Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Давлат қурилиши ҳақда ўйлар

Давлат қурилиши ҳақда ўйлар
19 Mayıs 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1001 марта ўқилди.

Ўзбекистонни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз – 2.
(“Эрк” партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ билан интервью.)

– Сизнингча қайси давлат шакли Ўзбекистон учун энг уйғун – Президентликми ёки Парламент жумуриятими?

– Ҳозирги босқичда биз учун энг уйғун давлат системаси – Президентлик системасидир. Фақат битта шарт билан – бу системани назорат қилиш учун импичмент институтини кучайтириш шарти билан. Давлат бошлиғининг фаолияти импичмент воситасида назорат қилиниши лозим. Конституцияга яна бир модда илова килиш мумкин: халқнинг зулмга қарши бош кўтариш ҳаққи тўғрисидаги модда. 1776 йилда Американинг 13 штати кабул килган Мустакиллик Баённомасида бошка моддалар каторида «халқнинг зулмга қарши бош кўтариш ҳаққи» тўғрисидаги модда ҳам бор эди.

Бу икки механизм – импичмент ва «халқнинг зулмга қарши бош кўтариш ҳаққи» моддаси диктаура ишқибозларини тизгинлаш учун анча эффектив восита бўлган бўларди. Масалан, АҚШ Конституциясида импичмент ҳақида шу ифодалар бор: «АҚШда Президент, вице-президент ва бутун фуқоравий маъмурлар ватанга ҳиёнат, порахўрлик ва бошқа жиддий жиноятлар учун импичмент воситасида ўз вазифаларидан узоқлаштирилиши мумкин». Ўтиш даврида демократик давлатларнинг бу тажрибасидан фойдаланиш тўғри бўларди. Албатта, бу моддаларни тўғридан кўчириш шарт эмас, уларни бизнинг шароитимизга адаптация қилиш мумкин.

– Нега айнан Президентлик системасини танлаяпсиз?

– Чунки бизнинг бошқарувда, идорада анархияга мойиллик ҳали ҳам кучли. Инсонлар буни тушунишади ва шунинг учун ҳам ҳеч ким ҳеч нарса учун масъул бўлмайдиган кўповозли, мажҳул Парламентни эмас, давлатнинг ҳар бир муайян ҳаракати учун масъулиятни зиммасига оладиган, реал сиёсий фигураларни кўришни истайдилар.

Ҳатто 90 йилга яқин Парламент жумҳурияти булган Туркияда хам Президентлик системасига ўтиш хакда бахслар давом этмокда. Бунга сабаб килиб, турк сиёстачилари парламент системасининг эффектив ишламаётаганини кўрсатишмокда.

– Мавжуд сиёсий системани қайси йўналишда ислоҳ қилиш керак? Буни амалга ошириш учун қанча вақт талаб қилинади? Сиз демократиянинг пайдо бўлиши учун 100- 200 йил керак деган гапга қўшиласизми? Ёки уни тезроқ, масалан, бир йил ичида қуриш мумкинми?

– Давлатнинг режими ижтимоий-ҳуқуқ ва халқоро ҳуқуқ нормаларига уйғун, янгидан шакллантирилажак. Давлат ҳокимияти ўзининг барча салоҳиятлари билан тўлалигича халқ эгалигида бўлмоғи лозим. Халк ўз ҳокимиятини парламент, ижро ҳокимияти ва маҳкама воситасида қўллаши лозим. Унинг биронта салоҳиятини ҳеч ким халқ иродасига зид равишда эгаллаб олишга ҳақли эмасдир.

Бу давлатда инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун бўлажак. Бошқарув системаси эгаманлик (суверен) ҳаққини халқимиздан олажак. Бу маънода, давлат қарорларида кўпчиликнинг (жамоа, шўро) бошқарув зеҳнияти асос олинажак. Бу давлат ҳақсизлик кимдан келса келсин, кимга келса келсин, мазлумнинг тарафини олажак, золимга қарши бўлажак. Ўзбекистон Жумҳурияти ҳокимиятларнинг (қонун чиқарувчи, ижро ҳокимияти, маҳкама) мустақиллиги тамойилига асосланажак. Халқнинг бевосита, ташкилотли ўлароқ бошқарув ишларига аралашувини таъминлайдиган режим ўрнатилажак.

Миллат ҳукмига эҳтиёж сезилганда, очиқ сайлов ёки референдумлар ўтказиш мумкин бўлади. Биз ҳақиқий истиқрорнинг (стабиллик) фақат бошқарувдаги адолат билангина таъминланишига ишонамиз. Бу контекстда, ижтимоий қатламларнинг адолатли тамсили (қатнашув) масаласи ниҳоятда муҳимдир. Қонун чиқарувчи ҳокимият, Ижро ҳокимияти ва Маҳкама фаолиятига фуқоравий ташкилотларнинг шерик бўлишлари учун аккредитацион система уйғуланажак.

Мақсадимиз кучли, ташкилотланган бир жамият қуришдир. Халқнинг турли соҳаларда ўз-ўзини бошқарувда қониқарли ҳолга келиши лозим. Халқнинг вақф, жамиятлар, байналминал жамоат ташкилотлари қуриш ташаббусларини қўллаб қувватлайимиз. Бу қурилишлар орасида диалог ва ишбирлигини ташвиқ этамиз. Бу шаклда давлатчилигимиз асослари нафақат давлат органлари тарафидан, балки жамоат ташкилотлари, фуқоравий институтларнинг шаффоф фаолияти воситаси билан ҳам иҳота этилади.

Биз бутун ижтимоий қатламлардан одил тамсилни таъмин этадиган сайлов ва сиёсий партиялар янги қонунини чиқарамиз. Бизнинг барпо этажагимиз давлатда қишлоқ, туман ва вилоят бошқарувларига максимум даражада мустақил мақом берилажак ва улар ҳар бир кичик масалада Марказга мурожаат қилмайдиган бўладилар.

Давлат идоралари минимум сансоларлик ва максимиум унумдорлик тамойили бўйича ишлаяжак. (Давлат идорасига мурожаат этилганида фуқаро паспорти асосий ҳужжат ҳисобланади, қўшимча ҳужжатлар тўплаш бўйича барча ишлар давлат органлари зиммасига юкланади. Ҳар бир амалиётнинг бажарилиш вақти аниқ кўрсатилади ва фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб бермаган амалдорлар – нафақасиз ишдан ҳайдалишгача – жазоланади) Маъмурлар етарли даражада бугунги олаётганидан 10 марта купрок маош, ишдан кетганда эса минумум яшаш стандартидан ошиқроқ нафақа билан таъмин этилажак. Порахўрлик ва коррупция энг оғир жазо билан жазоланажак. Суд ва Прократура халқ тарафидан сайланиб, мустақил бўлажак. Ҳибсга олиш учун санкциялар мутлоқ шаклда маҳкама салоҳиятида бўлиши керак.

Давлат ҳакамларнинг мустақиллигига кафил сифатида майдонга чиқади. Прокуратуранинг асосий вазифаси – қонунинг бажарилишини назорат қилиш бўлади. Президент таклиф қилган ҳукуматни Парламент тасдиқлайди. Ижро ҳокимияти Парламент олдида ҳисоб беражак. Ҳукумат йилда икки марта Парламент олдида ҳисоб бериши лозим.

Конституция ҳукмлари – қонун чиқарувчи ҳокимияти, ижро ҳокимияти ва маҳкама ҳокимиятини, идора мақомларини ва бошқа қурилиш ва кишиларни маъсул этгучи асос қоидалардир. Конституция устунлиги тортишиб бўлмайдиган бир эталондир. Ҳеч бир буйруқ ёки қарорнома қонунга, қонунлар эса Конституцияга қарши бўлолмайди.

Бизнинг давлатда мафкура кўпчиликнинг идеологик кўришига асосланади. Ва ҳеч қайси идеология ҳукуматимизнинг мафкураси ёки мажбурий идеология ўлароқ белгиланмайди. Сиёсий кўптарафлилик ва кўппартиявийлик асос бўлажак. Ҳеч кимга, оилага, табақа ёки синфга имтиёз берилмайди. Давлат фақат ногиронларга, болаларини тарбиялаётган ёлғиз аёлларга ва қарияларга ёрдам бериши керак.

Фарғона,
07.02.2011

(147)

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (484-487-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар