Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Иқтисод

Иқтисод
20 Mayıs 2017 - 6:00 'да юкланди ва 824 марта ўқилди.

Ўзбекистонни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз – 3.
(“Эрк” партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ билан интервью.)

– Иқтисодий ислоҳотларнинг қайсинисини энг муҳим ва долзарб деб биласиз? Хусусийлаштириш институтига муносабатингиз қандай? Ерни хусусийлаштиришга қандай қарайсиз? Нимани хусусийлаштириш ва нимани хусусийлаштирмаслик керак?

– Бизнинг фикримизча, иқтисод байналминал воқеликни ҳисобга олган ҳолда шаклланиб, молиявий ресурсларнинг эркин айлaниши ва хорижий сармоянинг тўсиқсиз ҳаракат этишини таминлаши керак.

Давлат стратегик аҳамиятга эга бўлган секторларни ҳамда коммуникация ва сув ресурсларини ўз тасарруфида тутади. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий юксалиш ва айниқса, саноатнинг ривожи, ўлка бойликларидан унумли фойдaланиш борасида бир ташкилот қуриш Ҳукуматимиз вазифасидир. Миллий даромадни ошириш, исрофгарчилик ва порахўрликка чек қўйиш, ишлаб чиқаришни юксалтириш, нарх-навода барқaрорлик ва тўловларда мувозанатни сақлаш йўлида тадбирлар олинади.

Ҳукуматимиз пул, кредит, сармоя, мол ва маиший хизмат секторини тартибли ишлашини таъминловчи ва ривожлантирувчи тадбирлар олади, секторларда феълий ёки келишув орқали пайдо бўладиган яккаҳокимликнинг олдини олади. Ташқи савдонинг ўлка иқтисоди манфаатига хизмат қилиши учун керакли тадбирлар олинади, импорт ва экспорт рағбатлантирилади. Айни шаклда илмий изланишлар қўллаб қувватланади, маиший хизмат соҳаси ва туризм борасида тадбир кўрилади.

Кичик ҳажмли саноат корхоналарини ва саноат кооперативчилигини ташвиқ киламиз. Табиий бойликлар давлатимизнинг ҳукми ва тасарруфида бўлади, уларнинг излаб топилиши ва ишлатилиши давлатимзга оиддир. Бу соҳада маҳаллий сармоячилар, ташаббускорлар ва илмий марказлар ҳамда касб ва соҳа жамиятлари билан ҳамкорлик қилинади.

Ҳукуматимиз миллий иқтисодимиз манфаатларини назарда тутиб, аҳолини муҳофаза қилишга қаратилган кооперативчиликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради, истеъмолчиларни ҳимоя қиладиган чора ва тадбирлар ишлаб чиқади. Ўзбекистон ярим аграр ўлка. Зудлик билан тупроқ ислоҳоти ўтказилиши лозим. Ҳукуматимиз тупроқ унумдорлигини муҳофаза қилиш, эррозияга юз тутишининг олдини олиш учун ери йўқ деҳқонга ер беради ва унга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини беради. Ҳар бир киши ўзи танлаган соҳада иш шартномаси тузишга ҳақлидир. Янада кўпроқ қўшимча даромад олиш учун ҳамда инвестициялар ётқизиш учун чет элга чиқиб кетган юксак малакали тадбиркорларни ишга жалб этиш лозим. Юксак даромадли лойиҳаларга танловлар воситасида маҳаллий ишбилармонларини кенг миқёсда жалб этмоқ лозим. Аҳолининг кенг қатламларини эса биржа воситасида жалб этиш керак.

Давлат аҳолининг турмуш стандартларини яхшилаш учун тадбирлар олиши, меҳнат шароитини яхшилаши ва ишсизларни ишсизлик профилактикасидан ўтказиши лозим. Ҳеч ким ўз ёшига, жинсига ва жисмоний имконига мос келмайдиган иш жойларида ишламаслиги керак.

Меҳнаткашлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун иш берган кишининг ижозатисиз вақфлар, кооперативлар ташкил эта билишга ва уларга аъзо бўлишга, улардан чиқиб кетишга ҳақли бўлишлари керак.

Меҳнаткашларнинг ўз ҳақларини талаб қилиб, стачка ва иш ташлашга ҳаққи бўлиши керак. Стратегик аҳамиятга эга бўлмаган барча иш объектларини хусусийлаштириш мумкин. Ерни эса ҳозирги босқичда қисман хусусийлаштириш мумкин бўлади.

– Тожикистоннинг Роғун ГЭС, Қирғизистоннинг Қамбарота ГЭС каскадини қуришга бўлган режаларига муносабатингиз қандай? Ўзбекистон ҳукуматининг бу ташаббусларга қарши чиқиши сизнингча тўғрими? Бу муаммони қандай ҳал килиш мумкин? Умуман олганда, сув муаммоларини ечиш ҳақида нима дея оласиз?

– Тўғриси, ҳозирча бу масалани унга ечим таклиф этиш даражасида малакали ўргана олганим йўқ. Фақат бир нарсани айтиш мумкин: ҳар бир давлат ўз ҳудудида ўзининг энергетик эҳтиёжларини таъминлаш учун стратегик объектлар қуришга ҳаклидир, аммо бу тадбир байналминал хуқуққа зид келмаслиги, қўшни давлатларнинг манфаатларини ҳам ҳисобга олиши лозим.

– Ўлканинг иқтисодини қисқа вақт ичида кўтариб, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш мумкинми? Бунинг учун нима қилиш лозим? Сизнингча, бу қанча вақт олиши мумкин? СССР йиқилгандан сўнг, илк ойларда Каримов ярим йил сабр қилинг, жаннат яратиб бераман, деганди. Ўшанда вазиятни яхшилаш мумкинмиди?

– Мумкин эди. Бунинг учун ўлкада бир неча таъмал мавжуд эди:

1. Ўзбекистон мустақил давлат сифатида майдонга чиқар экан, унинг ихтиёрида энг ривожланган инфраструктура ва бошқа жумҳуриятларга нисбатан мустаҳкам бир иқтисодий базага эга эди. Демак, Ўзбекистон бошқа жумҳуриятларга нисбатан янги бозор иқтисодига кўпроқ тайёр эди. Бу эса иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни оғриқсиз ўтказиш учун энг муҳим омиллардан эди.

2. Ислоҳотлар ўтказиш учун жамиятимизда шаклланган ижтимоий психология ҳам мусоид эди. Инсонлар қўлга киритилган мустақилликдан сархуш эдилар, улар бу илҳом пардаси орқали келажакка жуда ҳам некбин боқардилар, бу келажак учун керак бўлса, камарларини қаттиқроқ тортиб, ислоҳотлар туғдирадиган иқтисодий қийинчиликларга чидашга тайёр эдилар.

3. Яна бир муҳим омил – аҳолининг қонунга ҳурмат туйғуси эди. Бу баъзилар талқин қилганидек мутеълик эмас, балки «Шариат кесган бармоғ оғримас» тушунчасида бўлган халқимизнинг асрлар давомида олган тарбия маҳсули – қонунга итоат туйғуси эди. Яъни, қонун буюрган нарса қанчалик оғир бўлмасин, унинг бажарилиши шартлиги тушунчаси ҳоким эди халқимизнинг зеҳнида. Бу омил ислоҳотлар даврида беқиёс аҳамиятга эгадир.

Афсуски, бу имтиёз ва имконлар қўлланмади ва бизнинг халқимиз бугун ўз йулбошчиси ва хукуматининг басиратсиз сиёсати меваларини тановул қилмоқда. Каримов ушбу учунчи факторни ўзининг мустабид ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун қўллади, холос.

Аммо буларга қарамасдан, халқ қашшоқликнинг энг тубига тушганига қарамай, завод ва фабрикаларнинг ярмидан кўпи иш миқёсининг ярмини ҳам адо этмаётганига қарамай, иш ахтарган 4 миллиондан ошиқ ўзбекистонлик чет элда саргардон юрганига қарамай, ҳали ҳам ўлкани қутқариш мумкин. Бу мамлакатни Каримов ҳаробасидан чиқариш мумкин. Чунки, биз юқорида санаб ўтган имтиёз ва имконлардан фақат биттасинигина йўқотдик: мустақиллик берган сархушликни. Жуда яхши. Энди биз маст эмасмиз, ҳаётга реал назар билан боқамиз. Синган жойимизда қувватлироқ бўламиз. Букилган тиззаларимиздан оёққа қалқиб, азиз Ўзбекистонимизни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз. Ислом Каримов 20 йиллик иқтидор марофонидан бироз чарчади, аммо ҳали ҳам унинг Ўзбекистонни бу бўҳрондан қутқариш нияти кўринмaяпти. У буни истамайди, чунки унинг учун бўҳрон Ўзбекистонни бу боши берк кўчадан олиб чиқишдан кўра хавфзсизрок. Чунки Ўзбекистоннинг бўҳрондан қутилиши – Каримовнинг терроридан, унинг истибдодидан қутилиш демакдир.

Адолатсизликдан, порахўрликдан, қонунсизликдан – Каримовнинг ғайримашруъ (нолегитим) режимини оёқда тутиб турган нарсалардан қутилиш демакдир. Шу боисдан, Каримов бўҳрондан эмас, вақти-вақти билан маҳаллий раҳбарлардан, вазирлардан, бош вазирлардан қутилиш тадбири билан машғул бўлмокда. У би шларни кўзбўямачилик мақсадида, шу билан гуёки порахўрликка, ўғирликка қарши курашиб, миллий лидер ниқобини янгилаб туради.

Фарғона,
07.02.2011

(148)

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (487-491-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар