Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Xалқнинг хотираси

Xалқнинг хотираси
15 Mayıs 2017 - 6:00 'да юкланди ва 945 марта ўқилди.

Интернет Оллоҳнинг неъматими ёки балосими? Ҳам неъмат, ҳам бало. Интернет виртуал бир маҳшар. Аммо у борган сари Дажжол маҳшарига менгзамоқда: бу майдонда ҳамма тенг, факат қип-ялангочликда тенг. Оломон уят жойларини яширишни унутган.

Унутмаганлар бор, аммо улар озчиликда. Бизни ўша озчиликдан айирмасин роббимиз.

Яқинда бир сайтда Ўзбекистонлик ёзувчининг “Тақдир ажойиботлари ёки Одил Ёқубов ҳақида” хотира-қиссаси босилди. Бу “қисса” ўқувчида ўлкамизнинг жорий ёзувчилари носталгик хотиралар ёзабошлабдими, совуқ уруш давридаги каби хориждаги диссидентларни қоралашга ўтибдими, демак, ватанимизда ёзувчи ҳайқириши керак бўлган муҳим масала қолмабди, юртимиз гули-гулистон экан, қабилида бир таассурот уйғотади.

Қиссада Абдулла Қаҳҳор ва каминанинг марҳум ёзувчи Одил Ёқубовнинг “оёғидан чалганлиги” тилга олинади. Сўзбошида бу жиҳатга алоҳида урғу бериб, реклама қилинганига кўра, қисса нашридан келадиган обрў айнан шу жиҳатнинг тараннум савиясига боғлиқ.

Қисса муаллифи ҳақда махсус ёзишга ҳожат йўк, бу тоифа кишиларининг умумий портретини чизиш қулайроқ: булар ўзларини ўзбек адабиётининг ўзбек меросхўрлари деб билишади. Адабиётда миллийлик тарафдорилар, миллийликни эса, уларнинг фикрича, фақат қишлоқда туғилган ёзувчи тамсил этиши мумкин.

Адабий тотемлари ҳам шунга яраша – Одил Ёқубов, Шукшин ёки, дейлик, Распутин. Шиорлари – замон сенга боқмаса, сен замонга боқ. Идеаллари – Комосомол мукофоти. Минбарлари – “Ёшлик” журнали. Яъни абадий ёш авлод, муттасил норасида зотлар. Бутун даврларда бахтиёр яшашни уддалайолган, умрида изтироб чекмаган, фаровонликнинг тирик тимсоллари. Лабларида 24 соат табассум, жанозаларда ҳам.

Совет даврида бу инсонлар билан ҳеч ишим бўлгани йўқ , уларга истеҳзо ҳам қилмадим. Ёзганларимнинг бари реал ҳокимият соҳибларига қарши эди, уларнинг югурдакларига эмас. Шунга қарамай, камина бу инсонларнинг доим ғашини келтирганимни сезардим.

Ўзини мухолифатда деб билган, аммо зеҳнияти юкорида айтилган тоифага яқин биттаси мендан “ўзини халкдан кўпроқ яхши кўради”, деб хафа бўлибди.

Албатта, ўзимни ёмон кўраман десам, ёлғон бўлади. Xудди халқимни ёмон кўраман десам ёлғон бўлганидек. Аммо бир мусулмон сифатида ўз нафсимга, ундаги манфий жиҳатларга қарши баҳолиқудрат мужодала этмоқдаман. Бу мужодала мустабид хукмдорга қарши курашдан муттасилроқдир. Модомики, бу мавзуда ҳисоб бериш керак экан, берайин: уруш жанжални севмайман, аммо 1984 йилда бошланган миллий қадриятларимизга қарши хуружлар тенгдошларимиз қаторида мени хам уруш-жанжалга савқ этди. Бу ғавғода ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳужум қилмадим, доим ҳужумга қарши мудофаа билан машғул бўлдим.

1984 йилдан бошлаб ёзган бутун мақолаларим мудофаа мазмунли матнлардир. Роббимга шукрлар бўлсин, У менга ҳеч қачон шахсий ташвишларимни тилимга олдирмади, доим халқимнинг дардини айттирди: мудофаа этаркан, халқимнинг манфаатларини мудофаа эттирди.Бу уруш фонида мен Ёзувчилар котиблигига сайландим. Оллоҳ шохид, бу мақомга асло интилмадим, мени у ерга воқеалар тадрижи олиб борди. Кейин ЭРКка раҳбар бўлдим. Буни ҳам орзу қилмагандим, ватанимдаги шароит шу ишга киришга мажбур қилди.

Аммо бу маколани ёзаркан, “мен” калимасини қўлланишга мажбур бўлаётганимдан хижолат чекмоқдаман. Халқ дарди эмас, нафсимни мудофаа қилаётганимга гашим келяпти. Бугунгача бу хил ёзувларга жaвоб бермагандим, чунки мухолифларимнинг ҳаммаси эл ичида шаллақилиги билан танилган кишилар эди, уларни мен айтмасам ҳам одамлар яхши танирди. Бугунгиларга жавоб бераяпман чунки бу кишилар халк ичида “ёзувчи” сифатида билинади, (ёзувчига халқимизда ҳали ҳам ишонч бор). Бу тоифа шаллақилардан таҳликалироқ, чунки булар инсонларга – гапирганда туфук сочадиган шаллақи тоифадан фарқли ўлароқ – лабида табассум билан мурожаат қилади. Ичлари зимистон бўлган ҳолда, беғуборлик ҳақда ваъз ўқийдилар.

Буларнинг инсонлар ишончини суистеъмол қилиб, қорани оқ, оқни эса қора қилиб кўрсатишларига жим туриш мумкин бўлмади. (Айни онда буларни ёзаркан, мени бу инсонлар ҳолига туширма, эй, парвардигор, дейман. Чунки баъзан жўшиб кетиб, ёлғон сўйлаб қўйишдан бизни ҳеч ким кафолатлай олмайди. Илҳом келганда, чиройли сўзлар билан муболаға айтиш таҳликаси доимо мавжуд. Шу боис, илҳомнинг тойинчоқ йўлидан қўрқаман, чиройли гапдан, гўзал ташбиҳдан қўрқаман. Ифода этилган ҳар калимани ўлчашга маҳкумлик ҳам шундан.Чунки ҳар калима учун жавоб берилишини биламан).

Аммо “халқимни ўзимдан яхшироқ кўраман” дея кўкрагига урганлардан “халқинг учун нима қилдинг?”, деб сўралса, берадиган жавоби йўқлигини ҳам биламан. Масалан, ким халқини севиб, кимнинг севмаслигига ҳакамлик қилаётган шахс 1984 йилда (Черненко даври) у севган халкнинг ҳимоясига ёзилган “Политбюрога хат”га имзо қўйишдан қўрқиб, биздан яшириниб юрган пайтларини эсласа, балки ҳовридан тушган бўларди.

1988 йилда (Горбачев даври) гапириш учун тепадан рухсат келганда, булар тиллари бийрон, бизни “ҳукуматга сотилди, ўзини халкдан кўпроқ яхши кўрди”, дея айнан айблашганди. Булар ҳеч ўзгармабди. Сочлари оқарган, аммо ичлари аввалгидай.

Алхамдулиллоҳ, У мени доим заифлар тарафини олдирди,кучлиларга ёлтоқлик эттирмади. Xалқимни севаман, дейишга жасоратим йуқ, аммо халки ва юрти ҳуррияти учун бир кишининг тўлаши керак бўлган бадални тўладим, менинг тўлай олмаганларимни укаларим тўлаяпти Ўзбекистон турмаларида. Шундай бир шароитда, бу зулм асрида бизлар ўзора нафратга эмас, ўзора севги ва ҳурматга муҳтож эдик. Аммо бу йўқ, нафрат бор дастурхонимизда. Тепамиздаги Золим ўша нафратнинг моддийлашган шаклидир.

Бу нафратининг манбаи қаерда?

Бизнинг мисолимизда бу нафратнинг психологик мотивини икки қисмга айириш мумкин. Биринчи қисм резюмеси шу: ОДАМЛАР УЛАР ҚАДРЛАГАН НАРСАЛАРНИ МЕНСИМАСАНГИЗ СИЗНИ АСЛО КЕЧИРМАЙДИЛАР.

Фикри ожизимча, бизда, 80- йилларда миллий давo билан майдонга чиққан инсонларда айнан ана шу ҳалокатли менсимаслик рўй берди.

Биз мансуби бўлганимиз Адабиёт Aҳлининг қадриётларини менсимадик. Улар учун қийматли не-ки бўлса, биз учун бир чақалик қадри йўқ эди. Адабий тотемларидан тортиб, Комсомол мукофотигача – бари биз учун масхара мавзуси эди. “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” мафкурасига қарши биз “Замон сенга боқмаса гар, сен ҳам боқма замонга”, дедик. Улар каби кўпрок гонорар олиш учун узун матнлар, достонлар битишни ўзимизга ҳақорат деб билдик. Ҳатто ,(янглишмасам, 1976 йилда) Хуршид Дўстмауҳаммаднинг уйида – у тирик, тасдиқласин – 7 киши “ким бу мустамлака хукуматдан мукофот олса, эркак эмас”, дея онт ичдик.

Ва Оллоҳ энг омадлиларимизга ичган онтимизни тутишни насиб этди, алҳамдулиллоҳ.

Кейин сиёсатга кирдик, тақдир чизгиси айнан давом этди. 1992 йил 2 июл куни Каримов режими бошлаган репрессияларга норозилик сифатида мен Олий Кенгаш депутатлигидан истеъфо этдим. Ва у ердаги гўё бизнинг сафимизда бўлган сафдошларимизга ҳам истеъфо қилишни тавсия қилдим: “бу ерда қўл кўтар, деса кўтариб, тушир, деса тушириб ўтирадиган қўғирчоққа айланмасдан, номус ва шарафимиз билан кетайлик”,дедим. Улар “сиз хато қиляпсиз, биз кетмаймиз”, дейишди. Ярим йил ўтмай, бу инсонларнинг ҳаммаси камина ўз ихтиёри билан чиқиб кетган Кенгашдан ихтиёрларига қарши ҳайдалдилар.

Энди бу инсонлар ҳам биздан нафратланишади. Нега? Чунки ўшанда улар учун қийматли бўлган Олий Кенгашни бир чақага олмадик.

Нафратнинг психологик мотивини иккинчи қисмини шундай ифодалаш мумкин: ОДАМЛАР УЛАР ҚИЛИШГА ЖУРЪАТ ЭТМАГАН НАРСАЛAРНИ СИЗ ҚИЛСАНГИЗ СИЗНИ АСЛО КЕЧИРМАЙДИЛАР.

Бунга мисол: Бир гуруҳ ёш адибнинг – юқoрида ҳам эслатгандик – 1984-йилда ёзган “Политбюрога мактуби” мустақиллик гоясининг амалга ошишига инонмаганларни ғазаблантирди. Бу газабланганларнинг энг машҳури Абдулла Орипов эди. “Бу ёшларга нима керак узи?. Ленин бобо ўрнидан туриб таъзим қилсинми буларга? Ёки атом бомбасининг кнопкасини берайликми қўлларига, нима истайди булар ўзи?”, дея ҳайқирганди у Ўзбекистон компартияси минбаридан. Яъни биз, 53 та ёш адиб, Орипов тенгдошлари журъат этмаган акцияга қўл уриб, уларнинг нафратини қозонгандик. 1989 йил январ ойида СССР Ёзувчилар Союзининг Қурултойида нутқ қилиб, кутилмаган таважжуҳ кўрдим, зал узоқ олқишлади. Сўнгра ёнимга машҳур рус шоирлари, Олжас Сулаймон, Онoр каби атоқли шоир ва носирлар келиб табрик этди, аммо ўзбеклардан шоир Шукрулло ва ёзувчи Мамадали Махмуддан бошка ҳеч ким келмади. Чунки камина улар журъат қилмаган нарсаларни билмай айтиб қўйганди.

Бу мажлисда ҳам Одил ака мендан хафа бўлганини Мамaдалидан эшитдим.Чунки нутқдан таьсирланган баъзи “фаросатсизлар” Одил Ёкубов номзоди кўрсатилган СССР депутатлигига менинг ҳам номзодимни кўрсатишга уринишган.

Гапнинг қисқаси, одамлардаги бу мажруҳ комлексни 20 июн 1990 йилда Олий Кенгашга “Мустақиллик декларацияси”ни кўтариб чиққанимизда ҳам, 1992 йилда Каримовнинг “ҳукуматга киринг” деган таклифини рад этганимизда хам кўрдик. Бу икки ҳолатда ҳам одамлар бизни кечирмадилар.

Мана, энди бу комплекс соҳибларининг Ёқубов билан орамизда ракобат, кўролмаслик бўлганлиги ҳакда миш-миш ва суиъ-зонларини ўқиб ҳайратга тушиб ўтирибмиз. Каминанинг Одил Ёқубов билан ҳеч қандай олди-бердиси бўлмаган, на у билан рақобат, на унга ҳавас бўлган. Иснод этилган “оёғидан чалиш” сўзи камина учун энг тубан ҳакоратдир. Кин сақлаш табиатимга бегона, фикрим бўлса, инсонларнинг юзига айтганман. Одил Ёқубов ҳам бундан истисно бўлмаган.

Одил Ёқубов бу “хотиралар”ни, мухлислари айтаётгандай, маъқуллаган бўлиши мумкинми? Мумкин. Ёқубов умрининг охирги йилларида ҳукуматнинг унга лоқайдлигидан музтариб эди. “Озодлик” радиосига берган интервюларидан бу аламзадалик доим сезилиб турди. У кўпчилик ёзувчилар қатори 1999 йил феврал портлашларига баҳо беришда ҳукумат тарафида туриб, “ватан хоинлари”ни(улар рўйхатидаги илк исм камина эди) кескин қоралаган бўлса-да, Каримов оқсоқол ёзувчимизнинг саи-ҳаракатларини сезмади ёки сезмаганга олди. Одил Ёқубов “ватан хоинлари” ҳақда Абдула Орипов каби жазавага тушмаса ҳам, нафратини баҳолиқудрат ифода қилиб турди.

Ўша машъум февралда менинг учта укам билан бирга Одил Ёқубовга доим содиқ бўлган ёзувчи Мамадали Махмуд ҳам ҳибсга олинди. Мамадалининг ҳимоясига ёзилган мактубга имзо чекишдан бош тортган Одил Ёқубовнинг “Мамадали ўзи аҳмоқ эди”, дегани бизга кутилмаган зарба бўлди. Аммо Оллоҳ рози бўлсин, устоз Шукруллоҳ ака вa Гулчехра Нуруллоҳ опамиз бу писган ёзувчилар фонида Мамадали биродаримиизни ҳимоя қилишдан қўрқмай, мардлиги кўрсатдилар.

Барибир, Одил Ёқубов ҳукуматдан садоқатига лойиқ эътибор кўрмади, тушкунликка тушди, боя эслатганим каби, умрининг сўнг босқичи изтироб ичида ўтди, Оллоҳ гуноҳларини кечирсин. Биз Одил Ёқубов билан бир-неча йил Ёзувчилар раҳбариятида бирга ишладик. 1988 йил май ойида мен ёзувчиларнинг аксариятининг дастаги билан уюшма котиблигига сайландим. Бу сайланиш Уюшма раҳбарияти ва ёки ҳукумат хайрихоҳлигининг натижаси эмас, aксинча, уларга қарама-қарши бир жабҳанинг ҳаракатлари ҳосиласи эди.

Уюшма тарихида коммунист бўлмаган ҳолда раҳбарликка сайланган илк киши эдим. Бу гайрикомммунистни сайлаганлар 1980 йилларнинг ўрталаридан бошлаб, миллий масалаларни кўтаришга журъат этган ёш шоир ва ёзувчилар ва уларга хайриҳоҳ катта ёшдаги адиблар эди. Нега айнан мени сайладилар? Валлоҳи, бунда менинг гунoҳим йўқ.

Балки, бу “сайланиш”га ўша даврда Москвада босилган мақолаларим ва бошқа фаолликлар замин ҳозирлагандир. Яхшиси, бу даврнинг холис баҳосини тарихчилар берсин. Одил Ёқубовга келсак, бу кишига мен доим ҳурматда бўлганман. Унинг раҳбарлик мақомини задалайдиган бирор ҳаракат қилганим йўқ. Одил Ёқубов менинг дўстим Мамадали Маҳмуд воситасида камина ҳақда баъзи манфий таассуротларини менга етказиб турган. Буни доим ҳисобга олишга ҳаракат қилдим. Ёқубовнинг каминадан илк ранжиши, янглишмасам, Уюшмага ишга келганимнинг иккинчи ҳафтасида юз берди. Менга таъсис этилган котиблик кабинетини ислоҳ этаркан, креслом узра осилиб турган Ленин портретини олиб, ўрнига жадид Абдулҳамид Чўлпон портретини осиб қўйдим. Бу портретни 1985 йилда рассом дўстим Вячеслав Охуновга илтимос қилиб чиздирган эдим. Ўша даврнинг руҳига уйғун, романтик бир портрет эди.Одил Ёқубов бу портретнинг Уюшма фаолиятига зарар беришини, Марказқўмнинг ғазабини қўзғашини айтди ва Ленин портретини ўрнига қўйинг, деди. Мен бу истакни юмшоқ бир шаклда рад этдим.

Одил аканинг каминага нисбатан иккинчи хафагарчилиги бизни Марказқўм Биринчи Котиби Рафик Нишонов чакиргандан кейин пайдо бўлди. Бу вокеанинг мухтасар вариантини “Йўлнома” китобидан келтираман:

МАРКАЗҚЎМНИНГ ИЛТИФОТИ

1989-йил февралда Ўзбекистон Олий Советининг анчагина депутати Совет Иттифоқи Олий Советига сайланди ва ўзбек ҳукумати бўшаган ўринларга сайлов эълон қилди. Одатдагидай, бўлажак сайлов тўла маҳаллий ҳокимият назорати остида ўтиши аниқ эди. Москва бу сайловларнинг қайта қуриш руҳида, демократик руҳда ўтишига таъсир қила олмас, у ўзининг ички муаммоларига ғарқ бўлган эди. Ўзбекистон ҳукумати одатдагидек, сайланиши лозим бўлган депутатларнинг рўйхатини тузди. Бу рўйхатга каминанинг ҳам номини киритишган эди. Менинг ҳали бу “сюрприз”дан хабарим йўқ эди.

Бир куни эрталаб Ёзувчилар уюшмасининг Компартия котиби Иброҳим Раҳим мени юзида сирли бир табассум билан қаршилади.

– Ҳозир Одил Ёқубов келади, бирга Марказқўмга чиқамиз, – деди жилмайиб.

– Тинчлик эканми ўзи? – дедим мен.

– Яхши хабар, яхши хабар, – деди янада сирлироқ қилиб Иброҳим Раҳим.

Бир оз сўнгра Одил Ёқубов келди ва унинг машинасида учовлон Марказқўмга жўнадик. Марказқўмга кириб, 6-қаватга кўтарилдик. Ўзбекистон Компартияси Биринчи Секретари Рафиқ Нишоновнинг рус ёрдамчиси қаршилади ва ҳеч куттирмай, кабинетга бошлади.

Кабинетда – тўрда Рафиқ Нишонов, унинг столига перпендикуляр қўйилган столнинг сўл тарафида Марказқўмнинг 2 – котиби Владимир Анишчев, 3 – котиби Мутал Холмухаммедов ўтиришарди. Бизни қаршиларкан, учаласи ҳам ўрнидан туриб саломлашдилар.

Биз, учта ёзувчи “перпендикуляр” столнинг ўнг тарафига ўтирдик. Нишонов ҳам сирли жилмаярди. Унга тақлид қилиб, Анишчев ҳам кулимсирагандек бўлар, аммо бу ҳаракати зўраки чиққанидан асабийлашгани сезилиб турарди. Лекин Холмухаммедов учинчи котиб сифатида жилмайиш санъатини яхши эгаллаганди.

– Яхшимисизлар? – деди Нишонов креслосига ясланаркан ва жавоб кутмай, русчага ўтди, – Муҳаммад Солиҳ, қалай, сайловлар билан чарчамадингизми?

Нишонов бизнинг СССР Олий Советига сайлов можаромизни яқиндан кузатиб борганди. Иккинчи котиб Анишчев ва Тошкент шаҳар котиби Сатинларнинг сайловда менга тўсиқ бўлиш учун кўп ғайрат сарфлаганларини ҳам биларди.

– Раҳмат, – дедим мен, – мен чарчайдиган бирон иш бўлгани йўқ…

– Ҳа, биламан, сиз эмас, сизнинг одамларингиз чарчашди, – деди Нишонов, – биз тарафдорларингиз кўплигидан хурсандмиз, сиз Иттифоқ Олий Советига сайланишингиз мумкин эди, аммо сизнинг тарғиботчиларингиз… Нишонов мен учун ташвиқот қилган дўстларнинг фаолиятини танқид қилди. Уларнинг сайлов тактикаси хато бўлганлигини айтди. Мен кулиб қўяқолдим.

– Аммо биз сизни республика Олий Кенгаши депутати сифатида кўришни истар эдик, – деди Нишонов ва Одил Ёқубовга юзланди, – А, Одил Ёқубович, мана, Киров округида бир бўш жой бор, марҳамат, Муҳаммад Солиҳ учун барча зарур ҳужжатларни ҳозирлаб, кампанияни бошланг, вақт оз қолди…

Одил Ёқубов ёзувчилар номидан “Марказқўмга ва шахсан Рафиқ Нишоновичга” раҳмат айтди. Ёзувчилар Уюшмасига кўрсатилаётган “оталарча ғамхўрлик” учун миннатдор эканликларини изҳор этди. Уюшма котибига Республика депутати бўлиш фахр эканини ва шунга ўхшаган алланималар деди. Кейин менга қаради.

Мен ҳам Одил Ёқубовга тақлид қилиб, бир неча ташаккур сўзи айтдим. Рисоладагидек чиқмади. Буни ҳамма сезди. Ичимдаги гапни айтолмагандим. Лекин бир неча сония сўнгра у гап чиқди:

– Менинг депутат бўлиш ниятим йўқ, – дедим мен, – мабодо бўлганида ҳам, мен депутатликка Компартия Марказқўми тарафидан эмас, халқ тарафидан кўрсатилишимни афзал кўрган бўлардим. Ўртага жимлик чўкди. Уни Одил Ёқубов бузмоқчи эди, фақат Рафиқ Нишонов ундан олдинроқ:

– Азизим, депутатлик йўлда ётмайди, – деди.

– Мен ҳам йўлда ётганим йўқ, – дедим мен.

Жавоб автоматик равишда, ҳеч ўйланмасдан берилган жавоб эди. Бу билан Рафиқ Нишоновни xафа қилмоқчи эмас эдим. Бу инжиқлик ёки олифталик ҳам эмасди. Совет Иттифоқи Олий Советига сайлов пайтидаги ҳукуматнинг қилган адолатсизликларига қарши кўрсатилган бир реаксия эди. Ўзимни ҳақиқатдан ҳам “йўлда ётмаганлар”дан ҳисоблар ва бундай номенклатура ўйинларини ўзимга ҳақорат деб билардим.

Менинг жавобимдан сўнгра Рафиқ Нишонов қип-қизил бўлди. Одил Ёқубов ҳам озгина ҳижолат чекди. Холмухаммедов ҳам. Анишчев, фақат унинг юз ифодаси ўзгармаганди.

– Рафиқ Нишонович, – деди Одил Ёқубов, – биз бу масалани муҳокама қиламиз, ўйлайман-ки, ҳаммаси жойида бўлади…

– Ҳа, Одил Яқубович, – деди Нишонов ва ўрнидан турди.

Ҳамма ўрнидан турди.

Нишонов столни айланиб ўтиб, ёнимизга келди. Юзига дипломат табассуми ёйилганди. Менинг тирсагимдан тутиб, Одил Ёқубовга юзланди:

– Одил ака, илтимос, уни тинчлантиринг (“угомоните”), ва тезда ҳужжатларни тайёрланг, – деди дўстона оҳангда Нишонов.

– Албатта, албатта, – деди Одил Ёқубов.

Рафиқ Нишонов кабинетидан ҳаммамиз табассум билан чиқдик.

Йўлда Одил ака менинг хато қилганимни айтди.

Депутатликни қабул қилишим керак, акс ҳолда, Уюшмага тазйиқ бошланиши мумкин, деди.

Иброҳим Раҳим ҳам кўп йиллик коммунист сифатида фойдали маслаҳатлар сўйлади. Аммо мен депутатликни қабул қилолмаслигимни айтиб, узр сўрадим.” (3-жилд, “Йўлнома”, Истанбул, “Билгаоғуз” нашриёти, 2007. 176-180 бетлар).

Албатта, мен сўзимдан қайтмадим. Ва бу Рафик Нишоновга “ҳаммаси яхши бўлади”, деб ваъда берган Одил Ёқубовнинг нафсониятига қаттиқ тегди. Уюшмада раҳбар бўлатуриб, бир котибга айтганимни қилдиролмадим деган бир руҳи-ҳолия ичида эди ва ўзича ҳақли эди. Лекин бунинг бир куни кинга айланиб, Одил Ёқубов ихлoсмандларининг “хотиралари”га мавзу бўлади, дея хаёлимга ҳам келмаганди.

Албатта, хом сут эмган бандамиз, нуқсондан иборатмиз. Нуқсонларимиздан биттаси одамлар билан унсиятдаги нуқсон эди. Биз патологик тарзда ўз мустақиллигига боғланган кимсалар эдик. Бу боғлиқлик бошқаларни ўйламаслик, худбинлик даражасида эди.

Бу хам етмаганидай, тўгрисўзлигимиздан ғурурланардик. Тўгрисўзни айтаяпман, деб бировларни хафа қилганимиз кўп бўлган. Ҳолбуки, жамиятимиз мустақил инсон каби, тўгрисўзни ҳам кечириш учун тайёр эмас эди. Кўриниб турибди, бугун ҳам тайёр эмас.Аммо гапиришга тўғри келади.

Одил Ёқубовгача Ёзувчилар Уюшмасига раиси Ўлмас Умарбеков эди. Уни бу мақомга Марказқўм котибаси Р.Абдуллаева келтирганди. Юмшоқ табиатли, ўртамиёна зако соҳиби, яхши одам эди. Аммо уни Марказқўм қўйгани учун бу кишига қарашимиз манфий бўлган.

Адабиёт ва санъат газетасининг мухаррири Одил Ёқубов анча либерал тушунчали, очиқ лаганбардорликдан йироқ бўлгани учун уюшма раислигига унинг номзодини ўтказиш учун яхшигина курашдик. Бизнинг тенгқурлар ичида унинг номзодига фақат Шавкат Раҳмон қарши эди ва сўнггигача қарши бўлиб қолди.(Шавкат раҳматли анъанавий ўлароқ Сарвар Азимов тарафдори эди).

Одил Ёқубов раис сайлангандан кейин эски гуруҳ ва кланлар узун нафасли ҳокимият марофонининг янги пойгасига старт бердилар. Бу Лазиз Каюмов, Ҳафиз Абдусаматов ва ҳакозолар гуруҳи, Эркин Вохидов ва Ўткир Ҳошимов гуруҳи, Сарвар Азимов гуруҳи ва янги раис Ёқубов атрофида уймалашган гуруҳ. Биз гарчанд Одил Ёқубовни қўллаган бўлсак-да унинг гуруҳига яқин эмасдик. Бизнинг гуруҳ (агар гуруҳ дейиш жоиз булса) гуруҳларнинг энг кичиги эди: Миразиз Аъзам, Рауф Парфи, Чулпон Эргаш, Иброҳим Ҳаққул, Аҳмад Аъзам, Олим Отахон, камина, ҳали танилмаган ўн-ўнбештача истеъдодли ёш шоир ва шоиралардан иборат эди. Бу гуруҳда на котиблик, на-да раисликни орзу қилган борди. Ҳокимият марафони 1990 йилга келиб, номенклатурага яқин Эркин Воҳид гуруҳининг устунлигини намойиш эта бошлади.

Мен ЭРК партияси билан машғул эдим, Уюшма ишларига вақтим деярли қолмаганди. Бунинг устига гуруҳларнинг ғийбати ва бир-бирига нафрати орасида яшаш чарчатганди. Шу боис, уюшма Қурутойида котиблигидан истеъфо қилдим. Тишларини ғижирлатиб ҳокимият учун талашаётганлар енгил нафас олдилар.

Кўп вақт ўтмай, уюшма иккига бўлинди, фитна янада авж олди. Ва мен ёзувчилардан тамоман узоқлашдим.

Бугун хотиралар ёзиб, кинларини қусаётган комплексли кимсалар қандайдир маънода ўша мағлубият кунларининг интиқомини ҳам олмоқдалар. Ҳолбуки,камина на уларга, на-да уларнинг рақибларига алоқам бор. Ҳар иккала уюшма халқ дардидан узоқ уюшмалар эди.

Баҳсимиз мавзуи бўлган тоифалар мамлакатнинг муҳим воқеаларининг ҳеч бирисига ўз муносбатини билдирмаган, билдиришдан қўрққанлар. Улар куч тарозисининг паллалари қай тарафга оғса, ўша тарафга оғишга доим тайёр турганлар. Парда орқасида пичир-пичир – уларнинг ҳайкириғидир.

Тарих буларнинг Андижон воқеaларида халқ тарафини олиб, норозилик бидирганини ёзмаяжак албатта. Чунки улар норозилик билдирмадилар. Улар халқ ўққа тутилаётган пайтда, балки, Дўрмон ишратгоҳида кайфу-сафо сураётгандилар. Режимдан норози мухолифат устидан кулиб, истеҳзоли матнлар тузаётган эдилар.

Тарих бўлган нарсаларни ёзадиган фан эса, буларни ёзажак. Чунки тарих инсонларнинг хотиралари эмас, халқнинг хотирасидир.

2011

(143)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (470-480-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар