Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Шубҳасиз, мунофиқлар жаҳаннамнинг энг паст қаватидадирлар”

“Шубҳасиз, мунофиқлар жаҳаннамнинг энг паст қаватидадирлар”
09 Temmuz 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1041 марта ўқилди.

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(3)

Абуллайс Самарқандий ҳақида 

Муфассир, муҳаддис, фокиҳ ва мутасаввуф бўлган Абуллайс Самарқандий ҳазратлари инсон сифатида муттақий илмига амал қилган буюк зот эди.

Абуллайс Самарқандий ҳазратлари ҳижрий 373(милодий 983) йилида вафот этди. Туғилган йили номаълум.

Қўлингиздаги бу китоб минг йилдан бери ислом оламида ўз қийматини йўқотмаган, юзлаб олимларга илҳом қайноғи бўлган ва мусулмонлар учун маёқ ролини ўйнашда давом этаётган бир баракатли, қутлуғ асардир.

Абулайс Самарқандий “илми билан омил” бўлган буюк олимдир.

“Танбеҳул ғофилийн” асари ҳам ахлоқ, ҳам шариат, ҳам тасаввуф ҳақида теран билгилар беради.

Қўлингиздаги китобнинг оригинал матни ҳижрий 1306 йилда Қоҳирада “Матбом хайрия” нашриётида босилган. “Танбеҳул ғофилийн”нинг арабча нашрларидаги китобларнинг ҳошияларида Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон-ул орифийн” асари битилгандир. Оллоҳ насиб қилса, уни ҳам ўзбекчага таржима қилиб, сизларга тақдим этамиз.

Муҳаммад Солиҳ

* * *

(давоми)

Ана бин Маликдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз саҳобаларидан “мўмин ким биласизми?” деб сўради.

Саҳобалар “Оллоҳ ва унинг Расули яхшироқ билади”, деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) мўминни қуйидагича тасвирлади:

-Мўмин шундай бир кишидирки, Оллоҳ унинг қулоқларини у севган сўзлар билан тўлдирмагунча ўлмас. Шундайки, бир киши етмиш темир эшик орқасида, энг тўрдаги етмишинчи хонада бир ибодат қилса, Оллоҳ у амалнинг жуббасини мўминга кийдиради ва инсонлар бу амал ҳақда гапириб, уни орттира бошлайдилар, – деди Расулуллоҳ (с.а.в.).

-Инсонлар у кишининг амалини қандай орттиришлари мумкин?, – деб сўрашди саҳобалар.

-Мўминнинг яхши амаллари ортгани сари, халқнинг унга бўлган муҳаббати ҳам ортади, – деб жавоб берди Расулуллоҳ (с.а.в.). Сўнгра саҳобаларидан “фожир ким биласизларми?” деб сўради. Саҳобалар “Оллоҳ ва унинг расули яхшироқ билади”, деб жавоб беришди.

-Фожир шундай бир кимсадирки, Оллоҳ унинг қулоқларини у севмаган сўзлар билан тўлдирмагунча ўлмайди. Шундайки, агар у етмиш темир эшик орқасида, энг тўрдаги етмишинчи хонада ўтириб, бир гуноҳ ишласа, Оллоҳ бу гуноҳ жуббасини унга кийдиради ва одамлар бу одамнинг ёмонлиги ҳақда гапириб, унинг ёмонлигини орттирадилар, – деди Расулуллоҳ (с.а.в.)

-Одамлар у кимсанинг ёмонликларини қандай орттиришлари мумкин?, – деб сўрашди саҳобалар.

-Фожир ёмонликка ботгани сари, ёмонликдан завқланади (яъни унинг ёмонлигини айтишса, бундан завқланади), – деди Расулуллоҳ с.а.в.

Авф бин Абдуллоҳ дейди:

“Хайр (яхшилик) аҳли шу уч нарсани ёзув йўли билан билдиришар эди:

1.Кимки, охират учун амал ишласа, унинг дунёвий ишларини Оллоҳ ўз зиммасига олади.

2.Агар қул ўзи билан Оллоҳ орасидаги муносабатларни тартибга солса, Оллоҳ қулнинг дунё ишларини тартибга солади.

3.Агар қул ички кўринишини тузатса, ислоҳ этса, Оллоҳ унинг ташқи дунёсини тузатади, ислоҳ қилади”.

Сўфийлардан Ҳамидул Лаффоф дейди: “Оллоҳу Таоло бир кимсани маҳв этмоқ истаса, уни шу учта нарса билан жазолантиради: 1. Унга илм насиб қилади, аммо бу илмга олимга хос амал қилишдан маҳрум этади. 2. Унга солиҳ инсонлар билан ўтириб-туришни насиб қилади, аммо уларга нисбатан қилиниши керак бўлган одоб қоидаларини уйғулашга муваффақ этмайди. 3. Унга ибодат эшигини очади, аммо ихлос билан амал қилишни насиб этмайди.”

Оллоҳу Таолонинг бундай муносабатига сабаб ўша кишининг ниятининг ёмонлиги ва қалбининг бузуқлигидир.

Ишончли манбааларга кўра, Жабалат-ул Яҳсабий шундай деган: “Биз Марвон бин Абдулмалик қўмитонлигида жанг қилаётгандик, сафимизда кечалари оз ухлаган бир аскар бор эди. Кейин унинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) саҳобаларидан бири эканини ўргандик. Бу саҳобанинг айтишича, бир куни мусулмонлардан биттаси Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан “Ё, Расулуллоҳ, эртанинг қутулиши нимада?”, деб сўрабди.

-Эртага (охиратда) қутилмоқ истасанг, Оллоҳни алдамаслигинг керак, – дебди Расулуллоҳ (с.а.в.).

-Ё, Расулуллоҳ, Оллоҳни қандай алдаш мумкин?, – деб сўрабди саҳобий.

Оллоҳнинг амр этган амалларини ишлаб, бу амаллар билан Оллоҳдан бошқасининг эътиборини қозонмоқчи бўлсангиз, Оллоҳни алдаган бўласиз. Риёдан қўрқингиз, чунки риё Оллоҳга шерик қўшмоқдир. Қиёмат куни риёкорга – ҳамманинг олдида – шундай дейилади: “Эй, кофир, эй, фожир, ғаддор, эй, муфлис! Амалинг йўқ бўлди, мукофотинг бекор қилинди! Бугун қўлингга кирадиган ҳеч бир насиб йўқ! Эй, алдатувчи, энди мукофотингни ўша эътиборини қозонмоқчи бўлган кишилардан сўра!”.

Саҳобийнинг сўзи тугаганда, ундан “Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Оллоҳ номига сўраяпман, бу ҳадисни тўғридан тўғри Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўз қулоқларинг билан эшитдингми?”, деб сўрадим.

Саҳобий менга шундай деди: “Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Оллоҳ номига ямин этаманки, бу ҳадисни Пайғамбаримиздан ўз қулоқларим билан эшитдим. Фақат буни нақл этаркан, беихтиёр баъзи хатоларим ўтган бўлиши мумкин,” деди ва шу оятни ўқиди:

“Шубҳасиз мунофиқлар Оллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки Оллоҳ уларни алдайди (“Нисо”сураси, 142)

Демак, охиратда амалининг савобини олиш учун инсон риёдан узоқ бўлиши керак. Амалини фақат Оллоҳ ризоси учун ишлаб, бу амалидан ғурурланмаслик учунуни унутиши лозим.

Буюклардан бири “ишланган амални сақламоқ, уни қозонмоқдан қийинроқдир”, деган.

Яна Абу Бакрил Воситий шундай деган: ибодатни асраш уни қозонишдан қийинроқ ва муҳимроқдир. Бу худди осон синиб, эски ҳолига келтирилиши қийин бўлган чинни идишга ўхшайди. Амалга риё аралашса, у синади. Унга ғурур қоришса, у яна синади.

Инсон бир амал қозониб, риёга тушажагидан қўрқса, риёни қалбидан чиқаришга урунса, бу яхши. Агар уни чиқара олмаса, “риёга тушаман”, деб қўрқиб, амал ишлашни тўхтатмаслиги керак. Амал ишлашда давом этиб, риё вазиятига тушгани учун Оллоҳдан авф тилаши лозим. Шунда балки, Оллоҳ уни бошқа бир амалида ихлосли бўлишга муваффақ қилар”.

Бошқа томондан “муроийлар (риёкорлар) ўлгандан бери дунё қаровсиз қолди, хароб бўлди”, деган ибора ҳам бор. Яъни муроийлар яхши инсонлар қиладиган ишлар қилиб, карвонсаройлар қурарди, кўприклар ва масжидлар иншо этардилар. Бу ишларни кўз-кўз қилиш учун қилсаларда, халқ бу нарсалардан фойдаланарди. Шундай экан, риёкор мусулмонларнинг бу ишлари учун қилган дуосидан фойдаланиши мумкин.

Айтишларига кўра, биттаси карвонсарой қурдирганди. Ичида, “билмайман, бу ишни Оллоҳ учун қилдимми, йўқми”, деб ўйлай бошлаганда, тушида унга бир одам “амалинг Оллоҳ учун бўлмаса ҳам, сенга хайир-дуо айтганларнинг дуоси Оллоҳ учундир”, деди ва у киши буни эшитиб хотиржам бўлди.

*Бир куни бир одам Ҳузайфа бин Яманийнинг ёнида “Оллоҳим, мунофиқларни ҳалок эт!”, деб дуо этганда, Яманий у одамга шундай деди:

Агар мунофиқлар маҳв этилса, сизлар душманингизга қарши келолмайсизлар.

Яъни мунофиқлар урушда қатнашиб, душманга қарши жанг қилмоқда эдилар.

*Салмон Форисий – Оллоҳ ундан рози бўлсин – шундай деганди: “Оллоҳ мунофиқларнинг кучи билан мўминларни қўллайди, мўминларнинг дуолари билан эса, мунофиқларга ёрдам этади”.

*Фарз ибодатларга риё аралашадими, йўқми, деган масалада турли фикрлар билдирилгандир. Баъзилар “бу ибодатлар фарз бўлгани учун уларга риё аралашмайди” дейишган. Баъзилар эса “риё ҳам фарз ҳам фарз бўлмаган амалларга аралашиши мумкин”, дея фикр билдирганлар.

Бизларга кўра, бу мавзуда фарқли ҳолат бор. Агар инсон фарз ибодатини бировларга кўрсатиш учун қилиб, ҳеч ким йўқлигида бу ибодатни умуман қилмаса, бу кимса мунофиқдир. У Оллоҳ Таолонинг “Шубҳасиз, мунофиқлар жаҳаннамнинг энг паст қаватидадирлар” (“Нисо”, 145) деб таърифлаган кимсалардандир.

Аммо одам фарз ибодатларни бошқалар ёнида мукаммал қилиб, ёлғизлигида нуқсонли адо этса, у фақат нуқсонли ибодат савоби олади.

Тўғрисини Оллоҳ билади.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар