Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўлим қўрқувси

Ўлим қўрқувси
12 Temmuz 2017 - 8:00 'да юкланди ва 889 марта ўқилди.

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(3)

Абуллайс Самарқандий ҳақида 

Муфассир, муҳаддис, фокиҳ ва мутасаввуф бўлган Абуллайс Самарқандий ҳазратлари инсон сифатида муттақий илмига амал қилган буюк зот эди.

Абуллайс Самарқандий ҳазратлари ҳижрий 373(милодий 983) йилида вафот этди. Туғилган йили номаълум.

Қўлингиздаги бу китоб минг йилдан бери ислом оламида ўз қийматини йўқотмаган, юзлаб олимларга илҳом қайноғи бўлган ва мусулмонлар учун маёқ ролини ўйнашда давом этаётган бир баракатли, қутлуғ асардир.

Абулайс Самарқандий “илми билан омил” бўлган буюк олимдир.

“Танбеҳул ғофилийн” асари ҳам ахлоқ, ҳам шариат, ҳам тасаввуф ҳақида теран билгилар беради.

Қўлингиздаги китобнинг оригинал матни ҳижрий 1306 йилда Қоҳирада “Матбом хайрия” нашриётида босилган. “Танбеҳул ғофилийн”нинг арабча нашрларидаги китобларнинг ҳошияларида Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон-ул орифийн” асари битилгандир. Оллоҳ насиб қилса, уни ҳам ўзбекчага таржима қилиб, сизларга тақдим этамиз.

Муҳаммад Солиҳ

* * *

(давоми)

Ўлим қўрқувси.

Анас бин Маликдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Ким Оллоҳга қовушишни истаса, Оллоҳ ҳам унга қовушмоқни истар”. Мўмин ўлаётганда, Оллоҳнинг ризоси ва жаннат билан муждаланади. Бу онда унга ўлмоқ яшамоқдан севимлироқ бўлади.

Оллоҳ ҳам унга фазли карамини орттиради.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) сўзларини шундай тамомлайди: “Кимки, Оллоҳга қовушмоқни истамаса, Оллоҳ ҳам унга қовушмоқни истамас, уни севмас”.

Кофир ўлар экан, Оллоҳнинг унга ҳозирлаган жазосини кўради, ўз гуноҳларига йиғлайди. Ўлимдан нафрат этади ва Оллоҳга қовушишни ҳеч истамайди. Оллоҳ Таолонинг ҳам у билан кўришишни истамаслиги бу кимсани Ўз раҳматидан узоқ тутажагини билдиради. Оллоҳнинг “севмагани” нафрат эмас. Бундай сифатни Оллоҳга иснод қилиш ярашмайди.

-Сўфиёний Саврийга кўра, бу ҳадиснинг маъноси “Қулларнинг Оллоҳга қовушишни севишлари Оллоҳнинг уларга қовушиши севганининг сабаби бўлгани каби, қулларнинг Оллоҳга қовушмоқликни истамаслиги ҳам Унинг буни истамаганининг сабабидир.

Яъни “Оллоҳ бир қулига қовушишни истаса, қул ҳам унга қовушмоқ истар”.

Буни шундай изоҳлаш мумкин: Севги аслида Оллоҳу Таолонинг сифатидир. Қулнинг ўз Раббини севиши Оллоҳнинг севгисига боғлиқдир ва унинг инъикосидир.

Худди сув жимирлашининг деворда акс этгани каби.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Оллоҳ бир қулига муҳаббат қўйса, уни ўз муҳаббати билан машғул этар” деган сўзлари ҳам юқоридаги фикрни тасдиқламоқда.

Бундан ташқари, Қуръони Каримнинг бир оятида “Оллоҳ уларни севар” жумласининг “Улар ҳам Оллоҳни севадилар” жумласидан олдин келиши ҳам нозикликни кўрсатиб турибди.

Оллоҳу Таоло бизга Ўзига қовушмоқ севгисини ато этсин!

Пайғамбаримиз (с.а.в.) юқорида зикр этган сўзларни тинглаган саҳобийлар, унга “Ё, Расулуллоҳ, ҳаммамиз ўлимдан нафрат этамиз”, дейишди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) эса уларга шу жавобни берди:

1.“Сизлар назарда тутган туйғу нафрат эмас. Аксинча, мўмин ўлар экан, ёнига унга ажратилган хайирларни билдириш учун бир муждачи келади. Шунда мўминнинг энг кучли истаги бўлади. У пайт Оллоҳ ҳам унга қовушмоқ истаяжак.

Фожир (кофир) ўлганда эса унинг ёнига охиратда дуч келажаги оқибатни билдириш учун хабарчи келади. Фожир шунда Оллоҳга қовушишни истамайди. Оллоҳ ҳам уни кўришни истамас”.

-Жобир бин Абдуллоҳдан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир куни саҳобаларига:

2.Исроил ўғиллари ҳақида ҳикоя қилинглар. Бунинг ёмон жойи йўқ. Чунки улар ғаройиб ҳодисаларни бошидан кечирганлар, – деди ва ўзи бир ривоятни айтиб берди:

3.Исроил ўғилларидан бир гуруҳ саёҳатга чиққанди. Йўлда бир қабристонга дуч келдилар. Улар “агар Раббимизга дуо этсак, балки ўликлардан бири мозоридан чиқиб, бизга ўлим ҳақида билги берар”, дейишди ва намоз қилиб, Раббиларига дуо эта бошладилар.

Улар дуо этаркан, бир ўлик мозордан бошини чиқарди. Унинг юзи қуюқ қора эди, ўлик шундай деди: “Эй, фалончилар, нима истайсизлар? Оллоҳга ямин этарак, айтаманки, бу ерга келганимга тўқсон йил бўлгани ҳолда, ҳали ҳам ўлим оғриғидан қутулолмаяпман. Гўё яқиндагина ўлгандайман. Дуо этингки, Оллоҳ мени эски ҳолимга қайтарсин!”, деди ўлик. Ўликнинг манглайида сажда изи бор эди”.

-Ҳазрати Ҳасандан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Ўлимнинг мўминга берган оғриғи ва изтиробининг шиддати уч юз қилич зарбининг изтиробига тенгдир”.

Демак, ўлимнинг муқаррарлигига инонган киши бир ёндан солиҳ амаллар ишласа, иккинчи ёндан хунук ҳаракатлардан қочмоғи лозим. Чунки ўлим билан қачон юзма-юз келажагини одам билмайди.

Юқоридаги ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз умматини ўлимга тайёр бўлишга насиҳат этгандир.

Ўлим шиддати Охират азобининг бир парчасидир. Охират азоби эса дунё азобига нисбатан анча оғирдир.

-Абдуллоҳ бин Ҳошимдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёнига бир саҳобий келиб, “Ё, Расулуллоҳ, менга илмнинг ғаройибликларидан айтиб берасан, деб келгандим”, деди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) унга:

-Илмнинг бошланғичи учун нималар қилдинг?, – деди.

-Илмнинг боши нима?, – деб сўради саҳобий.

-Шони улуғ Оллоҳни танидингми?, – деди Расулуллоҳ (с.а.в.)

-Танидим, – деди саҳобий.

-Хўп, унинг йўлида нима қилдинг?, – деб сўради Расулуллоҳ (с.а.в.).

-Оллоҳ нима деса, ўшани қилдим, – деб жавоб берди саҳобий.

-У ҳолда ўлимга қандай тайёргарликлар кўрдинг?, деб сўради Расулуллоҳ (с.а.в.).

-Ўлимга Оллоҳ изн бергани қадар ҳозирландим, – деди саҳобий.

-У ҳолда, сен бориб ўлимга яна ҳам пухтароқ ҳозирлан ва кейин кел, сенга илмнинг ғаройиб жиҳатлари ҳақда билги берайин, – деди Расулуллоҳ (с.а.в.).

Бу саҳобий бир йил сўнгра яна Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёнига келди.

Пайғамбаримиз унга шундай деди:

-Қўлингни виждонингга қўй ва ўзингга муносиб кўрмаган нарсани биродарингга ҳам муносиб кўрма. Ёки ўзинг учун нимани истасанг мусулмон биродаринг учун ҳам ўша нарсани иста. Мана бу илмнинг ғаройиб жиҳатларидир”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар