Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бошқа мамлакатлар билан муносабатлар

Бошқа мамлакатлар билан муносабатлар
24 Mayıs 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1768 марта ўқилди.

Ўзбекистонни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз – 7.
(“Эрк” партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ билан интервью.)

– Сизнингча, қайси мамлакатда ижтимоий тузум идеалга яқинроқ? Ўзбекистонни қайси давлатга ўхшашини истардингиз?

– Албатта, идеал давлатни топиш қийин. Ҳатто Афлотун ҳам идеал давлатнинг тимсолини тасвирлаб беришга қийналган. Аммо адолатли давлат ҳақида орзу қилса бўлади, чунки давлатнинг асоси энг аввало адолатга, ундан кейин эса ҳуқуққа таянмоғи лозим. Қонунлар ҳам ушбу икки тамойиллар асосида яратилмоғи шарт. Мен Ўзбекистонни ҳудди шундай – адолатли ва ҳуқуққа асосланган давлат сифатида кўришни истардим.

– Ўзбекистон қайси мамлакатлар гуруҳи билан яқинлашмоғи лозим: Ғарб, Туркия, Исломий мамлакатлар ёки собиқ СССР республикалари биланми? Постсовет майдонидаги КХШТ, ЕврОсИҲ, Божхона иттифоқи каби турли интеграциявий лойиҳаларга муносабатингиз қандай? Ўрта Осиё доирасидаги интеграция лойиҳаларигачи? Бу бирлашмалар Ўзбекистонга керакми ўзи ёки у шу бугунги кунда йўлга қўйилган жўнгина, ҳамма билан икки томонлама муносабатларни ўрнатиш кифоя қиладими? Бу йўналишда қандай ишларни амалга ошириш лозим?

– Биз Осиё ва Европанинг барча мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишимиз лозим. Биз халқаро ҳуқуқ ва халқаро шартномаларга мувофиқ фаолият юритадиган мамлакат бўлиб қолишимиз керак. Мамлакат ривожланишидаги ориентациямиз на Россия тараф ва на ғарб мамлакатлари тараф бўлиши, балки ҳуқуқий давлатчиликни кўзда тутувчи демократик бўлиши лозим. Кучли қўшнига югурдак эмас, унга ўртоқ бўлиш лозим.

Ушбу контекстда биз Евросиё интеграциясига тарафдормиз, у [интеграция] ўзига Марказий Осиё мамлакатларини, Озарбайжон, Туркия ва Россияни қамраб олиши керак. Интеграция процессини икки босқичга бўлиш мумкин: биринчисида Марказий Осиё мамлакатларининг (Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон) интеграциясини амалга оширса бўлади. Унинг ниҳоясида интеграциянинг иккинчи босқичига киришиш мумкин, бу босқич ўзига Россия, Озарбайжон ва Туркияни қамраб олар эди.

Буюк давлатлар бунга бор кучи билан қаршилик кўрсатишлари турган гап, аммо халқларимиз бунга ирода қилсалар, иншааллоҳи, зафар қозонилажак ва харитада барқарорликнинг Турон-Славян камари – тинчлик ва барака камари пайдо бўлажак. Миллионлаб одамлар ўзларини мутлақ хавфсизликда ҳис этажак ва Адриатикадан Хитой деворигача, Термиздан Владивостоккача эркин ҳаракатлана олажаклар.

– Сизнингча, “улуғ оға” – Россия билан муносабатларни қандай барпо этиш лозим? Рус ва умуман олганда, ўзбекча бўлмаган маданий меросни мақсадли равишда йўқотиш, Россиянинг барча ташаббусларини саботаж қилиш, бу ишлар тўғрими?

– Афсуски, Россия Марказий Осиёдаги диктаторлик режимларини қўллашда давом этаяпти. Гап бизнинг минтақа ҳақида борганида, ҳатто россияллик демократлар ҳам диктатурага тарафдор бўлиб қоладилар ва ўз позицияларини “объектив ижтимоий-тарихий сабаблар” билан дастаклайдилар. Шунга қарамай, Марказий Осиё сиёсатчиларининг коммунист бўлмаган янги авлоди ҳар соатда фикри ўзгарувчан диктаторлардан фарқли ўлароқ, чин юракдан Россия билан ҳамкорлик қилишни истайдилар. Биз мустақил, демократик давлат қуришни истаймиз ва бизга кўпроқ дўстлар керак. Россияни биз ишонса бўладиган дўст сифатида кўришни истаймиз.

Россия Америка Қўшма Штатларининг бир қутбли гегемониясига қарши баланс яратишга интилиб, Хитой билан яқиндан геосиёсий алоқа ўрнатишга уринмоқда. Хитой эса ўзининг ғарбий қисмида, биз туркларнинг шарқида ўз ҳудудларини кенгайтиришни мақсад қилиб олган. Россия ҳозирча бизга шарқдан таҳдид солажак муҳтамал гипотетик экспансиядан ҳеч қандай кафолат бера олмаяпти. Хитойдан хавотирларимиз бизни Европа иттифоқи ва Америка Қўшма Штатлари билан иттифоқчиликка ундаяпти. Кўринишидан, яқин келажакда Россия ҳам ўша таҳдид доирасига киради, балки кириб ҳам бўлгандир. Фуқаровий экспансияку аллақачон бошланиб бўлди – Узоқ Шарқда нолегал “чайна-таунлар” бунга яққол мисол бўла олади.

Буюк давлатлар Марказий Осиёда ўз таъсирларини мустаҳкамлаб олиш учун ўзаро рақобат қилаяптилар. Албатта биз ушбу вазиятда бизнинг мустақил демократик давлат сифатида ривожланишимизга амалий ёрдам кўрсата оладиган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қиламиз. Давлатимизни мустаҳкамлашдан манфаатдорлар билан дўст тутинамиз.

Россия ақл билан иш тутса, ўзига тарафкаш кучларга эмас, балки демократик кучларга ёрдам беради. Фақат “халққа тарафкаш” кучларгина аҳолининг кўмагига ва барқарор ҳокимиятга таяниши мумкин. Демак, фақат улар мустақил ва кучли ташқи сиёсат олиб боришлари мумкин.

Яқин ўтмишдаги тарих изларини йўқотишга уринишлар борасида гапирганда, мен буни шу йўл билан иснодини яширса бўлади деган ўй билан ўтказилаётган зотипаст сиёсат деб атаган бўлардим. Ҳа, зотипаст бугун миллатчи бўлиб қолди. У сўнгги кунгача Горбачёвнинг товонини ялаган, кейин бўлса ГКЧПнинг қалтираган қўлларини ўпган. Энди бўлса, уларнинг ҳаммасини “совет оккупантлари” деб атаяпти. Ўзбек халқи сўқир эмас, у бу муғомбирона томошани кўриб турибди.

Ўзбеклар ўтмиши қандай бўлишидан қатъий назар, ундан воз кечишлари керак эмас. Россия XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистонни забт этди, биз учун рус халқи билан биргаликда яшаш кaби тарихий синов бошланди. Яратганнинг иродаси шундай бўлган. Туркистон халқини кучлироқ, уюшганроқ ва пассионар этнос (пассионар – ташқи муҳитга эътибор бермаган ҳолда янгиланиш ва ривожланишга интилган – таҳр.) тенг бўлмаган курашда мағлуб этди. Биз тарихий мағлубиятдан уялмаслигимиз керак, бизни бу мағлубиятга олиб келган иллатларимиздан уялишимиз керак.

Хон ва бекларимизнинг бузуқ фитрати, муллаларимизнинг ҳийлаи-шаръий ишлатиш одатлари, заифларга нисбатан тошбағирлигимиз, мазлумларга xиёнатимиз боис руслар Оллоҳнинг интиқоми бўлиб келдилар. Руслар бизга катта сабоқ бердилар. Кўринишидан, диктаторларимиз буни ҳалигача англаб етмади. Акс ҳолда, улар русларга тегишли бўлган барча нарсаларни шиддат ила ўчириш учун ташланмас эдилар Бизнинг тарих қандай бўлишидан қатъий назар, бутун излари билан бизнинг тарихимиз бўлиб қолиши керак. Шу жумладан, рус изи билан ҳaм.

– Минтақадаги барқарорликка таҳдид солувчи ва наркотикларни тўхтовсиз етказиб берувчи Афғонистонга нисбатан қандай чора кўриш лозим? Ўртада баланд девор кўтариш керакми?

– Жуда долзарб масала. Бу ерда ҳеч қандай девор ёрдам бермайди. Чунки терроризм ва наркотрафик минтақадаги диктаторлик режимлари учун маблағларнинг жуда муҳим манбалари бўлиб қолди. Муаммога аниқ ташҳис қўйиш лозим: наркотрафикни ОАВ таъкидлаганидек наркобаронлар эмас, давлатлар назорат қиладилар. Наркобаронлар – бор-йўғи югурдак. Бирорта контейнер, бирорта марихуана тўлдирилган қоп расмийлар рухсатисиз ҳаракатлана олмайди.

Собиқ милиционерлардан бири менга Ўзбекистондан тонналаб наркотикларни пахта тойлари орасида аввалига Болтиқбўйи республикаларига, у ёқдан эса Европага юборганлари ҳақида сўзлаб берганди. Унинг гувоҳлик беришича, трафикни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Афғонистон Ислом Республикаси раҳбарларига бевосита алоқадор афғонлар билан ҳамкорликда бошқарган.

Токи, бу мамлакатлар раҳбарлари наркотиклардан келадиган миллиард-миллиард долларлик даромаддан воз кечиб маданиятли давлатлар позициясини эгалламас эканлар, наркотрафикни тугатиб бўлмайди. Бунинг учун раҳбарларнинг ҳозирги авлодини гуманизм ва юксак ахлоқ ғояларида тарбияланган раҳбарларнинг янги генерацияси билан алмаштириш зарур. Аммо ҳозир бундайлар сиёсий саҳнада кўринмаяптилар.

Фарғона,
07.02.2011

(152)

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (497-500-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort