Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Фолчиларнинг бир сўзи тўғри чиқар эрса, тўққизи ёлғондур”

“Фолчиларнинг бир сўзи тўғри чиқар эрса, тўққизи ёлғондур”
23 Mayıs 2017 - 9:00 'да юкланди ва 929 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 166
(давоми)

БАНИ УЗРА ҚАБИЛАСИНИНГ ЭЛЧИЛАРИ

Бани Узра Яман вилоятида яшайдиган араблар қабиласидан эди. Булардан ўн икки киши элчи бўлиб Мадинага келди. Расулуллоҳ билан дастлаб кўришганларида жоҳилият замонидаги одатларича саломлашдилар.

— Қайси қабиладан бўлурсиз? — деб Расулуллоҳ улардан сўрадилар.

Анда уларнинг раислари туриб:

— Ё Расулаллоҳ, биз Бани Узра қавмидан бўлурмиз, узоқ турсак ҳам сизга қариндошлигимиз бордур. Сизнинг бешинчи бобонгиз Қусай ибн Килобнинг иниси Ризоҳ ибн Робиянинг авлоди эрурмиз. Ўшал замонда Маккага ҳукмрон бўлган Хузоа, Бани Бакр қабиласи билан Қурайш раиси бобонгиз Қусай уруш қилганида биз келиб ёрдам берганмиз. Уларни Маккадан ҳайдаб, бобонгиз Қусайни Байтуллоҳга биз эга қилганмиз, — деди.

Бу иш эрса ўшал замонда бўлиб ўтган араблар ўрталаридаги ҳаммага маълум, машҳур воқеа эди. Бу сўзларни айтишга ҳам ҳақлик эдилар. Шунинг учун уларни Расулуллоҳ тасдиқлаб, бошқа элчилардан ортиқроқ ҳурматладилар.

Бу элчилар аввал кўришганларида мусулмонча салом бермаганлик узрини баён қилиб, айтдилар:

— Биз эрсак шу кунгача ота-боболаримиз динида эрдик. Бу ишни англагач, Ислом динига кириш учун бутун қавмимиз тарафидан вакил бўлиб, биринчи келганимиздур. Энди сиз Аллоҳ томонидан юборилмиш пайғамбар бўлсангиз, бизни қайси ишга буюрурсиз?

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Барча оламни яратган ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилурсиз, ер юзи инсонларига мениАллоҳ таоло пайғамбар қилиб юборди. Уларга Худони танитиб, ҳақ йўлни кўрсатгали келдим.Дин йўлида айтган сўзларимга ишониб, менга иймон келтирурсиз.

— Яна нима иш қилурмиз? — деб сўрадилар.

— Тоза таҳорат билан кунига беш вақт намоз ўқурсиз, буларнинг ҳар бирини ўз вақтида адо қилурсиз. Яна ҳар йили бир ой Рамазон рўзасини тутарсиз. Бой кишилар нисобга етган молларидан чоғайларга закот бергайлар. Умр ичида бир йўл ҳаж қилиб, Байтуллоҳни зиёрат қилғайлар, — дедилар.

Шунда алар дарҳол шаҳодат айтишиб, иймонга мушарраф бўлдилар.

Яна Расулуллоҳ уларга:

— Мендан кейин кўп замон ўтмагай, бутун Шом вилояти умматларим қўлида фатҳ бўлғай. Қайсар Ҳирақл Шомдан қочиб Рум шаҳрининг қалъасига кириб бекингай, — деб келажакдаги бўлгулик ишлардан хабар бердилар. Ҳазрати Умар замонида Расулуллоҳ айтганларидек бўлди.

Элчилар буни англагач:

— Ё Расулаллоҳ, бизнинг ичимизда бир хотун бордур, у фолчилик қилиб ғайб ишлардан хабар берур. Халқ ичида унинг ҳурмати бўлганлигидан, ўзаро битмаган жанжаллик ишлари бўлса араблар уни ҳакам қилиб, шунинг ҳукмига рози бўлғайлар. Дин, дунё, ишларимизда кўп нарсаларни ундан сўрар эдик. Бу ишимиз эрса қандоқ бўлур? — дедилар.

Расулуллоҳ айтдилар:

— Улардан бундоқ сўзларни сўровчи бўлманглар, мен келгандан кейин, у ишларнинг вақти ўтган, обрўйи кетгандур. Фолчиларнинг бир сўзи тўғри чиқар эрса, тўққизи ёлғондур. Уларга ишонмоқ улуғ гуноҳдур. Бутхоналарни бузиб, бутларни синдиринглар. Аллоҳдан ўзгага назр айтиб, жон атаманглар, — дедилар.

Шу билан Расулуллоҳнинг берган жавобларига қаноатланишиб, ўз ерларига қайтдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар