Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қўлида қалами ва бир парча қоғози бор кишининг ҳар қандай жойда ёзиш имкони бор

Қўлида қалами ва бир парча қоғози бор кишининг ҳар қандай жойда ёзиш имкони бор
14 Mayıs 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1135 марта ўқилди.

Би-би-си: Муҳожиротда ижодкор бўлишнинг ўзига хосликлари нимада? Гашти, машаққати назарда тутилганда…

Муҳаммад Солиҳ: Бу саволларга жавоб бераркан, шоир ролига киришга тўғри келади. Ва бу жараёнда қатор нокамтарликлар юз бериши муқаррар. Бунинг учун олдиндан узр сўраб қўймоқчиман. Чунки шоирлик – мақтанчоқликка маҳкумликдир. Ихтиёри ўзида бўлмаган мақтанчоқликка маҳкумлик. Ашёнинг табиати шунақа. Шоир зоти шеър ҳақида гапираркан, тинмай “мен” деб гапиришга мажбур. Шу боис, ҳатто у камтарлик қилса ҳам “қара, мен қандай камтарин-олийжанобман!”, дегандай туюлаверади.

Бевосита саволингизга келсак: “Муҳожиратнинг ўзига хосликлари” муҳожир туғилган юрт ва муҳожир ёзган китобларнинг ўқувчиси бўлган жамоанинг жуғрофий жиҳатдан узоқлигидир. Аммо бу “ўзига хосликлар” ҳам муайян вақтдан сўнгра ўз оригиналлигини йўқотади. Ёзадиган одам хорижда ҳам Ватанида каби ёзаверади. Қаерда яхши ёзиш одамнинг табиатига боғлиқ.

Би-би-си: Муҳожиратдаги ижодингизни сермаҳсул деб айта оласизми? Ўзбекистондаги потенциалингиз даражасида ижод қила олаяпсизми?

Муҳаммад Солиҳ: Ҳеч “сермаҳсул” бўлолмадим. Эпик жанрларда ёзиш “потенциали”га соҳиб эмасдим. Шу сатрларда бунинг иқрори бор:

Хатим қисқа бўлди, она,
сенинг уйқунг каби қисқа.
Табиат сени уйқудан, она,
мени эса сўздан қисган…
(1975)

Миниатюра устаси рассом Чингиз Ахмар дориломон 70-йилларнинг устахонасида биз ёшларни меҳмон қиларкан, “Муҳаммад Солиҳ, сиз бадавлат одам кўринасиз,” деганди. “Нега?” десам, раҳматлик Чингиз оға “Чунки шеърни жуда қисқа ёзасиз,” деб жавоб берганди. Унинг ишора қилгани аслида СССРдаги нашр сиёсати эди. Шоирларнинг ёзган ҳар сатр “назми” учун – шоирнинг вазнига қараб – 60 копеекдан 1 рубль 40 копейккача гонорар тўланарди. Сатрига 1 рубль 40 копейк халқ шоирларига, 60 копейк эса бизга ўхшаганларга тўланарди. (Чингиз Ахмар Совет давлатининг мукофотларини олганига қарамай, руҳида зиёлига хос бир диссидентлик – тузумга бегоналик, ҳурриятга ташналик бор эди. Шу сабаб , балки, ёшларни тез-тез устахонасига чақириб, шеър ҳақида суҳбатлашар, уларнинг кўнглини олишга интиларди).

Хуллас, бугун ёш олтмишдан ўтди, бутун шеърларимнинг тўпланган ҳоли 10 минг сатрдан ошмайди. Бу ҳажмни нормал ўзбек шоири икки йилда ёзиб ташлайди. Аммо, Худога шукр, менда маҳсулдорлик комплекси бўлмаган. Доим қисматимдн рози яшадим. Адабиёт иккинчи планга ўтиб, Пайғамбаримизнинг ҳадислари билан танишганимда эса, мени қисқа ёздирган Яратганга шукрим янада ортди. Пайғамбаримиз ҳадисларида мен ғофилга сўзнинг нақадар буюк қурол эканлигини кўрсатди. Учта сўздан ҳикмат туғилишини намойиш этди. Масалан:”Инсонлар ўлганда уйғонурлар”. Бу ҳадиснинг, бу 3 та сўзнинг тафсири – дарёдир. Хўп, бундан мухтасарроқ,масалан, икки сўз билан ҳикмат айтиш мумкинми? Мумкин, агар бу икки сўзни яна Пайғамбар айтса. Масалан: “Табассум садақадир”.

Мен шеърларимнинг сўнгги нашрини “Валфажр” номи остида тўплагандим. Улардан анчасини китобга киритмадим ва анча енгил тортдим.

Ҳар бир шеър ёзувчисининг бир профессионал қўрқуви бор. Каминада чиройли гапириб қўйиш қўрқуси эди. У мени кўп таъқиб этди:

“Мен сўзларни зўрға енгиб яшайман.
Ишим шундай – сўзларни енгмоқ.
Қорни тўқ, боши бўш,мешчан сўзларни.
Агар сен ҳам енгмоқчи бўлсанг,
Уларни айтма бир иложин топиб.
Лаззатлана бил,
Айтмай, чидаб яшаганингдан…
“Булар-чи?” дейсанми?
Бу сўзлар – мени енгган сўзлар,
Илож йўқ…”

(1977)

Бу қўрқув сермаҳсулликнинг пайини қирқиб турадиган нарса эди.

Би-би-си: Муҳожират ижодкор сифатида сизга қандай имкониятлар берди ва сизни яна қандай имкониятлардан маҳрум этди?

Муҳаммад Солиҳ: Имконни ва ёки имконсизликни муҳожират бермайди. Қўлида қалами ва бир парча қоғози бор кишининг ҳар қандай жойда ёзиш имкони бор. Ҳатто, турмада ҳам. Албатта, ўзбек турмаларимиз бундан мустасно. Ўзбекистон турмалари энг ваҳший қоидалар ҳукм сураётган бўлгалардир. Дунёнинг ҳеч бир турмасида бизникидагидай зулумот йўқ. Дўстим Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон) турмадан ёзган мактубида буни тасвирлаганди. Аммо Оврўпо турмаларида бемалол,исталган нарсани ёзса бўлади. Мен Панкрас турмасида ўтирганимда қоғоз-қаламим бор эди, у ерда ёзилган бир матнни Вацлав Ҳавелга ҳадя қилгандим.

Муҳожиратда ёзилган нарсалардан намуна истаган экансиз, Ҳавелга берилган ўша матнни бу ерда келтириш мумкин:

МАҲКУМНИНГ ЎЗ БАШАРАСИДАН АЙРИЛИҒИ

Ҳибсга олинганларга маҳкамага чиққунларига қадар кўзгу бермайдилар. Менга ҳам беришмади ва мен ўз башарамдан айрилдим.

Ҳар сабоҳ соқолимни тарашларкан, юзимни қўлларим билан кўраман, аммо қўлларим кўз каби кескин кўра олмайди. Шу боис, адвокат билан ва ёки бошқа зиёратчилар билан кўришишга борарканман, елкаларимда назоратдан ўтмаган бир каллани кўтариб келаётганимни ҳис этаман.

Ҳужра (камера)даги ҳаво ҳаддан ташқари қуруқ бўлганидан (батариянинг таъсири, балки) юз териси қуруқлашиб, худди бошга бир ниқоб, бир маска кийдирилган каби ҳис этасан ўзингни ва бу ҳолат ўша юз билан айрилиқ туйғусини яна ҳам кучайтиради.

Табиий, бундай бир юз (ёки чеҳра) кундалик турмушда зарурий бўлган маневрларга ҳеч тайёр эмас. Масалан, мен панжара орқасидан зиёратчимга кулимсирасам, менинг юзим ҳам кулимсирайдими-йўқми, мен буни билолмайман. Ёки бу юз мени зиёратчига олиб келган соқчи каби четдан кузатиб турадими фақат? Ва ёки масалан, мен гапираркан, бу юз нима қилади: менинг айтганларимни имо-ишора (мимика)лар билан тасдиқ этадими ёки аксинча, инкор этадими? Ёки бу юз мендан айрилганидан мамнун, назоратимдан қутулганидан хурсандми?

Ҳар ҳолда, у энди зиёратчимнинг табассумига жавобан, саноқсиз юзларга ҳибс этилгану, миллионларча кулимсирашларга монанд бир маҳсулотни намойиш қилиш учун ўз пайларини чарчатмаяжак.

Табассум ҳақида гапираяпман, чунки табассум – айниқса, дунёмизнинг “маданий” қисмида – инсон чеҳрасининг энг кўп эҳтиёж туядиган ҳаракатидир. Инсонлар тинмай кулимсирашга маҳкумдирлар, уларнинг чеҳралари бу оғир меҳнатдан аллақачон чарчаб бўлганлар.

Эҳтимол, шу сабабдан, ўликлар ичида табассум қилганлари камдан-кам учрайди. Балки юзига табассум ёйилган бир-икки ўлик кўрган бўлишингиз мумкин, аммо кейинроқ уларнинг бир диндор бўлганлигидан огоҳ бўласиз, улар бу ҳаётда кўп йиғлаб, оз табассум қилганлари учун ва ёки Аллоҳнинг васлига эришганидан қувониб, табассум этганлигига шоҳид бўласиз. Яъни, ҳатто, ўликларнинг табассуми ҳам биз учун эмас.

Кулимсирашга шундай назар билан қараганим туфайли, балки бу ишни ҳаётимда ҳеч тўғри қила олмаганимдан келиб чиққан бўлиши ҳам мумкин. Бу хусусда доим оқсаганман. Масалан, ёшлигимда шундай бир шеър ёзгандим:

Чормих-ла парчинланган табассум – Икки бурчагига мих қоқиб, башарага парчинланган табассум. Мен сизга яхши кўринмак учун бундан баттар оғриққа ҳам чидашга ҳозирман.

Ҳақиқатдан ҳам, халқ ичида бу қул меҳнати, бу кулимсираш у лойиқ бўлмаган бир ҳурмат билан ташвиқ этилади. Дейлик, бир сиёсатчи таъсирли шаклда кулимсирашни амаллай олмаса, у “халқ ичидан чиққан сиёсатчи, ўзимизга ўхшаган камтарин йигит,” каби рекламага ноил бўла олмайди.

Кулимсираш фетишизми ҳаётимизга шу қадар ўрнашиб олганки, ҳатто диктаторлар ҳам ойна олдида туриб, юзларининг пайларини ўйнатиб, табассум санъатини мукаммал эгаллаш учун ишга киришдилар. Бу меҳнатдан ягона мақсад: Халққа яқин бўлиш! Ва телевизор экранларидан ўзининг эгаллаган санъатини намойиш қилаётган Халқбоши Диктаторнинг юзидан ёйилган “табассум” тўлқинлари ўша Халқнинг вужудини жимирлатиб юборганда, у бечора Халқ: “Инсон зотининг кулимсираши бу қадар хунук бўлиши мумкин экан-да!” деб юборади!

Шунга қарамай, мен инсон юзининг энг гўзал ҳаракати бўлган табассумни томоша қилишни севаман. Агар у болалар ёки ўз чеҳрасини назорат остида ушлашни ўйламаган деҳқоннинг ёки ухлаётган бир бокира қизнинг ё бўлмаса, бир авлиёнинг табассуми бўлса.

Бу хил кулимсирашлар гўё “санъат санъат учун” назарияси асосида яратилган бир интеллектуал асар мисоли ва ёки “рақс ичида рақс” мисоли теран мазмунли ҳаракатлардир. Улар, балки яна ҳам кўпроқ бир дуога ўхшайди. Бу кулимсирашлар ўз ичларига, айни пайтда ташқарига, коинотга, галактикага узанган бир энергиядир. Бундай ҳолда, кулимсираш инсон юзини оғритмайди, аксинча, инсоннинг юзи ўз атрофида чизган табассумдан лаззат олади.

Атрофини чизган, дедим, чунки кулимсирашни инсон юзи яратмайди (у ташқаридан берилади), инсон юзи табассумга бир гардиш, бир чорчўп ясайди, холос.

Мен Панкрас қамоқхонасида иккинчи кунимни бошларкан, “балки, бу ерда на кулимсирашга ва на бошқа бир имо-ишоратга ҳожат бўлмагани учун ҳам мен ўз юзимдан айри тушдим,” деган бир фикр келди бошимга. Бу кўп мантиқли бир фикр эди, аслида. Бу ерда ҳақиқатдан ҳам инсон чеҳрасининг озодликда эҳтиёж туябилажаги ҳеч бир мимикага эҳтиёжи қолмайди.

Бу ерда ҳеч ким бир-бирининг кўзларига боқмайди, бу ерда сенга мурожаат қилсалар, гўё сен шаффоф бир борлиқ каби, гўё сен йўқ каби, бир бўшлиққа каби мурожаат қиладилар. Бўшлиққа отилган ҳар калима буюк гулдуросга айланади, ҳар калима даҳшатли шаклда теран тушунилади, яъни сўзларни, ташқарида кўникилгани каби, юз мимикаси билан тўлдиришга ҳеч эҳтиёж қолмайди.

Шу сабабдан, бу ерга кирган ҳар бир инсоннинг ўз юзини шахсий ашёлари билан бирга қамоқхона маъмурларига топширдим, деб ўйлаши зарур. Ва бу фикрга ўзини кўниктириши керак. Акс ҳолда, инсон бир неча кун қийналиши турган гап, бўлар-бўлмас хаёлларга, энг ёмони, озодлик ҳақидаги орзуларга берилиши мумкин. Бу яхши эмас. Шуни билингки, истайсизми-истамайсизми, бу совуқ ҳужрада уйғонажагингиз илк тонгдаёқ сизнинг юзингиз сиздан айрилажакдир.

(5.12.01, Панкрас қамоқхонаси, 524 – камера, Прага)

Муҳаммад Солиҳ: Ниҳоят, сўнгги йилларда ёзилган шеърсимон матнлар:

МИШ-МИШ

“Ўша сизлар билган шоир М.Солиҳ
аллақачон ўлган, йўқ бўлган, синган!
Дунёни тарк этиб дарвеш мисоли
берилган эмиш у тамоман динга!”…
Қани, тўғри бўлса авомнинг гапи,
аввалги М.Солиҳ ўлган бўлсайди,
юраги дарвешлар юраги каби
динга, фақат динга тўлган бўлсайди!
(2003)

МАШҲАР КУНИДА

Орзу этмакдаман: Ҳисоб кунида
Раббим кўрар экан менинг ишимни,
менга “қулим Солиҳ” дейиш ўрнига
“солиҳ қулим” дея сасланишини…
(2004)

ҲАЁ

Оллоҳим, авлиёлар жаннатни сендан
ҳаё этгани-чун сўрамадилар.
Мен эса сўрадим, сўрамасликдан
ҳаё этганим-чун сўрадим, ё Раб.
(2003)

ҚЎРҚУВ

Бу дунё мастликдир. Қўрқяпман қараб:
Ҳеч кимдан қўрқмасмиш инсон мастликда –
сендан қўрқмасликдан қўрқяпман, ё Раб,
сенга сиғиняпман сиғинмасликдан!
(2003)

БОР

Оч энди, кўзингни Очиш Фаслида
Кипригингда Дунё ишқи ғубордир.
Кўриб турганинг олам – Йўқдир аслида
Кўролмай турганинг – ягона Бордир.
(2009)

ТЕЖАМ

Аланглама, исроф бўлмасин бу кўз,
дунёга сўнгги бор боқаётгандай боқ –
тежаб гапир, токи айтганинг ҳар сўз
Видо сўзи каби бўлсин қисқа, пок!
(2009)

УМУРТҚА

Ёш экан, бу одам тўғрийди ғоят,
кексайиб, тўғрироқ бўлди янада,
чунки умуртқаси бўлган Шеърият,
умрининг сўнгида Шариат бўлди.
(2010)

Муҳаммад Солиҳ: Сизнинг сўнгги саволингизга пастдаги матн жавоб бўла олар балки деб ўйладим:

ВАТАН

На Ўрта Осиё, на-да Туркистон,
На-да Ўзбекистон менинг ватаним,
На-да Ер курраси, на-да Қаҳқашон,
На-да жаннатидир Одам Отанинг!
Мен ожиз бир қулман атиги,
ўша ожизликка мосдир ватан ҳам –
Ҳу анави дарвеш қўлтиғидаги
Йиртиқ сажжодадир Ватаним маним!
(2007)

Би-би-си: Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат.

ВВС, 10.11.2010

(142)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (463-469-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар