалхонага боришганини эшитганимда биламан ҳақиқий аҳволни. Шу жажжи болам шунча дардни кўтаради олти йил давомида.

Бир сафар, уч-тўрт яшар пайти эди, навбатдаги ҳушини йўқотганида касалхонага олиб боришган, шифокорлар ҳаракат қилишиб ўзига келтиришган. Эртасига болам ёнидаги болаларни кўргани оталариям келаётганини кўриб” Нега бошқа болаларнинг дадалари келади мен шунчалик оғрисам ҳам дадам келмайди ёнимга. Аяжон, тезда телефон қилинг келсин, дадамни кўргим келяпти” деб дод солиб йиғлаган. Ўша пайтда боламга қўшилиб қариндошлар, бошқа болаларнинг оналари, ҳаттоки шифокорлар ҳам йиғлаган экан…

Бир йилча бўлди уйга телефон қилсам ўғлимга беришди гаплашиш учун, менга “Дадажон, мен кичкиналигимда кўтариб дўконга олиб чиқсангиз сизга қиммат шоколадлардан олдирармидим?” деб сўраб қолди. Мен “Ҳа болам, шунақа эди” десам қувончдан қиқирлаб кулиб телефони онасига берди. Ўғлим онасидан сўраган экан “Дадам мени кўрганми?” деб, онаси боланинг кўнгли учун ўша гапни айтибди, болам шунгаям бир неча кун хурсанд бўлиб юрибди. Энди ўша гап ростлигини мендан сўраётган экан.

Қизим катта бўлиб қолди, мени аяб соғинчини айтмайди. Соғлигимни сўрайди холос.

Аммо онаси билан гаплашиб мени эслашар экан, тўрт яшар пайтида эсида қолганим лаҳзаларни айтиб ўзини овутар экан…

Менинг бор дардим ичимда, бировга айтмай яшайман, юзим кулиб тургани билан қалбим йиғлайди. Ҳозир шуларни ёзаяпман-у кўзимда ёш.

Эй Худойим мени соғинган онамнинг, аҳли аёлимнинг, фарзандларимнинг дуоларини ижобат қил! Ёруғ юз билан юртимга қайтай.

Эй яхшилар, менга ўхшаган ғарибларни дуо қилинглар, бизлар ҳам оиламиз бағрига қайтайлик.

Акмал Набиев

Facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар