Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қаҳатчилик кўтарилди

Қаҳатчилик кўтарилди
18 Mayıs 2017 - 10:00 'да юкланди ва 1185 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 164
(давоми)

БАНИ ФАЗОРА ҚАБИЛАСИНИНГ ЭЛЧИЛАРИ

Бани Фазора қабиласидан ўн неча киши элчи бўлиб келмиш эди. Раислари эса Ҳорижа ибн Ҳисн деган киши бўлиб, озғин туяларга миниб келган эдилар. Чунки бир неча йиллардан бери буларнинг ерларида ёмғир бўлмай, қаҳатчилик балоси ҳукм сурмоқда эди.

Расулуллоҳ билан кўришганларидан кейин, улардан ҳол сўрадилар.

Анда раислари:

— Ё Расулаллоҳ, бизнинг юртимизга ёмғир ёғмай, бек қаҳатчилик бўлди. Чорва молларимиз қирилиб, хотин-болаларимиз оч қолди. Дуо қилинг Раббингизга, бизларга ёмғир берсин, Раббингизга сизни шафеиъ келтирдик, сизга Аллоҳни шафеиъ қилдик, — деди.

Расулуллоҳ мунинг бу сўзига ажабланиб:

— Субҳоналлоҳ, сенинг бу сўзинг қандоқ бўлди? Мен Аллоҳга шафеъ бўлсам ярашур. Аллоҳ менга қандоқ шафеъ бўлур, бу эрса адабдан ташқари сўздур. Улуғлик, азаматлик, ёлғиз Аллоҳга ярашур, — дедилар.

Бу сўзни айтгувчи одам эрса, ўзларини қандай қаттиқ оғирчиликка қолганликларини Расулуллоҳга билдирмоқчи эдилар. Оч кишидан ақл чиқмас дегандек, ўринсиз сўз қилса ҳам, Расулуллоҳ уни кечирдилар. Сўнгра уларнинг ҳолига яраша айтдиларким:

— Сизларга суюнчиликдур. Меҳнат кунлари тугади, нажот вақти келди, Аллоҳ кулиб туради, — дедилар эрса, булар ичидан бир аъробий туриб:

— Мундоғ кулиб турган Аллоҳдан сира ажрамайлик, — деди.

Расулуллоҳ унинг сўзидан кулиб, дарҳол минбарга чиқиб, қутлуғ қўлларини энг эгиз кўтардиларким, қўлтиқ оқларигача (тагларигача) кўринди. Бошқа вақтларда эрса, мундоқ одатлари йўқ эди. Сўнгра ушбу дуони ўқидилар:

«Эй бор Худоё, раҳмат сувига бизни сероб қилгил. Ўлган ерларингни тиргизгил, чанқоқликда қолган бандаларингни, ҳайвонларингни ёмғир суви билан қондиргил. Ерлардан инсонлар учун экинлар унсин, ҳайвонлар учун ўтлар ўссин, яйловлар кўпайсин, ёққан ёмғир барча ерни қопласин, тез ёғсин, кенг ёғсин, фойдалик бўлсин, зиёни бўлмасин. Келган ёмғир биз учун раҳмат бўлсин. Азоб-меҳнат бўлиб, уйлар бузилмасин, мол-жон ғарқ бўлмасин, ботроғ ёғсин, — дедилар.

Анда ансор саҳобалардин Абу Лубоба деган киши ўрнидан туриб:

— Ё Расулаллоҳ, хирмонларимизда ёйилган хурмоларимиз кўп эди, — деб уч йўл айтгач, Расулуллоҳ:

— Ё Рабб, тезроқ ёғдиргил, Абу Лубоба хирмонини сув боссин. Изорини ечиб хирмонда сув кирган тешикларни у билан тўссин, ўзи яланғоч қолсин, — дедилар.

Бу дуони қилиб бўлишлари билан Салъа тоғи ортидан чиқиб, бир парча булут пайдо бўлди. Осмон ўртасига келганида кўк юзини булут қоплаб, шундай ёмғир ёғгали турдиким, шанба кундан бошлаб ёққан ёмғир келгуси шанба кунигачалик тўхтамасдан ёғди.

Абу Лубоба қараса, Пайғамбаримиз деганларидек хурмо хирмонини сув қоплаб оқизгудек бўлиб турибдур. Шошилганидан яланғоч бўлиб, бошқа нарса топишга улгурмай кийимларини ечиб, сув тешикларини тўсгали турди. Ёғин кўплигидан кишилар зериккудек бўлгач, бояги ёмғир сўраган киши яна келди:

— Ё Расулаллоҳ, ёмғир кўплигидан, сел юриб, йўллар бузилишга бошлади. Қатнов ишларимиз қийинлашди, — деди.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқдилар эрса, дуога қўл кўтариб:

— Ё Раббий, энди устимизга ёғмасдан, тоғ-чўллар, қирларга, ўтлоқ-яйлов, тўқайларга ёғсин, — дейишлари билан Мадина устидан булутлар сўкулиб, атрофга тарқала бошлади.

Расулуллоҳ қаёққа қараб ишорат қилсалар, булутлар шу ёққа югуришар эди. Узоқ-яқин Мадина атрофида ёмғир ёғмаган ҳеч бир ер қолмади. Бир ойгача ёғингарчилик бўлиб, ҳамма жойдан қаҳатчилик кўтарилди.

Бу улуғ мўжиза эрса, неча минглаб Арабистон халқининг кўз олдида бўлиб ўтган биркароматдур. Мундан бошқа ҳам мўжиза тўғрилик Пайғамбаримиздан бизга етгансўзларнинг бариси ҳақдур. Буларнинг бўлиб ўтганлигини ҳеч ким гумон қила олмагай.

Чунки бундай хабарни «мутавотир хабар» дейдилар. Бу эрса ишонишликда кўз билан кўргандек бўлур. Ёлғон чиқиши мумкин бўлмаган хабарларни мутавотир деб айтилади. Бунинг мисоли шулки, Макка шаҳрини борлигига дунёда ишонмаган мусулмон йўқ. Кўпчиликнинг берган хабарларига биноан, кўрган-кўрмаган ҳаммаси баробар мунга ишонадилар. Шунга ўхшаш Пайғамбаримизнинг мўжизалари ҳам юзлаб, минглаб кўпчилик ичида бўлганлигидан бунинг хабарини берувчилар ҳам кўпчиликдур. Бунга ишонувчилар эрса, ўз кўзим билан кўрмадим, деб Макка шаҳрининг борлигига ишонмаган кишилар каби бўлурлар. Ақли ўзида одамнинг шундай дейиши мумкин эмасдур.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар