Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Золимлар қоронғуликда қолғай”

“Золимлар қоронғуликда қолғай”
03 Haziran 2017 - 8:00 'да юкланди ва 906 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 169
(давоми)

ҲАВЛОН ҚАБИЛАСИНИНГ ЭЛЧИЛАРИ

Ҳавлон қабиласи Яман вилоятида яшар эдилар. Булардин ўн икки киши элчи бўлиб Мадинага келишди. Расулуллоҳ билан кўришган сўнгида шундоқ сўз айтдилар:

— Ё Расулаллоҳ, биз эрса сизни кўрмай туриб Аллоҳга иймон келтирдик. Сизни Аллоҳданкелган ҳақ Пайғамбар деб эшитдик, узун ерларни босиб зиёратингизга келдик. Бизни ҳақйўлга солган, ҳақ йўлини кўрсатган Аллоҳдан ва унинг Пайғамбаридан миннатдормиз.

Анда Расулуллоҳ:

— Сизларнинг бу сафарда босган ҳар бир қадамингларга Аллоҳ таоло ажр-савоблар бергай. Ҳар ким Мадинага келиб мени зиёрат қилди эрса, қиёмат кунида меним омонимда бўлғай, — деб сўз айтдилар:

Улар бу сўзни англагач:

— Ё Расулаллоҳ, нақадар муборак ишдур бу сафаримиз, — дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ:

— «Ам анас» (ёки «Имёнус») нима бўлди? — деб улардан сўрадилар. Бу эрса Ҳавлон қабиласи топинадурган Исломиятдан илгариги бутлари эди.

Анда улар:

— Башорат бўлғай, ё Расулаллоҳ, мундоғ гумроҳликдан бизни Аллоҳ қутқазиб, унинг ўрнига Сиз келтирган Ислом динини ато қилди. Ул бутхонада алжиган чол, эси кетган кампирлардан бошқа ҳеч ким қолмади. Бу ердан қайтиб борганимизда уни бузиб ташлагаймиз, иншааллоҳ. Узун йиллар унга алдандик, ундан кўп фитналар кўрдик, — дейишди.

Анда яна Расулуллоҳ:

— Кўрган фитналаринг энг улуғини бизга гапириб бергил, — дедилар эрса, улар:

— Ё Расулаллоҳ, ўтган йилларнинг бирида қаттиқ қуруқчилик бўлди, ердан экин унмай очарчилик бошланди. Биз емаган нарса қолмади. Сўнгра ўзаро маслаҳатлашиб қўлимиздаги бор нарсаларимизни сотиб, шунинг пулига юз ҳўкиз олдик. Барчамиз йиғилишиб «Ам анас» бутимиздан ёмғир сўраб, унинг олдига келдик. Унга атаб юз ҳўкизни қурбон қилдик. Ит-қушлар есин деб, ўзимиз қараб турдик. Йўқ эса, улардан ҳам биз муҳтож эдик. Шу соатдан бошлаб ёмғир ёққани турди. Шундоқ кўп ёғдиким, туяларимизнинг тўқимлари ёмғир суви билан кўмилди. Тўқчилик бошланиб, очарчилик кўтарилди. Ана, «Ам анас» бутимиз ёмғир ёғдирди, тилагимизни бериб, бизга неъмат еткузди, — деб қувончлик билан тарқашдик. Ундан кўрган фитнамизнинг улуғроғи шу эди. Қайси бир вақтларда ўзаро жанжаллашиб қолсак, унинг олдига борур эдик. Фойда зиёнимизга ҳукм чиқариб гапирур эди, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Бут оғзидан сизларга сўзлагувчи эрса шайтондур.

Бутларда илоҳий қувват бор деб ишонишларига шундай ишлар сабаб бўлмиш эди.

Сўнгра улар Ислом динининг асосларини, ундаги фарз, вожибларини сўрашдилар. Бу нарсаларни Расулуллоҳ баён қилиб, уларни қаноатлантирдилар. Сўнгра шундоқ марҳамат қилдилар:

— Қилган аҳдларингни бузманглар. Аҳдига вафо қилмоқ иймон аломатидур. Омонатга хиёнат қилманглар. Хиёнат қилмоқ Исломда ҳаромдур. Қўшни ҳақини яхши сақланглар, ҳеч кимга зулм қилманглар. Зулм қиёматда зулмат бўлур. Золимлар қоронғуликда қолғай.

Шу билан бир неча кун ўтиб, кетар вақтида ҳар бирларига ўн икки уқия кумушдан ҳадя бериб, рухсат қилдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар