Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Милёнлаб олимлар йиғилсанлар ҳам Қуръоннинг бир қисқа сурасини чиқара олмагайлар

Милёнлаб олимлар йиғилсанлар ҳам Қуръоннинг бир қисқа сурасини чиқара олмагайлар
26 Haziran 2017 - 9:00 'да юкланди ва 701 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 175
(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МЎЖИЗАЛАРИ-3

Яна Қуръонда айтилган ғайб хабарларнинг бириси шулдурки Фатҳ сурасида бу оят келди:

«Лиюзҳираҳу аладдини куллиҳи».

Яъни «Аллоҳ таоло Муҳаммадни Ислом дини билан дунёга юборди. Бу дин эрса келажакда барча динларга ғалаба қилади», демакдир.

Шарқда Хитой хонлигини бўйсундиргудек, Ғарбда Андалус, Испания, Португалия, ярим Франса Ториқ ибн Зиёд қўлида фатҳ бўлди. Усмонли турк султонларидан Сулаймон Қонуний даврига келганда бутун Оврупо давлатлари бунинг тахти олдида тиз чўкиб, бош эгмакка мажбур бўлдилар.

Юқориги оят мазмунига барчаларини иқрор қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларича, олдимиздаги кунларнинг бирида Ислом дини, иншааллоҳ, яна бир карра ер юзини қоплагай. Динсизлик шумлигидан келиб чиққан хиёнатлар ер устидан кўтарилгай.

Анинг ўрнига ҳақлик, адолатлик ҳукм сургай, ер ости хазиналари юзага чиқарилгай. Ана у чоғда барча баробар бой бўлиб, закот олғудек камбағал киши қолмагай. Бу ишнинг бўлиши ҳадисларнинг мазмунича Ҳазрати Имом Маҳдий хуруж қилиб, Ҳазрати Исо осмондан тушганда бўлғай. Яна Қуръонда келган ғайб хабарларнинг бириси ушбу оятдур:

«Инна наҳну наззалназзикра ва инна лаҳу лаҳафизуна».

Яъни, «Биз Қуръонни ер устига туширдик, энди уни ўзимиз сақлаймиз», демакдур.

Аллоҳ таоло Қуръонни туширгандан сўнгра уни сақлаймиз, деб ўзи ваъда қилди. Аллоҳ айтганидек, шу кунгача Қуръонни ўзи сақлаб келди. Қуръоннинг келганига бир минг уч юз саксон йил бўлмишдур. Мана шунчалик узун муддат ичида Қуръондан бир ҳарф ҳам бўлсин ортиқ ёки кам бўлмади. Йўқ эса, дин душманлари Қуръонни бузмоққа кўп қасд қилган эдилар, ваъдаси бўйича Аллоҳ таоло аларга йўл бермади. Юқориги оятнинг мазмуни амалга ошди. Ўтган Пайғамбарларга тушган Қуръондан бошқа китоблар эрса ўзларидан кейин кўп замон ўтмай, умматлари томонидан бузилишга турди. Таврот, Инжил оятларини ўғирладилар. Бу китобларнинг кўп жойларида ўзгаришлар бўлди. Чунки буларни сақлаш вазифаси ҳар Пайғамбарнинг ўз умматига топширилган эди.

Қуръон Аллоҳ сўзи эканлигига очиқдан-очиқ яна бир далил шулки, отамиз Одам Сафиюллоҳдан бошлаб йигирма саккиз пайғамбарнинг қиссалари Қуръонда айтилмишдур.

Нуҳ қавми тўфон суви билан, Ҳуд қавми шамол билан, Самуд қавми қаттиқ товуш билан ҳалок бўлганликлари Қуръонда баён қилинмишдур. Булардан бошқа ўтган умматлар воқеалари, Намруд, Фиръавн қиссалари келтирилмишдур. Ўшал замондаги Яҳуд насоро олимлари ўзлари иқрор бўлиб, Қуръонда айтилмиш шу қиссаларни тасдиқ қилдилар. Чунки Таврот, Инжил ва бошқа самовий китобларда ҳам бу қиссаларнинг баёни бор эди. Қуръон хабари тўғри чиққач, ёлғон дейишга йўл тополмадилар. Энди ўйлаб қарайлик, агар бу сўзлар Пайғамбаримизга Аллоҳ таолодан билдирилмаган бўлса, Расулуллоҳ буларни қайдин билдилар, кимдан ўргандилар? Ўзлари ўқимаган, мадраса кўрмаган бўлсалар, бундай кишига бу сўзларни билмак ҳеч мумкин эмасдур. Сўз тополмаган душманлар яҳуд, насоро олимларидан ўрганиб олиб айтурмикин десалар, бу иш ақлдан йироқдур. Чунки умрлари ичида икки мартагина Шом сафарига чиқдилар. Биринчисида, ўн икки ёшларида бўлиб, иккинчисида, йигирма тўрт ёш эдилар.

Кейинги сафарларида Бусро шаҳрида Настуро роҳиб Расулуллоҳни кўрди. Бу киши эрса Таврот, Инжилда Пайғамбаримизнинг сифатларини ўқимиш эди. Охирзамон Пайғамбари Арабистонда Макка шаҳрида туғилади. Йигитлик вақтида Шом тупроғига қадами етгай деб, Расулуллоҳни кўрмакка муштоқ бўлиб савмаси устига чиқиб ўлтирган эди. Шу чоғда Қурайш карвони билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу жойга кирдилар.

Настуро роҳиб дарҳол савмасидан чиқиб Расулуллоҳ билан кўришди. Таврот ва Инжилда сифатини кўрган охирзамон Пайғамбари аниқ шу киши эканлигини билди. Бир неча соат суҳбатлашгандан сўнгра Расулуллоҳга шаҳар ичига кирмасликни тавсия қилди. Унинг маслаҳатига кириб, шаҳар бозорига бормай, молларини шу жойда сотиб қайтдилар.

Мана, Расулуллоҳнинг умр ичида қилган сафарлари ва дин олимларидан кўрган кишилар шул эди.

Энди оқиллар олдида бу очиқ масаладурким, бир неча соат ичида бошқа бир тиллик кишидан Қуръонга ўхшаш китоб айтгудек даражада илм ўрганиш ҳеч бир мумкин эмасдур. Ақли ўзида бор кишилар буни хаёлига ҳам келтира олмагайлар. Настуро роҳибга ўхшаш бир киши эмас, яна шунга ўхшаш милёнлаб олимлар йиғилсанлар ҳам Қуръоннинг «Инно аътайно» каби бир қисқа сурасини ҳам чиқара олмагайлар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар