Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбек

Ўзбек
01 Temmuz 2017 - 10:02 'да юкланди ва 1056 марта ўқилди.

Яҳё ТОҒА

Ў З Б Е К
(“Ўзимга ўхшагани…” туркумидан)

1
Сиёсатга унча ҳуши йўқ,
Қора қозон қайнаб турса бас.
Қаноати ила қорни тўқ,
Майиз, туршак чайнаб юрса бас.

Уч йилини ўйлар ўйласа,
Қўра-қўра қўйлар қилса бас.
Қиз узатса, ўғил уйласа,
Гумбурлатиб тўйлар қилса бас.

Юриб турса басдир бозори,
Ҳур фикрлар суриб ўтирмас.
Қўшнисидан бир ғишт юқори
Уй қурмаса, қуриб ўтирмас.

Сув босса, ўт олса-да очун,
Ибодатда қойим туради.
Ҳажга борар отаси учун,
Ўзи учун дўкон қуради.

Ҳақ йўлинда лозим бўлса гар,
Тиззасини яра қилади.
Тегиб қолса остига эгар,
Гирдини панжара қилади.

Меҳмон учун тиккайдир бошин,
Отасидан улуғ кўради.
Олдирса-да оғзидан ошин,
Кеккайганча илик сўради.

Ҳар ҳайитда ҳолва, хўрозқанд
Улашаркан, боши осмонда.
Чойхонада еб қолмагай панд,
Чўғ кўриниб турса ҳамёнда.

Боболарин шуҳрати ила
Ғурурланиб қўяди баъзан.
Гоҳ ичида кечар зилзила,
Ўзин тиғсиз сўяди баъзан.

Момолари нақ Ўзбекойим,
Қудаларга сир бой бермагай.
Келинлари майин, мулойим,
Ширин сўзсиз ширчой бермагай.

Айвонида сайрар бедана,
Паловни ҳам “сайратар” , лекин.
Сумалаклар қилиб ҳалфана,
Гоҳ сотади, гоҳ тортар текин.

Қўшиқларнинг ичида кўпроқ
Яллаларни яхши кўрадир.
Гоҳ уюшар, гоҳ яшар тарқоқ,
Ўзи бекдир, ўзи тўрадир.

2
Уйғур, қозоқ,
Турк, бошқирд, татар…
Қондошларин эъзоз қилади.
Туркистонни ота юрт атар,
Хуросонни ватан билади.

Улуғларин этса жамулжам,
Бир китобга сиғмагай исми.
Мен қаламга олганларим ҳам
Фазилатин фақат бир қисми.

Қай хислати тилга олинмай
Қолиб кетса, чекмангиз озор.
Қофиялар ахтариб тинмай,
Топганим шу:
Борига бозор!

Тамом.
Бўлак иложим йўқдир,
Рози бўлсин оқилу авом.
Қолган гапни қалами ўткир
Бирор шоир этгайдир давом?!

Айбламангиз мендек нўноқни,
Аталмади хослар номма-ном.
Етар, маҳтал этмай қўноқни,
Барчангизга салом-ассалом!

Манба: facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар