Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бунақанги ишлар тепасида хавфсизлик ташкилотидагиларнинг ўзлари туради

Бунақанги ишлар тепасида хавфсизлик ташкилотидагиларнинг ўзлари туради
19 Haziran 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1639 марта ўқилди.

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(21)

Ўн олтинчи боб

Рўй берган хунук воқеа вазиятни бутунлай бошқа ўзанга буриб юборди. Хонани миршаблар босди. Улар орасида терроризмга қарши кураш бўлимида ишлайдиган майор Жалол Холбўтаев ҳам бор эди. Уни Баҳром “Бирлик” халқ ҳаракати ташкилэтилган 1987 йилдан бери яхши танирди.

Оғзидан оқ кўпик қайтариб ётган Ғуломни иккита маҳбус кўтариб хонадан олиб чиқиб кетди. Жалол, қўланса ҳиддан бурнини жийирган кўйи, рўмолчаси билан оғзиниберкитиб, нажосатга қоришган Мусурмонга тиринг хонимчалардай ижирғаниб боқарди. Баҳром унинг ўзини таниб қолишидан хавфсираб, бошини елкаларига қисиб олди. У сасиб кетган хонада ортиқ туришни ўзига эп кўрмади, шекилли, орқасига қайрилиб чиқиб кетаётганда, иситиш мосламасига кишанлаб қўйилган тутқунга кўзи тушиб, турган жойида тўхтаб қолди. Баҳромнинг юзини яширишга уринаётгани ундақизиқиш уйғотганди. У бўш қўли билан Баҳромнинг бошини кўтариб, юзига қаради-ю, кўзларига ишонмасдан, қаддини ростлаб кимнидир қидира бошлади. Кўзи Жаҳонгирга тушгач, уни қўли билан туртиб, бошқа жойда гаплашамиз, дегандай,шаҳдам юриб хонадан чиқди.

Ордан беш дақиқа ўтиб, икки миршаб Баҳромнинг қўлидаги кишанни ечиб,ҳожатхонага олиб борди. У кўзгуга қараб ўзини таниёлмай қолди. Ўнг кўзи қон қуйилгандай қип-қизил, иситиш мосламасига теккан бурни ириган сабзидек ёрилиб, бақлажондай шишиб кетганди. Бошига тупурилган, қон билан аралашиб кетган нос унинг юз-кўзини кўмирчиларникига ўхшатиб қўйганди. У нос ҳидини пайқаётган бўлса ҳам, бу палакатнинг ўз устига қаердан илашганини билолмасдан гаранг эди. Бурнига сув тортиб, пишқирган эди, иссиқ қон келди. У илиқ сувни ёпиб, бошини муздай сувга пишар экан, қум тўлдирилган хумга ўхшаб қолган карахт боши бироз енгил тортгандай бўлди. Сувга қўшилиб оқиб турган қон тўхтаб, уюшиб кетган танига жон ина бошлади. Бутун баданида турган қаттиқ оғриқ бор аламларини қўзитиб юборди, ичидан хўрлиги келиб, қайта уйғонган нафрати бўғзига чанг солди. У муздек сувга бошини пишиб тураверди, тураверди…

У орқасига ўгирилганда бир миршаб унга оппоқ сочиқ, иккинчи миршаб:

– Мана буни кийиб олинг! – деб тоза кўйлак тутди.

У қонли кўйлагини ечиб, тоза кўйлакни кийгач, улар эшикни кўрсатиб:

– Юринг, кетдик! – дейишди.

У узун даҳлиз бўйлаб борар экан, ўзини қаерга бошлаб кетаётганларига ақли етмасди. Аммо уни таниб, индамасдан чиқиб кетган Жалол ўзини шунчаки беътибор ташлаб қўйишига ҳам ишонмасди. Пухталигига қойил қолиши асносида, бошқаларгаўхшаб, унинг таваккал қилишдан қўрқмаслиги ҳам унга яхши аён эди. У ҳар қандай ҳолатда ҳам вазиятдан талафотсиз чиқиб кетишни уддалай олар, ўзгалар каби соҳага кўр-кўрона кириб келмагани унинг устунлигини таъминларди. Шу учун ҳам бошқалар сингари муаммодан кўз юмиб кетмасдан, кўрган нарсасига бир тиш уриб кўрарди. Биринчидан, у ишнинг моддий жиҳатини ҳисобга олар, пул чиқадиган жойни илғаса,ҳам пулини оларди, ҳам тузоқдаги одамни қутқаришга уринарди. Чўкаётган одамни қутқариш иложи бўлмаса, авраб, пулини ўмарарди. Тузоқдаги кимса айбсиз бўлсада, қўлида пули бўлмаса, унақалар билан ўралашишни ёқтирмасди.

Олдинда бораётган миршаб очиқ турган эшик олдида тўхтаб:

– Ҳурматли бошлиқ, тутқун шу ерда! – деди.

Ичкаридан:

– Олиб киринг! – деган овоз эшитилди.

Баҳром эшикдан кириши билан Жаҳонгирга кўзи тушди. У Баҳромга отасини қотилига қарагандай нафрат билан ўқраярди. Шунда ён томондан:

– Баҳром ака, келинг! – деган таниш овоз янгради.

Бу Жалол эди.

У ўрнидан туриб, саломлашиш учун қўл чўзди. Унинг муомаласини кўрган Жаҳонгир ҳам, ўлганнинг кунидан ўрнидан туриб, Баҳром билан қўл бериб саломлашди.

Жалол Баҳромни рўпарасига ўтиришга таклиф этаркан, у ўтирар-ўтирмас:

– Нима гап, тинчликми? – деб сўради.

Нима деб жавоб қайтаришни билмаган Баҳром:

– Тинчлик, пешонада бор экан! – деди.

– Бундай бафуржа гапиринг! – деди Жалол. – Менга Жаҳонгир содир бўлган воқеа тафсилотларини қисқача тушунтириб берди. Бироқ ўзингиз гапирганингиз бошқача-да.

Ундан яхшилик кутмаётган Баҳром нима дейишни билмасди. Бир базмда учрашиб қолганларида бўлиб ўтган ҳодисалар хусусида унга барчасини сўзлаб берганди. У пайтлар осойишта кунлар эди. Ўшанда Жалол, “Бунақанги ишлар тепасида хавфсизлик ташкилотидагиларнинг ўзлари туради. Иложи бўлса, берган пулингиздан воз кечиб, четроққа чиқинг”, деб маслаҳат берганди. Баҳром,“Одамларни саргардон қилишдан хавфсизлик идорасидагиларга нима наф”, деганда, у, “Юқорининг буйруғи. Ишсизлар сони кўпайиб кетяпти. Шундай қилинса бекорчилар ўзлари билмаган ҳолда ҳаёт ташвишларидан чалғийдилар. Мамлакат ичкарисидагивазият хавфсизроқ бўлиб туради. Қамоқхоналарда текин ишчи кучи кўпайиб, хавфсизлик ташкилотлари ходимлари ўзларининг моддий аҳволларини яхшилаб оладилар”, деб, ярми ҳазил, ярми чин қилиб жавоб қайтарганди. Баҳром ўша суҳбатни эсларкан, Жалолнинг ўзи ҳам яхши хабардор бўлган бу воқеани қандай изоҳлашга ҳам ҳайрон эди.

Баҳромнинг тараддудланаётганини кўрган Жалол:

– Бемалол, тортинмасдан гапираверинг! – деди.

Бор гапни айтишдан бошқа чораси қолмаган Баҳром:

– Ўзингиз билган ўша воқеалардан ортиқ нимани ҳам айтишим мумкин! – деди бўғиқ, аммо аламли овозда.

Жалол шу зоҳоти Жаҳонгирга, чиқиб турасанми, дегандай сирли назар ташлади.

Жаҳонгир чиқиб кетишга чоғланганда, у:

– Икки чашка қаҳва олиб келишса яхши бўларди! – деди.

Жаҳонгир хонадан чиқиб, эшик ёпилгач, Жалол норасмий оҳангда:

– Баҳром ака, сизга нима деган эдим? – деди. – Қайсарлигингиз ҳеч ҳам қолмас эканда. Ўн икки минг доллар пулни деб орттирганингиз шуми энди?!

Унинг бир қизиқ одати бор эди. У ҳукумат тутган йўл нотўғрилигини жуда яхши билар, бу ҳақда торроқ давраларда ўз фикрини аниқ ва лўнда қилиб айтишдан ҳам тоймасди. Бироқ, шуни била туриб, мустабид тузумнинг яшаб қолиши учун ҳар қандай разилликдан қайтмасди. Баҳром буни унга бу ҳақда писанда қилганида у доимо кулимсираб, “Кимнинг аравасига чиқсангиз, ўшанинг ноғорасини қоқасиз-да!”деб жавоб қайтарарди.

– Жалол! – деди Баҳром. – Бу ерда гап пул тўғрисида кетмаяпти.

– Биламан! – деди Жалол унинг гапини бўлиб ташлаб. – Ҳозир инсон шаъни, унинг қадр-қиммати хусусида гапирасиз. Ўзимнинг конститутсион ҳуқуқларимни талаб қилдим, демоқчи бўласиз. Сизни қамашга шуларнинг ўзи етиб ортади. Сиз Амриқо фуқаролари талабларини кимларнинг олдига қўймоқчисиз? Неча марта айтдим, қонунлар намойиш учунгина қабул қилинади. Ким туғилган юртида яшамоқчи бўлса, яхши ҳаёт кечириб, тинч юрмоқчи бўлса, “ота”нинг “ўрмон қонунлари”га риоя этишилозим бўлади. Бўлмаса, қамалади ёки бошини олиб, ташқарига чиқиб кетади. Бошқа йўл йўқ!

Жалол “ота” деганида қошлари билан хонанинг шифтини имлаб кўрсатди.

– Мен ўзбек жамияти учун бирор ёмон иш қилдимми? – деди Баҳром нима дейишини билолмай.

– Аслини олганда, қамоқхоналарда ётганларнинг қайси бири ёмон иш қилипти?Юртларининг ҳақиқий демократик мамлакатга айланишини, диний эркинликлар берилишини ўшаларнинг ҳам аксарияти хоҳламасмиди? Бу ерда ёмон бир нарса йўқ-ку?! Улар ҳам халққа қарши эмасдилар, акси халқ билан бирга бўлмоқчи бўлдилар.Президент сиёсатидан норози бўлганлари боис, худбинликлари жабрини тортибўтириптилар. Оқим билан оққанларида, сиёсий калтабинликлари учун уларни ҳеч ким қамамасди. Бизнинг жамиятдаги ҳар қанақа сиёсий ҳушёрликнинг охири фожеа билан тугайди…

Бу гаплардан ҳозир наф чиқмаслигини англаб турган Баҳром, ёрдам бериш қўлингдан келадими, йўқми, дегандай, унинг сўзини кесиб:

– Сизнингча, энди нима қилишим керак? – деб сўради.

– Қамалиб чиқасиз! – деди дабдурустдан Жалол. – Мен Жаҳонгир билан гаплашдим. Шерикларингиз тергов қилинганда, сизнинг номингиз асосий ролни ўйнаган экан. Яхшиямки, ўшанда қўлга тушмапсиз. Қўлга тушганингизда, ҳозир тирик бўлмаслигингиз мумкин эди. Эсингизда бўлса, ўшанда, “бунақанги ишлар тепасида “ўзлари” турадилар, у кишининг шамаларисиз вазир ҳам эшак бозорида даллоллик қилолмайди”, деган эдим. Жаҳонгирнинг айтишига кўра, бу иш бошида вазирнинг жияни, 10-бўлимдаги Маъруф турипти экан. Сизнинг ишни Жаҳонгирнинг ўзи кўрмоқчи. Шундай бўлганда, роса таъзирингизни ер эдингиз. Мен ишингизни туманда қолдиришга уни кўндирдим. У ёғини Маъруф билан ўзимиз келишиб оламиз, дедим. У рози бўлди. Тағин сизга қиладиган яна бир ёрдамим шуки, нишонангизга махсус белги қўйдирмайман. Бу дегани сизни элакдан ўтказмасдан, тўғри олиб бориб Тоштурманинг хавфсиз камерасига жойлайдилар дегани бўлади. Тоштурма бошлиғи билан ҳам учрашиб, илтимос қиламан. Сизни у ерда ҳеч кимнинг хафа қилишга ҳадди сиғмайди. Кўп гапирмасдан, тилингизни тийиб ўтирсангиз, бас.

– Менга қамоққа олиш учун прокурор ҳали рухсат бермади!

Баҳром бу гапи билан ўзининг бу жойлардан чиқиб кетиш эҳтимоли борлигига урғу бераётганди. Ғиёс билан адвокатнинг  хатти-ҳаракатларидан оғиз очишни эса ножоиз деб ўйлади. Қолаверса, Жалолга барча сирни бирваракайига бой бериб қўйса, бунинг икки марта хато бўлишини у яхши англарди.

Унинг нима демоқчи бўлганини тушунган Жалол:

– Сизни қамоққа олиш учун прокурор эртага албатта рухсат беради! – деди. – Прокурор ўринбосари билан ўрталарингизда бўлиб ўтган воқеани Жаҳонгирдан эшитдим. Агар мен бугун келиб қолиб, вазият ўзгармаганда, сизни судгача тўкиб ташлардилар. Орттирган фойдангиз  соғлигингизни йўқотганингиз бўларди. Маслаҳатим, прокурор олдида ўзингизни ортиқ оқлашга уринманг. Қамоққа олишга тезроқ рухсат теккани маъқул. Тоштурмага бориб беғалва ўтирасиз. Ўзингизни кўрсатишга уринмасангиз, тирноқ тагидан кир ахтармасдан, тезроқ қамашади. Ҳозирги аҳволингиздан кўра қамалсангиз, йўлини қилиб тезроқ чиқиб келасиз. Прокурор билан тағин тортишсангиз, ҳаммаси чиппакка чиқади. Ҳеч ким сизга ёрдам бера олмайди. Тортган азобларингиз қорнингизга қолади.

Баҳромга жонини жабборга бериб тушунтиришга уринган Жалол миршаб олиб кирган қайноқ қаҳвадан лабига теккизиб, чашкани жойига қўйди. Унинг уйқусизликдан қизарган кўзлари чироғи ўчган уйнинг деразасидай нурсиз кўринарди. Жуда ҳам муҳим бир юмуши бўлмаганда у бемаҳалда ивирсиб юрмасди. Унинг айтгансўзларида жон борлигини ўйлаган Баҳром ўзининг тузоққа илинганини сезиб турарди.Ҳақиқат қанчалар аччиқ бўлмасин, унинг руҳиятида қалбни тинчлантирувчи осудалик учқунлари чақнаётгандай бўлди. Хаёлида Жалол берган маслаҳатнинг тархини чизгач, у:

– Берган маслаҳатингизга риоя этсам ҳеч нарса ўзгармасмикин? – деб сўради.

– Ўзгармайди! – деди Жалол. – Сизнинг ишингиз кўп жиҳатдан Жаҳонгирга боғлиқ. У бошлиқнинг ўнг қўли. Шундай бўлгандан кейин, унинг айтгани бўлади.

Биргина бу билан ишнинг силлиқ кетишига унчалик ҳам ишонмаган Баҳромнинг умид осмонини яна қора булутлар қоплаб, у ўйланиб қолди. Ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган замонда томонлар бир-бирларига ишонишлари учун ўзаро боғлиқ жиҳатлар бўлиши лозим эди. Жаҳонгирнинг Жалолга илинган жойи бўлгандагина, унинг сўзларига умид боғласа бўларди.

Дами ичига тушган Баҳромнинг ўзгариб қолганини кўрган Жалол:

– Нима учун кайфиятингиз тушиб кетди? Қамалган битта сиз эмассиз-ку! – деди.

– Унинг учун эмас! – деди Баҳром. – Жаҳонгирнинг менга ёрдам бериши учун сиз билан унинг бирор боғлиқлик жойи бўлмаса, аҳдида турармикан, деб ҳайрон бўляпман.

Баҳром билан очиқчасига гаплашиб ўрганган Жалол кулиб юборди.

– Шундай бемаҳалда ҳам унинг жиянлари муаммоси билан бу ерда ўтирипман.Йўқса зарур келипдими туни билан тўрвасини йўқотган гадодек бу жойлардатентираб. Самарқанддарвозада унинг Захро деган холаси туради. Эри пияниста, ўғиллари отасидан ўтиб тушган ишкалчининг ишкалчиси. Буларнинг ишини тинчитавериб чарчадим. Бир йил бўлди, холаси ҳам хорижга одам жўнатаман, деб қўлга тушиб, Жаҳонгирнинг елиб-югуриши орқасидан судланиб, зўрға қутулиб қолганди. Жаҳонгир тўғридан-тўғри бу ишларга аралашса, кўрган кўзга яхши эмас. Шунинг учун бу ғалвага мен аралашишга мажбур бўляпман. Ёрдам бермасам у хафа бўлади…

Ўзини мусичаю беозордай кўрсатаётган Жалолнинг ҳам Жаҳонгирга боғлиқишлари борлигини Баҳром англаб етгач, кўнгли жойига тушди, шекилли:

– Тушундим! – дея олдида турган чашкани олиб, қаҳвасини бир кўтаришда ичиб юборди.

У одатда қаҳва ичмасди. Гоҳо-гоҳо ичгудек бўлса, сув сингари бир кўтаришда тугатиб қўя қоларди. Унинг бу одатини билган Жалол бунга эътибор бермади.

Уларнинг гаплашадиган гаплари қолмаганди. Жалолнинг айтганлари туфайли, мабодо унинг елкасига офтоб текканда ҳам, гап гаплигича қолганда ҳам, Баҳромнинг қўлидан энди вазиятни ўзгартириш учун ҳеч вақо келмасди. У дарёга тушган бир пўкакдек гап бўлиб, тақдир оқими қайга ҳайдаса, ўша тарафга қараб оқишдан бошқа иложи йўқ эди.

Қушлар чуғурини эшитган Баҳром деразадан боқиб, тонг оқариб келаётганини илғади. Кўпчилик ғафлат уйқусига чўмиб ухлаётган бир пайтда табиат оқараётган тонгга шукроналар айтиб уйғонмоқда, қушлар ўз тилларида Оламлар Раббисига ҳамд ва санолар ўқиётганди. Унинг намозни қўмсаган қалби орзиқиб кетди. Шунда эшик очилиб, хонага Жаҳонгир кириб келди. Ундан Жалол тутқунни камерага кузатиб қўйишларини сўради.

Баҳром Жалол билан хайрлашиб, соқчилар кузатуви остида кетишга чоғланганда, узоқ-узоқлардан азон товуши эшитилди. Бу Жалолга ёқмади.

– Азонни микрафонда чақиряптими? – дея у Жаҳонгирга боқди.

– Карнайсиз ҳам шундоқ баланд эшитилади! – бунинг ўзига ҳам ёқмаётганини билдириш учун Жаҳонгир қовоқларини уйиб олди.

– Овозини ўчиришнинг иложи йўқми?

– Бу бошлиққа ҳам ёқмаяпти…

Бу сўзлар Баҳромнинг қулоқларига қўрғошиндай қуйилиб, хорликдан вайрона бўлган юраги санча бошлади.

У ўзи ётган камерага яқинлашганда, эшикнинг очиқ турганини кўриб, вужудинимуз қоплади. Соқчи уни ичкарига киритмасдан, деворга қаратиб, қўлларини орқасига ушлатди. Шунда фуқаролик кийимидаги аллакимлар камерадан кимнингдир майитини олиб чиқтилар. Баҳром турган жойида бошини буриб қаради ва унингАбдулла эканини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, устига тоғлар ағдарилгандай, икки кўзининг олди қоп-қоронғи бўлди. Назарида осмон ўпирилиб, деворлар қулаб тушаётгандек эди…

 Давоми бор

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар