Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жинни эмасман, улар жинни қилдилар!

Жинни эмасман, улар жинни қилдилар!
14 Mayıs 2017 - 11:45 'да юкланди ва 1788 марта ўқилди.

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(6)

Саккизинчи боб

Йигитчанинг исми Исмоил эди. Уч ёшдалигида отаси қазо қилиб, у билан синглисини онаси минг машаққат билан улғайтиради. Ўн еттига қадам қўйиб, темирқанот бўлганида бошига кулфат тушипди. Ҳикоясини тинглаган Баҳромнинг унга қанчалик ичи ачишмасин, қўлидан бир иш келса эди…

– Маҳалладош бир-икки йигитлар билан уй таъмирлаймиз! – деди синиқ овоздайигитча. – Қўлим ишга қовушиб, энди уч-тўрт сўм пул топадиган бўлиб қолгандим.Ҳаяллаб қолсам онам йўлимга термулиб ўтиради. Мени кўрмагунича ёстиққа бош қўймайди. Кечиксам қўнғироқ қилиб, онамни кўнглини тинчитиб тураман деган умидда озроқ пул орттириб, Навоий кўчасидаги олиб-сотарлардан уч кило гўштнинг пулига қўл телефони сотиб олгандим. Бу қурғур бошимга битган бало бўлди. Ундан уч кун ҳам фойдаланмадим. Ўтган тунда миршаблар уйимизга бостириб кириб, онамнинг дод-войларига қарамасдан, мени бу ёққа олиб келдилар. Телефонни бир қизнинг қўлидан кимдир тортиб олиб қочган экан. Мени қиз билан юзлаштирган эдилар, у, юзини яхши кўра олмаган эдим, орқасидан шунга ўхшайди, деяпти. Мен миршабларга, “сотиб олган одамимни яхши танийман” десам ҳам, улар, “бўйнингга ол, ўзинг тортиб олгансан”, дея кечадан буён аямасдан дўппослашади. Бири чарчаса,иккинчиси, иккинчиси чарчаса, учинчиси қистовга олади. Ўзимни осиб бир йўла қутулай дейману, онам билан синглимни кўзим қиймаяпти.

– Қўл телефон сотиб олганингни миршаблар қаёқдан билишипди? – ҳайрон бўлди Баҳром.

– Билмасам! – дея Исмоил жимиб қолди.

Бир оздан кейин унинг бурнини тортгани эшитилди. Шунда йигитчанингйиғлаётганини англаган Баҳромнинг кўз олдига ўз ўғиллари келиб, беихтиёр хўрсиниб қўйди. У йигитчага таскин бериш учун ютиндию, нима дейишни билолмади.

– Телефонни кимдан сотиб олган бўлсанг, ўша нусха миршабларнинг қулоғи бўлиши керак! – деди сўнгра у оғир жимликни бузиб. – Ёки атрофингдаги ўртоқларингдан кимдир миршабларга ишлайди.

– Атрофимдагилар телефоннинг ўғирланганлигини қаердан биладилар? Ўзим билмаганман-ку! – йиғламсираётганидан унинг сўзлари узилиб чиқаётганди.

– Тўғри айтасан, фикрингда жон бор! – Баҳром уни маъқуллади. – Атрофингдагилар телефоннинг қаердан қўлингга тушганини туш кўриб ўтирипдими? Барчаси миршабларнинг ҳийла-найранги. Пул учун нима ишлар қилмайдилар. Энди нима қилмоқчисан?

У кўз ёшларини Баҳромга билдирмай, кафти билан артди.

– Тоғам келганди! – деди сўнгра. – Шу ерда ишлайдиган танишини учратиб қолипти. Икки милён сўм пул бўлса, жиянингизни чиқариб юборамиз, деётганмиш. Тоғамда беш юз минг сўмга яқин пули бор экан. Онам бир пайтлар отам олиб берган тилла буюмларини сотиб, қолганини эплаштираман, деяпти.

– Емаган сомсангга пул тўлаб нима қиласан? – деди Баҳром. – Сени шунчаки қўрқитишяпти. Айбдор қилишга етарли далиллар бўлмаганидан кейин, қўлларидан шашвар ҳам келмайди. Бировни қамаш учун жиноятини исботлаш керак.

– Исботлаб бўлишди!

– Қандай қилиб?

– Барчасини қилганман деб ёзиб бердим.

– Қилмаган ишингни нима учун қилдим деб ёзиб берасан, жиннимисан?!

– Жинни эмасман, улар жинни қилдилар! – деди Исмоил бирдан товушини кўтариб. – Урдилар, тўкдилар, таҳқирладилар… Очилмаган олтита ишни бўйнимга илдилар. Юзимга газета ёпиб қўйиб дўппосласалар, моякларимни тагидан сиқиб боғлаб, икки биқинимга уриб, буйракларимни эзсалар, ўтиришга қўймасалар, ухлашга бермасалар.., айтганларини қилмасдан ўлишим керакми?!

У бир замон жимиб қолдию, кутилмаганда ўрнидан ирғиб туриб бошини эшикка ура бошлади.

Эшик очилиши билан таниш соқчи:

– Нима гап? – дея Баҳромдан сўраган эди, у “билмасам” дегандай елка қисди.

Шунда соқчилар чўккалаб пешонасини деворга ураётган Исмоилнингбилакларидан ушлаб, уни даҳлизга судраб чиқтилар.

– Урманглар, урманглар, окожонлар, илтимос! – деди у қўлларини кўксига босиб.

– Сени анави урдими? – дея иккинчи соқчи унга кўзлари билан Баҳромни кўрсатди.

– Йўқ, урмадилар, окамлар яхши инсон эканлар! – деди зир титраётган Исмоил елка қисиб.

– Нимага бақирдинг бўлмаса, тўғрисини айт? – ишонмади у.

– Тўғриси, урмадилар! – дея у миршаблардан ҳимояланаётгандай, қўлларини панжара қилиб, бўйнини ичига тортди.

– Қўлларингни тушир! – деди зарда билан таниш соқчи. – Пешонанг қаерда ғурра бўлди?

– Окажон, онам билан синглим эсимга тушди. Чидолмасдан бошимни эшикка урдим. Қамалиб кетсам, уларнинг аҳволи не кечади? Қўрқяпман!

– Жиноятга қўл урмасдан олдин шу ақлинг қаерда эди, ифлос? – деди унинг гапларидан кўнгли юмшаган таниш соқчи шаштидан тушиб.

Соқчилар кетгач, ўтириб олган Исмоил турмоқчи бўлганди, тиззалари букилиб, тура олмади. Баҳром, “ўйин қиляпти, шекилли, бояги гаплар шунчаки чўпчакдан бошқа нарса эмас экан-да”, дея ўйлади.

Соқчилар эшикни атайлаб очиқ қолдиргандилар. У даҳлизда орқасини деворга бериб, овоз чиқазмасдан узоқ йиғлади. Бир пайт ҳожатхонага бормоқчи бўлибўрнидан туришга уринганди, икки биқнини ушлаб, қимирлай олмасдан қолди.

Баҳром унинг қўлтиғидан кириб, ҳожатхонага етаклаб борганда, у илтижоли термулиб:

– Суяб турмасангиз йиқилиб тушаман, окажон! – деди.

Оёқ товушларини эшитиб югуриб келган соқчиларга Баҳром, “нима қилай”дегандай қараган эди, таниш соқчи:

– Ёрдам беринг! – деди.

Баҳром уни ҳожатхона тешигига тўғирлаб, тескари қараб турди. У девор босган одамдай инқиллаб-инқиллаб чоптира бошлади. Қўллари чарчаган Баҳром, “ҳалибўлмадимикин” деб қайрилиб қараганда, тосдаги қип-қизил қонни кўриб ҳуши бошидан учди. Қонга назари тушган соқчилар ҳам “ўйлаганимиздек чиқди” дегандайбир-бирларига сирли қараш қилдилар. Уларнинг қарашлари замирини англаган Баҳром, “кўравериб, буларнинг кўзлари пишиб кетган, ҳамма балони биладилар”, деб ўйлади.

Шундан сўнг тепадан тушган масъуллар Исмоилнинг тилидан тилхат ёздириб олдилар. Тилхатда у ўзини ҳеч ким урмаганлигини, ҳақорат қилмаганлигини, ҳожатхонада эҳтиётсизлиги туфайли пешонасини деворга уриб, орқаси билан ерга йиқилиб тушганлигини ёзиб берди. Тилхатга Баҳром гувоҳ сифатида исми-шарифини илова этиб, имзо чекди.

Соқчилар:

– Қаҳрамонов Исмоилнинг йиқилиб тушганини тутқун Қурбонов Баҳромдан эшитдик. Кўзимиз билан кўрмадик, – деб имзо қўйишдан бўйин товладилар.

Юз бора ўйлаб, иложсизликдан тилхатга имзо қўйган Баҳром Исмоил чиқиб кетганидан сўнгра ҳам анча пайтгача ўзига келмади.

Давоми бор 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар