Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Икки жаҳонни топмоққа Қуръон етур

Икки жаҳонни топмоққа Қуръон етур
02 Temmuz 2017 - 9:00 'да юкланди ва 816 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 177
(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МЎЖИЗАЛАРИ-5

Суякларга, тахта парчаларига, хат ёзгудек ҳар хил тоза нарсаларга ёзиб қўйилмиш эди. Қуръонни бутун ёд олган саноқлик кишилар ҳам бор эди. Расулуллоҳнинг тирик вақтларидаёқ Қуръон ёзилмиш ҳам саҳобалар кўнгилларида ёдламиш эдилар.

Аммо Қуръоннинг китоб суратига келтириб, қоғоз устига ёзилиши эрса Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврида бутун саҳобаларнинг иттифоқлари билан амалга оширилмишдир.

Ҳазрати Усмон даврига келгунча бутун мусулмонлар ўқиган Қуръонлар эрса шу нусхадан олинмиш эди. Сўнгра Қуръон қироатида ихтилоф чиққач, шу нусхадан тўрт нусха ёздириб, Ислом оламига тарқатди. Бошқаларини куйдиришга буюрди. Бизнинг шу кунларда ўқиб юрган Қуръонимиз ўшал Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ёздирган Қуръон нусхаларидандур.

Қуръон «Бо» ҳарфи билан бошланиб «Син» ҳарфи билан тугади. Бу иккови қўшилса, «Бас» бўлур. Яъни, икки жаҳонни топмоққа Қуръон етур, демакдур.

Байт:
Нечун «бо» бирла «син» келмишди Қуръон бош оёғида,
Демак икки жаҳоннинг раҳбари чун «бас» демакдур.

Аммо Қуръоннинг дунёга келиш тартиби эса, ёзилиш тартибидан бутунлай бошқадур. Чунки Қуръоннинг биринчи ваҳийда келгани Алақ сураси эди, сўнгра Муддассир, ундан кейин Муззаммилдур, энг охирги сура эрса, Тавба сураси эди.

Қуръоннинг улуғ мўжиза эканлигини юқорида айтиб ўтдик. Лекин бунинг мўжизалигини билмак учун ақл юргизмак, фикр ишлатмак керакдур. Ақл кўзи очиқ олимлар олдида Қуръоннинг мўжизалигида ҳеч шак йўқдур.

Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга икки турлик мўжиза бермишдур. Бириси ақлий мўжиза, иккинчиси ҳиссий мўжизадур. Ақлий мўжиза Қуръондур, ҳиссий мўжиза деб халққа кўрсатиб туриб, ақлдан ташқари, одатдан ташқари бир иш қилғанга айтилур.

Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук чўлида бармоқлари орасидан от-улови билан эллик минг киши ичиб қонғудек сув чиқардилар. Расулуллоҳнинг бу мўжизалари эрса шунча кўп аскар кўз олдиларида бўлганликдан, унинг аниқлигида ҳеч гумон йўқдур. Унга гумон қилганлар эрса, Макка шаҳрининг борлигига гумон қилгандек бўлиб, кулгуга қолгайлар. Энди биз бу ўринда Расулуллоҳнинг ҳиссий мўжизаларини баён қилурмиз. Маълум бўлгайким, Қуръондан бошқа Пайғамбаримиз кўрсатган мўжизалари ичидаги энг улуғроғи «Ой ёрилиши» мўжизасидур. Бунинг воқеаси шундай бўлган эди:

Қурайш раисларидан Валид ибн Муғийра, Абу Жаҳл, Ос ибн Воил ва бир қанча кишилар бир тўп бўлиб, Расулуллоҳ олдиларига келишди. Сўнгра алар:

— Эй Муҳаммад, агар сен биз сўраган мўжизани кўрсатур бўлсанг, у чоғда сенга иймон келтургаймиз. Қани, сен Аллоҳ юборган пайғамбар экансан, шу устимиздаги турган ойга ишорат қил, у иккига бўлинсин. Ўшанда сенинг сўзингга ишонурмиз, — дедилар.

Шу кечаси ўн тўрт кунлик ой тўлиғи эди. Улар шу талабни қўйгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ойга бармоқ кўтариб ишорат қилдилар эрса, Аллоҳ амри билан иккига бўлинди.

Бир бўлаги ўз ўрнида қолиб, иккинчи бўлаги Жарўа тоғининг тўғрисига келиб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Мана, кўринглар, Аллоҳ қудратини, — деб ойга ишора қилдилар.

Шундоғ улуғ мўжизани кўриб турсалар ҳам яна иймон келтиришмади.

— Муҳаммад бизни сеҳр қилди, кўз бойлади, — дедилар.

Анда ўз ичларидан бир киши туриб:

— Атрофдан келган йўловчилардан сўраб кўрайлик, бизни сеҳр қилган бўлса ҳам, уларни сеҳр қила олмағай, — деди.

Ҳар томондан келувчи кишилардан сўрадилар эрса:

— Шу тунда шу соатда биз фалон жойда эдик. Ой икки бўлак бўлди, кўрдик, — деб ҳаммалари гувоҳлик бердилар.

Бу билан ҳам тавфиқ топмадилар. Аммо мўминларнинг иймонлари яна ҳам зиёда бўлди. Бахтсиз кишиларга эрса мундоқ улуғ неъматдан заррачалик ҳам баҳра етмади.

Бу мўжиза ҳижратдан беш йил илгари Макка шаҳрида бўлган эди. Икки парча бўлиб ёрилган ой эрса бир-бирига қўшилмай бир-икки соатча туриб, сўнгра қўшилди. Муни кўрдилар эрса яна иймон келтирмадилар, мана шу чоғда «Иқтаробатис-сўату ваншаққал-қамару» ояти нозил бўлди.

Яъни, «Қиёмат яқинлашди, ой ёрилди», демакдур. Бу оят мазмунидан маълум бўлдиким, Расулуллоҳга мўжиза бўлиб, ой ёрилмиш эрса, бу ҳам қиёмат аломатидур.

Бу мўжизага шак келтирмак мусулмон кишига дуруст эмасдур. Чунки бу мўжизанинг ҳақлиги юқориги оят билан, ҳам ҳадис билан собит бўлди. Мунга инкор қилиш Қуръонни инкор қилиш, демакдур.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар