Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳайф этма жонингни…

Ҳайф этма жонингни…
18 Haziran 2017 - 8:00 'да юкланди ва 3250 марта ўқилди.

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Чилим чекмагил

Жонингга қасд этма, тутункаш, ўзинг,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!
Пандим бу, рўза тут, ўқи намозинг,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Тутундан илонлар чирпиб бўйнингга,
Оғзин очиб, хашлаб кирар кўксингга,
Ҳар замон заҳарлар қотар умрингга,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Жисму тан тискинар, қандоқ қочарсан?
Бол ўрнига заҳар-заққум ичарсан,
Ичингни ёндирар, кулин сочарсан,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Илон айтар: “Бугун қочарсан мендан,
Ул Ҳақнинг амридир, айрилмам сендан”,
Ўшал вақтда безор бўларсан андан,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Ёлғончи дунёда истама вафо,
Оташни чайнамоқ завқсиз бир сафо,
Тутункашни уммат демас, Мустафо,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Бу дунё фонийдир, у сендан кечар,
Оқиллар ҳар доим ҳаромдан қочар,
Шайтонга йўл берсанг, иймонинг ўчар,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Омонатга этма ҳечда хиёнат,
Умр – бир хазина, англа, фаҳм эт,
Маҳшарда сўроқ бор, навбатма-навбат,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Иблисга йўл бериб, ютмагил норни,
Гул фаҳмлаб жонга солмагил хорни,
Беғайратлик этиб, бой берма орни,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Тарк айла чилимни, тўғри кел, Ҳаққа,
Ҳар замон тавба деб, тутгил сен ёқа,
Тутункашга дерлар, сув бермас сақо,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Ичганинг заққумдир, еганинг ўтдир,
Билмассан, шайтонлар пешангдан шоддир,
Бугун хушнут бўлсанг, тонгла ҳайҳотдир,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Бир хато қилибдир Ҳазрати Али,
Сайр этиб саҳрога чиқибдир, вале –
Бир масжидни кўриб зорли-сафоли,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Чўлда қад тикламиш гўзал бир бино,
Томоша айлабон, кирмиш у доно,
Устуни мўрконмиш, ўт тушмиш жона,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Ўшал дамда қайтиб келмиш Расулга,
Хабарин сўйламиш соҳиб усулга,
“Устуни мўркондан, недир вусула?”
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Расул айтди: “Али эшитдим, сўзинг,
Сифатин, суратин кўрибдир кўзинг,
Тутункашлик зиён, эшитгил ўзинг,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Кўрибсан масжидни, турфа ёронмиш,
Шайтон сенга бугун кайфни берганмиш,
Анинг учун устун ўтга бурканмиш,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Одамнинг устуни – билгил, иймони,
Бу шайтон макридан сақлагил ани,
Ғофил бўлсанг, ёқар, этма гумонни”,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Шул фурсатда Ҳайдар чиқди майдона,
Ғазабда қасд этди малъун шайтона,
Шундан бери шайтон бўлди пинҳона,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Ундан олдин шайтон ошкор кезарди,
Кимсаларни алдаб, динин бузарди,
“Бисмиллоҳ” дегандан, умид узарди,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

Махдумқули, пандинг эллара сўйла,
Ўз халқинг ничикдир, бир фикр айла?
Сафар қилмоқ лозим, озиқ ҳозирла,
Ҳайф этма жонингни, чилим чекмагил!

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар