Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Дулбарчин

Дулбарчин
03 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 857 марта ўқилди.

Аждодларга ҳурмат туйғуси фақат олий ирқ вакилларига хос фазилат эмас, балки умуман инсон табиатига хосдир ва бу тушкун халққа мадад бўлади.

Жеймс ҲЕННЕЙ

Тарихий зарурат.

Бу жумла ўзининг “кенг”лиги туфайли жуда кўп воқеаларни объектив ва субъектив сабабларини қамрашга “қодир” ибора. У ўша воқеалар хусусида бир оғиз сўз билан хулоса чиқариб, уларни оқлаш ёки қоралаш учун хизмат қилади. Қадимги туркий (орхун-енисей) ёзувининг истеъмолдан чиқиб кетиш тарихи ҳам шу ибора билан тамғаланган.

Ҳар ҳолда, унинг йўқолиб кетишига асосий сабаб нима?

Бу савол ўз тарихи билан қизиққан ҳар бир одамни қийнайди.

Зотан, туркий ёзув ўзининг мукаммаллиги билан бизни ҳайратга солади, мукаммал бўлатуриб, йўқолиб кетиши эса, янада ажаблантиради.

“… Турк тили табиатига хос, айниқса сингармонизм қонунига мослаштирилган бу ёзув, унинг ўрнини эгаллаган уйғур ва араб ёзувларига нисбатан анча мукаммал эди”, деб ёзади академик Бартольд.

Бўлмаса, нега у йўқолиб кетди?

Тарихий зарурат, деймиз.

Ҳа, агар истилоси тарихий зарурат бўлса, туркий ёзувнинг йўқолиб кетишини ҳам ўша ибора билан белгилашдан бошқа чора йўқ…

Туркий ёзувни илк бор кўрган XVII аср Оврупо олимлари ёзувга “рун ёзуви” деб ном беришди.

Тақдир тақозоси билан, бу ёзув узоқ вақтгача биз учун сир бўлиб келди.

… Эрамизнинг VI асри ўрталарида Еттисув ва Шарқий Туркистондаги туркийларни бирлаштирган Истами ҳоқон Византия императори Уостин – II га хат юборади. Элчи сўғд бўлиб, унинг элтган хатини тарихчи Менандр “скиф ёзуви”да ёзилганини айтади. Лекин, бу хат қадимги туркий тилда ёзувда битилганига бугун шак-шубҳа йўқ. Зеро, туркий ёзув эрамиздан аввалги мингинчи йилларда яратилиб, эрамизнинг VI асрида энг мукаммал ёзувлардан бирига айланган эди — турк ҳоқонлигида давлат ёзуви сифатида қўлланар эди.

… Немис олими Иоганнес Фридрих ўзининг “Ёзувлар тарихи” 1 китобида туркий ёзув VIII асрдаёқ истеъмолдан чиқиб кетди, деб ёзади. Аммо XV асрда яшаган машҳур олим ибн Арабшоҳ ўзининг “Ажойибул-мақдур фи навойиби Таймур” (Темур фалокатларида қисмат ўйинлари) асарида “Хитойда туркларнинг “дулбаржин” деб аталган ёзувини кўрдим, ҳарфи қирқ битта” 2, деб ёзган эди.

Кўриниб турибдики, ислом етиб бормаган жойларда туркий ёзув ўз вазифасини ўтайверган. Чунончи, бу ёзув ҳоқонларнинг қўлга киритган ғалабаларини тошга ўйиб ёзиш учунгина ишлатиладиган ёзув бўлмай, балки, туб маънода халқ ёзуви эди.

Турк ҳокими ўз халқини тошдаги битикларни ўқишга чорлаши туркийларнинг кўпчилиги саводли бўлганлигидан дарак берса ҳам, буни кўчманчилик шароитида тасаввур қилиш қийин, деб ёзади академик Бартольд. Бу чорлов мажозий бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас, дея шубҳага боради олим.

Бартольд фақат тошдаги битикларни назарда тутиб, шу фикрга келган бўлса, ажабмас. Чунки, кейинги йилларда топилган идиш-товоқ ва қурол-аслаҳалардаги битиклар туркийларнинг кўпчилиги шу ёзувда ёзганлигидан далолат беради.

Ўрта Осиё, Еттисув, Олтой, Шимолий Кавказ ва бошқа жойларда кўплаб қабртошлар топилди ва уларга битилган марсияларнинг ҳаммаси туркий ёзувда ёзилган, ҳаммасида жонли тил унсурлари мавжуд.

“Давлат аҳамиятига эга бўлган битикларнинг ижрочилари Йўлликтегин ва бошқалар махсус мактабда ўқитилган. Бу мактабнинг асосий вазифаси салтанат идораси учун — оддий ёзувдан фарқли ўлароқ — чиройли ва қулай алфавит яратиш эди”, — дея эътироф этади Ж.Клосон. 3

Ёзувдаги бу иерархия унинг мукаммаллигидан яна бир мужда.
Унинг ҳар қандай мушоҳада, ҳар қандай фикрни қоғозда ифодалашга қодир ёзув бўлганлиги Хитой ҳудуларида топилган “ирқ битиг” фолномасида ёрқин намоён бўлади.

VII асрда битилган бу асар сатрлари, бир қарашда, бугунги сарбаст шеър шаклида гавдаланади:

Эски туркча:

Узун тонлуғ кузунгисин
Колка ычғынмыш,
йарин йанграйур
кача кангранур, тир
йарин йанграйур
кача кангранур, тир
анча билинглар
мунглуғ ол, айығ йаблақ ол

бугунги кўриниши:
Аёл кўзгусини
Қўлга туширди…
Тонгда инграюр —
Тунда ҳўнграюр —
— Билинглар-ки, дер,
Мунглидир бу, ёмондир бу!

Сатрлардаги аллитератсия оҳангдорликни оширади. Кўҳна символика — кўзгу — янги қирралари билан жилваланади.

Манави ташбеҳга қаранг:

Тигир туяман
Орунг корик ман сочарман
Уза тангрика тагир,
асра йирка кирур… тир удигмат
одғур (у) йатығлик туруру йорыйур ман
андағ кучлуғ ман, анча билинглар —
адғу ол.

Бугунги кўриниши:

Тигир туяман
оқ кўпик сочарман
Тепада осмонга (тангрига) тегар (кўпик)
Пастда — ерга кирур,
Ухлаётганларни уйғотиб,
Ётганларни турғазиб юрурман —
шундай кучлиман, яхши билинглар —
яхшидир бу.

Бугунги “модернист” шоирнинг шеърига ўхшайди бу шеър.
“Дулбарчин” ёзувининг топилиш тарихи қизиқ.

Тошга битилган “номаълум ёзув” ҳақидаги илк бор (1662 йил) амстердамлик Никколас Видзен ахборот берди.

Ёзув герман қабилаларининг руник алфавитига ўхшаганлиги учун (русларга асир тушган швед сипоҳийси) Ф.И.Табберт уни “рун ёзуви” деб атади. Лекин ёзувнинг қайси халққа тегишли эканини ҳали ҳеч ким билмасди.

1772 йилда Сибирда тадқиқот ўтказган Д.Г.Мессершмидт бу “номаълум ёзув”ни келт ёзувининг кейинги кўринишлари бўлса керак, деб тахмин қилди.

Бошқа бир олим Т.Байер ҳам унинг фикрига қўшилади.

П.С. Паллас бу “битик енисей даштларида кўчманчилик қилган қадимий гот қабилалариники” деб ёзади.

Ниҳоят, ёзув топилгач, бир асрдан кўпроқ вақт ўтгандан кеийн, 1820 йил франсуз олими Ж.П.Абел-Ремюза Хитой йилномасидаги бир жумлага суяниб, бу ёзувларнинг туркийлиги, унинг енисей қирғизларига тегишли эканини ёзади.

Аммо руник ёзувлар атласини тузган Г.Н.Спасский франсуз олимининг фикрига қатъий эътироз билдиради ва бу ёзув мўғул ёки қалмиқларники, дейди.

Тилчилар ўртасида қизғин баҳс бошланади.

Харков университети профессори Роммел ёзувнинг юнонгот алфавитига қариндошлигини таъкидласа, Ю.Клопорт уни қадимий юнон ҳарфига яқин… аммо “туркийча ҳам бўлиши мумкин”, дея тахмин қилади.

Шу йиллари, дафъатан Г.Спасскийнинг янги мақоласи чиқди. Олим бу сирли битикни рус ўймакорлик ёзуви билан таққослаб, уни йўқолиб кетган славян ёзувидир, деган хулосага келди.

Бу фикр, асоси заиф бўлишига қарамай, кенг тарқалди.

Ж.П.Абел-Ремюзанинг тўғри тахмини эса, XIX-аср ўрталарига келиб, бутунлай рад қилинди.

Лекин Спасский ёзувларни ўрганишда сал шошилганини сезиб, уларнинг Сибирдаги татар қабилаларининг уруғ тамғалари билан ўхшашлигини айтди. Бу ўхшашлик А.Вамберининг ҳам диққатини тортади ва И.А.Аристов, Н.Г.Маллитскийлар, бир-биридан бехабар, бир вақтда бу ёзув тамғалардан келиб чиққан, деб янги фикрни ўртага ташлайдилар.

Бари бир, унинг туркийлигини ҳеч ким аниқ айтолмайди…

Бу, қарийб икки аср давом этган баҳсга, рус хитойшуноси В.П.Василев якун ясайди: руник ёзуви остига хитойча ёзилган хатдан гап қандайдир “ту-кэю” деган халқ тўғрисида кетаётганлиги маълум бўлади. Ва Сибир ёзувларининг туркий эканлиги исботланиб, аср бошида Мўғулистон ҳудудидан топилган улкан битиктошларни В.Томсен таржима қилади.

Нега деярли саксон йил давомида, франсуз олими Ж.П.Абел-Ремюзанинг фикрини ҳеч ким қўллаб-қувватламади?

Чунки, туркий халқларда араб ёзувидан бошқа ёзув ҳам бўлиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Ўша даврда Усмонли туркларни ҳисобга олмаганда, туркийларнинг асосий қисми дунёвий сиёсатдан йироқ, ижтимоий аҳволи ниҳоятда ночор эди.

Араб экспансияси Ўрта Осиёга ўзи билан катта маданият олиб келди, деган олимлар истилочиларнинг кутубхоналарга ўт қўйиб, тошга ўйилган битикларни портлатишганини унутган бўлсалар, ажабмас.

Ўз тарихи, ўз ёзуви бўлган халқни бутунлай забт этиш мушкуллигини араб халифалари ҳам билишган ва ҳар қандай “ёт ёзув”ни узлуксиз йўқ қилиб борганлар.

Ислом мафкураси ғолиб эди — ғолибга тараф йўқ.

Ҳатто шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бу куч қаршисида бош эгди: араб ёзувини туркийга мослаштириб, ислоҳ қилишга уринган шоҳнинг орзу-умидлари пучга чиқди. “Араб тили Қуръон тилидир, унинг ёзувини ўзгартирмоқ — шаккокликдир”, дейишди уламолар.

Бугунги ибора билан айтганда, бу — тарихий зарурат эди…

Шу мақолани ёзиб ўтирганимда, стол устида очиқ турган китобни кўриб, ўғлим: “Бу қан дай ёзув, дада?” деб қолди.

Бу ёзув қадимги туркий ёзуви, — дедим худди катталар билан гаплашгандай.

Туркий дегани нима?

Туркий деб бобонгнинг боболарининг боболарини айтишган.
Уларнинг ёзуви шуми?

Ҳа …

Бола билан суҳбатлашар эканман, бошқа нарсани ўйладим: мактаб программасига бу ёзувни киритса, қандай бўларкин?

Тарихий, маданий меросимизни ўрганиш ишлари мактабдаёқ йўлга қўйилса, яхши-ку!

Маориф вазирлигида ўйлаб кўришса, эҳтимол бу ҳам тарихий зарурат бўлиб чиқар…

Биз туркий ёзувнинг топилиш тарихи хусусида қисқача маълумот бердик. Бугун бу ёзувни ўрганаётган олимлар Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам жуда кўп. Ўрта Осиёда топилган кейинги топилмалар бизнинг тилчи олимларимиз олдига ҳам янги вазифалар қўймоқда. Афсуски, бу соҳанинг ўрганилган қисми фақат илм доирасида қолиб кетаяпти. Ҳолбуки, бу ёзув бошқа туркий халқлар қатори, ўзбекларнинг ҳам маданий меросидир. Бу ёзув — ота-боболаримиз ёзувидир. Ёш авлод буни билмоғи шарт. Оммабоп мақолалар керак.

Бу ҳам тарихий заруратдир.

1985

1 И. Фридрих. История письма. 167-бет. 
2 Ғ.Абдураҳмонов, А.Рустамов. Қадимги туркий тил. 12-бет. 
3 Д.Д. Васильев. Графический фонд памятников тюркской рунической письменности Азиатского ареала. 14-бет.

(20)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (79-84-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар