Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Йигирма биринчи аср овқат технологиялари асри

Йигирма биринчи аср овқат технологиялари асри
13 Mayıs 2017 - 18:30 'да юкланди ва 1508 марта ўқилди.

Бизни юртимизни кўра олмайдиган ношукурлар: «кейинги 25 йилда нима ўзгариш бўлди?! Ўзбеклар бирор нарса ихтиро қилдими? Бутун дунё ривожланди лекин бизни юртда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади», дейишади.

Холис ёндашиш йўқ! Нима эмиш, Япония техникада ақл бовар қилмас янгиликлар қилди, 850 км тезликда юрадиган поезд ишга тушди. Шундай роботлар яратдики гуручдан ўша машҳур сушисини роботлар тайёрлаяпти. Нима қилипти энди шунга?

Бизда мустақилликдан олдин ўша гуручдан тайёрланадиган ошимиз бир хил бўлар эди, сариқ ёки қизил сабзидан, тепасида икки бўлак гўшти бор оддий ош, эсласаларинг керак-а? Хозирчи? Ошни ўзини юз хилдан ошиқ тури бор, масалан: пистали ош, қазилик ош, қиймалик, каватаклик, беданали ва беданатухумли, оддий сабзини сариғи ҳам қизили ҳам қўшиладиган ош.

Корейсларни мақташади автомобильсозлик, мобил телефонлар ва ҳоказо. Балиқчиликда етакчи ўринда экан. Ҳа уни овлаган билан иш битадими? Шунча балиқ овлагани билан битта шу «хе» қилиб ейишни билади ҳолос. Уни бизга бер, минг бир ҳил қилиб пишириб еймиз.

Ёки дунёга донғи кетган Американи олайлик. Нефть соҳасида, қурол аслахада, автомобильсозликда эришаётган ютуқларини гапиради… Бундан 25 йил аввал Американи киноларида профессорларини кўрсатар эди, столни устида бир дунё китоб, китобдан кўзини узмасдан вақтини қизғониб “хот дог” заказ қилса, оддий булочкани орасига битта сосискани тиқиб, курьер олиб келиб берарди. Ҳозирги киноларида ҳам шу аҳвол, ҳали ҳам столни устидаги китобдан кўзини узмасдан ўша “хот дог” еб ўтиради.

Биздачи: “Битта “ҳот дог” берворинг” десангиз, “қанақасидан? оддийми? двойнойми? сырлими? чипс солайми? гўштлигиданми? Оби нонга тайёрлаб берайми ёки булочкагами?”, деган саволни беради.

Хўрандаҳам чакана эмас: “двойнойига, чипс билан сыр қўйиб, озгина гўштдан ҳам соворинг”, кўрдингизми? “сразу” янги ихтиро! Ошпаз ҳайрон: “ие, бу қанақаси бўлди энди?” деса, «микс», деб қўйинг дейди. Ошпаз ҳам хурсанд. 25 йил олдин кабоблар икки ҳил бўларди: “кусковой” ёки қиймали! Бўлди, бошқачасини ҳеч ким кўрмаган ҳам эшитмаган ҳам. Ҳозирчи? Ўрама, бурама, бурда, чўпкабоб, жигар, товуқ хуллас минг ҳил, кўряпсизларми у халқлар эшакдек ишлаб еб турган нарсасини, бизда ишламасдан туриб шоҳона дастурхон. Мана буни ривожланиш дейди, биродар! Йигирма биринчи аср техника асри эмас, аксинча, йигирма биринчи аср овқат технологиялари асри.

Маросимларимизда аввал икки ҳил таом тортилган. Бири суюқ, бири қуюқ. Тамом! Ҳозир эса салат билан бошланади. Уёғи кетди… Сомса, суюқ, норин, қази-қарта, товуқ, балиқ, кабоб икки хилидан… Сўнггиси десерт билан тугайди. Энг қизиғи эса ҳаммасини еб юборамиз.

Анча олдин эшитган эдим. Ҳаттоки 1 килоси юз доллардан ош бор экан. Америкада минимал ойлик қанчалигини билмайману лекин бизда йигирма долларга етиб бормайди. Шу даражада овқатга меҳр қўйдикки, энг кам иш хаққи оладиган инсонни беш ойда оладиган пулини бир ўтиришда еб юборяпмиз! Энг мақтанадиган нарсамиз еб турган овқатимиз, ижтимоий тармоқда ҳам бошқа миллат вакилларини жуда камдан кам еб турган таомини расмга олиб қўйганини кўрамиз, биздачи? Ҳар учинчи одам қандайдир миллий таомимизни расмини кўз-кўз қилади. Ёки, ўзгаларда кўрганмисизлар, “тоғора.ру”, “шашлик.ру”,“торт.ру”, “свадебный плов” деган сайтларни?

Дардимиз овқат, «сичқон сиғмас уйига, ғалвир боғлар думига».

“Топганимиз тўйларга буюрсин, дастурхонимиз тўкин-сочин бўлсин”, деган ота-боболаримизни дуоси ижобат бўлди. Топганимиз тўйларимиздан ортмаяпти. Дастурхонимизга аранг етяпти. Етмаганига қарз ҳам оляпмиз.

“Кунингдан бир кунинг қолса ҳам ош е, пулингдан бир пулинг қолса ҳам ош е” мақолларимиз ҳам ўзимизга ярашган. Одам туғилганда ҳам, ўлганда ҳам ош қиламиз. Йиғилсак ош атрофида йиғиламиз.

Фақат ейиш-ичишни, қоринни ўйлайдиган одам қўрқоқ бўлади! Эртага бошига бир иш тушиб ҳижрат қилиши керак бўлиб қолса, ёки қамалиб қолса, қочқинда қийинчилик айрилиқда юришдан, ёки қамоқда калтакланиб камситилишдан эмас, қорни оч қолиб кетишидан ташвиш қилади холос.

Очофат одам тўкин дастурхонни устида баландпарвоз гапларни гапиради: «битта майизни қирқ киши бўлишиб еймиз» дегандек. Йўқчиликда қолса қирқ кг майизни бировга бергиси келмайдиган бўлиб қолади.

Ошқозон ҳар доим тўла бўлса мия яхши ишламайди, овқатдан бошқа соҳаларда ҳам ихтиро қилишга бел боғламасак, фарзандларимизга илм учун шароит яратиб бермасак юз йилдан кейин ҳам, Олимларимиз бошқа юрт олимларини ихтиросини таҳлил қилиб, қандайдир «банкет» уюштирган, энг илғор бўлган ёшларимиз кўрик танловда, аксарият халқ тўртта боксчимизни олган медалини ош қилиб нишонлаб, майда нарсаларни атрофида ўралашиб юрган бўламиз.

Қайси қавм ўзини ўзгартирмагунча Аллоҳ уларни ўзгартирмайди! Ошқозон билан эмас калла билан ўйламагунимизча жамиятда бир катта ўзгариш бўлишидан умид қилмаганимиз маъқул.

Биз “овқат егин”, деган эмас “илм олгин”, деган пайғамбар умматимасмидик?

Биз қорнига тош бойлаб юрган расул умматимасмидик?

Қачон овқатдан бошқа соҳада янгилик иҳтиро қиламиз?

Биз “чинга бориб бўлса ҳам овқат еб келгин”, деган эмас, “чинга бориб бўлса ҳам илм олгин”, деган пайғамбар умматимасмидик?

Дунё лаззатларига қандай эришишни эмас, жаннат лаззатларига етишиш йўлини чизиб берган пайғамбар, бизни пайғамбар эмасмиди?

Ҳазрат Бухорий еган таомлари билан эмас, олган илмлари билан бизни дунёга бухорийлар деб танитмаганмиди?

Ёки Термизий бобомиз Термизни пишган гўштлари билан эмас, ҳадис илми билан бизни мағрурланишимизга сабаб бўлмаганмиди?

Ёки саҳобийлaр: “фалон саҳобани уйида ўн беш ҳил таом едик”, деб ёзиб кетишганмиди?

Қачон овқатдан бошқа соҳада ҳам янгилик ихтиро қиламиз? Қачонки Халқаро мусобақаларда ош қилишдан эмас, Математика, физика, химия ва бошқа илм-фан мусобақаларидан юқори ўринларни олсак.

P.s Камроқ овқат есангиз соғлом юрасиз, енгил ҳаракат қиласиз. Бирорта ихтиро қилмаган тақдиризда ҳам ҳеч бўлмаганда тобутингизни кўтарганларга малол келмайсиз.

Sayyid Islom

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар