Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мирзиёев Андижон борасида нега сукут сақламоқда?

Мирзиёев Андижон борасида нега сукут сақламоқда?
16 Mayıs 2017 - 12:24 'да юкланди ва 1468 марта ўқилди.
Yelena UrlayevaРасмийлар бу йил Андижон қурбонларини хотирлаш маросимига қаршилик кўрсатишмаган.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари фаоллари 2005 йил 13 майидаги Андижон воқеаларининг навбатдаги санасини Тошкентдаги “Жасорат” ёдгорлиги пойига гул қўйиш билан хотирлашган.

Ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон расмийлари бу сафар кичик сондаги ҳуқуқ фаолларининг Андижон қурбонларини хотирлаш маросимига қаршилик кўрсатишмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева ҳамда яна бир неча фаоллар Андижонда намойишчиларни ўққа тутган шахсларни жазога тортишни талаб қилганлар.

Айни сана арафасида Тошкентга ташриф буюрган Бирлашган Миллатларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн 2005 йил майидаги Андижон воқеалари қурбонларини унутмаслик ва бу воқеаларга холис баҳо беришга чақирган.

Аввалроқ Президент Мирзиёев билан учрашган БМТ мулозимининг Андижон масаласини муҳокама қилгани ҳақида маълумот йўқ.

Андижон воқеаларининг навбатдаги санаси Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи пайтига тўғри келган.

Мирзиёев на Бош вазир лавозимини эгаллаб турган 2005 йил ва на Президент бўлганидан буён Андижон воқеалари ҳақида ҳеч қандай баёнот бермаган.

Хўш, унинг сукунати нимани англатади? Ўзбекистон ҳукумати юзлаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган фожиали воқеалар борасидаги мавқеини қайта кўриб чиқиши мумкинми? Андижон қирғини юзасидан мустақил текширув ўтказиш эҳтимоли қанчалик?

Андижон қурбонлари учун адолат тикланадими?

Биз бу саволларни Олма-Отадан британиялик таҳлилчи Жоанна Лиллис билан муҳокама қилдик.

Жоанна Лиллис: Ўтган ҳафта Бирлашган Миллатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга тарихий ташрифига гувоҳ бўлдик. Бу айни даражадаги БМТ мулозимининг мамлакатга илк ташрифидир. Бу шубҳасиз, Президент Мирзиёевнинг инсон ҳуқуқлари борасида мулоқотга тайёрлигини кўрсатади. Биласиз, бу каби мулоқот марҳум президент Ислом Каримов даврида имконсиз эди. Назаримда, Мирзиёев Ўзбекистоннинг дунёда инсон ҳақларини энг кўп поймол этувчи давлат сифатидаги имиджини ўзгартиришни истайди. Шунинг учун ҳам БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комисарини Ўзбекистонга таклиф қилди, деб ўйлайман. Мирзиёевнинг шахсан ўзи Андижон воқеаларининг навбатдаги санаси муносабати билан ҳеч қандай шарҳ бермаганига ажабланмаган бўлардим. Ўзбек ҳукумати Андижон масаласининг қанчалик оғриқли эканини яхши билади. Дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари жамоатчилиги бу йил ҳам қурбонларни хотирлади ва воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақиришда давом этмоқда. Аммо Мирзиёев бу каби текширувга рози бўлади, деб ўйламайман.

Би-би-си: БМТ Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн Тошкентдалигида Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирмади. Нега?

Мирзиёев
Андижон воқеаларининг навбатдаги санаси Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи пайтига тўғри келган.

Жоанна Лиллис: Эҳтимол, БМТ Олий комиссари ўз мезбонини ноқулай аҳволга солишни истамагандир. Бу бир “реал-политик” масаласи ҳам бўлиши мумкин. Бирлашган Миллатлар Олий комиссари Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари борасида мулоқот ўрнатмоқчи. Каримов даврида бу каби мулоқот ўрнатишнинг имкони бўлмаган. Эҳтимол, бу каби чақириқ ҳозирга босқичда ана шу мулоқотни бошлашни қийинлаштиради, деб ўйлагандир. Аммо албатта, ҳуқуқ фаоллари Зайд Раад ал-Ҳусайн баралла гапириши ва Андижон юзасидан мустақил тергов ўтказиш талабини такрорлаши керак эди, дейишмоқда.

Би-би-си: Андижон юзасидан мустақил текширувнинг ҳозирги ўзбек элитаси учун қандай эҳтимолий оқибатлари бўлиши мумкин?

Жоанна Лиллис: Аёнки, Андижон воқеалари даврида ҳокимиятда бўлган одамларнинг кўпчилиги ҳануз қудратда. Андижондаги намойишни бостириш чоғида асосий рол ўйнаган хавфсизлик кучлари – СНБнинг раҳбари ўзгаргани йўқ. Шунинг учун ҳам мустақил текширувга рухсат берилиши эҳтимоли жуда кам. Президент Мирзиёев учун бу каби қадам жуда катта таваккал ва хавф ташкил этиши мумкин. Ўзбекистондаги бошқарув тузилмаси жуда мураккаб ва шунинг учун ҳам ичкарида кечаётган ҳокимият учун курашлар ҳақида узил-кесил бир фикр айтиш қийин. Аммо шунга қарамай, Каримовнинг ўлими ҳукуматдаги қаттиққўл ва ислоҳот тарафдори бўлган кучлар орасида курашни юзага чиқаргани ҳозирда аён. Тахминимча, Мирзиёевнинг Андижон юзасидан мустақил текширувга рухсат бериши ҳукуматдаги қаттиққўллик тарафдорларини ғазабга келтиради ва ҳокимият учун курашнинг очиқ тус олишига сабаб бўлиши мумкин. Мирзиёев Президент этиб сайланганига ҳали кўп бўлгани йўқ ва ҳокимиятда қолиш учун мувозанатни ушлаб туришга мажбур. Андижон масаласи унинг учун жуда ҳам қалтис бўлиши мумкин.

Би-би-си: Мирзиёевнинг ўзи Андижон воқеалари юз берган пайт давлатдаги иккинчи одам эди. Сиз Андижон воқеаларида унинг шахсий масъулияти бор, деб ҳисоблайсизми?

Жоанна Лиллис: Менимча, ҳа. Шубҳасиз, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Андижондаги намойишлар қонли бостирилган пайт бу каби лавозимда бўлган ҳар қандай шахс жавобгар деб айтишлари тайин. Мирзиёев Бош вазир эди ва Андижонга ўхшаган муҳим бир масалада унинг иштирокисиз қарор олинганига ишониш қийин. Гарчи хавфсизлик хизмати раҳбари Каримовга кўпроқ таъсир кўрсатиш имконига эга бўлган эса-да. Менимча, Андижондаги воқеалар учун ўша пайт ҳукуматда бўлган барча шахслар жавобгар.

Андижон2005 йил 13 майида Андижонда ҳукумат кучларининг намойишчиларга қарата ўт очиши натижасида расман 187 инсон ҳалок бўлган.

Би-би-си: Сизнингча, Ўзбекистондаги ҳокимият давомийлиги ва Мирзиёевнинг Каримовни улуғлаётганининг ўзиёқ Андижон масаласини қайта кўриб чиқиш эҳтимолини истисно қилмайдими?

Жоанна Лиллис: Шубҳасиз, бу жуда муҳим омил. Мирзиёев биринчи кунданоқ Каримов шахсини улуғлаш орқали ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва халқни жипслаштириш мақсадида фойдаланаётганини кўрамиз. Гарчи у амалда ҳар доим ҳам Каримов меросига садоқатини кўрсатмаётган бўлса ҳам. Шу маънода Мирзиёев бошқаруви Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг давомийлиги тамойилиги қурилгани тўғри. Ислом Каримов олган муҳим қарорларни савол остига олиш Мирзиёевнинг ўзининг ҳокимиятини таҳлика остида қолдириши мумкин. Бу Мирзиёев учун бир маънода ўз-ўзини савол остига олиш, дегани.

Манба: Би-би-си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар