Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Дилдаги ўйлар

Дилдаги ўйлар
12 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 530 марта ўқилди.

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

ДИЛДАГИ ЎЙЛАР

Биз, ўзбек ёзувчилари, адабиётни бугуннинг энг муҳим масаласи, деб айта олмаймиз. Атрофда кечаётган воқеаларни кўрмаслик, эшитмаслик учун ҳаққоний ҳаётни мавҳумлаштиришга бизнинг кучимиз етмайди.

Бизни қийнаётган ўйлар адабий ўйлар эмас.

Кейинги йиллар давомида бошимиздан ўтган воқеалар бизни андак довдиратиб қўйди. Мамлакатимиз халқларини катта фаолиятга ундаган қайта қуриш имтиҳонга айланди.

Қайта қуришда биз қандай хизмт қилмоқдамиз?

Эстонлар иқтисод, маданият, маориф, тил соҳаларида ўз фикру қарашларини муҳокамага қўйишди. Эстон тилини давлат тили деб эълон қилишди, Литва ва Латвия халқлари ҳам шунга эришдилар. Молдавия, Белорусия, Грузия ва Украинада ҳам халқ ижтимоий ҳаракатлари вужудга келди ва улар ўз миллий манфаатларини ҳимоя этиб майдонга чиқмоқдалар.

Биз-чи? Нима билан машғулмиз?

Яқинда Московда ўқиб юрган бир талаба менга қўнғироқ қилиб: “Биз бу ерда ўзбеклар номусини ҳимоя этиш уюшмасини туздик”, деди. Уюшма-ку, яхши, лекин унинг номи ғалати туюлди. Нега энди “Номусни ҳимоя этиш уюшмаси” бўлар экан? Нега маданият эмас, тил эмас, Орол ёки табиатни ҳимоя қилиш уюшмаси эмас?

Дарвоқе, ЎзТАГ мухбири Ю.Кружилин ҳам ўзбекларнинг “номусини ҳимоя қилиб”, “Правда Востока” газетининг 1988 йил 264-сонида оғиз тўлдириб гапирган эди. у Александр Минкиннинг “Огонёк” журналида босилган “Пахта қули” мақоласига шундай “зарба” берди: “Биз ҳам, бизнинг болаларимиз ҳам қул бўлмаймиз. “Пахта қули” мақоласи меҳнаткаш халқнинг юзига туфлаган туфрукдир”. Ўртоқ Кружилин “бизнинг болаларимиз” деганда пахта даласида оч-наҳор, ўқишни ташлаб, пахта тераётган норасидаларни назарда тутган. Бизга бундай ҳимоянинг кераги йўқ. Кружилин бу мақолада ўзбекнинг номуси эмас, унинг фожеасини ҳимоя қилган.

Московда ўқиётган талаба қайси номусни ҳимоя қилмоқчи эди?

“У Московда таҳсил олаётган талабаларнинг московликлар томонидан ҳақоратланаётганини, “Сизлар ўғрилар уруғидансиз”, деган дашномлар эшитаётганини ҳимоя қилди. У “мен ҳеч қандай халқлар дўстлигига ишонмайман”, деди ҳаяжонланиб. Мен бу ҳақда ўйлар эканман, уч-тўрт йил муқаддам кечган воқеа ёдимга тушди.

Саксон бешинчи йил жумҳуриятда маданият соҳасида қандайдир вулгар ҳаракатлар бошланди. Бу ҳаракатнинг бошида Ўзбекистон Компартияси Марказқўмнинг мафкура бўйича собиқ котиби турди. Ёзма тарзда ҳам, оғзаки тарзда ҳам “худо” сўзини ишлатиш таъқиқланди. Ҳатто таржима китобларида ҳам “худо” сўзини фалак сўзига алмаштиришга мажбур бўлдик. Энди “фалак” “худо” мазмунини олди. Лекин фалакнинг ўзини нима деб атаймиз, деб ҳайрон бўлиб қолдик. “Синонимини топинглар!” — деган жавоб келди.. Шукрки, ўзбек тили бой экан, синоним топилди!

Лекин бу сиёсат ҳаммага ҳам маъқул келмади. Жумҳуриятда бу сиёсатга қарши хат ёзиб, Московга юборишга эллик беш эркак ва бир аёл топилди. Улар саксон бешинчи йилнинг май ойида бу қилмишлари учун Мафкура котиби Абдуллаева олдида тик туриб жавоб беридилар. Мафкура котиби уларни дарров “қора рўйхат”га тиркади. Босмахонага тушиб кетаётган китоблари ушлаб қолинди… Фақат тўққиз ойдан сўнг, котибанинг мансаб курсиси анча лиқиллаб қолганидан кейингина, тазйиқ тўхтади. Аммо ҳақорат оғриғи босилмади.

Мен бу оғриқни Московдан сим қоққан ўша талабанинг товушида туйдим. Бу дардни биз номус деган баландпарвоз тушунча ила таърифлаймиз. Шу йўсин бизнинг шаън-номусимизга биринчи зарбани московлик эмас, балки, ўз одамимиз берди.

Қайта қуришни биз таъбир жоиз бўлса, таҳқирланган номус ила қарши олдик. Бироқ, бу таҳқир қайта қуришга ишонмоғимизга ҳалал бергани йўқ! Инчунун, қайта қуриш бизда кадрларни қайта қуришдан бошланган эди. бу ҳол бизни қаттиқ умидлантирди, ҳолбуки, биз ўша маҳал кадрларни янгилаш қайта қуриш эмаслигини билмас эдик.

Порахўрлар ва ошириб ёзганларни фош этиш бошланди. Ниҳоят, адолат тантана қилди! — деб биз бутун Иттифоқ билан биргаликда қувондик. Ҳолбуки, ўша маҳал биз, фош этилган ва қамалганлар орасида мингдан ортиқ бегуноҳ инсонлар борлигин билмас эдик.

Матбуот сўзидан қувондик, бироқ порага сотилиш ҳодисаларини ёритаётган бизнинг матбуотчиларимиз ҳақиқатга чуқурроқ кирмасликларини, халқ ҳаётининг қатламларига теранроқ қарамасликларини биз хаёл ҳам қилмас эдик.

Бизнинг жароҳатларимизни очиб ташлаётган журналистлар энг муҳим нуқтани — меҳнаткаш халқ ҳаётини қўздан яширдилар. Ва гўё бу иллатлар турғунлик деб аталган ҳодисанинг оқибатлари эмас, балки, сал бўлмаса, миллий хусусиятлардир деган таассурот уйғотилди.

Бизда ўғрилар йўқ, демоқчи эмасман. Фақат биздаги ўғриларнинг миқдори умумиттифоқ меъёридан ортиқ эмас, демоқчиман, холос.

Яқин-яқингача биз Сотсиалистик Меҳнат Қаҳрамони, Олий Совет депутатлари бўлмиш айрим бахтиёр зотларнинг суратларини бутун дунёга намойиш қилиб, мана шуларни Ўзбекистон халқи деб айтар эдик. Лекин бу халққа қилинган тухмат эди. Зеро, халқ ҳеч қачон суратга тушиб қолиш учун ялтоқлангани йўқ, қолаверса, сураткаш ҳам уни қидирган эмас. Бу “оқ олтин” тонналари устида букчайган, умуртқа суяги қийшайган, жигари касал, ранги заъфарон мавжудот, бу советлар диёрининг пахта мустақиллиги ҳимоячиси — ўзбек деҳқони, суратларга ярашмайди.

Лекин, ўша нишондор қаҳрамонлар жиноятчи бўлиб чиққанда ҳам бизга эс кирмади. Биз тағин диққат-эътиборимизни ўша “қаҳрамонлар” сари қаратдик. Бизнинг кўнглимизда завқ эмас, даҳшат қўзғаб яна газеталаримиз саҳифаларида ўша исмлар жилвалана бошлади. Халқ эса, худди аввалгидек, яна суратлар ортида қолаверди.

“Одиловлар”ни фош этиш қуюнининг ғуборлари бизга шу қадар ёпишдики, ҳатто Ўзбекистон тўғрсида ёзган муаллифлар ичида энг самимийси бўлмиш Чингиз Атматов ҳам жумҳуриятдаги порахўрликни “миллий фожеа” деб аташдан бошқа илож тополмади. (“Правда”, 1988 йил, 13 феврал)

Йўқ, миллий фожеа эмас бу!

Фожеа бошқа ёқда: бизда болалар ўлими ҳамон ташвишли бўлиб турибди. Йигитларимизнинг жуда кўпчилиги ҳарбий хизматга яроқсиз. Кимёвий дорилардан бузилмаган ер, заҳарланмаган сув деярли қолмади. Ҳар йили икки юздан зиёд хотин-қизларимиз ўзларини ёқиб ўлдирмоқдалар. Биз Орол денгизини ва ҳосилдор ерларимизнинг энг яхши қисмларини йўқотдик.

Мана, бизнинг фожеамиз.

Порахўрлик эса, бу фожеага қанчалик ёрдам қилмасин, у “бизнинг фожеа”, ёки “миллий фожеа” бўла олмайди.Порахўрлик байналмилал фожеадир. Фақат порахўрлик бизда пахтанинг қаймоғи билан, пахта эса, халқимизнинг танаси билан озиқланиб келди.

Академик Яншиннинг “Литературная газета”даги бу масалага тегишли мулоҳазасини мустасно қилсак, на марказий матбуотда, на жумҳурият матбуотида, барча бахтсизликларни келтириб чиқарган бу муаммога бағишланган биронта ҳам махсус мақола чиққани йўқ. Бироқ, биз “Олтин устундаги илонлар”га доир “жиноятчи тўда” бошлиғи Одиловга оид мақолаларни хўп тўйиб ўқидик! Бутун мамлакатда оммавий шов-шувлар ва ҳаяжонлар авж олди. Жиноятчи ўзбекларни тутиб бергувчи Шерлок Холмс пайдо бўлди. “Ўзбекистон иши” эмас, айнан “ўзбеклар иши” деган атама вужуд га келди.

Буларнинг бари жамоат фикрига таъсир этмай қўймасди. Ва бу фикрга қарама-қарши ўлароқ, ўзбек номусини ҳимоя қилишга бел боғлаган ўзбек талабаси пайдо бўлди.

Бахтга қарши, буларнинг ҳаммаси мантиқан бир-бирига боғлангандир.

Бундай вазият келажакка ишончсизликни туғдиради. Кишилар ижтимоий жиҳатдан янада сустроқ бўлиб борадилар. Бирлик бепарволикдан, лоқайдликдан ишончсизлик ва ҳафсаласизликдан емирилиб боради. Бундай фавқулодда вазиятни биз сўнгги икки йил ичида ўз жумҳуриятимиз мисолида кузатдик. Бундай ҳолат ўзига хос руҳий иқлимни яратди, яъни, одамларни “сизлар хўжаликни бошқаришда қийналиб қолибсизлар, бас, шундай экан, бошқа жумҳуриятлардан ёрдам сўрамоқ зарур”, дея ишонтириш осон эди.

Бундай ижтимоий карахт халқни “сен ўз-ўзингни боқолмаяпсан, бошқалар ҳисобига яшаяпсан, боқим бўлиб қодинг”, деб алдаш мумкин эди. “Шундай экан, ортиқча оғизларни камайтир — туғилишни қисқартир”, деб кўрсатма бериш ҳам осон эди. Ана шу “муаммолар” бизни қайта қуришнинг зарур жабҳаларидан (монокултурага қарши, иқтисодий мустақиллик, Орол, давлат тили ва бошқа миллий масаллар) четга суриб қўйди. Биз қайта қуриш ҳавосидан нафас олишга улгурмасдан, бу ҳаво жумҳурият чегараларидан чекина бошлади ва ўша чегарада шаффоф деворга — Москов ва жумҳурият ўртасидаги деворга айланди. Бу девор орқасидан бизга қараётганларга бизнинг кулгимиз — йиғи, кўзёшимиз эса, табассум бўлиб кўрина бошлади. Бош шаффоф девор Ўзбекистон ҳақида ёзилган одамлар кўзини алдади.

Воқеаларни бузиб кўрсатди. Бу манзарани “синдириб кўрсатиш сиёсати”, албатта, ўз самарасини берди. Зеро, бизда газеталар фақат жамоат фикрини эмас, ҳукумат тадбирлари йўналишини ҳам белгилайди. Ва марказий газетада эълон қилинган ҳар бир катта проблематик мақола, агар у холис бўлмаса, нафақат ижтимоий, балки, сиёсий жабҳада ҳам оғир хатоларга олиб келиши мумкин. Ўзбекистонда худди шундай хатолар вужудга келди.

“Четдан хабар олиб келиш” дегани нима?

Бизга “чекланган қўшинлар контингенти” ибораси таниш. Аммо, саксон бешинчи йилларнинг бошида “чекланган раҳбарлар контингенти” деган янги ибора пайдо бўлди. Албатта Ўзбекситонга келаётган раҳбарлар яхши ният билан, яъни “чекланган қўшинлар” каби ўз байналмилал бурчиини бажариш учун келади.

Бироқ, улар ўзлари учун мутлақо янги шароитларда, табиийки, қийинчиликларга дуч келадилар, хўжалигимизнинг ўзига хос қирраларини ўзлаштира олмайдилар.

Сиз пахтани фақат тўй-тантана, албомлардагина кўрган кишини тасаввур қилинг. Ҳа, худди шундай кишилардан бири партия чақириғи билан Ўзбекистонга келади ва бирдан жумҳурият сув хўжалиги вазири бўлиб қолади. Ахир, сув хўжалигини бошқариш учун у ҳеч бўлмаганда “Ўрта Осиё ерларининг суғориш тарихини” тўлиқ ўрганиши зарур-ку. Лекин энг муҳими, у ўзи суғориш лозим бўлган тупроқни, ўзгартириш лозим бўлган иқлим ва манзарани яхши билмоғи даркор. Бу иш эса, кўп йилларни талаб этади. Бундан ташқари, раҳбар одам шу заминнинг бир парчаси бўлмоғи, ҳеч йўқса, шу заминда туғилмоғи керак-ку. Биргина сув хўжалиги вазири эмас, савдо вазиримиз ҳақида ҳам шу гапларни айтиш мумкин.

“Бобил хўжалиги Дижла ва Фират дарёлари сувидан суғорилар эди. (бизнинг мисолимизда Амударё орқали Оролга — М.С.) чиқиб кетарди. Бу маъқул система эди”.

Лекин, дейди тарихчи, Бобил подшоҳи ерли халқ вакили эмас, бунинг устига у Миср маликасига уйланиб қўйди. Малика билан бирга Бобилга ташаббускор муҳандислар келди. Бу муҳандислар маликага янги канал қуриб, экин ерларини кўпайтиришни тавсия этди. Малика эса, ўз навбатида бу фикрни шоҳга етказди. Шоҳ канал қурди. Оқибатда Фират секин оқа бошлади. Ерлар шўрланди, деҳқончилик бўҳронга юз тутди ва эрамизнинг бошига келиб, Бобилда ҳаёт тугади. Агар Бобил ҳукмдори ерли одам бўлганда эди, у ўз ватандошлари билан маслаҳатлашган бўларди ва улар ичида суғориш ишларини тушунадиган одам топиларди, деб ёзади тарихчи. (Лев Гумилев. “Этногенез и биосфера земли”. ВИНИТИ — 1969- 138-139 б.)

Бобил ўша канал қурилгандан кейин яна беш аср яшади, яунки уни алмашлаб экиш қувватлантириб турди. Бизнинг Орол ва ерларимиз бир аср доирасида ҳалокатга учраяпти. Чунки, унинг ҳалокатига монокултура “ёрдамлашаяпти”. Аммо, яна таъкидлаш мумкинки, бу икки ҳалокатнинг сабаби бир: нотўғри суғориш системаси, бизнинг мисолимизда марказлашган бошқарув оқибатидир.

Биз шунинг учун ҳам Сибир дарёларини Ўрта Осиёга буришга қарши турган рус зиёлиларини қўллаймиз. Бу лойиҳани ким тузган? Сибир хўжалигини бошқариш учун “чет”дан чақирилган ўзбек раҳбари бўлмасин тағин?!

“Боқим”лар деган нима?

“Боқимлар” сони Ўзбекистонда ўн беш миллион. Уларни ўзбеклар деб аташади. Бу номни уларга Октябр инқилоби туҳфа этган. Инқилобгача ўзбеклар турк қабилаларининг бири ҳисобланган ва Ўзбекистон ҳам Туркистон деб аталган. Уларнинг аждодлари “тарих”да айтилгандек, XV-асрдан эмас, қадим-қадимдан шу Туркистонда яшаб келишган. Чор Русияси даврида кейинчалик “ўзбек” деб аталган бу туркий халқнинг етмиш беш фойизи қишлоқларда, йигирма беш фойизи шаҳарларда яшаган. Бугун сотсиализм тузуми барқ урган пайтда бу халқнинг қишлоқда яшайдиган қисми саксон фойизга етди. Тараққиётга балли! Шаҳарларимиз кўпаймоқда, уларда яшаётган ўзбеклар сони, аксинча, камаймоқда.

Инқилобгача бир кило пахта пулига салкам бир бузоқ келарди, бугун бир кило пахта учун деҳқонга 15 тийин тўлашади ва бу пулга 15 қути гугурт олиш мумкин.

Бу шаввоз деҳқонлар пахтани шу қадар “севиб” қолдиларки, уларни хафа қилмаслик учун ҳукумат бор-йўқ боғлар ва тўқайларни қириб ўрнига пахта экиб беришга мажбур бўлди.

Урушгача Ўзбекистонда 27 минг майда қишлоқлар бор эди, хутор системасини тугатиш байроғи остида бу қишлоқларнинг 20 минги йўқотилди. Ўрнига шаҳарлар эмас, плантатсиялар пайдо бўлди. Деҳқонлар ойига 30-40 сўм маош оладилар, аммо ишдан кейин томорқасида ишласалар, “қўшимча даромад” келади. Агар улар ўз фарзандларини эркалатиб қўймай, оила пудратида ишлашга мажбур этсалар, янада кўп пул олишлари мумкин. Акс ҳолда, нафақат рангли телевизор, ҳатто оддий ойнаи жаҳонга ҳам пул топиш қийин.

Баъзи газеталар “деҳқонлар гўшт емайдилар”, деб ёзаяптилар. Тўғри гап. Деҳқонлар парҳездалар. Чунки, гўштнинг ўзи йўқ, гўшт берадиган чорвачилик йўқ, чорвани боқадиган яйловлар йўқ — яйловларга ҳам пахта экилган.

“Правда” газетасида босилган “В понедельник после пятницы” (“Правда”, 1988 йил, 19 феврал) мақоласида мисли кўрилмаган бир воқеа, Жумабозор қишлоғи аҳли милитсияга, ҳатто республика ҳукумати раисига қаршилик қилганлиги тасвирланади. Бу деҳқонлар нима учун жунбушга келдилар? Ўз меҳнатининг қадр-қиммати учунми? Турмушларини яхшилаш учунми? Ёки ўз болаларини меҳнатдан озод қилиш учун шундай қилдиларми?

Йўқ, улар ер талашган эдилар. Улар инсон ҳуқуқларидан фақат ерга пахта экиш ҳуқуқини билар эдилар, холос.

Мен бу деҳқонларнинг суратини кўрдим: ажин босган юзлар, чарчаган нигоҳлар, хўмрайган қиёфалар. Агар кийимлари бўлмаса, улар худди ўтган асрдан қараб тургандай кўринади. Суратга қараб, бўғзимга тош тиқилди…

Русияда қишлоқлар бўшаб қолаяпти. Рус деҳқонлари ўз уйларини ташлаб. Шаҳарга кетмоқдалар. Бизда эса, аксинча. Қувониш керакми, йиғлашми, билмайман.

Газеталар “Қишлоқда иш кучи ортиқча,ўзбекнинг ерга меҳри зўр, бу миллий психология, ўзбек ҳеч қачон шаҳарга бормайди, уни завод, фабрикага чорлашнинг фойдаси йўқ”, деб ёзадилар.

Тўғри, агар биз уни “чорлаганда” ҳам у шаҳарга кела олмас эди. Чунки уни “меҳр” эмас, моддий ночорлик ерга боғлаб қўйган. Боғлаб эмас, занжирбанд қилиб қўйган. У шаҳарга келмоғи учун кўпроқ пул жамғариши керак. Аммо пахтага тўланадиган пул ҳеч вақога етмайди. Демак, деҳқонни ерга боғлаб қўйиб, у шаҳарга келмаяпти, заводда ишламаяпти, дейиш кулгилидир. Ниҳоят, одам ўзининг оғир меҳнатига яраша ҳақ талаб қилмоғи учун онг-савияси баландроқ бўлмоғи керак. Лекин пахта яккаҳокимлиги шундай аждаҳо-ки, у деҳқоннинг нафақат моддий ҳаётини, балки онгини ҳам ўз чангалидан қўйиб юбормаяпти.

Пахта ҳокимлиги пахтакорни ватанга муҳаббат руҳида эмас, шахсий томорқага муҳаббат руҳида тарбиялайди. Пахта монокултураси худбинликни, маҳдудликни одамларнинг қонига сингдиради.

Пахта дегани нима ўзи? Пахта нималигини биламизми ўзи?

Самарқанд вилоятида чиқадиган “Ленинский путь” газетасида босилган “Дитя солнца” (“Қуёш фарзанди”) мақоласининг муаллифи Ю.Федоров Ўрта Осиёга пахта уруғини форс ҳукмдори Кирнинг аскарлари олиб келган, деб ёзади.

Ҳа, барча босқинчилар каби, Кир ҳам бизга “маданият” олиб келган. Тўғрироғи, маданий ўсимлик — пахтани олиб келган. Аммо у келажакда пахтанинг Ўрта Осиё халқлари учун асосий “маданият белгиси” бўлиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаган, албатта.

“Туркистон Русияга қўшиб олинганидан кейин, — деб давом этади Ю.Федоров ўз мақоласида, — чор ҳукумати Америкага қарам бўлмаслик учун Туркистонда пахта етиштиришни авж олдиришга қарор қилди”.

Ҳа, фақат Сталин, Хрушчев, Брежнев эмас, чор ҳукумати ҳам Америкага қарам бўлишни истамаган экан. Лекин биз чор ҳукумати даврида бор-йўқ пахтани Русияга жўнатар эдик ва бу усул мастамлакачилик усули деб аталарди. Бугун биз пахта хомашёсини ўнлаб марта кўпроқ ташқарига чиқараяпмиз ва бу усулни нима деб аташни билмай турибмиз. Устига-устак, бизни боқимандалар, деб аташаяпти…

“Коммунист Узбекистана” журналининг 1988 йил 11-сонида В.Осминин бундай ёзади: “Ҳисобларга кўра, Ўзбекистондан олиб кетилаётган бир йиллик пахта толасидан 25 миллиард сўм миллий даромад олинади” (24-бет). Бу пул бизга дотатсия (давлат томонидан бериладиган ёрдам пули) берилаётган пулдан деярли ўн баравр кўп-ку! Шуми, бизнинг боқимлигимиз?

Фақат Ўзбекистондагина эмас, қардош Тожикистон ва Туркманистонда ҳам деҳқоннинг аҳволи ачинарли — у энг оғир меҳнатни бажариб, энг арзон ҳақ олмоқда. Пахтакор ғаллакорга нисбатан ўнлаб соат кўпроқ меҳнат қилади. Лекин иш ҳақи ғаллакорникидан тўрт баравар камдир. Бу ҳам етмагандай, деҳқон фақат пахта эксагина, фаровон яшаши мумкин, дея ишонтирадилар.

Ваҳоланки, 1987 йилда бир гектар ерга экилган картошка 2983 сўм, бир гектарга экилган сабзавот 6379 сўм, бир гектарга экилган “оқ олтин” эса, бор йўғи 2400 сўм даромад келтирган. Бу рақамларни қиёслайлик-да деҳқонга раҳмимиз келсин.

“Пахта мутақиллиги” асоратларини тан олиш пайти келди. Жумҳурият ҳукумати буни яхши билади. Аммо сукут сақлайди.

Наҳотки, миллий ҳукумат қишлоқ аҳли ҳаётини яхшилаш учун, унинг соғлиғини мустаҳкамлаш ва турмуш маданиятини кўтариш учун бирон тадбир кўрмаётган бўлса, деган савол туғилиши мумкин. Тадбирлар кўрилаяпти, албатта. Улар орасида биз тушунмаган бир тадбир — оилани планлаштириш дегани ҳам бор.

“Оилани планлаштириш” нима?

Бу тадбирлар аввалига тўғри “туғишни камайтириш” деб аталган эди. фақат кейин, шарт-шароитни ҳисобга олиб, бу номни “юмшатдилар”. Чунки, Иттифоқнинг бир қисмида туғилишни рағбатлантириб, иккинчи қисмида “қисқартиришни” тарғиб этмоқ бемаънилик эканини ташвиқотчилар англаб қолдилар. Лекин кейинги ўйлаб топилган “планлаштириш” ҳам аввалги ибора моҳиятини ўзгартиролмади. Иқтисод, демография (аҳолишунослик) соҳаси билимдонлари “уч йил оралатиб туғиш” тамойилини олға сурдилар. Гўё шундай қилинса, бошқа муаммолар ҳам ўзича ҳал бўлиши мумкин экан. Яъни, биринчидан аёлларнинг соғлиги тикланар эмиш. Иккинчидан, болалар ўлими камаяр эмиш (Тўғри, бола туғилмаса, у ҳеч қачон ўлмайди). Учинчидан, аҳоли сони кўпаймайди, бу эса ўз навбатида, ишсизлик муаммоларини, яъни иқтосод ва демография ўртасидаги номутаносибликни йўқ қилар эмиш.

Қаранг, бизнинг аёлларимиз қанчалик давлат аҳамиятига молик масалаларни “ҳал қилиб” юборишлари мумкин! Агар улар буни хоҳласалар! Лекин улар “уч йил оралатиб туғишга” кўнармиканлар?

Иқтисодчи Р.Убайдуллаевнинг гувоҳлик беришича, Наманган вилоятида истиқомат қилувчи аёллар бу масъул ишга тайёр эмас эканлар. Улар “нечта фарзанд кўришни истайсизлар?” — деган саволга бир хилда: “Қанча кўп бўлса, шунча яхши”, — деб жавоб берибдилар. (“Правда Востока”. 1988 йил 9 феврал)

Эҳтимол, биз демография фанини тушунмасмиз. Бизга “Нима қиласанлар билмаган соҳангизга аралашиб, романинигизни ёзиб юравермайсизларми”, дейишаяпти-ку! Лекин рақамларни биз ҳам биламиз. Ўзбекистонда уч ва тўрт боладан кўп туққан аёллар фойизи йил сайин камайиб бораяпти. Бу кўрсаткич 1956 йил 75 фойиз бўлса, 1970 йилда 65 фойизга, 1980 йилда 51 фойиз бўлса, 1985 йилда эса, 49 фойизга камайиб кетди. “Бу ҳолатда, — деб ёзади таниқли демограф А.Кваша, — демографик сиёсатни шундай юритиш керак-ки, токи, Ўрта Осиё халқларининг асосий қисми кам болалик оилаларга айланмасин”. (А.Кваша. “Что такое демография”, Москва, 1985 йил ).

Табиатнинг ўзи “қисқартираётган” пайтда биз ҳам қайчимизни олиб чопмайлик. Демографияга қизиқиш эса, фақат бизнинг жумҳуриятда пайдо бўлгани йўқ. Масалан, Америка ва Ленинград шаҳри ўртасида ўтказилган телесуҳбатда рус йигит Русияда туғилиш камайиб бораётганини ҳаяжонланиб гапирди. Биз унинг дардига ҳамдард эдик. Аммо у “рус халқи кичик миллатга айланиб қолиш хавфи бор”, деганда мен ўйланиб қолдим. “Кичик миллат” бўлиш шунчалар қўрқинчлими? Ундай бўлса узоқ Шимолда яшаётган чукча халқи матонатига қойил қолиш керак. Ундай бўлса, “кичик миллатлар” латиш ва эстон халқларига тасанно! Ўзбеклар сон жиҳатдан уларга “оға” бўлиши мумкин-ку, деб ўзимга таскин бермоқчи бўлдим, аммо таскин тополмадим…

Хуллас, “катта халқ”қа ҳам “кичик”ка ҳам қийин экан. Московлик бир дўстим “катта халққа қийин, у барча кичик халқлар учун жавоб беради” деган эди. Бу ҳақиқат. Дўстимнинг сўзини бошқача ҳам қуриш мумкин: “Кичик миллатларга ҳам осон эмас, уларни ўзи учун жавоб беришга қўйишмайди”.

Шу маънода, баъзан тожик дўстларимиз ўзбеклардан хафа бўлиб ёзғирганда, мен уялиб кетаман. Биз, ўзбеклар, ҳар ҳолда, бағримиз кенг бўлиши керак, майда гапга чалғимаслигимиз керак, деб ўйлайман. Тожик биродарларимизни қўллаб-қувватлашимиз уларга ҳамдард бўлишимиз керак, деб ўйлайман. Лекин бу гиналар давлат миқёсига кўтарилиб, оддий ғийбатлар юксак минбарлардан эълон қилина бошласа, беихтиёр, икки халқнинг ўртасига нифоқ солаётган ким, деган савол қийнай бошлайди.

Бизнинг аждодларимиз миллий мансублик тўғрисида баҳслашмаган эдилар. Бу масалада Жомий билан Навоий баҳсини тасаввур қилиш қийин. Бирор жанжал чиқиб қолса, жанжал ҳам уни бошлаган одам каби майда бўлган. Афсуски, бугун қайта қуриш ниқоби остида дўстлигимизга раҳна солишга интилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Бизга нима бўлди ўзи? Азалдан бир дарёдан сув ичиб, бир диёрда яшаб келаётган эдик-ку. Байрамларимиз бир эди, бирга тўйлар ўтказардик. Қиз олиб, қиз бериб қондош халқларга айланган эдик. Душман келганда миллат суриштирмай, ҳамма бир тану бир жон бўлиб, Ватан ҳимоясига отланган.

Ўтган йили Марказий телевидениеда берилган “Позитсия” кўрсатувида Самаркандни ўзбеклар қургани йўқ, дейишгача бориб етдилар. Бу ҳам майли, баъзи олимлар Ўзбекистонда миллий туман, миллий шаҳарлар ташкил қилиш керак деган таклиф билан чиқдилар. Бунақасини анчадан бери кўрганимиз йўқ эди.

1924 йили Туркистонни бир марта бўлган эдилар, шунинг ўзи етарли эмасмикан?

Икки халқ ўтрасида “баҳс” юритаётганлар тарихга бир назар солсалар ёмон бўлмасди. Масалан, Петербургни Брежнев қургани йўқ. Унга Пётр асос солган. Бу тарихий факт. Шунингдек, Самарқанд ҳам Рашидов буйруғи билан бино бўлмаган Амир Темур қурган. Бу ҳам тарихий факт. Уни сохталаштириш уятдир.

Ўзбекистонда юздан зиёд миллат вакиллари яшайди. Шу кунгача улар билан ўзбеклар ўртасида жанжал чиққани йўқ. Чиқмайди ҳам! Аммо ўзбекларнинг байналмилаллиги уларда миллий туйғу йўқ экан, деган хулосага олиб келмаслиги керак. Бу туйғу, ҳамма миллатлар каби, ўзбекларда ҳам бор. Уни ҳақорат қилмаслик лозим.

Булар мени қийнаган муаммолар.

Уларни имконим даражасида таҳлил этдим. Фикримча, уларни ечиш пайти келди. Бу масалалар бевосита миллий масалага бориб тақалади.

Миллий масала эса, иқтисод каби, бугунги кунда энг долзарб масалалардан биридир.

 

Нутқ 1988 йилда Московда, СССР Ёзувчилар союзи пленумида ўқилган ва “Литературная газета”да чоп этилган.

(27)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (129-140-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар