Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қизармоқ бахти

Қизармоқ бахти
18 Haziran 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1565 марта ўқилди.

КЎЗИ ТИЙРАН ДАРД

III. ҚИЗАРМОҚ БАХТИ

Суҳбатдошинг сенга қарама-қарши ўтирибди. У гапирар экан, ўртангизда бирор нарса бўлса яхши, май шишасими, тамаки қутисими – сени шишанинг пўкагини ўйнаб ёки қутини чертиб, суҳбатдошингнинг кўзига қарашдай бир азобдан халос бўлишинг мумкин.

Борди-ю ҳеч нарса бўлмасачи? У ҳолда сен қаршингда ўтирган кишининг юзига тикилиб ўтиришга маҳкумсан, шунда сен психологнинг “Тик қараш учун суҳбатдошнинг қошлари ўртасига тикил”, қабилида маслаҳатлари ҳам ёрдам беролмайди. Кўпинча бу эҳтиёткорлик фақат сенинг носамимий тингловчи эканлигингдан эмас, балки, сўзлаётган кишининг самимийлигига шубҳа қилишдан ҳам келиб чиқади. Сен бошингни номаълум мавжудот уясига тиқиб, тортиб ололмай ўтирган шўрлик сингари, юзингни қаршингда ўтирган киши юзига ботириб, ноилож ўтираверасан.

Мен дўстлар даврасида бу эҳтиёткорликка унча зарурат сезмайман. Чунки, уларнинг аксарияти самимий гапиришади, жуда бўлмаса, ўртамизда май шишаси ёки тамаки қутисига ўхшаш майда-чуйдалар доимо хизматда туради.

Бу эҳтиёткорлик кўпроқ шеър ўқиётганда мени безовта қилади. Одамнинг юзи иссиқ, лекин шеър юзи ҳам совуқ эмас.

Шеър билан ўқувчи ўртасида суҳбатдошларникига нисбатан кўпроқ самимийлик бўлмаса ёмон.

Яқинда дўстларимдан бирининг китобини ўқиётиб, мутолаа давомида бирорта шеърнинг юзига тик қарай олмадим: “Бу гапларни “сарбаст”да эмас, “бармоқ”да айтса ҳам бўлади-ку”, деган фикр мени тинч қўймади. “Куз келди, турналар жимгина учиб кетишди”,– деган бир жумлани минбардан туриб бақиришни ақлимга сиғдиролмайман.

Бу воқеа иккинчи бир ҳолатни эсга солди. Дўстим мени учоққа (самолётга) кузатиб қўйиши керак эди. Эрталаб учрашдик. Саломлашдик. Унинг саломида шундай сокинлик ва самимийлик бор эдики, мен йиғлаб юборай дебман. Бу овоз фақат тонг учун яратилган овоз эди. Кейин у такси тўхтатиш учун ҳай-ҳайлаб чопди, бақирди, нимадир деб ўзича ғулдиради. Мен уни танимай қолдим: унинг ҳақиқий овози қаёққадир ғойиб бўлган эди…

Шоир дўстимнинг бунисидан фарқи шуки, у саломни таксичига бақиргандай беради.

Баъзан одамда ғалати ҳиссиётлар пайдо бўлади. Тасаввур қил: сен хонангда ёлғизсан. Ухлашга чоғланиб ечиндинг, шу пайт, ҳеч кутилмаганда, яқин бир кишингни эслайсан, у кўзинг олдига келар экан, беихтиёр танангни ёпасан. Бу – инсондаги энг олижаноб туйғу – ўзгалар мақтовига муҳтож бўлмаган ички ибодир. Ҳақиқий шоир ёзар экан, ўша туйғуни бошдан кечиради, ёлғонни ёзса, йиртиб ташлайди.

Баландпарвоз шеърларни ўқиб, қозоқ шоири Ўлжас Сулаймоннинг: “Миллий маданият, миллий адабиёт” сўзларини айтиб бўлгандан сўнг, қон тупурган одамни кам учратасан”, – деган аччиқ иқрори эсимга тушади.

“Кимда қизариш қобилияти бўлса, унга ишониш мумкин”, деган экан франсуз шоири.

1977

(5)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (11-12-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар