Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Нима учун қамашди?

Нима учун қамашди?
16 Mayıs 2017 - 10:16 'да юкланди ва 1304 марта ўқилди.

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(7)

Тўққизинчи боб

Кун бўйи ғалвадан боши чиқмаган Баҳром кеч тушганини сезмасдан қолганди. Каталакнинг куйиб қолган чироғи яроқлисига алмаштирилгандан сўнгра ичкари бир қадар ёришди. Ёруғда у бетонсувоқ деворнингтекисланмаганини кўриб, унинг совуқ ва дағаллиги боисини тушунди. Пол шишиб кетган, димоқни ёргудек анқиётган сийдик аралаш моғор ҳиди захдан эди.

Янги келган тутқун олифтароқ чиқди. У эшик юқорисидаги тирқишдан даҳлизга мўралаш билан фаолият бошлади. Бу пайтда биринчи каталакда учта аёл бўлиб, ўртадаги каталак тутқунларга тўла эди. Таниш соқчи учинчи каталакка иложи борича ҳеч кимни ташламаётганди. Келганида бу жойда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқлигидан зериккан Баҳром энди уларнинг кўпаяётганидан сиқиларди.

Янги тутқун даканг хўроздай бўйнини чўзиб қарайверишдан чарчади чоғи, қўлидаги бақлашкани полга қўйиб, устига ўтирди. Баҳром тикка туравергандан бели қотиб, оёқлари зирқираётганди. Нима учун шундай қилмаганига ичида ҳайрон бўлиб, у ҳам полда ётган бақлашкани тортиб, унинг устига ўтирди. Елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлиб, бутун танаси яйради. Ҳузурдан керишиб, оёқ-қўллари чигалини ёзди. Етти қат кўрпачагачўзилганда ҳам у бунчалар роҳатланмаган бўларди.

– Менинг исмим Азиз! – деди унга қўл чўзган тутқун.

– Баҳром!

– Нима учун қамашди?

– Фирибгарликда айблашяпти!

Баҳром бошидан кечирганларини унга қисқача сўзлаб берди. Улар деярли тенгдош эдилар. Шу сабаб, эшитганлари маъқул бўлди шекилли, манзиратни йиғиштириб, биров сўрамаса ҳам, Азиз ўзи ҳақда гап бошлади.

– Мен сиздан салгина нарироқдаги даҳада тураман! – деди у бақлашкага ўрнашиб ўтириб. – Ўзим собиқ миршабман. Илгари ҳам ўғирлик содир этиб қамалганман. Хотиним, учта қизим бор. Кеч уйланганим боис, қизларим ҳали ёш. Қамоқдан чиқиб келганимдан сўнгра иш қидириб бош урмаган жойим қолмади. Тўрт йилдан буён ишсизман. Икки қўлни бурунга тиқиб ўтириш эр кишига ярашмайди. Бола-чақа, уй-жой тўловлари бор, дегандай. Бўлавермагач, “Паркент” бозори билан “Янгиобод” бозорларида эски-тускиларни олиб-сотишга уриниб кўрдим, бўлмади. Ўлик оғзига сув томизгандек бир гап экан. Топган фойданг ҳуркитган қурбаққангга арзимайди.

Қамоқхонадан чиқиб келган куним қизларимга 8 Март байрамида қўлбола шашлик пишириб бераман, деб ваъда бериб қўйгандим. Сўзимнинг устидан чиқишим учун тўрт йил керак бўлди. Бу йил ҳам 8 мартда уларга берган сўзимнинг устидан чиқолмагач, қандай бўлмасин 9 Май байрамигача сизларга албатта шашлик пишириб бераман, дея қаътий ваъда бердим. Май ҳам бирпасда етиб келди. Топган пулим нон-чой, шакардан ортмагани сабаб, нима қилишни билолмай бошим қотди. Ота фарзадларга берган ваъдаси устидан чиқмаганидан ёмони йўқ экан. Қизларимнинг 9 майни бармоқ букиб санашлари мен учун чексиз азоб-уқубатга айланиб борарди. Чораси топилмаса, эллик долларга одам ўлдиришга ҳам тайёр эдим. 7 май тонгида ҳам қўлимда бир тийин пулим йўқ эди. Участка нозири билан ишлаб юрган пайтларимиздан таниш эдик. Унинг маҳалламизга участка нозири бўлиб ўтганига икки ҳафта бўлмаган эди. Ўз оёғим билан олдига боришим унинг учун айни муддао бўлди. Майда-чуйда ўғирликни бирга қилган пайтларимиз кўп бўлгани сабаб, унга юрагимдаги дардларимни тўкиб солдим. У кўпдан ишламай турган бир ошхона борилигини, унда идиш-товоқлар ва турли жиҳозлар жуда кўплигидан гап очди. Уни бир киши ўмара олмаслигини айтиб, шерик топишни шаъма қилди. Қайнимни кўндириб, тунда ўғирликка тушдик. Ўмарилган буюмларни барчасини эртаси куни Янгиобод бозоридаги олиб-сотарларга пуллаб юбордим. Қўлим яхшигина маблағ кўрди. Менга ўхшаган одам беш йилда бунча пулни тополмайди. Фойдани уч қисмга бўлдик. Чўмич, қошиқ ва шунга ўхшаш алюминдан ясалган қиймати паст нарсаларни Паркент бозоридаги темир-терсак билан шуғулланадиган болаларга топшириб юборгандим.Миршаблар билан бозорга тушган ошхона хўжайини буюмларини таниб қолипти. 8 май куни тушда қизларим билан шашликхўрлик қилиб ўтирганимизда, улар уйга бостириб боришди. Бўлган воқеа мана шундан иборат. Ушланган дақиқаларимдан бери қилган-қилмаганимни бўйнимга олиб ётипман. Қизларим шашликка тўйди. Хотинимнинг қўлида тўрт-беш сўм пули бор. Бу ёғига пешонадагини кўраверамиз…

Унинг ҳикоясини тинглаган Баҳром қандай муносабат билдиришни билмади. Ажаб қилипсан, деса, иқрори самимий чиқмас эди. Чатоқ қилипсан, деса, бу ҳақиқат садоси инсоф нуқтаи назаридан тешик қулоққа эриштуюларди. Муҳтожлик, иродаси бўшлиги уни жар тубигача етаклаганди.

Бу пайтда нариги каталаклардаги тутқунларнинг қовоқариларникига ўхшаш ғўнғиллашлари деворлардан сизиб ўтиб, бутун ҳибсхонага таралаётган эди. Қоришиб кетган гап-сўзлардан бирор маъно англаш қийин эди.

Кечга бориб, ҳибсхона эшиги тез-тез очилиб-ёпиладиган бўлиб қолди. Бозори қизиган миршаблар кимларнидир ушлаб келтириб каталакка тиқаётган бўлсалар, кимлар билан ими-жимида ҳисоб-китоб қилиб, чиқариб юбораётгандилар. Алқисса, Хотира байрами муносабати билан бироз совиган олди-сотти кечга яқин қизигандан қизиди. Тутқунлар кўпайган сари овқат устига овқат кирар, “қўшнилар” Баҳром билан Азизга ҳам ул-бул чиқаришни канда қилмасдилар.

Каталакнинг эшиги яна очила бошлади. Азиз, “қўшнилар” овқат киритаётган бўлса керак деб ўйлаб, қабул қилиб олиш учун шайланганда, соқчи етмиш ёшлардаги бир чолни ичкарига киритиб юборди.

Чолни таниган Азиз:

– Сассиқ чол, бу ерларда нима қилиб юрипсиз? – деди унга менсимаган оҳангда.

– Тирикчилик! – деди чол ўзини таниб қолган одамни кимлигини пайқай олмай.

– Тирикчилигингиз Янгиобод бозорида эди-ку! Бу ёққа чақимчи бўлиб ўттингизми?

– Байрам кунларида бу ерларда овқат яхши бўлади!

– Қанақа овқат? – тушунмаган Азиз унга ҳайрон тикилди. Чол Азизни таниган онларидан дир-дир қалтирайбошлади. – Сассиқ чол, очиқ гапираверинг. Мен ўтган кун жиноят устида қўлга тушдим. Саккиз йилга қамаладиганга ўхшаб турипман. Саккиз йил ичида ким бор, ким йўқ.

Шундан кейин чол қўрқа-писа сирини очди.

– Қирқ йил битта зовотда ишладим. Ҳаливерин ишлаётган бўлардим, заводни мустақиллик йилларида бузиб ташлаб, остига пулдорлар маҳобатли иморатлар қуриб олдилар! – деди у. – Ўша замонларда битта ўзим ишлаб, бешта қиз чиқариб, бир ўғилни уйлапман, денг. Хотиним ўтганига анча бўлди. Ўғлим билан тураман. Ўғлимнинг бешта жўжабирдай фарзанди бор. Иш йўқлигидан у ҳам шифтга боқиб, тупигини ютиб ўтирипди. Саккиз жон битта менинг нафақамга кўз тиккан. Яхши еб-ичиб ўрганганмиз, еб-ичмасак туролмаймиз. Илгаригивақтларда дуч келган одам наҳор ошларига ва тўй-томошаларга кириб қорнини тўқлаб кетаверарди. Бизнинг кунларда тўй-маърака эгалари кимлигингни билмаса, кўчанинг бошидан орқангга қайтариб юборади. Шу учун беминнатроқ кўриб, бу жойларга гоҳ-гоҳ келиб тураман…

– Тушунмадим! – деди Азиз унинг гапини бўлиб. – Бу ерларда пишириб қўйиптими?

Чол бир зум муддаосини айтишга ботинолмай турди. У ҳар ютинганда қари хўрознинг кекирдагига ўхшаш ажин босган томоғидаги лиқилдоғи иягининг тагига лиқиллаб кириб, лиқиллаб чиқарди.

– Овқат учун келаман! – деди ахири у.

– Қанақа овқат, бу ер ошхона эмас-ку?!

– Бу жойларда байрам кунлари овқат ошиб-тошиб ётади. Пиёз пўстига айланган ошқозонни яхшилаб бир марта тўлғазган одам, ул-бул чимдиниб, бир ҳафта қаддини тиклаб юрадиган бўлади. Қарини қорин асрайди, деганларидек, уйга олиб кетган овқатларим невараларимга ҳам икки-уч кун асқотади!

– Вой туллак! – гап тагига етган Азиз ҳайратини яшириб ўтирмади. – Ёмонсиз, ёмонсиз, шумтака чол. Қари билганни пари билмайди деганлари шу экан-да. Шу иборани ўзгартириб, қари билганни шайтон билмайди,десак, қандай бўлар экан?

Чол мушук чангалига тушган чиноқ сичқондай, елкасини қисиб қалтирарди.

– Қолган жойидан давом эттиринг! – деди калакани бас қилган Азиз.

– Бор гап шу, Азизжон! – деди у ёш боладай ийманиб.

– Бунақанги жойларга қайси йўллар билан кириб келиш усулларини тушунтиринг? – қисталади у.

– Оддий! – деди барчасини айтмаса осонлик билан қутула олмаслигини англаган чол. – Келгим келганда вилоятлардан келган мардикорлар орасига қўшиламан. Байрамга яқин метро бекатлари атрофидаги дайдиларни йиғиштирадилар. Мен ҳам билдирмай уларнинг орасига кириб оламан. Қўшиб мени ҳам ҳайдаб келаверишади.

– Келгим келганда, деяпсиз, қачон келгингиз келади?

– Тансиқроқ таом егим келган пайтларда, байрамларда, невараларимни хурсанд қилгим келиб, меҳрим товланиб кетганда, бозорда олди-сотти юришмаган кунларда!

– Невараларингизни қандай хурсанд қиласиз, тушунмадим?

– Ортиб қолган овқатларни пакетга жойлаб олиб кетаман. Келиним сўраб қолгудек бўлса, бозордан сотиб олдим, деб айтаман. Невараларим мазали таомларни хуш кўриб ейишади. Бунақа тансиқ таомларни уйдатайёрлашга йўл бўлсин. Ҳаммаси ҳам пул бўлса бўлади. Пул бўлмаса, ҳеч нима йўқ. Ҳаракатда баракат, деганларидек, етиб турипти. Ҳеч нима орттиролмаганимиздай, ўлиб ҳам қолмаяпмиз.

– Невараларингизга шашлик ҳам олиб борасизми? – қизиқди Азиз.

– Унақа пайтлар ҳам бўлиб туради! – дея жавоб қайтарди чол. – Байрамларда тутқунларнинг яқинлари шашликдан ҳам мазалироқ таомлар олиб келадилар…

Чол гапини тугатар-тугатмас Азиз унинг кўкрагига товони билан тепди. Бояқиш деворга орқаси билан урилиб, полга ёнбошлаб йиқилди.

– Урманг, урманг, ўлдириб қўясиз! – дея Баҳром Азизни дарҳол қучоқлаб олди.

У чолнинг невараларига шашлик олиб бориб едириб юриганини эшитганда, аламидан қутуриб кетганди.

– Ифлос, ҳароми!.. – дея у чолни оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўка бошлади. – Шу ишни менга ўргатганингда, ўғирликка тушмасдим, беғалва юрган бўлардим. Энди қамаламан. Буни пиёниста деб юрсам, ичидан пишган тулки экан. Қизғанчиқ, худбин, яхшигина бизнесинг бор экан, бировга билдирмасдан, қулоғимга шипшитиб қўйсанг  ўлармидинг, бахил. Икковлашиб ов овлаб юраверардик…

Бошини чангаллаб, бўралатиб сўкаётган Азизни қўйиб юборган Баҳром чолни тиклаб қўйди. У қушдек енгил эди. Шу пайт эшик очила бошлади. Соқчи эшикни ланг очиб, ёнидаги кимсага:

– Тезроқ гаплашиб олинглар, юқоридан текширув бор. Кириб қолса, муаммо бўлади! – деди.

Кимсага кўзи тушган Азиз ўрнидан ирғиб турди. У тугун тўла овқатни Азизга узатиб:

– Ҳамма ёқ тинчми? – дея сўради.

– Тинч! – деди Азиз. – Ўзларингизда нима гап?

– У ёқдагилардан хавотир олма. Буёғини тўғирласанг, у ёғи ўз-ўзидан тўғри бўлиб кетади.

Бу кимса Азиз айтган ўша участка нозири эди. Унинг сўзлари замирида “хотининг билан қайнинг миқ этмайди. Калтакларга чидаб берсанг, барчаси жойига тушиб кетади”, деган ишора бор эди. Тафсилотлардан хабарсиз кимса қочириқларни тушунмасди.

– Мендан кўнглинг тўқ бўлсин! – деди Азиз. – Роса таъзиримни беришди. Чидадим. Қолганига ҳам чидайман. Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Азиз ҳамтовоғи қолдирган тугунни очиб улгурмасдан, Баҳромнинг уйидагилар ҳам ул-бул кўтариб келишди. У таниш соқчига қанча илтимос қилмасин, текширувчиларни баҳона қилиб, уни яқинлари билан учраштирмади.

Икки тугунда ҳам Азиз йиллар бўйи орзулаган шашлик бор эди.  Азизнинг тугунидаги тўрт қути сигарет, халтачалардаги нос, бир шиша ароқни ҳисобга олмаганда, тугунлар бир-бирига ўхшаб кетарди.

Азиз билан чол Баҳромни қанча қисталанг қилмасин, у бир қултум ҳам ароқ ичмади. Яримтани ичиб олгантанишлар бирпасда яна апоқ-чапоқ бўлдилар. Икковининг бояги кўнгилсизлик учун бир-биридан узр сўраб ўпишишини кўрган одам уларнинг урушиб қолганига ишонмасди.

– Котта дода, илгари бирор марта қамалганмисиз? – деб сўради Азиз чолдан.

– Ҳеч қачон қамалмаганман! – деди у. – Қама-қамалар мустақиллик йилларида чиқди. Илгари биров билан бировни иши бўлмасди. Жиноят қилмасанг, ҳеч ким тегмасди. Ҳозир тескариси бўлди.

– Қамалмаган бўлсангиз, ҳали қамаласиз, кўп қувонманг, дода! – деди Азиз. – Сизга ўхшаган бир-икки одамни айтмаганда, ҳамма қамалди ўзи.

– Ўша кунларга етказсин! – деди Азизнинг кўнглини овламоқчи бўлган чол. – Кўрмаганимиз бир қамоқ қолди, ноумид шайтон, ўлмасак уни ҳам кўрармиз.

– Мен ўзимни ақлли деб юрардим, аммо мендан ақллироқ чиқдингиз. Сизни фаҳмингиз етган нарсага менинг фаҳмим етмаганини қаранг. Пиёниста, дайди, деб юрган одаминг кўзларинг ўнгида буюк инсонга айланиб қолса, эриш туюларкан. Бу ёқда мен бўзчи белбоққа ялчимай юрипман Мен хумкалла сиздан бир оғиз маслаҳат сўрамайманми? Ҳеч кимга билдирмасдан иккаламиз тирикчилик этиб юравермаймизми? Бизнеснинг бу турини дунёда сиз билан мендан бошқа ҳеч ким билмайди. Қутулиб чиқсам, айнан шу бизнес билан шуғулланаман. Мен сизга айтсам, бу бизнеснинг қулай томонлари жуда ҳам кўп. Растарат бўлмайсиз, ҳеч жойга қўл қўймайсиз, энг асосийси, иш бошлаш учун сармоя зарур эмас…

Бу иш билан шуғулланишга қаътий қарор берган Азиз, ҳар бир детални сир-асрорини пухта ўрганиш мақсадида, ипидан игнасигача суриштира бошлади. “Даҳо”лигини умри поёнида англаётган чол ҳам эринмасдан ҳар нарсанинг икир-чикиригача айтиб беришдан ташқари, унга фойдали маслаҳатлар ҳам берарди.

Каталак ароқ ҳидидан баттар сасиди.

Соқчилар билиб қолишидан хавфсираётган Баҳром:

– Секинроқ гаплашинглар, соқчи келса, ароқ ичганларингизни билиб қолади! – деди уларга.

– У каллаварамлар ичганимизни қаердан билади? Ўзлари ҳам бўкиб ичиб олганлар-ку! – Баҳромга олақараш қилди ароқ таъсирида тетиклашаётган чол.

– Бемалол гапираверинг! – деди Азиз унга. – Миршаблар ўзимизники, ҳаммасидан хабарлари бор. Чўталини олганларидан сўнгра, қисмасдан иложлари қанча.

Баҳром бирор нарса дейиш ортиқчалигини тушунгач, индамасдан ўтириб уларни тинглашни маъқул деб топди.

– Ҳамиша битта туманда “ишлайсиз”ми ёки бошқа туманларни ҳам айланиб чиқасизми? – қолган жойидан сўровни давом эттирди Азиз.

– Бошқа туманда яшайман, биласиз! – деди ишбилармонлигидан дақиқалар сайин кеккайиб кетаётган чол. – Бугун бу туман ҳибсхонасини тунадимми, тўрт-беш ойгача бу ерларга яқинлашмайман.

– Бўри ов овлаган жойига олти ойгача оёқ босмайди! – деди завқи ошиб бораётган Азиз.

– Ҳа-а, яшанг! – деди чол. – Тушунган одамни қурбони бўлсанг арзийди. Миршабларнинг кўзига тушиб, иш бузилишини ким хоҳлайди? Шаҳарда нечта туман бор? Ҳар олти ойда бир мартадан айланиб чиқсам, бир йилда ўртача йигирма тўрт марта бўлади. Сайр ҳам сайр, саргардон ҳам сайр, деганларидек, ана тижорат, мана тижорат. Шу ўзи етиб ортади, бошқа нарса керак эмас.

– Бу иш билан шуғулланишингизни мендан бошқа биров ҳам биладими?

– Биргина ўғлим билади! – деди чол. – Қаёққа кетаётганимни уйдан чиқаётиб унга айтаман. У тонг саҳарлаб, ақлдан озган отасини қидирган одамга ўхшаб, қидириб келади-да, паспортимни кўрсатиб, мени ҳибсхонадан чиқариб олади.

– Мўлжалингиз тўғри чиқмаган пайтлар ҳам бўладими?

– Учраб туради! Мен кўзлаган ҳибсхона тутқунларга тўлиб-тошса, бошқасига олиб кетиб қоладилар. “Панелний”га[1] ўхшаган нобоб жойга тушсам, тезроқ чиқиш пайида йўлини топиб ўғлимга қўнғироқ қиламан.

– Менинг ўғлим йўқ, ҳаммаси қиз-да! – деди Азиз уф тортиб.

– Ҳечқиси йўқ, куйинманг. Куёвлар орасидан чаққонроғи чиқиб қолар. Ширинкама мазасини бир марта олса, орқангиздан қолмайди! – деркан чол, ўз гапидан ўзи кулди.

– Қизларим турмушга чиқишга ёшлик қилади! – деди Азиз афсусга ўхшаш маъюс товушда.

– Қизлар ўғил болаларга қараганда тез етиладилар. Қамоқдан чиққунингизча улар турмуш қуришга улгурса, омадингиз. Ҳа, айтгандай, бу тижорат билан жидий шуғулланмоқчи бўлсангиз, ҳеч қачон ўзингиз билан паспортингизни кўтариб юрманг. Паспортингиз куёвингизда тургани маъқул. Тошкентлик эканингизни билсалар, кетингизга тепиб чиқариб юборадилар. Унақада на қорнингиз тўяди, на уйингизга ул-бул олишга улгурасиз.

– Миршаблар сизни иккинчи марта кўрганда таниб қолган пайтлар ҳам бўлганми?

– Бугун учради. Шеригига билдирмасдан беш юз сўм қистиргандим, олиб келиб яхши каталакка жойлади! – деди уддабурролигидан хурсанд чол…

[1] “Панелний” – шахси аниқланмаганларни ва дайдиларни ушлаб турадиган вақтинчалик ҳибсхона.

Давоми бор 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
ЕХҲТ анжуманида расмийлар Б.Абдуллаев ҳақидаги саволларни очиқ қолдирди
Бобомурод Абдуллаевнинг онаси: ‘Болам, қўрқма! Мен сени тўғри ўстирганман’
Интиқор (Қорабозорчилик)
Давлат тўнтаришида айбланаëтган журналистнинг онаси Мирзиëевдан ëрдам сўради
Муҳаммад Солиҳ: Мустақил журналист Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар) ва Акром Маликов (Абдуллоҳ Нусрат)нинг ҳибсга олиниши ҳақда мулоҳазалар
Давлат адвокати журналист Абдуллаевнинг онасидан пул сўради
МХХ ертўласида қолаётган журналистнинг онаси Мирзиёевдан ёрдам сўради
БМТнинг диний эксперти: Мамлакатда виждон, фикр, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд тартибга солинади
Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди
Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, ўғли билан кўришишга рухсат беришини сўраб терговчига ариза билан мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган
Ўхшаш хабарлар