Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Рост қайда. Ёлғон қайда?

Рост қайда. Ёлғон қайда?
13 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 624 марта ўқилди.

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

РОСТ ҚАЙДА. ЁЛҒОН ҚАЙДА?

Одамнинг номини қора қилиш — у деҳқонми, муҳандисми, ёзувчими, фарқи йўқ — осон иш бўлиб қолди. Яқиндагина ёзувчи Сарвар Азимов олим Эркин Юсупов, шифокор Гавҳар Ҳожибоева каби зиёлилар ва қатор қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайдиган кўп одамларнинг шаънига туҳматлар уюштирилган эди. Бугун уларнинг кўпчилиги “оқланди”, аммо туҳмат қилиш одати ҳамон давом этаяпти.

Қайта қуриш ҳақорат плюрализми эмас, фикрлар плюрализми эди-ку, қайта қуриш туҳмат эмас, ҳақиқат ошкоралиги эмасми?

“Ҳақиқатгўй Муҳаммаднинг икки хил сўзи” (“Совет Ўзбекистони”, 15 декабр. 1988 йил сони) мақоласини ёзганлар учун бу қоида тўғри келмабди. Лекин бу мақолага улар “Геббелснинг ретсепти бўйича бир чимдим ҳақиқат” сепиб қўйишни унутмабдилар. Ҳа, тўғри, М.Солиҳ ҳақиқатан ҳам “Ню Йорк Таймс” газетасига интервю берган. Унинг газета мухбирига айтган жумласи сўзма-сўз келтирилганда шундай: “Сталинча “пахта мустақиллиги” консепсияси бизнинг халқимизни пахтага занжирбанд қилиб қўйди”. У бу фикрдан ҳозир ҳам воз кечмайди. У буни фақат “чет эл учун” эмас, айтиш имкони бўлган ҳамма жойда айтган.

Ўзбекларнинг саксон фойизи, тасавур қилинг, саксон фойизи қишлоқларда яшайди ва ўша “оқ олтин”га хизмат қилади. М.Солиҳ ўша халқни назарда тутиб гапирган эди.

Кружилин-Хисомов жунбушга келиб, М.Солиҳни “туркманлар, руслар, украинлар, яҳудийлар, белоруслар”нинг душмани дейишгача боради. Ваҳоланки, “XIX-партия конференсиясига таклиф”ларга жуда кўп одам имзо чеккан ва М.Солиҳ ўшаларнинг бири эди. Бу таклифларда Орол, сувни иқтисод қилиш ва Қорақум канали ҳақида мулоҳазалар айтилганди. Наҳотки, Кружилин-Хисомов худди ўша пахта қийинчиликларини бошидан кечираётган туркман биродарларимиз учун Орол тақдири бир пул, деб ўйласа?

Наҳотки, бу мухбирчалар Бўстонлиқ ва четдан асоссиз ишчи кучи олиб келиш сиёсати фақат ўзбекларни ташвишлантиради, деб фикрласа? Наҳотки, бу муаммолар Ўзбекистонда туғилиб, уни ватан атаган бошқа миллат вакиллари учун бегона бўлса?

Ўзбекнинг байналмилаллиги шиорлар билан эмас, балки, бу халқнинг ҳаёти билан, керак бўлса, қони билан исбот қилинган. Мисол келтириб ўтирмаймиз. Бирга кечган ҳаётимизда мисоллар кўп. Лекин, ўзбек халқи ўз байналмилаллигини ҳеч қачон рўкач қилган эмас. Зеро, бу хусусият у ёки бу даражада ҳар қандай халққа хосдир. Аммо, ўзбек фақат ўзбеклиги, рус эса, руслиги билан фахрланиши кулгилидир. Миллий қадр-қиммат бор, бунга тегинишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шуни унутмаслик керак-ки, миллатчилик осмондан тушмайди. У доим шовинизмга қарши ҳимоя сифатида пайдо бўлади. Бу Инқилоб доҳийсининг фикри. Биз ундан, манфаатимизга тўғри келса, кўчирма оламиз, тўғри келмаса, четлаб ўтамиз.

Кружилин-Хисомов: “Америкада жуда оз одамлар Салай Мадаминовнинг борлигини билади”, деб ёзадилар.

Англаш қийин, бунинг гапга нима алоқаси бор?

Қолаверса, Америкада нафақат С.Мадаминов, ҳатто бутун Ўзбекистонни (сиз билан қўшиб!) ҳам билмайдиган одамлар сонмингта. Лекин Самарқанд, Бухоро, Хива каби улуғ шаҳарларимизни Америкада ҳам билишади. Фақат бу шаҳарлар шуҳрати сиз билан бизнинг эмас, ўртоқ Кружилин-Хисомов, бу шуҳрат — аждодларимиз хизмати. Модомики, бизни “у ёқда билмас экан”, бу аҳвол ҳамма халқларга бир “кўйлак” кийдирган, яъни маданият ва фикрнинг ўзига хос белгиси йўқ, мавҳум кўйлак кийдирмоқчи бўлган сталинча миллий сиёсат оқибатидир. Бунга қувониш шаккоклик эмасми?

Кружилин-Хисомов “пахта мустақиллиги доим бўлади, у мамлакатнинг омон қолиши (нимадан? — М.С.) омилидир ва унинг монокултурага ҳеч қандай алоқаси йўқ”, деб ёзадилар. Лекин шу заҳоти монокултуранинг мавжудлигини тан олишади. Тан олибгина қолмай, ўз кабинетларида ўтириб, буйруқ берадилар: “Ҳар қан дай йўл билан ҳосилни ошир, экин майдонларини (қўлингдан келса! — М.С.) қисқартир — ана шунда монокултура бўлмайди!”

Мантиқ ва мантиқсизликнинг ажойиб кўриниши бу.

Монокултура нима эканини биласизларми ўзи?

1929 йили бизни пахта билан таъминлайдиган АҚШ учун иқтисодий бўҳрон йили бўлди. Шу ва бошқа сиёсий сабаблар билан Америка савдо сиёсатини ўзгартирди. Бизга пахта бермай қўйди.

Сталин худди шу йили Ўзбекистонда бу қимматбаҳо ашё, пахта ишлаб чиқаришни кўпайтиришни буюрди. Пахта экиладиган майдонни 800 минг гектарга етказишди. 1930 йилда биринчи марта зиёлилар ҳам пахта теримига жалб қиинди. Аммо 1934 йилгача пахта плани тўлмади. Бунинг сабабини билмоқ учун ВКП(б) комиссия юборди. Комиссия аниқласа, деҳқонлар оч экан.

Улар ўз пахтасини ниҳоятда арзонга, тўрт тонна “оқ олтинни” бир тонна буғдойга айирбошлашга мажбур экан. Сталиннинг “раҳми” келиб, деҳқонларни тўйғазинг, ана шунда пахта ҳам бўлади, деб буйруқ берибди. Ҳақиқатан ҳам, “миллатлар отаси”нинг бу фикри ўз мевасини берди. 1936 йилда Ўзбекистон “она ватан”га 1 миллион тонна “оқ олтин” “армуғон этди”. Шундан бери биз ўша Сталин берган нонга шукрона айтиб яшаяпмиз.

Шундан буён биз учун шахсга сиғиниш пахтага сиғиниш рамзига айланди. Ҳатто шахсга сажда қилишдан тўхтасак ҳам, пахтага сажда қилишдан тўхтамадик. Нафақат деҳқонлар, балки ишчилар, зиёлиларимиз ҳам бу ўсимликка сиғиниш руҳида тарбияландилар. Пахта дастидан боғлар, яйловлар, тўқайлар барбод этилди, қишлоқлар йўқотилди, одамлар жабрландилар.

Мана сизга, монокултура ҳақида бор-йўқ “эртак”.

Мухбирлар “М.Солиҳ совет миллий сиёсатини Гимлернинг босиб олинган ерларда ўтказган сиёсати билан тенглаштирди”, деб ёзадилар.

Ҳа, М.Солиҳ чиндан ҳам “илмий институтларнинг бирида нутқ қилган эди”. Фақат, у “совет миллий сиёсати” эмас, демография хусусида гапирган эди. Бу икки хил нарса. М.Солиҳ ўз нутқи ниҳоясида можор ёзувчиси Дюла Факете мақоласидан шундай парча келтирди: “Бу территорияда (Русиянинг немислар босиб олган ҳудудида — М.С) биз аҳоли сонини қисқартириш йўлидан боришимиз керак. Тарғибот ёрдами билан, биринчи навбатда, варақа ва брошюралар ёрдамида аҳоли онгига мунтазам равишда кўп бола туғиш ёмонлигини сингдирмоқ лозим. Тарғибот қилар экан, бола тарбияси жуда катта моддий харажатни талаб қилишини, бу исроф бўлган пулга қанчадан-қанча нарсалар олиш мумкинлигини ва аёллар кўп туғса, соғлигига зарар эканлигини тинмай айтиш керак” (“Иностранная литература” №5, 1988. 190-бет).

Факете бу сўзларни Гимлернинг нутқидан олган.

М.Солиҳ кўчирмани келтириб бўлгач, бир оғиз ҳам изоҳ бермади.

Демография масаласига келсак, М.Солиҳ бу мавзуда фақат бир жойда чиқиш қилмаган. Ва ҳар бир чиқишда “ёшларга мўлжаллаб” эмас, балки, айнан Кружилин ва Хисомов қабилидаги одамларга мўлжаллаб гапирган: одамларнинг ҳаёти, психологияси ва анъаналарини билмай туриб, тарғибот юритиш миллий туйғуларни ҳақоратга олиб келишини ва бу ҳар хил фитналарга йўл очиб беришини тушунтирмоқ истаган. Гимлерни эслатгани ҳам, ўша фитнанинг олдини олиш учун, демак-ки, байналмилалчиликка хизмат қилиш учун (аксинча эмас) эди. Афсуски у кечикканга ўхшайди. Кружилин-Хисомов айтганларидай, бу жабҳада жуда кўпи “қовун туширилди” ва “туширилмоқда”.

Байналмилалчилик дегани бир томон буйруқ бериб, иккинчи томон жим туриши керак, яъни “Правда Востока” чоп этиб, бошқа газеталар ундан кўчириб босиши керак, деган маънони билдирмайди, албатта. Байналмилалчилик ҳар жабҳада тенг ҳуқуқли икки томоннинг суҳбатидир, бир-бирини англаш, боринг-ки, ҳамдардликдир.

Афсуски, байналмилалчилик баъзи одамлар томонидан бошқача тушунилаяпти. Дейлик, ўтган йили байналмилалчилардан бири ТошМИ талабалари ва ўқитувчилари сонини бошқа миллат вакиллари ҳисобига кўпайтиришга чорлади. Бу одамлар байналмилалчиликдан ҳаёт неъматларини тенг тақсимлаш учунгина фойдаланишади. Мабодо, пахтакор “Пахтани ўзбекдан бошқа термаяпти, бу меҳнатни Сиз ва болаларингиз биз билан тенг баҳам кўрсин”, деб қолса, нима дердингиз?

Буни “миллатчилик” деб атардингиз!

М.Солиҳни “икки хиллик”да айблаб, Кружилин-Хисомов шундай ёзадилар: “Солиҳ билан матбуотда баҳслашишга журъат этган ЛКСМ Марказқўмининг бир ходимига (мақоласи чиққанидан сўнг — М.С) дўқ-пўписаларга тўла қўнғироқлар бўлди, юмалоқ хатлар ёзилди”. Лекин Кружилин-Хисомовнинг мақоласи чиққан куниёқ ўша ЛКСМ ходими Солиҳга қўнғироқ қилиб, ундай гапни мен ҳеч кимга айтганим йўқ, деди.

Кружилин-Хисомов “пахтани қайта ишлашнинг экологик зарари”ни изоҳлай туриб, “XIX-партконференсияга таклифлар”да айтилган асосий фикр — ўзбек ишчилар синфи йўқлиги ҳақида лом-лим демайдилар. Ахир, улар пахта хомашёсининг 92 фойизини ташқарига жўнатаётганимизни ва токи, тайёр маҳсулот марказий районларда ишлаб чиқарилар экан, бизнинг бу турмаш даражамиз паст бўлажагини тушунмаслиги мумкин эмас-ку.

Бу янги гап эмас. “Партия X-съезди резолютсиялари”да шундай деб ёзилган эди: “Тенгсизлик моҳияти… Русиянинг мустамлакаси ёки ярим мустамлакаси бўлмиш ўлкалар (айниқса, Туркистон) ҳар хил хомашё етказиб турувчи ролида мажбуран ушлаб келинарди ва хомашё марказда қайта ишланарди. Бу ҳолат уларнинг доимий қолоқлигига сабаб бўлиб, саноат пролетариатнинг пайдо бўлишига … йўл қўймасди”.

Кружилин-Хисомов Муҳаммад Солиҳни принсипсизликда айблашди.

М.Солиҳ “принсип”ни мансабга алмаштиргани йўқ, акс ҳолда у ҳақда “Ҳақиқатгўй Муҳаммаднинг икки хил сўзи” каби “сенсатсион” мақола чиқмаган бўларди. Бу мақолада тилга олинган Солиҳнинг укаси Мақсуд Бекжон 1979 йилда Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан Московдаги М.Горкий номидаги адабиёт институтига кириб, уни тугатган. Солиҳ, бор мансабни ишга солиб ҳам, уни ёзувчиликки аъзо қила олмас эди. Чунки, Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўладиган одам олдида “жанр бўйича совет”, “яширин овоз комиссияси”, “секретариат” каби бир қанча тўсиқлар турарди. Бу тўсиқлар аро қариндошини олиб ўтиш Солиҳга ўз виждонини таҳқирлаш бўларди. Кейин, М.Бекжон “дача” олган эмас, боғдорчилик ширкатидан ер олган. Бунга ҳар кимнинг ҳуқуқи бор. Бунинг устига акаси ишга келмасдан олдин берилган. Эҳтимол. Ёзувчилар уюшмаси котибининг укалари бўлмаслиги, бўлса ҳам, улар шеър ёзмаслиги кераклигини билса, Солиҳ укасининг уюшмага олинишига қарши турган бўларди.

Бу ҳам майли, Солиҳ ишга келгандан кейин “укаси квартира олиш навбатида олдинги қаторга ўтиб олибди”. Аслида, укаси квартира навбатида эмас, уйга муҳтожлар рўйхатига кирган. Ва ўша рўйхатда ҳали ҳам турибди.

М.Солиҳ Ёзувчилар уюшмасининг котиби бўлатуриб, ўз тупроғида, бегона уйларда қисиниб яшаётган бошқа шоир ва ёзувчи ёру биродарларига яхшилик қилолмади. Агар айблаш керак бўлса, уни мана шунда айблаш мумкин эди.

“Йиқилганни тепма” шеърининг таҳлили ҳам аввалги таҳлиллар каби шу қадар майда ва бачкана. Лекин шеърдан чиқарилган хулоса бизни жиддий фикр юритишга мажбур қилди. Мана, шеърнинг ўзи:

ЙИҚИЛГАННИ ТЕПМА
Йиқилганни тепма. Ҳар ҳолда марҳум…
Тўғри, у йиқилди,лекиин, ҳар ҳолда,
Сену менга ўхшаб йиқилмади-ку,
Ўлмади-ку балиқ қилтаноғидан.
Ўлмади у балиқ қилтаноғидан,
Унинг томоғига тиғ тиқилган, бил.
Йиқилса ҳам, унинг ланг оёғига
Байроқлар ўралиб йиқилгандир ул.
1985

Бу шеър ўрта асрларда яшаб ўтган ҳукмдор (Амур Темур) ҳақида. Шеърда айтилган фикр шундай: Бу ҳукмдор ғалабалардан “тиқилиб ўлди”, оёқлари остига ташланган — таслим бўлган халқларнинг туғларига ўралашиб йиқилди. Бу фикрни зукко рус шеърхони, таржима ҳар қанча қисқартирилса ҳам, англаб олади. Бе шеърга хос бўлган муҳим истиоралар (оёқлар остига ташланган байроқлар ва туғлар) таржимада ҳам сақланган. Бироқ Кружилин-Хисомов ёки атайлаб, ёкт бадиий жаҳолати туфайли бу шеърни Рашидовга тарафбозлик деб тушунганлар.

Бу шеърни русчадан ўзбекчага таржима қилган ЎзТАГ ходимлари шу қадар бузганларки, бунга ақл бовар қилмайди. Уларга шуни билдириб қўйиш керак-ки, бу мақола эмас, шеър. (Шеър 1986 йил “Олис табассум сояси” китобида чоп этилган) Агар сизда муаллифга ҳурматингиз бўлмаса, лоақал, она тилимизни ҳақорат қилманг.

Кружилин-Хисомовнинг айтишларича, Ёзувчилар котиби ўз мансабини суистеъмол қилиб, Франсияга таклифнома олган. Таклиф Муҳаммад Солиҳга 1988 йилнинг апрел ойида қилинган эди ва М.Солиҳ у вақтда ўз амалини суистеъмол эта олмасди — у вақтда ҳеч қаерда ишламас эди, унинг шеърлари таржимага режалаштирилган, Франсияга шоир сифатида таклиф қилинган эди.

Сиз ЎзТАГ гувоҳномасига эга бўла туриб ва газета муҳаррирларининг пинжига кириб,одамларни ҳақорат қилиб, номлари билан ўйнашаяпсиз. Лекин сизга “ўша Оллоҳни”, “ўша муллаларни” ва “ўшандай заминни” ҳақорат қилишга ким ҳуқуқ берди?

Қайси ўзбекнинг иккинчи бир дин, руҳонийлар ва ер ҳақида шунақа оҳангда гапирганини эшитгансиз?!

Кружилин ва Хисомов Ўзбекистонни афғон тупроғи билан қиёслайди ва бизни шу ҳаётга шукр этишга чорлайди. Лекин улар Бухородан келаётган газ қувурлари газ нима билмайдиган ўзбек деҳқонларининг хилвираб турган кулбалари қошидан ўтишини наҳотки билмаса?

Бизга нима кераклигини, нима керакмаслигини сизлар белгилаб берасизларми?

Ҳа, бизга “боқим” бўлмаслигимиз учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар зарур. Бизга маҳаллий аҳоли вакилларидан олий малакали мутахассислар керак. Бизга завод тутуни эмас, соф ҳаво керак. Бизга монокултура эмас, балки, яшил ўтлоқлар, яйловлар, боғу роғлар керак. Бизга майиб-мажруҳлар эмас, соғлом аёллар ва болалар керак. Бизни вояга етказган ва биздан ҳақли равишда ҳимоя кутаётган ўз еримиз, ватанимиз керак.

Бу мақола “Правда Востока”, “Совет Ўзбекистони” газеталарининг 1989 йил 7 январ сонида чоп этилган.

(28)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (140-147-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар