Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Миср ҳукумати Хитойга топшириш учун ўнлаб уйғурларни ҳибсга олган

Миср ҳукумати Хитойга топшириш учун ўнлаб уйғурларни ҳибсга олган
07 Temmuz 2017 - 17:44 'да юкланди ва 1139 марта ўқилди.

Миср ҳукумати уйғур миллатига мансуб турли университетларда таҳсил олаётган талабаларни, тижорат билан шуғулланаётган савдогар ва тадбиркорларни ушлаб, Хитойга топшириш учун олиб кетган.

Сўнги хабарларга кўра, Хитойнинг талабига биноан Мисрда жорий ҳафта бошидан эътиборан Миср полицияси уйғур талабалар яшаётган масканларга куч билан бостириб кира бошлаган. Бу ишда Миср полициясига Хитой разведкаси ва полицияси ҳамроҳлик қилган. Қўлга олинганлар Миср қамоқхоналарига олиб кетилган ва уларни Хитойга топшириш устида иш олиб борилмоқда.

Ҳибсга олинган уйғурлар қўлларига кишан солинган ҳолда қамоқхонага олиб кетилмоқда

Хитой ҳукумати жорий йилнинг бошидан буён Туркия, Миср, Саудия Арабистони, Япония, Канада ва бошқа кўплаб мамлакатлардаги уйғур оилаларга, айниқса хорижда таҳсил олаётган талабаларга телефон қилиб, ўз юртига қайтариш учун босим ўтказишни бошлаганлиги айтилмоқда.

Ўз юртларида қолган оиласига нисбатан ҳукумат тарафидан зулм қилинишидан қўрққан кўпчилик талабалар ва тадбиркорлар Шарқий Туркистонга қайтишга мажбур бўлган ва уларнинг кўпчилиги аэропортнинг ўзидаёқ қўлга олинган. Улардан бир қанчасининг тақдири маълум эмас. Шу боис юзлаб талабалар ташвишга тушиб, Мисрдан хавфсиз деб билган мамлакатларга қочишга ҳаракат қилмоқда.

Таниқли уйғур фаоли Робия Қодир юқоридаги ҳолат юзасидан видео мурожаат қилиб, бундай ҳолатларнинг бошқа мамлакатларда ҳам бошланмаслиги учун ҳаракатга кечишга чақирган.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар