Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Булар орқали бутун қабилага Ислом дини тарқалди

Булар орқали бутун қабилага Ислом дини тарқалди
12 Haziran 2017 - 9:00 'да юкланди ва 666 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 171
(давоми)

СУДО ҚАБИЛАСИНИНГ ЭЛЧИЛАРИ

Судо қабиласи ҳам Яман арабларидан эрди. Бошқа қабилалар каби элчилар юбориб Исломга киришдан тўхталиб турдилар. Араб тупроғида Ислом дини кирмаган қабила ҳам қолмаган эди. Расулуллоҳ буни англадилар эрса, Қайс ибн Саъд қўмондасида тўрт юз кишилик бир фирқа аскар Судо устига юбормоқчи бўлдилар. Бу аскарнинг кўтарган жиҳод туғлари оқ бўлиб, байроқлари қорадан эди. Шу ҳол устига у қабиладан бир киши келиб қолиб, бу воқеани англади. Дарҳол Расулуллоҳга кириб:

— Ё Расулаллоҳ, мен эрсам ўз қабилам томонидан вакил қилиб юборилган эдим. Агар бу аскарни юбормай тўхтатур экансиз, уларнинг Ислом динини қабул қилишларига ўзим кафилман, — деди.

Бу сўзни англагач, Расулуллоҳ аскарни тўхтатдилар. У киши эрса тезлик билан Мадинадан чиқиб ўз юртига етди. Қабиласига воқеани тушунтиргач, улардан ўн беш кишини элчиликка олиб, яна Мадинага қайтди.

Ансор саҳобалардан Саъд ибн Убода уйига тушиб, анинг меҳмони бўлдилар. У ҳам аларга кўп ҳурмат кўрсатди. Сўнгра келиб, Расулуллоҳ билан кўришгач, барчалари шаҳодат айтиб, Ислом динига кирдилар. Ўз ерларига боришгандан кейин булар орқали бутун қабилага Ислом дини тарқалди.

Юқорида ёзилган қабилалардан бошқа яна ҳар томондан кўплаб элчилар келишган эди.

Расулуллоҳнинг ҳусни хулқларини кўриб, рози бўлмаган ҳеч ким қолмаган эди.

Арабистоннинг ҳар томонларидан келган элчилар эрса Ислом динининг асосларини ўргангач, Расулуллоҳдан ҳадялар олиб, ўз юртларига қайтур эдилар. Мана шу келган элчилар орқали бутун Арабистон тупроғида тездан Ислом дини тарқала бошлади.

Юқориги Судо қабиласидан аларнинг Ислом динини қабул қилишларига сабабчи бўлган Зиёд ибн Ҳорис деган киши эди. Ўз ерига қайтар чоғида:

— Ё Расулаллоҳ, бизнинг жойимизда бир қудуғимиз бордур. Қиш мавсуми келиши билан унинг суви кўпайиб барчамизга етадур. Ёзга чиқиб кунлар исигач, озайиб қолганликдан, ичишга сувимиз етишмай атрофга тарқалиб кетурмиз. Мусулмончилик янгидан кирган жойларда биз учун бу иш хатарликдур. Дуо қилинг, Аллоҳ таоло бу қудуғимизнинг сувини мўл қилиб, баракот бергай, — деди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ердан етти дона майда тош олдилар. Уларни кафтларида уқалаб туриб, сўнгра ани Зиёдга бердилар ва:

— Ҳар бирига «Бисмиллаҳ» айтиб, ул қудуққа ташлагил, — дедилар.

Боргандан кейин Расулуллоҳ айтганларидек қилди эрса, у қудуқ суви қишин-ёзин мўл бўлиб, бутун қабилага етиб ошар бўлди. Соллаллоҳу алайҳи васаллам.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар