Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Уларни дорга осгандилар, ўтда ёққандилар, сувга чўктиришганди, аммо бугун қарасак, ҳаммаси тирик экан”…

“Уларни дорга осгандилар, ўтда ёққандилар, сувга чўктиришганди, аммо бугун қарасак, ҳаммаси тирик экан”…
15 Mayıs 2017 - 19:31 'да юкланди ва 1398 марта ўқилди.

Ҳасан Ғойиб
(Тожикистонлик шоир)

Фикрлар уйқашлиги ва тақдирлар ўхшашлиги

Шеър хақида тожик шоири Бозор Собир шундай деб ёзади:”Адабиёт адаб калимасидан олинган бўлиб ҳулқ –атвор, таълим тарбия ва панд-насиҳатни билдиради. Шунинг учун мазҳаб таблиғ оти, панд насиҳат қилиш адабиётнинг иши, аммо шеъру шоирликнинг иши эмас. Шеър калимасининг илдизи шуур бўлиб, ақл-фаросат, идрок, завқ ва зеҳну андиша маъносини билдиради”;

“Санъатнинг уч тури – тасвирий санъат, мусиқа ва назм эгизакдир”;

”Шеър мўъжиза ҳам, сеҳру жоду ҳам эмас. Одам барча нарсани ўрганиши мумкин, ишқдан бўлак. Бирор шоир шеър ёзишни бутунлай ўргандим деб айта олмайди.

Бугун ғазаллар завқ бермайди, худди музей экспонатларига ўхшаб. Классиклар ихтироси бўлмиш абрў камон, зулфи сунбул, сарви равон, сарви чаман каби ташбеҳлар билан машуқага хушомад қилган одам примитив ҳисобланади.

Чунки эстетик дид ўзгариб кетган. Классиклар қолдирган мерос билан биргаликда жахон шеърияти бизнинг ихтиёримиздадир. Шунинг учун ақаллан тоза ибора ва ёки янги ташбех топиб шеъриятда янгилик қилишимиз керак”. (“Шоиру шеъре агар ҳаст”,Душанбе, “Адиб”-2006).

Устоз Бозорнинг ижтимоий-сиёсий руҳдаги шеърлари кишига ўзгача завқ бағишлайди.

Шоирнинг турли йилларда яратилган “Теғи Сино”, “Девори Бухоро”, “Аҳмади Дониш”, “Айнй”, “Қаҳрамони Наврўз”, “Шоиру шеъре агар ҳаст” каби шеърларида тожик миллатининг орзу армонлари ўз аксини топган.

Устоз Бозор Собир билан илк бор шоир Раҳмат Назрийнинг иш кабинетида танишганмиз.

Ўша куни биз Раҳмат Назрийнинг иш кабинетида кахва ичиб ўтирган эдик, шляпасини бостириб олган, соч-соқоли ўсган шоир кириб келди. Ўрнимиздан туриб салом алик қилдик. 20-аср тожик шеъриятининг машҳур шоири билан юзма-юз ўтирар экан, хаёлимда шоирнинг Жексонвил шаҳрида яшаган чоғида ёзган мисралари айланар эди:

“Аз ватан рафтам,
Валекин дур рафтан аз ватан имкон надорад,
Мекашад хокаш;
Аз кашиданҳои хокаш набзи ман кандаст,
Зарбати набзам мураттаб нест,
Зарбати қалбам мураттаб нест.
Аз ватан рафтам, валекин мекашад хокаш,
Хоку хошокаш”.

Ушбу сатрлар Ватан ҳақидаги энг гўзал сатрлар ҳисобланади, назаримда.

Рахмат Назрий мени устоз Бозор билан таништирди. У киши диққат билан менга тикилиб, ҳол-аҳвол сўрадилар. Сўнгра “Регарҳо чи хел? “- деб қўшиб қўйдилар. Шу пайтда менинг қўл телефоним жиринглаб қолди. Узр айтиб, телефонга жавоб бердим, ҳамкурсим Шокир Назиров экан, саломлашгач, мени қаердалигимни сўради. Мен “устоз Бозор Собир билан суҳбатлашиб ўтирибмиз”-дея жавоб бердим. Шокир устознинг шеърини қироат қила бошлади:

Дар ин замин монанди ман
Ошиқ намеояд дигар.
Биншин ба рўйи чашми ман
Лоиқ намеояд дигар.

Мен “истед, ҳозир трубкаро ба устоз медиҳам, бадъан мехонед” дея устоз Бозор Собирга телефонни тутқаздим. Устоз шеърни тинглар экан, кайфияти кўтарилди, Шокир билан қуюқ сўрашди. “Сиз ҳам шоирмисиз? Душанбега бирор кун келинг” дея таклиф қилди ва менга хурсанд кайфиятда телефонни тутқаздилар. Мен “Регарда сизнинг мухлисларингиз кўп, устоз, қаранг, шу ерда ҳам сизни топиб олишди” дедим. Устознинг хурсандлигини кўрган шоир Раҳмат Назрий ҳам анча енгил тортди.

У киши “Биз бориб кўришнинг ўрнига, устознинг ўзлари хабар олагани келибди”- деб хижолат чекиб турган эдилар. Менинг “аристократ” жўрам – Социалистик Меҳнат қаҳрамони Кенжа Назировнинг эрка набираси, форс-тожик шеъриятининг ашаддий мухлиси Шокир Назиров ҳалигача ўша воқеани эслаб юради.

Сўнгги йилларда устоз Бозор Собирни ёзувчилар Иттифоқида ва турли йиғинларда тез-тез учратиб қолар эдим. Шоир Низом Қосим устозни бирга олиб юрар эди. Ўтган йили Садриддин Айний номли муҳташам опера ва балет театрида бўлиб ўтган Бозор Собирнинг ижодий кечасида залга одам сиғмас эди.

Менга шоира Мадина Азимий жой олиб қўйган экан, бўлмаса тикка туришга тўғри келар эди. Бозор Собир ижодий кечани Тожикистон халқ артисти Саидқул Билолов билан биргаликда ўтказди. Оташқалб шоир ўзининг машҳур сиёсий-ижтимоий руҳдаги шеърларини ҳамда ишқий сатрларини ўқир экан, зал жон қулоғи билан тинглар эди. Эсимда қолгани, устоз Бозор кечада нафақат ўз шеърларидан ўқиди, балки форс классик шоири Нодир Нодирпур ва Муҳаммад Иқболдан ҳам парчалар ўқиди. Бу ҳам биз ёшларга ибрат эди. Ҳақиқий санъат асарига айланган шеър халқ мулкига айланар экан:

“Шоҳкоре не агар, байте бимонад ёдбуд
Дар забони миллат худ…”

Эрксевар шоир Муҳаммад Солиҳ қайта қуриш йилларида эълон қилган публитсистик мақолалари билан халқ орасида машҳур эди. Ўзбек ёшларининг, жумладан менинг ҳам севимли шоирим эди. Устознинг шеърлари ва публитсистик мақолалари бугун њам энг ўқимишли ва замонавий асарлардан саналади. Мен Бозор Собир билан Муҳаммад Солиҳ фикрларида ўхшашлик кўраман, шахсиятида эмас. Икки шоир ҳам “нимаики ёзган бўлсам вақт ўтгач бошимга тушди” деб айтади. Урфиятда ҳар бир гапга “фаришта омин дейди” деган нақл юради. Устоз Муҳаммад Солиҳ ҳам шеърият ҳақида гапираркан: “Шеър менимча ҳикмат эмас. Шоир атайлаб афоризмлар битмайди. У шеър ёзади. Афоризмлар одамнинг идрокини юксак мувозанатга чорлайди, унинг ягона қуроли мувозанат. Шеър аксинча, бизни мувозанатдан чиқаради, жунбушга солади. Руҳимизни тинимсиз ҳаракатга келтириб туради”- деган эдилар бир суҳбатида. Устознинг худди шу суҳбатда билдирган қуйидаги фикрлари њам эътиборга молик: “Шеърият фақат бойиб, ўзгариб боради. Йўналишларнинг кўплиги, шаклларнинг ранг-баранглиги ҳақиқий адабиётга хос белгидир”.(“Покланаётган умид” , 1981-йил).

Сўнгги йилларда устоз билан интернет орқали суҳбатлашиш насиб этди.

Менинг илтимосимга кўра, устоз олти томлик асарлар тўпламини дасхат ёзиб жўнатдилар.

Шоир мустабид тузум зулми авж олган даврда халқимизнинг ҳақ-ҳуқуқи учун курашди, оғир синов палласида хақ ва адолат талашди, истиқлол ғоясини олға сурди, аммо юрт мустақил бўлгач, ўз Ватанига сиғмади.

М. Солиҳ 1988-йилда «Ёш ленинчи» газетасига берган интервьюсида ибратли фикрларни изҳор этган эди: «Ёлғон айтиш тўғри сўзни айтишга қараганда хавфсизрок. Зотан, инсоният тарихида ёлғон сўзи учун азият чекканларга нисбатан, тўғри сўзи учун жабр тортганлар кўпроқдир. Аммо виждони бутун одам ёлѓон гапириб қутилишдан кўра, тўғрисини айтиб тутилишни афзал кўради. Бу, албатта, телбалик эмас, бу –унинг табиати. Ўша ўжар тоифага мансуб зотлар тарихда кўп учрайди. Уларнинг кўплигини кўриб, энг тушкун кимсанинг юрагида ҳам келажакка умид уйғонади: шундай одамлар яшаган экан, демак, бугун ҳам яшаяпти, бундан кейин ҳам яшайди, деб ўйлайди у. Уларни дорга осгандилар, ўтда ёққандилар, сувга чўктиришганди, аммо бугун қарасак, ҳаммаси тирик экан. Улар маънавият қасрининг устунлари, улар ўз юртларининг ҳақиқий гражданларидир».

Муҳаммад Солиҳнинг юқоридаги сузлари унинг ўзига ҳам тегишли эканлигини вақт кўрсатди.Муҳаммад Солиҳдек халқнинг фидойи фарзанди, қувғинда юриши ҳеч кимга обрў келтирмайди. У кишининг четга чиқиб кетганларини ёқламаган ҳолда, халқимизнинг шарафли фарзанди Ватанига қайтиши учун имкон бериш вақти келди деб ўйлайман.

“Ҳурлик хақида” номли шеъримда шундай мисралар бор эди:

Ҳурлик, озодлик деб курашиб ўтган
Азалдан миллатнинг зўр ўғлонлари.
Бири ғолиб бўлиб мақсадга етган,
Бири қувғин бўлган Ватандан нари.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар