Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туркия “террор гумондори” дея ушланган икки нафар ўзбек муҳожирини Ўзбекистонга топширган

Туркия “террор гумондори” дея ушланган икки нафар ўзбек муҳожирини Ўзбекистонга топширган
23 Haziran 2017 - 19:03 'de eklendi ve 827 kez görüntülendi.

Туркия шу йил апрелида “террор гумондори” дея ушланган икки нафар ўзбек муҳожирини Ўзбекистонга топширган.

Қашқадарёнинг Бешкент шаҳридан бўлган 38 ёшли Эркин Авазов 22 июнь оқшоми “Турк ҳаво йўллари” учоғи билан Тошкентга юборилган.

Истанбулдаги Би-би-си манбаларининг билдиришича, Айдин шаҳрининг муҳожирлик бўлими, депортация марказида ушлаб турилган Авазов пайшанба куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулига топширилган.

Аввалроқ Истанбулдаги полиция идорасидан Бирлашган Миллатларнинг Қочқинлар агентлигига мурожаат қилган Авазов Ўзбекистонни сиёсий сабаблар билан тарк этганини айтган.

Ўзининг сўзларига кўра, у Туркияга 2014 йилда Россия орқали келган ва шу ерда ишлаб, оиласини тебратган.

Би-би-сига келиб тушган мурожаат нусҳасида Авазов ҳеч бир диний гуруҳга мансуб эмаслигини айтган.

Ўзбекистонга топширилгани айтилаётган Абдулла Эрматов исмли иккинчи қочқин ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Ҳар икки шахс Ўзбекистонда диний-сиёсий айблар билан қидирувга берилгани айтилади.

“Террор гумондори”

Би-би-сига маълум бўлишича, Авазов охирги уч йил мобайнида аёли ва икки фарзанди билан Туркияда яшаб келган ва Истанбул бозорида савдо билан шуғулланган.

Шу йилнинг 14 апрелида Истанбулнинг Пендик мавзеъсидаги Авазов яшаб турган уйга рейд уюштирган Туркия полицияси ўзбекистонлик муҳожирни “ҳужжатлари тўлиқ бўлмагани учун” ҳибсга олади.

Туркиядаги манбалар Авазовнинг Истанбулдаги Рейна тунги клубига уюштирилган ҳужум ортидан ўзбек ва бошқа марказий осиёлик муҳожирларга нисбатан бошланиб кетган амалиётлар доирасида ушланганини айтишмоқда.

Туркиялик адвокат Иброҳим Эргулнинг Би-би-сига айтишича, полиция Авазовни “террор гумондори” сифатида рўйхатга олган, аммо текширувлар жараёнида унинг террорга алоқадорлиги борасида ҳеч қандай далил топилмаган.

Эркин АвазовЭркин Авазов 2014 йилдан буён Туркияда яшаб келган

Адвокатга кўра, Авазовнинг иши бўйича муҳожирлик идораси маҳкама ҳукмисиз қарор чиқарган.

Би-би-сининг “бу қандай бўлиши мумкин?” деган саволига адвокат, “афсуски, бугунги Туркияда бундай ишлар бўлаяпти”, – дея жавоб берди.

У Эркин Авазовнинг Ўзбекистонга топширилишини “Туркия прокуратураси ва муҳожирлик идораси йўл қўйган мудҳиш хато” деб атади.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Эркин Авазовнинг Ўзбекистондаги тақдири борасида маълумот олиш имконсиз.

Эркин Авазов охирги йилларда Ўзбекистонга топширилган биринчи шахс бўлган.

1999 йилда Тошкент портлаши гумондорларини Ўзбекистонга тутиб берган Туркия халқаро майдонда танқид қилинган ва гумондорларнинг Туркияда қолган оила-аъзоларига товон пули тўлашга мажбур бўлган эди.

Экстрадиция қилинганлардан бири – Зайниддин Асқаров 2010 йил октябрида Ўзбекистон қамоқхонасида вафот этган.

Туркиядаги фаолларга кўра, ҳозирда Туркиянинг муҳожирлик марказларида 30 га яқин ўзбеклар ҳануз ҳибсда қолмоқда.

Улар ўтган йил декабрида бошланган террорга қарши амалиётлар доирасида ҳибсга олинган.

Бу амалиётларда ушланган ўзбекларнинг аксарияти ҳеч қандай айбсиз қўйиб юборилган.

Манба: Би-би-си Ўзбек

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

Сўнгги хабарлар
İLGİLİ HABERLER