Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ислом Холбойнинг янги романи ва унга “Дунё ўзбеклари” муносабати…

Ислом Холбойнинг янги романи ва унга “Дунё ўзбеклари” муносабати…
19 Mayıs 2017 - 12:22 'да юкланди ва 1541 марта ўқилди.

“Дунё ўзбеклари”дан:

1.
Таҳририят почтасига келиб тушган “Тузоқ” номли исми шарифи нотаниш муаллиф асарини илк бор кўрганимда, ҳаваскор ёзувчилардан бўлса керак деб ўйлаб, ажабландим. Чунки, ҳар куни ўнлаб шеър ва мақола, хат ва хабарлар тинимсиз келиб турган бир пайтда роман эълон қилиш мутлақо имконсиз бир ҳол эди.

Шунинг учун ҳам дастлаб бу асарга эътибор бермадим. Ишим тиғиз, вақтим жуда кам. Ижодий ишларим бошимдан ҳам ошиб кетган бир пайтда роман ўқишга вақт топиб бўладими?

Қолаверса, уни юборган муаллифнинг: “Ёқса берарсиз, бўлмаса шарт эмас…” деб ёзган икки қатор сўзини ўқиб, бу асарни бермаслигимизни ўзи ҳам яхши биларкан деб ўйладим ва хотиржам бўлдим.

Орадан икки уч кун ўтиб, почтани кўздан кечираётиб, яна ўша икки сатрга кўзим тушди: “Ёқса берарсиз, бўлмаса шарт эмас…” Одатда бошқа биров аввал сайтни мақтаб, кейин мақсадга ўтарди. Бу йигит эса мулозаматни йиғиртириб қўйиб, тўғридан тўғри мақсадга ўтган. Ва негадир романини беришимга ишонмаган…

Хуллас, ўқий бошладим. Ўқий бошладиму, қандай қилиб тугатганимни ҳам сезмай қолдим. Тез тугаганига ачиндим ҳам.

Диққатимни энг аввало қуйидаги сўзлар ўзига тортди: “(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)”, “Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди. Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир ҳукмидан олиб қололмайди…” (Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат), “Хазина каби қўриқлайдилар, Чўчқа каби боқадилар, Ит каби таҳқирлайдилар…”, “Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари”…

Бу сатрлар хаёлимни ўзим қамалган СНБ ва МВД нинг тер ва қон ҳиди анқиб турган ер ости камераларига етаклаб кетди, тутқинликдаги маҳзун хотираларини ёдимга солди.

Ислом Холбой исмли муаллиф ёзган “Тузоқ” номли романнинг ўзи ҳақидаги мухтасар кириш сўзи ҳам эътиборли эди:

2.
“Мен 1961 йил 18-сентябрнинг якшанбаси кундуз соат ўн иккида Қоракўл туманининг Қораун қишлоғида дунёга келганман.

Тошкент Давлат Университети журналистика куллиётининг кечки бўлимида ўқиб юрган кезларимдан газета ва журналларда фаолият кўрсатдим. “Бирлик” халқ ҳаракати тузилган кундан эса, унинг фаол аъзосига айландим. Сўнгра ишни “Эрк”да давом эттирдим, ва бугунги кунгача унинг сафларини тарк этганим йўқ.

Мени 2007 йилнинг 9-майида сохта айбловлар билан қамоққа олдилар. Тергов жараёнида халқ тилида достон бўлган бедодликларни ўз кўзларим билан кўрдим, қийноқларга тутиндим, хорликлар тортдим.

Ўтган йиллар давомида, мен сиёсий фаолиятимни бир лаҳза тўхтатмаган бўлсам ҳам, вақтли матбуотда ҳар хил номлар билан қарашларимни фаол эълон қилиб келган бўлсам ҳам, ҳеч қачон исмимни очиқлашга ошиқмадим.
Мана, кўпчилик эътироф этаётгани каби золим Каримов ўлиб, Ўзбекистонда эркинлик шабадалари эса бошлаганга ўхшайди.

Янги президент Шавкат Мирзиёев ўлкани Каримов маҳдудлигидан қутқариб, тараққиёт манзилларига олиб чиқиш учун бел боғлаган кўринади. (Илоё, шу гаплар рост бўлсин).

Демак, менинг ва менга ўхшаганларнинг ҳам парда ортидан чиқиб, очиқ майдонда курашни давом эттириши учун замин ҳозирланмоқда. Ўзбекистон оёққа қалқийдиган, миллат ҳақ-ҳуқуларини талаб қила оладиган қутлуғ кунлар яқинлашмоқда…

Шу муносабат билан омма эътиборига “Таназзул” китобининг биринчи “Тузоқ” романини ҳавола қилишга жазм этдим. Китобни кўзим билан кўриб, жабрдийдаларнинг ўз оғизларидан эшитган воқеа-ҳодисаларга таянган ҳолда битдим.

Мен яшаб турган замонимиз ёки президент Каримов ҳақида ёзмадим. Биз кеча ҳам шундай яшардик. Бугун ундан ҳам бешбаттар яшаяпмиз. Эртага…
Туркистонликларнинг ўтмиши ва келажаги ҳақида ёздим. Миллат ва динни сотган подшолар, руҳий раҳнамолар ва ўзим ҳақимда ёздим. Тўрт юз йилдан буён занжирбанд этилган, топталган ор ва номус ҳақида ёздим. Орзуларим ва армонларим, йирингга айланган юрагимнинг қонлари ҳақида ёздим.

Бизда сотқинлар билан фидойилар бир-бирларидан фарқланмайдилар. Қайтанга, хиёнаткорлар кўпроқ қадрланадилар. Шунинг учун битта мустабидни тахтдан йиқитган билан бизнинг касални даволаб бўлмайди. Катта душманимиз бўлмиш жаҳолат бизнинг ичимизда экан, юрт тузалиши учун аввало ўзимизни тузатишимиз керак. Бу масала битта, ўнта, юзта мустабидни тахтдан ағдаришдан қийинроқ.

Мустабидлар келиб кетаверадилар, жаҳолат бир ёпишса кетказиб бўлмайди.
Мен учун бани башарнинг ҳам бегонаси йўқ, ҳамма ҳам Одам Отанинг фарзанди. Замин эса, бутун инсониятнинг умумий уйи. Аммо, ҳар бир одамда ўз ота-онаси, оиласи – бола-чақалари бўлгани каби ўз миллати, ватани ҳам бор.

Туркистон ғояси ислом ғояси билан чамбарчас уйғун бир ғоя. Ислом раҳбар бўлса, миллий туйғу тирик бўлса, мен тирикман, улар ўлган кун мен ҳам ўламан.

Туркистон ҳали тирик, ислом абадийдир…

Ота-онамнинг, болаларимнинг, невара-чевараларимнинг дунёда минг йиллар яшаб қолиши мана шу икки жиҳатга боғлиқ. Бу миллатнинг ота-оналари менинг отам, менинг онам, болалари болаларим, невара-чеваралари невара-чевараларим! Бу дунёда менинг улардан бошқа кимсам йўқ. Бироқ улар Туркистонни ва исломни ўз қиёфасида танимаганлари каби буни ҳам билмайдилар.

Миллатнинг кўзлари кўр, тиллари соқов… Зиёлилари ва раҳнамолари миллатни шу кўйга туширдилар. Мансабни, дунёни дея, ор-номусларини – келажакларини соттилар. Улар Туркистонни эмас, исломни эмас, ўзларини хорладилар. Ўғиллари ва қизларини, невараларини таҳқирладилар. Ота-боболарининг юзига оёқ босдилар. Ўзларининг йўлларини ўзлари кесиб қўйдилар.

Очкўзлик, калтафаҳамлик, оғзиолалик бизларни балчиққа ботирди…
Балким менинг ёзганларим бир чақага арзимас. Буларнинг ўзимдан ўзгага қизиғи йўқ бўлиши ҳам мумкин. Аммо мен қалбимнинг буюрганини ёздим. Сохтакорлик ва ёлғончилик этмадим. Бировдан мукофот кутмадим. Мен учун идеалларим билан яшашдан кўра буюкроқ мукофот йўқ.

Аллоҳ менга дин, миллат ва тил насиб этган экан, мен бу улуғ йўлда то ўлгунча собитқадам бўламан. Ҳар бир миллатнинг фидойилари сингари Унинг розилигига интиламан…

Муаллиф”

3.
Мен қамоқ ва у ердаги ҳаётнинг асл башарасини рўй рост кўрсатишга уринган, тутқинлик манзарасини баҳоли қудрат чизишга тиришган жуда кўп кишиларнинг асарларини ўқиганман.

Лекин Ислом Холбой услуби – уларнинг ҳеч қайсига ўхшамасди. Унинг ёзганларида ёлғон йўқлиги, муаллифнинг самимий ва ростгўйлиги шундоққина кўриниб турарди.

Асар қисқа, лўнда, содда ва тушунарли тилда ёзилган. Энг муҳими – асарда, биз журналистларда етишмайдиган маҳорат – бадиий тасвир кучли эди.

Бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз учун асарнинг қисқагина муқаддимасини эътиборингизгн га ҳавола этишни лозим топдик:

4.

* * *

Оппоқ гулларини ечиб, яшил япроқларга бурканган олам – хушманзара ва хушҳаво. Руҳиятда янгиланиш бошланган. Қорли-қировли кунлардан етганлар бахтиёрликларини ичларига сиғдира олмайдилар. Уйғонган ифорлар димоқни маст қилади. Ёмғирлардан ювинган кўчалар кўзларни қувонтиради, диллар яйрайди. Ишсизликдан, пулсизликдан қийналган дамлар ёддан кўтарилиб, сархуш қалблар ҳаёт қўшиғини куйлайди. Гуллаган дарахтлар ёздан мева кутгани каби бокира орзулар соҳир булоқлардек товланадилар…

Ёз, ёз ортидан куз келади. Борлиқ сарғиш рангларга эврилади. Япроқларни елвизаклар ўйнайди…

Жамият қишга рўбарў бўлади. Ҳеч нарса ўзгармаган… Яна аламли изтироблар ўсади. Аламзадаликдан жаҳолат бош кўтаради. Тузум яна алдайди. Армонлар баргларидан мосуво дарахтлардай увишиб, орзулар хазонрезги япроқлардай тўкиладилар. Кўзлар уфққа карахт боқадилар. Шуурни тушдаги каби ғафлат уйқуси элитади. Умиднинг юрагига тушкунлик ханжар уради. Ҳукуматнинг ваъдалари пуч бўлгач, хиёнатларга йўл очилади…

Табиат эса ҳеч кимга ваъда бермайди, бир оғиз ҳам сўзламайди. У Қудрат эгаси аввалида яратганидек бурчига содиқ, ваъдасида собит туради, хиёнатни билмайди…

Туркистонда тўрт асрдан буён аҳвол танг… Тузумлар – кўҳна чархпалакка ўхшайдилар, қишин-ёзин бир хил айланадилар, тафаккурга суянмайдилар, ҳеч бир ишнинг уддасидан чиқа олмайдилар. Ўзларини таъмирлашни хоҳламайдилар, ёлғонни суядилар, тўғри сўзни ёмон кўрадилар. Улар оқар сув таъмини унутган қурбақаларга ўхшайдилар. Шунинг учун бир хилда валақлайдилар, бир хилда қўшиқ куйлайдилар. Уларнинг душмани – турфалик, улар ўзгаришлардан ажалдан қўрққандай қўрқадилар.
Оқавага ўрганиб қолганларнинг чиркин вужудлари тоза сувда яшай олмайди…

Табиат қонунлари оламдаги барча нарсаларни идрок этишга, шуурни тоблашга ундайди. Жамиятдаги қонунлар кишиларни чалғитиш учун, гўзалликларни топташ учун ёзилади.

Кимлардир қонунлар ёзгани учун қўшимча имтиёзларга эга бўладилар. Аслида қонунлар номигагина ёзилишини улар яхшироқ биладилар. Нима биландир машғул бўлиш улар учун бахт бўлиб туюлади, маъно ва моҳиятнинг сариқ чақачалик қадри йўқ. Уларнинг қоринлари тўйиб, эгнилари битса бўлгани. Эътиқодсиз одам учун оч қолишдан кўра даҳшатлироқ нарса бўлмайди…

Эзгу мақсадлар байроғи остида нафас олаётган мунофиқ тузум ўзини ўзи алдаш билан овора. Унинг танлаган йўлига зулукдек ёпишишдан ўзга чораси йўқ, у бир кунга бўлса ҳам умрини чўзишга тиришади, ихтиёри билан жон беришни истамайди, яшашни ҳам эплай олмайди, қўлидан бўлак иш ҳам келмайди.

Унга ҳам осон эмас, таъсир кўрсатадиган, тўғри йўлга мажбурлайдиган кучлар йўқлигини у ўзининг бахти деб ҳисобласа-да, бу бахтсизлигининг боши эканлигини англашга тиришмайди.

Жамиятни янгилайдиган кучлар йўқ. Куртаклар ҳар куни синдирилади, ҳақиқатни топташ, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларига болта уриш тузум яшовчанлигини таъминлайди. Нафсиламбирини айтганда, яхши ҳам, ёмон ҳам ўз гўрига ўзи ғишт қалайди, бошқа бировнинг эмас. Этмагайсан, топмагайсан, ҳар ким экканини ўради…

5.
Хуллас, асар менга ёқди.

Уни эълон қила бошладим. Биринчи бобни нашр этган заҳоти муаллиф унинг давомини – бобма боб юбориб турди. Бизда асарни ҳар куни бериб бориш имкони йўқ эди, орадан уч-тўрт, баъзан беш олти кун ўтказиб бўлса-да, лекин мунтазам бериб бордик. 9 бобга қадар пайдар пай эълон қилдик.

Ажойиб кунларнинг бирида, кутилмаганда интернет тармоғида кириб, биз эълон қила бошлаган асарни негадир бошқа сайт ҳам қайтадан бера бошлагани диққатимизни тортди.

Одатда асар бир манбада нашр этилиши лозим. Бошқалар эълон қилса, унинг дастлабки манбасини кўрсатиши керак бўлади. Муаллиф билан боғлансак, биз ҳар куни ва узлуксиз бериб боролмаганимиз учун бошқа нашрда эълон қила бошлаганини айтди. Лекин миннатдорчилик билдиришни унутмади.

Нима ҳам дердик. Бу дунёда ҳар кимнинг ўз мухлиси бўлгани каби, ҳар бир нашрнинг ҳам ўз ўқувчиси бор. Биз бугун муаллифнинг ўнинчи – “Дунё ўзбеклари”даги энг сўнгги бобини эълон қилар эканмиз, қадим Бухоронинг Қоракўлида туғилиб ўсган талантли адиб Ислом Холбойга улкан ижодий ютуқлар тилаб қоламиз…

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
13 май, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…

ТУЗОҚ (Роман) 10 – Бу ерни Мустақилистон – жаннатистон, тўрт фасли бут баҳористон дейдилар!

Ўн иккинчи боб

Бугунги кун ҳам туман ҳибсхонасида ўтди. Бу жойларда нималар рўй бермайди дейсиз. Кимларнидир олиб чиқиб кетадилар, кимларнидир олиб кирадилар. Кирди-чиқдининг кўплигини кўрган кимса бу ўлкада қамалмаган бирор одам қолмаган бўлса керак, деб ўйлайди. Ҳибсхонага кириб-чиқаётганларни ҳисобини олмоқчи бўлганлар икки соат ўтмасдан саноқдан адашиб кетадилар.

Бу ерлардаги муҳит ўзгарувчанлиги ҳисобга олинса, вазиятни чамалаб иш кўриб бўлмаслиги аён бўлади. Ҳар бир тутқуннинг ўзига хос феъл-атвори бўлгани каби, ҳар бир миршабнинг ҳам ўзига яраша инжиқликлари бор. Муҳит ҳавоси буқаламундай турланиб туради. Вазиятни бир қолипда ушлаб туришга мўлжалланган қонунлар, кайфият ҳукмбардор бўлгач, мутлақо иш бермайди. Барча хавфсизлик ташкилотлари тизимлари ҳукумат талаблари ҳудудларида фаолият кўрсатишга мослаштирилгани сингари, миршаблар ўзларидан юқорида турган бошлиқлари илгари сурган тамойиллардан келиб чиқиб, ёзилмаган қонунлар билан фаолиятларини изга солиб турадилар. Бу жараёнда уларнинг савия даражалари ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Улар учун қонунлар – театр деворларига ёпиштирилган шунчаки афишалар, ғафлат лойига ботган идроклари – панжара билан тўсилган театр чегаралари, холос. Уларнинг илинжлари елка нишонларини оширишдан ва ҳаром бойлик орттиришдан иборат бўлгач, нари ёғи қоп-қора тун бўлиб, мавҳумотлар олами қўрғонларидан нарида ҳад-ҳудудсиз саробликлар салтанати бошланади. У ёқларда нимани хоҳлашини билмайдиган тузум, жамият ичига суқилиб кириб, ҳаёт реалликларидан овлоқларда арвоҳ сингари изғиб юради. Чаласаводлар барча замонлар ва маконларда ёруғ олам кенгликларини бузуқ ақл тарозилари билан ўлчаганлари мисоли, бу деворлар орасидаги ишончли воситалар пул олди-берди муомаласи орқали вужудга келади. Хиралигидан одам-одамни зўрға кўрадиган қоронғи ва совуқ бурчакларда энг сеҳрли, энг ёқимтой ашё бўлган пул сўзга-сўзни қовуштириб, кўнгилларни илитиб туради.

Таниш соқчи алмашиб, Баҳром қаноти қирқилган қушга ўхшаб қолди. У фурсат топиб янги соқчига икки минг сўм қистиришга муваффақ бўлганди, қақраб ётган даштга баҳор ёмғирлари шивалагандай, унга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Орқасидан овқат ва хат-хабарлар кела бошлади. У энди истаган пайтида ҳибсхонадан хат чиқара оларди.

Прокуратурадан қайтгач, Азизни ўртадаги каталакка ташладилар. Участка нозирининг ундан хабар олмай қўйгани соқчиларнинг муносабатини ўзгартирган эди. Унинг кўкраги нақшли маҳбус ёнида ўзини қандай тутаётгани Баҳром учун қизиқ эди.

Кўп вақт ўтмади. Ўртадаги эшикни кимдир қаттиқ тепди. Шунда, ҳамма ёқ қаттиқ гумбурлаб, осмон ўпирилиб тушгандай бўлди. Чопиб келган соқчи эшикни очганда:

– Ит билан бир каталакда нафас олиш эркакларга номус! – деган овоз янгради.

Бу кўкраги нақшли маҳбус эди. Баҳром уни дарров таниди. (Кимдир Азизнинг собиқ миршаблигини билиб қолган эди, шекилли.)

Соқчи унинг сўзларидан ҳайратга тушиб:

– Қанақа ит, эсинг жойидами? Каталакда ит нима қилади? – деб сўради.

– Сенларга ўхшаган ит! – дея кўкраги нақшли маҳбус кимнингдир кетига тепиб, даҳлизга итариб юборди.

Тепки еган кимса деворга боши билан урилиб, вой, деб ингради.

Бу Азиз эди. У “мужик”лар орасидан шармандаларча қувиб солинганди. Гапнинг индаллосини англаган соқчилар шолкалтаклар билан ёпирилиб, кўкраги нақшли маҳбусни савалашга тушдилар. Орадан ярим дақиқа ўтмай кўмакчи кучлар ёрдамга етиб келди. Бечорани ўзлари урдилар, ўзлари қўйдилар.

Кўмак кучлари орасида таниш подполковник ҳам бор эди. У соқчига маҳбуснинг ҳужжатларини олиб келишни буюрди.
– Кандратов Юрий Никалаевич. 1946 йил, Тошкент шаҳри, Октябр тумани, Генерал Узоқов кўчаси, 114-уйда туғилган. Русия фуқароси. 1999 йил Тошкент шаҳрида содир этган жинояти учун халқаро қидирувга берилган. 2005 йилнинг 16 октябрида Москвада қўлга олинган. Оилали. Хотини, икки фарзанди бор! – дея полковник маълумотларни ҳижжалаб, ўзидан қўшиб-чатиб зўрға ўқирди. – Беш марта судланган, уч мартасида жазо муддатини ўтаган, жувонмарг. Беш мартасида ҳам босқинчилик содир этган, муттаҳам. Тошкентда Политехника институтини тугатган…

Шу жойга келганда подполковник жимиб қолди. Ҳибсхонада пашша учса билинадиган даражада тинчлик ҳукм сурарди. Бор вужуди қулоққа айланган маҳбуслар нафасларини ичларига ютиб, ҳодисанинг нима билан якунига етишини кутардилар.

Ярим дақиқадан сўнгра овоз янгради:

– Эссиз сенга Совет ҳукумати сарфлаган пуллар! – деди у ачиниш ҳиссини ифодалашга уриниб. – Бир ўзбек пахтакори боласининг ризқини қийгансан, сассиқ ўрис бўлмай ҳар бало бўл, текинтомоқ очофат. Ўрнингга ўша меҳнаткаш болапақир ўқиганда, коммунистик партияга сидқидилдан хизмат этарди. Владимир Иличга муносиб ворис бўларди. Шунда жаҳондаги энг қудратли ва адолатли давлат СССР парчаланиб, сочилиб кетмасди. Сенга ўхшаганлар касридан шундай буюк давлат инқирозга юз тутти-я. Бир қадам олға боссанг, манглайинг Султонмуродбой Назарбоевнинг қовуғига урилади. Орқангга икки қадам ташласанг, Имомали Раҳмонали жўвачасининг каллакчаси билан кетингга туртади. Ўнг елкангга салом берсанг, автомат ўқталган туркманга кўзинг тушади. Бошингни чап елкангга буриб, назарингни бу балолардан олиб қочмоқчи бўлганингда, елкангга шайтондек чиқиб олган қирғизга кўзинг тушиб, дамингни ичингга ютасан. Ёсир Арофат ўлиб, Шариел Арўн ер юзини жин-ажиналар уясига айлантирди. Сабаби не эканлигини Саддам Ҳусайин билан Жўрж Бушнинг ўғли тушунмаса, Путин билан Лукашенканинг ақли ҳеч нарсага етаётгани йўқ. Дунёда зиғирча бўлсин адолат қолганми ўзи? Нима қилса бу балолардан қутулади одам? Нима қилса…

Баҳром подполковник қўлларини гап оҳангига мослаб ўйнатаётганини кўрмаса ҳам, сўзларидан тасаввур этарди.

– Ўзингни оссанг, барчасидан қутуласан! – деди унга полда думалаб ётган маҳбус.

Миршаблардан кимдир пишқириб кулиб юборди.

Маҳбуслар ҳам ўзларини зўрға тутиб турардилар. Баҳона сабаб, хохолашга тушдилар.

– Фалонимга куласизларми? – деди турган жойида тўрт томонига аланглаган подполковник. – Онангни фалон қилайлар, шим-пимимни йиртилган жойи бор эканми?

Унинг ғазабидан қўрқиб ҳамма жимиб қолди.

Бундан руҳланган подполковник полда инграб ётган кўкраги нақшли маҳбусга:

– Юрий Никалаевич, бир нима деб гапирсангчи, олий маълумотли, туппа-тузук одам экансан! – деди озроқ шаштидан тушиб.

– Нимани гапираман? – деди у инқиллаб.

– Қонун ва тинчлик посбонлари бўлмиш беминнат ва шарафли касб эгалари – миршаблардан узр сўраш учун ўзингда бир оз куч тополмайсанми, қадрдонгинам? Ёки икки-уч оғиз сўз айтиш шунчалик қийинми?

– Йўқ, бу унчалик ҳам қийин иш эмас!

– Баракалла, баракалла, Юрий Никалаевич! – деди хурсанд бўлган подполковник. – Қани бўлмаса, бошла-чи, бўтам!

– Сенинг онангни Екатиринанинг палахмонига бойлаб қўйиб фалон қилайин, ит! Энди кўнглинг жойига тушдими? – деди дабдурустдан у ҳам.

Қолганлар, гўё ўзлари сўкиб қўйгандай, ичларидан зил кетдилар. Миршаблар унга ташланмоқчи бўлганларида, подполковник дарров қулочларини икки ёнга кериб:

– Ўзим! – деди. – Ўзбек ўғлонлари жаннатдан қувилиб, ер юзига тушганларидан буён, ҳалига довур оналарини бировларга шунчаки сўктириб қўйган эмаслар. Энди ҳам меҳнат ва жабр-зулмдан рўшнолик кўрмай ўлиб кетган онажонлари қабрлари устига чанг қўндирмайдилар.

У шундай дея маҳбуснинг биқинига зарб билан тепган эди, у:

– Ўлган онангни Екатиринанинг отни бойлаб қўйиб кайф қиладиган манжалақ дўконига солиб, беш марта фалон қилайин! – деди.

Борҳо ғазаб отига минган подполковник ўзини босолмай, тутоқиб кетди. Маҳбусни тўйгунча тепалади. Миршаблардан кимдир:

– Ўлдириб қўясиз, ўртоқ подполковник. Бир сассиқ ўрисни деб бошингизга ташвиш ортирмоқчимисиз? – деган эди, у сал бўлса ҳам ўзини босиб олди.

Сўнгра чўнтагидан машҳур рўмолчасини чиқариб, аввал юз-кўзлари, сўнгра ёғ босганидан дўппайиб чиққан энсасининг терини ишқаб артди. Ёқаси тугмаларини ечиб, шошмасдан кўкрагини, қўлтиқларини обдан сийирди. Дастрўмолини сиққан эди, ундан полга ёмғир томчилари сингари дона-дона бўлиб сув томчилади. Тутқунлар буни кўрмаётган бўлсалар ҳам, томчиларнинг чикиллашидан манзарани кўзлари олдига келтираётган эдилар.

У рўмолчасини чўнтагига тиқиб, қонига бўялган кўкраги нақшли маҳбусга:

– Бу ер сенга Русия эмас. Бу ерни Мустақилистон – жаннатистон, тўрт фасли бут баҳористон дейдилар! – деди. – Шаҳар бедарвоза эмас, бу заминда ҳар бир нарсанинг эгаси бор. Энг асосийси, қонун-қоида бор. Яратганга шукр, бошимизда қатъиятли раҳбар бор. Кучли давлатдан – кучсиз фуқаролик жамиятига “хуш келибсиз” “Ўзбек – модели” деган демократик тамойилларимиз бор. Бу обод ва озод юртда ҳар ким истаганини қилиб кетавермайди. Ўзингни йиғиштириб ол, бўлмаса ит ўлимида ўлиб кетасан, бўтам. Ўлганингда ҳам сени биров йўқламайди. Йўқлагандаям, қўлидан ҳеч вақо келмайди. Бу ерни билганлар дўзахистон, билмаганлар боғи бўстон, гулистон дейдилар. Сенинг қилғилигинг тузни ичиб, тузлиққа тупирган кўрнамакнинг қилмишига ўхшайди…

Ислом Холбой,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Манба: dunyouzbeklari.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар