Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Аёлларга соғлиқ беринг

Аёлларга соғлиқ беринг
11 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 651 марта ўқилди.

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

АЁЛЛАРГА СОҒЛИҚ БЕРИНГ

Агар бу ер бизнинг еримиз эканлигини бир зум ҳис қилсак эди, агар “ватан” сўзи биз учун фақат сўз бўлмаганда эди, агар биз бу ерни, бу халқни ўзимизни — лоақал ўз мансабимиз ва манфаатимизни севганчалик сева олсак эди, биз бугун ночор аҳволда қолмаган бўлар эдик.

Денгизимиз Оролнинг ҳалокат ёқасида, эркакларимизнинг заҳарланаётгани, аёлларимизнинг майиб-мажруҳ болаларни туғаётгани, йигитларимизнинг ҳарбий хизматга яроқсизлиги, болалар ўлими, бошқа жумҳуриятларда рад қилинган заҳарли корхоналар бизнинг вилоятимизга қурилаётгани — ҳаммаси сабаб, биринчи навбатда, мутасадди кишиларнинг руҳий қашшоқлиги, вазирликларнинг худбинлиги ва биз зиёлиларнинг жасоратсизлигимиз оқибатидир.

Вазирлар ўзгараверади, аммо уларнинг иш услуби ўзгармайди. “Собиқ”ларнинг ишини давом эттираверади. Улар халқ фаровонлиги йўлида буйруқлар чиқаришади, лекин буйруқлар амалда ўша халқ устидан чиқарилган ҳукмга айланади. Улар қайта қуриш учун қарорлар эълон қиладилар, амалда бу қарорлар қайта бузиш учун “хизмат” қилади. Улар худди ошкора гапираётгандай туюлади, лекин бу “ошкоралик” ёлғон каби қоронғидир.

Демак, улар саратон жазирамасидан соя-салқинни, завод ва фабрика тутунидан ўз уйларининг ҳашамини кўпроқ севадилар. Демак, улар жамоат фикрига эмас, кўпроқ “тепа”нинг овозига қулоқ тутадилар.

Жамоат фикри — аччиқ, чунки, у аксарий ҳолларда ҳақиқатни ифодалайди. “Тепанинг” овози ёқимли, чунки у тепадан келади.

Лекин бу овоз, халқнинг соғлиғини қурбон қилсанг ҳам планни бажар демаяпти-ку. Ёки, бу овоз, болаларимиз ўлаётганига, аёлларимиз ўзини ёқаётганлигига лоқайд қарашга бизни ундамаяптими?

Шу кунгача қайси вазиримиз халқ фикрини, халқ талабини “тепа”га айтгани учун ҳайфсан олди?

Қайси раҳбар ўз халқининг аҳволини кўриб, виждон қийноғига чидолмай истеъфога чиқди?

Унақа раҳбарни кўрмадик.

Улар, одатда “соғлиғи ёмонлашгани”сабабли ишдан кетадилар. Шунинг учун ҳам улар ва жамоат ўртасида ишончсизликлар мавжуд.

Шунинг учун ҳам ёзувчилар ва олимларнинг ер ва сувимиз ҳақида куйиниб сўзлаган нутқлари уларга ёқмайди. Лекин бу бизни иккилантирмаслиги лозим.

Биз вазирлар хотиржамлигини бузолмаган эканмиз, уларни уйғота олмадикми, энди жамоатнинг ўзини уйғотмоғимиз керак.

Бошқа йўл йўқ.

Бугун аён-ки, Оролни асраш қўмитасини кенг жамоат қўллаб-қувватламаса, бу қўмита ҳеч нарсага эришолмайди. Уларга на жамғарилган пул, на Распутин, на Залигин ёрдам беради.

Уларнинг ўз ташвишлари бор. Улар бизга ҳамдардлик билдиришлари мумкин. Аммо бизга фақат ҳамдардлик эмас, фаолият зарур. Фаолиятни биз ўзимиз бошламоғимиз даркор. Орол, Бўстонлиқ, туғилишни чеклаш ва барча қолган фожеавий муаммоларни беш-олти ёзувчи эмас, бутун меҳнаткаш халқ ўртасида муҳокама қилиш пайти келди. Газета, радио, телевидение ниҳоят “пистирма”дан чиқиб, халқ дардини айтсинлар.

Вазир билан суҳбат, деҳқон билан сўзлашишдан осон. Лекин биз шиор қилган демократия бу хил “қулайлик”ни тан олмайди. Одамлар “шинам” ҳақиқат эмас, ҳақиқатни билмоқ истайдилар.

Бизнинг газеталаримиз марказий матбуотлардан орқада қолмоқда. Улардаги мақолалар бир-бирига ўхшаш ва мутақил йўналишга эга эмас. Бир газета иккинчиси билан баҳс қилишга ботина олмайди. Энг долзарб муаммолар фақат бир томондан — ҳеч кимга “тегиб кетмайдиган” томондан “ёритилади”.

Бу сохта якдилликдир.

Биз бунақа “якдиллик”дан чарчадик.

Репрессия даври, эллигинчи ва етмишинчи йиллардаги фожеавий хатоларимизга сабаб ўша “якдиллик” бўлди.

Бугун бунга мисол сифатида маҳаллий матбуотимиздаги босилаётган мақолаларни келтириш мумкин.

Сизга маълумки, “оилани планлаштириш” кампанияси ҳозир янги босқичга кўтарилди: агар дастлабки хабарларда “болалар ўлимига сабаб, кўп туғишдир” дейилган бўлса, энди “кўп туғиш” иқтисодий тангликка олиб келиши мумкин, деган фикрлар билдирилмоқда. Қизиғи шундаки, бу мақолаларни эълон қилаётган газета уларга қарши бирор фикрни эълон қилмади.

Туғилишни камайтириш ғоясини илгари сураётганлар энди ўз ғоясига янги далиллар излаб, куйиб-пишмоқдалар. Бу изланишни кўриб, “ғоя”нинг асоссиз эканлигига амин бўламиз. Бу “ғоя” кампания жараёнидагина ўзига замин излай бошлади: таъбир қилсак, у, ерда эмас, балки, эриган дарёнинг муз парчалари узра сакраб, қирғоққа интилаётган одамни эслатади. Лекин, унинг соҳилга етишига ишониш қийин.

Туғилишга қарши ёзилган бир мақоладан парча келтираман: “Аҳоли сонининг кескин ўсиши жуда кўпларни оилада ўралашиб қолишига, меҳнаткашларнинг шахсий пудратга ўтиб кетишига сабаб бўлди ва бу реал даромадни камайтиради”.

Сиз бу бемаъни мантиқни рад қилгингиз келади, аммо мақола муаллифи сизни уринтирмай, ўзи рад қилади: “Демографик чоралар ичида болалар меҳнатини таъқиқлаш қонунини ҳам қатъийлаштириш лозим. Чунки, пудратга эга оилалар ўзи хўжаликда фойдаланиш учун болаларни кўпайтиришдан манфаатдор бўлади, олинган фойда оқибатида моддий фаровонлик вужудга келади, бу эса кўп болани боқиш учун имкон яратади. (“Правда”, 9 феврал, 1988 йил, “Планировать развития семьи”.)

Жуда тўғри мантиқ.

Яъни, оила каттаяр экан, ишчи кучи кўпаяди. Демак, оила моддий фаровон яшайди ва бу фаровонлик қанча бола бўлса, ҳаммасини боқишга имкон туғдиради. Демак, бизнинг болаларимиз бегонадан нон сўрамайди. Демак, бизга бугунгидай ҳеч ким “жумҳуриятингиз қарзга яшаяпти” демайди, “бошқа жумҳуриятлар ҳисобига нон еяпсанлар” деб дашном бермайдиган бўлишади.

Мантиқ учун, раҳмат.

Лекин, болаларни меҳнатдан озод қилиш лозим. Биз бу ҳақда кўп ёздик, кўп гапирдик. Ҳозирча, натижа йўқ. Аммо, мақола муаллифи болаларни (уларга ачингандан эмас) фақат пудратда ишлаб, пул топиб, оиланинг кенгайишига сабаб бўлмасин, дебгина меҳнатдан озод қилмоқчи. Бу гуманизм эмас.

Мақолада “Жумҳурият аҳолиси 2010 йилга бориб, икки баравар кўпаяди” дейилган.

Ҳў, барака топкурлар, Япония жойлашган майдон жумҳуриятимиз майдонидан икки баравар кам, шунга қарамай, у ерда 120 миллион одам зоти яшайди. Бунинг устига Японияда бизнинг ер ости бойликларимизнинг беш фойизи ҳам йўқ.

Демак, иқтисодчилар “оилани планлаштириш”билан эмас, иқтисодни, турмуш шароитимизни кўтариш билан шуғулланиши керак эмасми?

Қолаверса, туғилишни қисқартиришдан олдин, халқдан сўраш керак: у буни истайдими, йўқми?

Бу саволга ўша мақола автори жавоб беради: “Нечта фарзанд кўришни истайсиз, деган саволни биз яқинда Наманган вилоятидаги аёлларга бердик. Биз кимдан сўрамайлик — аёллар ҳам, эркаклар ҳам — бу саволга бир хил жавоб бердилар: “Қанча кўп бўлса, шунча яхши!”

Шундай экан, ҳурматли “қисқартириш” тарафдорлари, сизни нима бесаранжом қилмоқда?

Балки аёллар соғлигининг ёмонлигидир?

Лекин, ўша мақолада тиббиётимизнинг ночор аҳволдалиги ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ-ку!

Бу ҳайрат “Здоровье семьи — здоровье народа” (“Правда востока”, 17 феврал,1988) мақоласини ўқиганда, яна кучаяди:

“Бир пайтлар аёллар озодлиги учун бошланган “Ҳужум” ҳаракати буюк рол ўйнаган эди. Эҳтимол, бугун ҳам оилада озгина “ҳужум” керакдир — оилани планлаштириш борасида ҳужум, а?” — дейди муаллиф.

Бунии ўқиб, қўз олдингизга инсон зотини тарқатмаслик учун бир-бирига ҳужум қилаётган эр-хотинлар келади…

Шуни айтиш керак-ки, демография масаласига бағишланган мажлис жараёнини (ЮНЕСКОнинг “Инсон ва биосфера” программаси бўйича ўзбек Миллий Қўмитаси ўтказган кенгаш) бузиб кўрсатган мухбир, кенгашда “демографик муаммоларни тез ҳал қилиш чоралари бир овоздан қабул қилинди” деб ёзади.

Аксинча, мажлис аҳли “оилани планлаштириш” иборасини бутунлай кун тартибидан олиб ташлаш крак, деган фикрга келган эди.

Мажлис қатнашчилари бир пайтлар демографияда нотўғри сиёсат тутганлиги учун Ҳиндистон раҳбари Индира Гандининг истеъфога кетишга мажбур бўлганини эслатиб ўтди.

Шунингдек, у ерда бир миллиард аҳолили Хитой давлати олиб бораётган демографик сиёсат ҳақида ҳам гапириш мумкин эди: “Хитойда туғилишни чеклаш” фақат хитой миллатига — мамлакатда энг кўп сонли миллатга қаратилган.

Бу тажрибаларни бизники билан қиёслаб кўрсак, бизга йўл кўрсатаётган етакчи сўқир эмасмикан, деган фикр туғилади.

Хуллас, ўйлаб топилган бу ғоя, туғилишни чеклаш ғояси — экологик фожеамиз оқибатидир ва шу сабаб, мен сўзимни экологиядан бошлаган эдим.

Эҳтимол, бу ғоянинг тагида бошқа асос бордир. Агар у бўлса, туғилишни чеклаш тарафдорлари очиқ айтсин.

Ҳар ҳолда, болалар ўлимига аёлларнинг кўп туғиши сабаб бўлмайди, демак, болалар ўлими туғилишни камайтириш учун ҳам мутлақо асос эмас.

Аёлларимиз ҳамиша серфарзанд бўлганлар ва, айни пайтда, соғлом яшаганлар. Фарзанд улар учун бугун ҳам азиз ва бугун ҳам улар соғлом бўлишни истайдилар.

Агар қўлингиздан келса, аёлларга соғлик беринг!

1988

(26)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (125-129-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар