Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Норасмийлар. Умид

Норасмийлар. Умид
19 Haziran 2017 - 14:13 'да юкланди ва 930 марта ўқилди.

“Норасмийлар” номи остидаги публицистик филмлар…

Бу филмлар бизнинг ватандошимиз, мухолифатнинг кўзга кўринган фаолларидан бири, ҳужжатли филм режиссёри, кинорежиссёр ва кинодраматург Абдулазиз Маҳмудов ижодига тегишли. Филмлар Горбачёвнинг қайта қуриш.., Ошкоралик, ўзгаришлар ва СССР халқларининг оммавий онги уйғониши даврига бағишланади… Уларда қандай қилиб Совет иттифоқи халқларининг миллий озодлик ҳаракатлари учун курашга бел боғлаганлари ва СССРнинг нега қулаганлиги ҳақида гапирилади.

“Норасмийлар” – бу юз йиллар Туркистонни аросат ботқоғига ботирган иллатларга қарши исён кўтарганларнинг сиёсий бирлиги. Миллий Озодликка эришиш учун майдонга чиққан фуқароларнинг жадидлардан кейинги сафларининг оёққа қалқиши. Мухолифат – бу Ўзбекистоннинг энг янги ва шонли тарихи демакдир. У кўплар ўйлаётганидек, ниҳоясига етиб келаётгани йўқ. Акси, у юклари ортилган карвонлар сингари энди йўлга чиқмоқда. У эккан боғларнинг ҳосили, энди меваларини беражак!

Маълумки, СССРда қайта қуриш 1985 йил ҳукуматга Горбачёв келганидан сўнг бошланди. Қайта қуришдан мақсад СССРнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётини демократиялаштириш эди.

Қайта қуриш жараёнларида аҳолининг қуйи табақа қатламлари фаол қатнашиши ва  барчаси Кремлнинг “Ошкоралик” ислоҳотлари атрофида манзил томон силжиши лозим эди.

1987 йилда қайта қуриш давлатнинг янги мафкураси деб эълон қилинди.

1989 йилнинг баҳорида СССР халқ депутатлари сайлови бўлиб ўтди ва унда Совет иттифоқи тарихида биринчи маротаба анъанавий партиявий-иқтисодий номенкулатура ва ишчилар, колхозчилар ва зиёлилар ичидаги уларнинг протежеларидан ташқари мустақил фикрловчи шахслар ҳам сайланди…

Кейинчалик шундай эркин сайловлар СССРнинг иттифоқ республикаларида ҳам бўлиб ўтди. Кўплаб мустақил газета ва журналлар пайдо бўлди. Фуқароларнинг сиёсий уюшмалари, халқ фронтлари ва мухолиф сиёсий партиялар яратилди.

Бир сўз билан айтганда, фуқаролик жамиятининг шаклланиши ва тараққиёти учун шароит юзага келди. Бироқ СССРни модернизация қилиш амалга ошмади. Ҳукуматдаги коммунистик элитанинг алоҳида табақага айланган совет бюрократияси ўзгаришларга ва мамлакатни демократиялаштиришга қарши шиддат билан ҳар томонлама монелик кўрсатишга уринди.

Бу воқеалар бизнинг мамлакатда қандай рўй берди?

“Норасмийлар” номли кўп қисмли Абдулазиз Маҳмудовнинг филмларида 1989-1992 йиллар давомида Ўзбекистондаги ҳукумат ва мухолифатнинг ўзаро муносабатлари акс этган, ва бизнинг фикримизга кўра, бу ҳозирги авлод ислоҳотчилари учун фойдали маълумотдир. Чунки ўз ўтмишига танқидий қарашлар билан ёндашмаган давлатнинг келажаги йўқ.

Шунингдек, сизга ҳавола қилинаётган филмда эътироз билдирилиши керак бўлган бир нуқта бор: Бу “ЭРК” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг “бюрократия тарафдори бўлган” деб талқин қилинган нуқта. Мен “Бирлик”да ҳам, “Эрк”да ҳам ҳайъат аъзоси сифатида у ердаги жараёнларни ичидан кузатганман. Шу маънода, Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий фаолиятини ҳам етарли даражада биламан, деб ўйлайман. Муҳаммад Солиҳ 70-йиллар ўрталаридаёқ СССРдаги коммунистик мафкура ва тузумнинг феъл-атворига айланган бюрократияга ашаддий қарши бўлган ва буни яширмаган бир инсон. Шундай бир шахс хамма қўрқоқлар бирдан қаҳрамонга айланган Қайта Қуриш даврига келиб, бюрократия тарафига ўтадими?…

Аммо бу каби камчиликларга қарамай ушбу филм Ўзбекистоннинг яқин ўтмишдаги тарихи сифатида ўзбек халқи учун жуда катта аҳамиятга эга. Филмнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, “бу филмдаги воқеаларни халқимиз билиши керак” деган таклифимни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати қабул қилса, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодлар учун жуда фойдали бўларди. Чунки ҳаммадан ҳам кўра, уларнинг Ўзбекистон тарихини кўпроқ билишга ҳақлари борлигини, биз ҳар доим ёдда тутмоғимиз зарур!

Ислом Холбой

Манба: youtube.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар