Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Учинчи мўжиза

Учинчи мўжиза
08 Temmuz 2017 - 8:00 'да юкланди ва 852 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 179
(давоми)

УЧИНЧИ МЎЖИЗА

Бу эрса дарахтлар тилга келиб Пайғамбаримизга салом беришидир. Бу мўжизани кўзлари билан кўрган яқин юз саҳоба ривоят қилди. Булар ичида чаҳорёрлар бошлиқ, улуғ саҳобалардан кўп кишилар бордир.

Ҳазрати Умар ривоят қилур:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазот сафарига чиқдик. Йўлда кетаётган бир аъробийни кўриб:

Қаён борурсан? — деб сўрадилар эрса:

Уйимга борурман, деди.

Шунда ул зот:

Яхшилик топмоққа қандайсан? — деб эдилар, у нимадур деди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Мени Аллоҳ таоло бутун Ер устига Пайғамбар қилиб юборди, яхшиликка етганинг шулдур, деб марҳамат қилдилар.

Аъробий:

— Мен сенинг Пайғамбарлигингни қайдин билурман? Бу айтган сўзинг ростлигига ким гувоҳлик бера олур? — деди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сой ичида кўриниб турган бир туп дарахтга қараб:

— Ана шу дарахт меним Пайғамбарлигимга гувоҳлик берур. Сен унга бориб, сени Расулуллоҳ чорлайди дегил, келиб гувоҳлик берсун, — дедилар.

Аъробий бориб у ёғочга шу сўзни айтди. Дарахт олди, орқа, икки ёнига эгилиб қимирлади. Ер ёриб томирларини судраганича тўғри Расулуллоҳ олдиларига келиб:

«Ассалому алайка ё Расулаллоҳ», деб салом берди.

Аъробий:

— Дарахтга буюргил, яна ўз ўрнига қайтсун, — деди.

Расулуллоҳ амр қилдилар эрса, илдизларини чуваландирганича қайтиб бориб, ўз жойига ўрнашди. Бу улуғ мўжизани кўрган аъробий дарҳол иймон келтирди. Сўнгра:

— Ё Расулоллоҳ, рухсат беринг, сизга сажда қилурман, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Махлуққа сажда қилмоқ дуруст эмасдур. Агар тузук бўлса эди, хотинлар эрларига сажда қилсун, деб буюргай эдим, — дедилар.

— Йўқ эса рухсат беринг, қўл-оёғингизни ўпайин,— деди.

Ўпишга рухсат қилдилар.

Пир-устозлар оёқ-қўлларини ўпмаклик шундан қолгандур.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар